РИЗҚИНИ ЧЕТ ЭЛЛАРДАН ИЗЛАЁТГАНЛАР

ёхуд хорижга ишга кетаётган юртдошларимиз нималарни билиши керак?

Тан олиш керак: четда юртган яқинларимиз, қарин­дошларимиздан хавотир ҳисси кўнглимизда доим бўлади. Бунинг асосий сабаби эса кўпгина юртдошларимиз Аллоҳга таваккал қилиб, ноқонуний мигрантликни бўйинларига олишган. Бугун киприкдаги ёш каби муаллақ турган дунёмизда ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган ишчи бўлиб юриш, албатта, ҳадикли. Хўш, юртдошларимиз орасида четда ишлашга эҳтиёж кўплиги аниқ экан, бунинг қонуний, ишончли йўлларини янада кенгайтиришнинг имкони йўқми? Бор бўлса, нега минг-минглаб Ватандошларимиз ундан фойдаланишмаяпти? Ёки… умуман, шу ва бошқа саволларимизга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа НОРОВ билан суҳбатлашдик.

— Очиғи, кўнгилхушлик ёки саёҳат учун эмас, илм олиш учун ҳам эмас, иш излаб, “рўзғор тебратаман” деб чет давлатларга кетаётган ватандошларимиз оз эмас. Бундан сиз ҳам жуда яхши хабардорсиз, албатта. Одатда уларга нисбатан кўпинча ноқонуний мигрантлар атамасини ишлатамиз. Умуман, бугунги кунда хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг аниқ сони ҳақида маълумот берсангиз.

— Инсонларнинг ўз ватанидан бошқа юртларда ишлаши  фақат бизда эмас, кўп давлатларда бор ва яна кўплаб давлатларда бугунги кунда ҳам бу жараён юз бермоқда. Аммо миграция оқимининг сабаб ва оқибатлари турлича бўлиши мумкин. Ўйлашимча, меҳнат миграциясидан дастлабки ва энг асосий мақсад тирикчилик ҳисобланади. Шу жумладан, яқин ўтмиш ва бугунги кунимиздаги мамлакатимиздаги иқтисодий вазият ва ишсизликдан келиб чиқиб, юртдошларимизнинг сезиларли қисми хорижда ишлашга мажбур бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекис­тон меҳнат бозорига 700 минг ёш кириб келмоқда. Яқин 10-15 йилда эса бу рақам 1 млн.га етиши прогноз қилинади. Ушбу демографик ўсиш туфайли ҳам Ўзбекис­тондан миграция оқими давом этмоқда. Очиғи, мигрантларнинг аниқ сони бўйича юз фоиз тўўри маълумотни айтиш қийин. Чунки фуқароларимиз чет элга кетаётганда ишлаш учун кетаётгани ҳисобга олинмайди ёки одатда саёҳатга деб кетилади. Шунинг учун биз хорижий давлатларда уч ойдан кўпроқ вақт қолаётган юртдошларимизнинг тахминий сонидан келиб чиқиб тайёрланган статис­тикага суянамиз.

Бугунги кунда 2 млн.га яқин юртдошимиз турли давлатларда вақтинча иш билан бандлиги ҳақида маълумотлар бор. Лекин бу сонни юз фоиз аниқ деб бўлмайди, албатта. Мисол учун, Россия Федерацияси маълумотларида ҳам чалкашликлар бор. Улар мигрантларнинг вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтишлари ҳисобидан статистика тузишади. Лекин шуни унутмаслик керакки, бир одам бир неча бор ёки давлатнинг турли ҳудудларида қайтадан рўйхатдан ўтиши мумкин. Шунинг учун ҳам улар берадиган маълумотларни ҳам тўла ишончли деб бўлмайди.

Табиийки, ватандошларимиз турли йўллар билан, яъни ким қандай имкон топса, шундай чет элга кетаверишади. Албатта, бу борада давлат ташкилоти сифатида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва нодавлат ташкилот сифатида хусусий бандлик агентликлари ҳам ўз хизматларини таклиф этмоқда. Лекин бугунги кунда ташкиллаштирилган ва манзилли  меҳнат мигра­цияси қамрови жами меҳнат мигрантларимизнинг 10 фоизидан кўпроғини ташкил этади, холос. Аммо аввали йилларга нисбатан қаралганда, ўзгариш­лар бор. 5 йил аввал бу кўрсаткич 1 фоизга ҳам етмаган. Шуни ҳам алоҳида айтиш лозимки, ишлаш мақсадида ўзлари мустақил кетаётганлар агар бораётган давлатнинг чегара, яшаш ва ишлаш қонунчилигини бузмаса, улар ҳам қонуний мигрантлар ҳисобланади. Лекин бугунги кундаги асосий вазифа — ташкиллаштирилган, яъни Ўзбекистон чегарасидан чиқмай туриб, борадиган давлатидаги иш ва яшаш шароитлари ҳақида расмий маълумотга эга бўлган ёки аввалдан меҳнат шартномаси тузганлар сонини кўпайтиришдир. Бу эса кейинчалик хорижий давлатда қийин вазиятларга тушиб қолиш каби ҳолатларни камайтиришга ёрдам беради.

— Ҳозирги кунда қайси давлатлар билан қонуний миграция борасида ҳамкорлигимиз самарали давом этяпти?

— Бугун Жанубий Корея, Германия, Туркия, Буюк Британия, Япония, Руминия, Болгария, Литва ва бошқа давлатларга фуқароларимиз ташкилллаштирилган ҳолда, яъни аниқ иш жойи, ойлик ва имтиёзлар асосида меҳнат миг­рациясига жўнатилмоқда. Бу соҳада Ўзбекис­тон учун яна бир муҳим жиҳат шундаки, демографик инқироз сабаб кўплаб ривожланган давлатларда хорижий ишчи кучига эҳтиёж жуда катта. Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз орасида чет тилини биладиган ва касбий малакага эга бўлганлари учун бу жуда катта имконият ҳисобланади. Уларда хорижий давлатларда юқори маош тўланадиган корхоналарда ишлаш учун ҳатто танлов бўлади. Улар бир неча иш ўринлари орасидан ўзларига маъқулини танлашлари мумкин бўлган ҳолатлар ҳам кузатилади. Шу боис ўсиб келаётган ёшларга тавсиямиз: хорижий тилларни пухта ўрганиш керак. Бирор касбни эгаллаган, чет тилини билган одам ҳеч қаерда хор бўлмайди.

— Келинг, оддий муштарийларимиз учун соддароқ тилда маълумот берамиз. Тасаввур қилайлик: 30 яшар йигит хорижга, дейлик, Германияга ишлашга бормоқчи. Энг биринчи галда ишни нимадан бошлаши, кимга учраши керак?

— Хорижда ишлаш истагидаги фуқаро, аввало, ишончли маълумотга эга бўлиши керак. Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва айтайлик, Германиянинг бир нечта ташкилотлари билан ушбу давлатда ҳамширалик, юк машинаси ҳайдовчиси, меҳмонхона ишлари, ресторан хизматчиси, қария ва ногиронлар парвариши, пайвандчи, механик, электрик, машинасозлик, омборхона логистикаси ва бошқа соҳаларда ишлар таклиф этилмоқда. Ойлик маоши 2300 евродан бошланади. Ушбу соҳаларда ишлаш учун тажрибага эга, немис тилини А2 дан Б2 даражагача биладиган 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, юқоридаги барча соҳалар бўйича Ausbildung, яъни ўқиш ва ишлаш тизими учун 18 ёшдан 35 ёшгача, камида ўрта мактаб шаҳодатномасига эга, немис тилини Б1 даражада биладиган фуқаролар ҳам мурожаат қилиши мумкин. Ўқиш тизимида бу давр учун 950 евродан бошлаб ойлик маош ҳам тўланади.

— Хорижга ишлашга кетмоқчи бўлганлар кўп, албатта. Саралаш қай тартибда, қандай мезонлар асосида бўлади?

— Хорижий иш берувчи ташкилотнинг имкониятлари, талаб ва таклифлари яхшилаб ўрганилгандан кейин ушбу бўш иш ўринлари ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий ахборот каналлари орқали эълонлар берилади. Интернет орқали рўйхатдан ўтган номзодлар ўртасида шахсан хорижий иш берувчи ташкилот вакиллари иштирокида танловлар ташкил этилади ва ёш, жинс, тил билиш даражаси, касбий малака ва соғлигига қараб танлаб олинади. Шундан сўнг иш берувчи танлаган фуқароларни хорижий давлатда ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш чоралари кўрилади.

— Эшитишимча, чет давлатга кетмоқчи бўлган юртдошларимиз учун тил ўрганиш курслари ҳам ташкил қилинган экан. Шу ҳақда ҳам тўлиқроқ маълумот берсангиз.

— Айнан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ўзига тегишли бундай ўқув марказлар йўқ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида эса сиз айтган марказлар мавжуд. Қизиқувчилар 71 202-33-55, 71 200-00-61 ёки 1282 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб, ўқув марказлари ҳақида тўлиқ маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, фуқароларимиз имконияти бўлса, хусусий марказларда ҳам ўқиши мумкин. Яна бир бор таъкидлашни истардим: хорижий давлатга кетмоқчи бўлган инсон, энг аввало, ўша мамлакат тилини ҳеч бўлмаганда бошланғич даражада билиши шарт.

— Албатта, ҳар ким Ватанида, оиласи бағрида ишлашни, пул топишни истайди. Аммо тан олиш керак, бошқа кўплаб давлатларда бўлгани каби бизда ҳам ишсизлар сони кам эмас. Шу маънода миграция масалаларига эҳтиёж бор. Хорижга ўз хоҳиши билан ноқонуний ишлаш учун кетаётган юртдошларимизга нима деган бўлардингиз?

— Тўғри, қариндошининг таклифи билан ёки бирор дўстига шерик бўлиб, четга ишлашга кетаётганлар кўп. Уларга маслаҳатим: хорижда ишга таклиф этилаётган эълонларнинг ҳаммасига ҳам ишониш керак эмас. Кетишдан аввал “бир гап бўлар” деган тасаввурда эмас, балки борадиган жойи ишончлилигини текшириш, иш ва яшаш шароитларини ўрганиш, ойлик маошлари ва бошқа масалалар юзасидан иш берувчи билан ёзма келишиш керак. Фуқароларни ишга жўнатиш Ўзбекистонда қонун билан тартибга солинган бўлиб, бу лицензияли фаолият тури ҳисобланади. Тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳар қандай шахснинг хорижга ишга жўнатиш таклифи ноқонуний ҳисобланади. Шунинг учун сизга бегона бўлган кишининг ишончингизга кириб, чет давлатга таклиф қилишига алданиб қолмаслик керак. Ишлаш мақсадида борадиган давлати тилини мулоқот даражасида билиш ва касбий малакага эга бўлиш ҳамиша фуқароларимизнинг фойдасига хизмат қилади.

— Яширишга ҳожат йўқ: четга юборишда турли ўйинлар, таъмагирликлар авжига чиққан эди  Агентликда. Шу боис, аввалги қанча раҳбарларига жиноий иш очилиб, улар жазога  тортилгани ҳақида маълумотлар бор. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақда кўп ёзилган. Ўзи нималар бўлганди ва қандай  жиноий хатти-ҳаракатлар содир этилганди?

— Сиз айтаётган ҳолатлар хусусий миграция агентликларида кузатилган эди. Мен ишлаётган ташкилотда эмас. Фуқароларни хорижга ишга жўнатиш Ўзбекистонда қонунчилик билан тартибга солинган. Хусусан, соҳада давлат монополиясини йўқотиш, яъни хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида мамлакатимизда 2018 йилдан хусусий бандлик агентликлари, яъни тадбиркорларга ушбу фаолият билан шуғулланишга рухсат берилган эди. Бироқ ўтган давр мобайнида айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилган. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, 2020 йилнинг 14 ноябридан улар фаолиятида жиддий ўзгаришлар жорий этилган.

Амалдаги тартибга кўра, ҳозирги кунда  қуйидаги тамойиллар асосида фаолият юритилади: фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бў­йича лицензияга эга хусусий бандлик агент­ликлари ахборот ва маслаҳат хизматлари учун БҲМнинг бир бараваридан, яъни 330 минг сўмдан кўп пул олиши мумкин эмас. Шунингдек, чет эллик иш берувчи ва ҳамкори билан шартномалар тузмасдан, фуқароларга хизмат кўрсатиш тақиқланади ҳамда ушбу шартномалар хусусий бандлик агентликларининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим. Ўтган давр мобайнида хусусий бандлик агентликлари реестридан 119 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 10 таси  фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.

— Юртимизда инсон қадри улуғланаётган бир пайтда ватандошларимизнинг шу давлатнинг тенг ҳуқуқли бир фуқароси сифатида Агентлик ёрдами билан хорижий давлатларда яхши шароитларда ишлашлари жуда қувонарли. Суҳбатимиз сўнгида келгуси режалар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

— Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бу, албатта, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, яъни хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз учун ривожланган давлатлар меҳнат бозоридаги бўш иш ўринларини тақдим этиш орқали танлов имкониятини яратишдан иборат.  Хусусан, 2030 йилгача 400 минг нафар (2023 йил 35 минг) фуқарони ташкиллаштирилган ва манзилли равишда чет элга ишлашга юбориш режалаштирилган. Бунда меҳнат миграциясини диверсификация қилиш, ривожланган давлатларга кўпроқ фуқароларни юборишга эътибор берилади. Бунинг учун Жанубий Корея, Япония, Германияга, Буюк Британия, Болгария, Венгрия, Литва каби давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилиняпти. Шунингдек, хорижга ишлашга кетишдан олдин 550 минг нафар фуқаро 3 хил йўналишда тайёрланади: ҳуқуқий саводхонлик, касбий кўникма ва хорижий тилларга ҳамда хорижий давлатлардаги ҳамкорлар билан касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар бериши йўлга қўйилади. Қолаверса, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизга ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштириб борилади. Меҳнат миграциясидан қайтадиган юртдошларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини ҳам таъкидлаш жоиз. Уларга ўз бизнесини ташкил этиш бўйича етарли шарт-шароитлар яратиб бериш механизми йўлга қўйилишига ҳам эришишимиз лозим. Қолаверса, соҳада кўрсатилаётган хизматларда инсон омилини камайтириш мақсадида тизим рақамлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Ситора ТОЖИДДИНОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 3 =