Орол денгизининг инқирози

Бу инқироз келтириб чиқарган экологик фожиалар ва унинг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар юқори баҳоланди.

 

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен БМТнинг собиқ бош котиби, Яшил ривожланиш глобал институти ассамблеяси раиси Пан Ги Мун билан учрашди.

Суҳбат аввалида Пан Ги Мунга “Бугунги Мўйноқ” номли ҳамда “Оролни тиклаш ишлари”га бағишланган махсус фотоальбомлар тақдим қилинди.

БМТнинг собиқ бош котиби фотоальбомларда акс эттирилган Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар билан танишиб, бундан жуда таъсирланганлигини таъкидлади. Ушбу совғалар у учун энг қимматбаҳо ҳисобланишини билдириб, Ўзбекистон томонига ўзининг чуқур миннатдорлигини изҳор этди.

Шу билан бирга у Ўзбекис­тонга уч маротаба амалга оширган ташрифи ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ҳақида илиқ хотиралари билан ўртоқлашди.

Пан Ги Мун Орол денгизи инқирозининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу муаммога халқаро ҳамжамият эътиборини янада оширишга ҳамда уни ҳал қилиш учун донорлик ёрдамини сафарбар қилишга қаратилган халқаро ташаббусларини тўла маъқуллади.

— Орол денгизи қуришининг минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга даҳшатли оқибатларини ўз кўзим билан кўрганимдан буён, мазкур муаммо мен учун иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги устувор йўналишлардан бирига айланган, — деди Пан Ги Мун.

Унинг сўзларига кўра, у кўплаб халқаро форумларда ўзининг ҳалокатли кўлами билан минтақадан анча узоққа чўзилган Орол муаммосига доимий эътибор қаратиб келмоқда, ушбу муаммони ҳал қилмасдан туриб, минтақа давлатларининг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаб бўлмайди.

Пан Ги Мун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни шахсан билишидан жуда фахрланишини айтиб, республика етакчисининг “мослашувчан ва прагматик” ташқи сиёсати қўшни давлатлар билан муносабатларда ижобий ўзгаришларга сабаб бўлганига, бу эса бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига таъсир қилаётганига алоҳида эътибор қаратди.

— Мен Ўзбекистон Президентини амалий ҳаракат одами деб биламан. Унинг қатъий раҳбарлиги остида мамлакатингиз ўз олдига қўйган мақсадларга қандай эришаётганини диққат билан   кузатяпман. Aйни пайтда экологик муаммолар ва “яшил” ривожланишга катта аҳамият берилаётганидан қувонаман. Давлат раҳбарининг “Яшил макон” ташаббуси Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги глобал саъй-ҳаракатларга қўшилаётган муҳим ҳиссадир, — деди БМТ собиқ   бош котиби.

Пан Ги Мун 2022 йилда Яшил ривожланиш глобал Институтининг Ўзбекис­тонда ваколатхонаси очилганлигини хурсандчилик билан тилга олиб, ушбу Институт билан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) кўмагида Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси “яшил” реабилитациясига кўмаклашишга қаратилган қиймати 5,65 миллион АҚШ долларига тенг қўшма лойиҳа доирасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларни алоҳида эътироф этди.

Шу ўринда, у мазкур Институт ваколатхонасининг Ўзбекистондаги фао­лиятида Оролбўйи минтақасида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган янги лойиҳаларга эътибор қаратишига ишонтирди.

БМТнинг собиқ Бош котиби мамлакатимизда июль ойида бўлиб ўтадиган муддатидан илгари президент сайлови ошкора ва демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтишига ҳамда ўзбек халқи ўз келажаги учун ўзи танлаган муносиб номзодга овоз беришига ишонч билдирди.

“Дунё” AA,

Сеул шаҳри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + nine =