Сингапурлик мутахассислар нима дейишди?
ёки дизайн фикрлаш, мактаблардаги асосий
муаммолар ва ақл кўзи ҳақида…
Бугунги кунда сирдарёлик маорифчилар зиммасига вилоят таълим тизимини мамлакатимиздаги намунали таълим тизимига айлантириш вазифаси юклатилган. Бу осонликча амалга ошадиган юмуш эмас. Мазкур йўналишда илғор мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилмоқда. Халқ таълими вазирлигининг (ҳозирги Мактабгача таълим ва мактаб вазирлиги) ташаббуси билан 2022 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида бир гуруҳ сингапурлик мутахассис ва экспертлар вилоят умумтаълим мактаблари директорлари ва математика фани ўқитувчилари билан машғулотлар олиб боришди.
Хўш, Сингапур таълим тизимининг афзалликлари нимада экан?
— Мамлакатимиз таълим тизимида ДИЗАЙН ФИКРЛАШ (инглизча: design- безаш маъносида. Қаранг: “Ахборот-коммуникация технологиялари изоҳли луғати”, 51 ва 71-бетлар) деган тушунча бор, ─ деди “Six Clouds Pte. Ltd” компанияси асосчиси ва раҳбари, сирдарёлик мактаб директорлари билан машғулотлар олиб борган Ричард Воон. ─ Бу жуда кенг қамровли жараён саналади. Унинг асосида ҳар бир муаммога креатив ёндошиш, мустақил фикрлашга чорлаш, фикрларни эркин баён этишга ўргатиш, таълимни реал ҳаёт билан боғлаш каби ғоялар ётибди. Мана шу илғор тажрибани сирдарёлик кадрлар билан ўртоқлашдик. Бу ердаги мактаб директорлари билан дастлабки кунлари машғулот олиб борганимизда фаоллик у қадар сезилмади. Кейинги кунлари қизиқиш кучайиб, улар эркин фикрлай бошладилар. Мен сизга айтсам, мактаб директорлари ва ўқитувчилар дизайн фикрлай бошласалар, таълим муассасасида вазият бутунлай ўзгаради.
Сингапур таълимининг бўртиб турган жиҳати фуқароларни жамиятдаги ҳар бир предмет ва ҳодисалардаги муаммоларни кўриш ва англашга ўргатиш ҳамда ечимини топиб, бартараф этишга қаратилганлиги билан ажралиб тураркан. Сирдарёлик мактаб директорлари билан ўтган машғулотларда мана шу фазилат сезиларли даражада шакллантирилди. Қизиқ бир мисол: мактаб директорларининг дизайн фикрлаши туфайли оддий синф доскасининг 10 дан ортиқ камчиликлари ойдинлашди. Доскани яхшилаш учун таклифлар юқори мутасадди ташкилотларга йўлланди. Муаммога ечим ҳам топилди: сирдарёлик директорлар таклиф қилган янги доскани тошкентлик тадбиркор ишлаб чиқаришга рози-ризолик ҳам берди.
Айни пайтда Сингапур саводхонлик даражаси бўйича дунё давлатлари орасида олдинги ўринларда туради. Бунинг сабаблари билан қизиқдик. Жаноб Ричард Воон бир варақ оқ қоғоз олди-да, унга катта қилиб “6” рақамини ёзди. Каминани: “Бу неча рақами?” дея саволга тутди. Мен мийиғимда кулганча жавобини айтдим. Суҳбатдошим сўнгра қоғозни айлантирди-да: “Энди неча бўлди?” деди. “6 рақами” бир юмалаб “9”га айланганди.
— “6” бу ─ ота-оналар бўлса, “9” ўқитувчилар ва мактаб. Мана шу икки қатлам ўртасида ҳамиша кўз илғамас зиддият ва тушунмовчиликлар бўлиб туради. Бизда мана шу икки жамоа ўртасида мустаҳкам ришта ўрнатилган. Шу боис таълим тизимимиз жаҳонда энг олдинги ўринларга чиқиб олган. Ўзбекистонда ҳам мана шу икки қатлам ўртасида иттифоқлик ўрнатилса, таълимда кўтарилиш бошланади, ─ дейди жаноб Воон.
Мазкур йўналишда Сингапурда “Ота-она ва мактаб ҳамкорлиги” деган дастур қатъий йўлга қўйилган экан. Директорликка креатив фикрлайдиган муносиб раҳбарлар танлангани боис янги лойиҳалар потраб чиқавераркан. Пировардида ҳар қандай муаммо ота-оналар билан биргаликда ечиларкан, уларга мунтазам равишда фарзандларининг фанларни қандай ўзлаштираётганлиги ҳақидаги ахборотлар тақдим этиларкан, бир ёқадан бош чиқариб, турли тадбирлар ташкил қилинаркан, маълумотлар алмашинаркан. Натижада назорат тизими шаклланиб, боланинг фанларни рисоладагидек ўзлаштиришига ижобий таъсир кўрсатаркан.
Сингапурлик мутахассисларнинг (улар 3 нафар эди) эътирофича, мактаблардаги ўзгаришлар кўп жиҳатдан директорга боғлиқ бўларкан. Раҳбар янгича фикрлай бошладими, бутун жамоа янгича фикрлашга юз буради. Биз, ўзбекларда азалдан-азалдан раҳбарларга нисбатан ўзгача муносабат шаклланган. Яъни раҳбарнинг гапи гап. Унинг йўриғидан чиқмайди. Хулоса оддий: демак, раҳбар кучли бўлиши, жамоани ортидан эргаштириши керак.
Хорижлик мутахассислар яна бир нуқтага алоҳида урғу беришди: Ўзбекистонда иқтидорли раҳбарлар, ўқитувчилар, ўқувчилар ниҳоятда кўп экан. Бироқ улар ишлов берилмаган олмосга менгзаб кетади. Уларга ишлов берилса, иқтидори очилиб сайқалланади. Янгича фикрлаш талабаларга сингдирилса, жамиятда ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек янги ғоялар потирлаб кўпайиб кетади.
Каминани бир фикр қаттиқ қизиқтирди. Жаноб Воонга: “Сизларнинг таълим тизимингиздаги тажрибалар бизнинг таълим тизимимизга нечоғлик мос келади?” — дея писанда гап қилдим.
— Сингапур таълим тизимидаги тажрибаларнинг 40 фоизини сизларнинг миллий таълим тизимингизга жорий қилса бўлади. Тўғри, сизларнинг таълим дастурларингизда ўрганиладиган фанлар анча кўп экан. Бизда эса математика, кимё-биология, география, физика, она тили ва хорижий тилларга асосий эътибор қаратилади. Мактабларимизда она тили ва инглиз тили чуқур ўргатилади. Чунки она тилини пухта ўрганган бола инглиз тилини ҳам тез ўзлаштиради. Шу боис биз мана шу икки тилни ўргатишга астойдил бел боғлаймиз. Бизда энг нуфузли фан математикадир. Боз устига, ёзма саводхонлик ва ифодали ўқишга айрича эътибор қаратамиз. Бу ўз навбатида PIRLS тадқиқотида (Ифодали ўқиш ютуқларини ўрганувчи халқаро тадқиқот ташкилоти) мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлиги дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бирини эгаллашига замин яратди. Мактабларимизда таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз 1995 йилдан буён математика ва табиий фанлар TIMSS (математика ва табиий фанлар бўйича тенденциялар) бўйича халқаро билимлар имтиҳонларида дунёдаги энг яхши натижаларни кўрсатишмоқда.
Сингапурлик мутахассислар Сирдарё вилоятидаги машғулотларини якунлаб, бошқа ҳудудларга йўл олишди. Улар берган сабоқлар сирдарёлик маорифчилар фаолиятида из қолдирдими?
— Хорижлик мутахассисларнинг машғулотларида қатнашиш натижасида ижодкорлик қобилиятим анча ўсди, десам асло хато қилмайман. Сингапурликларда бир мақол бор экан: “Ақл кўр бўлса, кўзлардан не фойда?”. Ўқувчига таълим-тарбия беришда лаёқатига қараб қанча эрта тўғри йўлланма берилса, жамият учун шунча фойдали кадрлар етишиб чиқар экан. Бунда “ота-она-ўқувчи-ўқитувчи” ўртасидаги сирли ҳалқа муҳим аҳамият касб этаркан, ─ дейди Сирдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактаби директори Барно Умарова.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида: “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деди. Демак, бу йўлда илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда миллий таълим-тарбия тизими самарадорлигини ошириш асосий мақсад қилиб қўйилмоқда. Аслида нажот йўли ҳам шудир.
Муҳаммадали АҲМАД