Ҳаётий ҳангомалар

“Мели — оратор”

Сирдарё ҳақиқати” газетасида узоқ йиллар бирга ишлаган дўстимиз Ортиқ Султонов қизиқ бир ҳангомани сўзлаб берган эди. Мен ён дафтарчамга битиб қўйган эканман. Бу воқеа у киши бир вақтлар Янгиерда чоп этиладиган кўпнусхали “Чўлқувар” газетасида ишлаб юрган кезларида бўлган.

— Ўтган асрнинг 70-90 йиллари “Мирзачўлқурилиш” (“Голодностепстрой”) бошқармасининг нашри “Чўлқувар”-“Целинник” газеталари 7 – 9 минг нусхада чиқарди, — дея ҳикоя қилганди Ортиқ Султонов. – Ўша пайтларда одамлар роса газетхон бўлган эканлар-да. Вақтли нашрга маҳоратли журналист, ажойиб нотиқ Мели Маҳмудов муҳаррирлик қиларди. Таҳририятимизда ҳар душанба куни бўладиган адабий ўқув (летучка) қизғин баҳс-мунозаралар остида ўтарди. Нима учундир бир гал адабий ўқувимиз осойишта ўтди. Шунда муҳарриримизнинг “Целинник” газетаси бўйича ўринбосари Шагэн Айрапетянц сўз сўраб:

— Мен бугун маърузачидан ҳам, сўзга чиқувчилардан ҳам бир қўпол хато ҳақида гапиришларини кутгандим, аммо бундай бўлмади. Мана, ўша хато. Ҳар икки газетада бош муҳаррир қаламига мансуб “Мелиоратор” деб номланган бош мақола берилган. Биз уни “Мелиоратор” деб эмас, орага тире қўйиб “Мели ─ оратор” деб ёзишимиз керак эди. Ахир, Мели Маҳмудов чинакам оратор-ку.

 

Лақаб

Бундан бир неча йил муқаддам чекка бир тумандаги касб-ҳунар коллежи фаолиятини ёритишга бордим. Директори баланд   бўйли, басавлат одам экан. Ўқув хоналари, кутубхона, ётоқхона, устахоналарни айландик. Ишлари рисоладагидек. Директор оға билан суҳбатлашиб ўтирганимизда у дабду­рустдан:

—Мухбир ука, мақолани шундай зўр ёзингки, жўраларим қойил қолишсин! ─ деб қолди.

Уйга келиб, мақолани бир нафасда ёзиб ташладим. Сарлавҳага келганда ҳеч кўнглим кўнчикмади. Ахир, журналистикада “Сарлавҳа ярим муваффақият”, деган гап бор. Яхши сарлавҳа яхши исм янглиғ кишини ўзига жалб этади-да!

Бирдан кўнглим ёришиб кетди. Директор оға бўйчан одам экан: “Туя мин-да, узоқни кўзла” мақоли материалга зап ёпишиб тушади-да, дея қувониб кетдим. Мақола нашр этиш учун топширилди.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, қўл телефоним қайнаган қумғондай тўхтовсиз жиринглаб қолди. Тугмачани босиб, гўшакни қулоғимга яқинлаштирдим. У ёқдан таниш сас, ҳалиги директорнинг тажанг овози эшитилди.

—Мухбир укам, зап қовун туширдингизда. Жўраларим: “Мухбирга ҳам лақабингни айтган экансан-да”, дея роса аския қилишди.

Кейин билсам, қаҳрамонимнинг лақаби тенгдошлари орасида “туя” экан.

 

… ва бошқалар

Бир йиғилишга бориб ҳисобот ёзишимга тўғри келди. “Шалтай-балтай” гаплар билан минбарга кўтарилувчилар кўпайиб кетди.

Мақола чиққанидан кейин уч кунлар ўтиб кўзига кўзойнак таққан, қотмадан келган, энгил бошидан сигарет ҳиди анқиб турган зиёлинамо бир киши кириб келди.

— Бизнинг йиғилишни ёзган журналист сиз бўласизми?

— Ҳа. Хизмат, биродар?

— Мен сиздан хафаман.

— Нега?!

— Тунов кунги йиғилишда сўзга чиққандим. Журналистлар кўрсин, деб ҳатто минбарни ташлаб залнинг тўрига чиқиб гапирдим. Биласизми, мени ҳатто биринчи раҳбар ҳурмат қилади. Кўксимга бежиз орден тақиб қўймаган. Сиз мақолангизда исми фамилиямни келтирмабсиз. Билиб қўйинг! Ушбу ташкилотда йиғилишлар мен сўзга чиқмасам ўтмайди.

— Кечирасиз, мен йиғилишда сўзга чиққанларнинг исм фамилияларини битта қолдирмай берганман.

— Газетангиз қўлимда. Ундай бўлса, қани, менинг фамилиямни топиб берингчи?!

— Мана! Ҳаммаси жойида: Фалончиев, Пис­тончиев, Писмадончиева ва бошқалар сўзга чиқишди, деб ёзганман-ку! Ана шу бошқаларнинг ичида сиз ҳам борсиз.

Суҳбатдошим оғзини ланг очганча лом-мим демай ўтириб қолди.

 

“Яхши материал ёзиш қон топширишдан қийин”

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шерали Сайдалиев ҳикояси.

—17 йил Гулистон тумани газетаси “Гулистон”да ишладим. Ўша пайтлари (шўро замонлари) туман газеталари ҳафтасига 3 марта чиқар эди. Раҳбарлар иш кунини янги газетларни ўқиш билан бошларди. Мафкурага эътибор кучли эди-да! Бўлимлар гуриллаб ишлаб турарди. Ходимлар ҳам ҳозир чиқаётган вилоят газетлариникидан кам эмасди.

Ажойиб кунларнинг бирида мукка тушиб газетанинг навбатдаги сонига материал тайёрлаш билан андармон эдим. Бирдан хизмат телефоним устма-уст жиринглаб қолди. Хаёлим бўлиниб, истамайгина гўшакни кўтардим. Нариги томондан машҳур журналист, бизнинг тумандан чиққан Шароф Убайдуллаевнинг таниш овози эшитилди. У кишининг укаси Камолхон Убайдуллаев биз билан бирга ишларди.

— Чарчамай газетани чиқариб ётибсизларми? Туманда қандай янгиликлар? Камолхон яхши ишлаб юрибдими? Ўзингиз қандай мавзуларда мақолалар ёзаяпсиз?

Кетма-кет берилган саволларнинг охиргисига жавоб беришдан бошладим.

— Ҳозир жиддий бир танқидий мақола устида бош қотираётгандим.

— Яхши бир материал ёзиш 200 грамм қон топширишдан мушкулроқ, — дедилар Шароф ака.

У киши журналистлар меҳнатининг туб моҳиятини биргина жумлада аниқ ифодалаган эди.

Муҳаммадали АҲМАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 14 =