Ўзбекистонда зўравонликка қарши кураш: мавжуд ҳолат, муаммо ва ечим

Close up desaturated color image depicting a sad, depressed-looking woman in her 30s, and of caucasian ethnicity, looking of a rain-soaked window with her hands pressed to the glass. The image was taken during the Covid-19 pandemic during lockdown, and the image illustrates a mental health concept, as well as a domestic abuse concept. Room for copy space.

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари алоҳида тоифага киритилади. Чунки бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳам, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳам ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Экспертларнинг фикрича, уй шароитидаги зўравонлик ва оилавий зўравонлик бу нохуш вазиятларнинг шундай бир турики, уларга аёллар ва болалар эркакларга нисбатан кўпроқ дуч келадилар. Боиси оддий – улар айнан аёл, ёш ва ишонувчан болалар бўлганликлари учун кўп ҳолларда зўравонлик қурбонларига айланадилар…

Бу мақолани ёзишим ва бу мавзуга қайтишимга сўнгги кунлар давомида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, ҳанузгача муҳокамаси бўлаётган ёш қизалоққа нисбатан содир этилган зўравонлик ва қотиллик сабаб бўлди. Дарҳақиқат, ушбу ҳолат муҳокама қилинаётган экан, демакки, фуқароларимиз аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етаётганликлари ва шу қарашда қатъий тураётганликларидан далолатдир. Яъни, бугунги кунда бундай ҳолатларни хотиржамлик билан кузатиш, бир-бир бўлиб туради-да, деб лоқайд­лик билан қараш мумкин эмас. Зўравонлик жамиятдаги энг нохуш ҳолат сифатида   инсонлар ўртасидаги тенглик, эркинликни чеклайди. Хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан куч ишлатиш тажовуз ҳисобланади. Уларга нисбатан ҳеч қандай куч, зўравонлик, калтаклашни ишлатиб бўлмайди.

БМТ маълумотларига кўра, 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрайди.

Глобализация жараёнида зўравонликнинг бу тури географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегараларни билмаслиги аён бўлди. Ривожланаётган мамлакатларда ҳам, ривож­ланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади.

 

Қонунчилик асосини такомиллаштириш давом этмоқда

 

Ўтган йилнинг апрель ойи­­да Сенат Раиси бошчилигида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ножўя ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказилиб, унда хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ва шилқимлик ҳаракатлари ҳамда бошқа салбий ҳолатлар муҳокама қилинди.

Муҳокама якунида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, ушбу соҳани таҳлил қилиш ҳамда халқаро таж­рибани чуқур ўрганган ҳолда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шу мақсадда, Республика гендер комис­сияси қошида 2022 йил майда ишчи гуруҳ ҳамда чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ишчи гуруҳ олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ишчи гуруҳи томонидан парламент назорати доирасида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари ўрганилди.

Ўрганишлар давомида мазкур масалага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилди.

Шунингдек, хорижий давлатлардан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швеция, Болгария, Австралия, Хитой, Россия, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон, Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё давлатларининг қонунчилиги ўрганиб чиқилганлигини айтиб ўтмоқчиман.

Айтиш жоизки ўтказилган ўрганишлар соҳани тартибга солувчи қонунчиликда бир қатор бўшлиқлар ва муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор муҳим ва ҳозирги кунда долзарб бўлган тушунчалар, жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, оиладаги зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик каби тушунчалар қонунчиликда мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ваҳоланки, мазкур тушунчаларни бир қатор халқаро ҳужжатлар билан ҳам қонунчиликка киритиш тавсия этилган (Европа Иттифоқи Кенгашининг конвенцияси – Лансароте шартномаси; БМТнинг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишга оид тавсиялари; БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси Ўзбекистоннинг 6-даврий ҳисоботига якуний тавсиялари).

Шунингдек, сўнгги вақтда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан турли хилдаги зўравонлик кўринишлари ўсиб бориши мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштиришни, хусусан, жиноий ва маъмурий жавобгарликнинг махсус турларини киритиш, бундай турдаги жиноятларга нисбатан енгиллаштирувчи меъёрларни бекор қилиш ҳамда жавобгарликни янада кучайтиришни талаб қилмоқда.

Маълумот учун: юртимизда 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган бўлса, 2020 йилда 154 та, 2021 йил 208 та жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жинояти содир этилган.

Ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар якуни бў­йича хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

биринчидан, амалдаги қонунчиликка:

“жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик”, “шаҳвоний шилқимлик”, “оиладаги зўравонлик”, “ғамхўрлик кўрсатмаслик” каби тушунчаларни киритиш;

“аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш” тушунчасини “шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш” тушунчаларига алмаштириш;

иккинчидан, оиладаги зўравонлик, вояга етмаганлар тасвирлари туширилган порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, ахборот-коммуникация мақсадида фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахсни ёмон йўлга солиш (онлайн груминг) учун жавобгарликни белгилаш.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этганларни таълим олиш, тарбияланиш, даволаниш ва бош­­қа турдаги фаолият билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ва фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш;

учинчидан, жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар бермаслик, хусусан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини қўлламаслик;

тўртинчидан, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилганлар учун ярашиш институтини қўлламаслик;

бешинчидан, қонунчиликдаги жинсий эркинликка тажовуз қилиш жиноятига нисбатан оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида қараш ва янада кучлироқ санкциялар билан тўлдириш;

олтинчидан, таъқиб қилиш (сталкинг) учун маъмурий жавобгарликни белгилаш.

Шунингдек, боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноят содир этган шахсларга болаларни ўқитиш, тарбиялаш, даволаш ҳамда улар билан ишлаш назарда тутилган фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.

Ушбу тоифадаги шахсларнинг маълумотлар базасини ташкил этиш, юритиш ҳамда ундан ахборот олиш тартиби Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.

 

Хориж тажрибаси амалиётга тадбиқ этилади

 

Албатта, ҳар қандай соҳани такомиллаштиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва уни маҳаллий шароитларимизга мослаштирган ҳолда самарали тадбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича хотин-қизлар умумий сонидан 35 фоизи, яъни ҳар учинчи зўравонликка дуч келмоқда. Бу дегани, ушбу муаммо жаҳондаги ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаган, у хоҳ ривожланаётган ёки учинчи дунё давлати бўлса ҳам. Шунга яраша, бу муаммони бартараф этиш йўналишида кўпгина мамлакатлар ўзига хос тажриба тўплаганлар. Бунда асосий тамойил – давлат ва нодавлат тузилмаларининг жамоатчилик билан доимий алоқада бўлишидан иборат. Чунки зўравонлик ҳар қандай жиноят каби, огоҳлик ва шаффофликдан “қўрқади”, зўравоннинг хатти-ҳаракатлари жамият томонидан қораланиши эса уни тўхтатишнинг энг самарали йўли.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон ҳам турли мутасадди тузилмалар ва жамоат ташкилотларини ҳамда кенг жамоатчиликнинг бу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги хорижий тажрибадан фойдаланмоқда. Бу айниқса тегишли йўналишда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг устида ишлашда яққол намоён бўлмоқда.

Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида ҳам янги таж­рибалар қўлланилмоқда. Бу ҳам жуда муҳим, чунки худди ўша ҳимоя ордери ёка бошқа имкониятлардан фойдаланиш учун ҳам зўравонликка дуч келаётган хотин-қизлар улар ҳақида билишлари лозим.   Шундагина улар ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқара оладилар.

Шу ўринда ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ томонидан хотин-қизлар ва вояга етмаганларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида Туркия давлати тажрибаси ўрганилди. Маълум бўлишича Туркия давлатида қўл телефонлари учун махсус “SOS-тугма” мобил иловаси яратилган. Туркия давлатида мазкур мобил иловасидан аёллар ва вояга етмаган болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда самарали омил сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бугунги кунда тегишли мутасадди ташкилотлар бизнинг юртимизда ҳам ушбу лойиҳани тадбиқ этиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқдалар.

 

Амалий ишлар таҳлили

 

Республика гендер комиссияси билан ҳамкорликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича” ўқув қўлланма яратилди. Бугунги кунда юртимизда 190 га яқин Олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда, уларнинг 113 таси давлат Олий таълим муассасаларидир. Хотин-қизлар кўпроқ таълим оладиган (педагогика, тиббиёт ва х.к) Олий таълим муассасаларида бугунги кунда 101 нафар профилактика инспекторлари шулардан (14 нафари аёл) хизмат фаолиятини олиб боришмоқда.

Мактабларда 27 апрель “Оиладаги зўравонликни олдини олиш куни” деб эълон қилинди ва ўқитувчиларига мазкур иллатнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча ҳосил қилиш, зўравонликка қарши туриш туйғусини сингдиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда 10 000 га яқин мактабларда 2000 га яқин профилактика инспекторлари хизмат фаолияти кўрсатиб келишмоқда. Таҳлиллар 1 та профилактика инспекторига 5 та мактаб тўғри келишини кўрсатмоқда.

Оилавий-маиший зўравонлик ва тазйиқни бошидан ўтказган хотин-қизларга профессионал, ҳуқуқий ва руҳий ёрдам кўрсатиш мақсадида ижтимоий тармоқларда махсус каналлар (@Ayollar_himoyasi_bot), (1146) (1102) ишонч телефонлари фаолият қўрсатмоқда.

Қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш учун ИИВ тизимида 2022 йил 10 январдан бошлаб қисқа рақамли “1259” рақамли “Ишонч маркази” ташкил этилди.

Адлия вазирлиги томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқий онгги ва маданиятини ошириш бўйича махсус онлайн курслар ишлаб чиқилди ва “kurslar.huquqiyportal.uz” электрон платформасига жойлаштирилди.

Бугунги кунда ИИВ тизимида аёллар масалалари бўйича инспектор (337 нафар) лавозимида фаолият юритишмоқда бу амалиёт хотин-қизлар билан самарали ишлашга замин яратмоқда.

2022 йил мобайнида зўравонлик ва тазйиқдан жабрланган 49 774 нафар аёлларга “Ҳимоя ордери” берилди. Зўравонликка учраган хотин-қизларнинг 484 нафари вояга етмаганларни, 13 271 нафари ёш (18-30 ёш) қизларни ташкил этган.

Бунда, 40 759 нафар аёллар оилаларда, 5 963 нафари кўчада, 2 098 нафари жамоат жойларида, 147 нафари таълим муассасаларида, 602 нафари иш жойида зўравонликка учраган.

 

Конкрет таклифларимиз

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовуз қилган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чораларини янада кучайтиришдан ташқари, қўшимча равишда қу­йидаги таклифларни илгари сурмоқчиман:

— ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойил бўлган шахсларни аниқлаш, улар билан индивидуал профилактик ишларни олиб бориш;

— оилада тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахслар билан профилактик ишларни олиб бориш, зарур бўлганда уларни махсус муассасаларда даволанишини ташкил этиш;

— мамлакат бўйича низоли оилалар, деб топилган ҳар бир оилани маҳаллабай хатловдан ўтказиш;

— туман ички ишлар бўлими, маҳалла хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, маҳалладаги оилавий қадриятларни мус­таҳкамлаш ҳамда отинойи фаолияти интеграциясини таъминлаш;

— спиртли ичимлик ичишга   ружу қўйганларни ва наркология диспансерларида ҳисобда турганларнинг рўйхатини олиш ва улар билан манзилли ишлаш;

— ЖИЭМ дан қайтганлар билан тизимли ишлаш ҳамда энг муҳими, мазкур соҳада ишловчи ходимларнинг бефарқ бўлмаслиги, ҳушёр ва сергаклик ҳамда фидойилик билан ҳамкорликда фаолият олиб боришларини ташкил этиш ҳамда бу масалага янгича ёндашувларни тадбиқ этиш зарур, деб ҳисоблайди;

— Оилавий тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга куну-тун психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалиётини йўлга қўйиш;

— Жойларда камера назоратини кучайтириш.

Юртимизнинг қайсидир жойи ёки хонадонида зўравонлик кузатилаётган экан, юқорида биз тилга олиб ўтган натижалар кўзга умуман кўринмай қолди.

Шу билан бирга, шуни таъкидлашни истардимки, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли, ҳар кунлик ва ҳар жойда амалга ошириладиган ишга айланиши керак. Шундагина биз жамиятимизда бу иллатни бартараф эта оламиз.

Аслида биз санаб ўтган ва мақола ҳажми ихчамлигини таъминлашга интилганимиз боис, “кадр ортида” қолган кўплаб ишларимиз – бу кундалик жараён, ҳар куни, ҳар соатда амалга оширилаётган аниқ ва зарур чоралардир.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг

Хотин-қизлар ва гендер тенглик

масалалари қўмитаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 11 =