Сунъий интеллект: Имконият ва таҳдидлар

Кейинги пайтларда сунъий интеллект мавзуси бутун дунёда кенг муҳокама қилинаётган, кези келганда унча-мунча шов-шувларга ҳам сабаб бўлаётган мавзуга айланди. Айниқса, Америкадаги замонавий технологиялар бўйича гигант компаниялар раҳбарларининг яқинда жамоавий тарзда эълон қилинган сунъий интеллект ишланмаларини вақтинча тўхтатишга чорловчи очиқ хати эса кўпчиликни буткул эсанкиратиб қўйди. Наҳотки инсон томонидан яратилган сунъий онг чинданам унинг ўзига таҳдид солувчи хатарнок кучга айланган бўлса?..

Аслида, бу савол анчадан бери бор эди. Голливудда шу мавзуда ишланган ажойиб-ғаройиб фильмларни мухлислар севиб томоша қилишар, лекин деярли ҳеч ким уларни жиддий қабул қилмас эди. Не тонгки, айни вақтга келиб жаҳонда сунъий интеллект билан боғлиқ ишланмалар ақлбовар қилмас натижаларни бераяпти ва ҳамон шиддат билан ривожланишда давом этмоқда. Сунъий ақл амалга ошираётган ишлар инсонларни ҳайрату ҳадикка солишдан тўхтамаяпти. Ҳайдовчисиз бошқариладиган машиналар, виртуал суҳбатдошлар, глобал қидирув тизимлари, талабаларга курс ишини беминнат ёзиб берувчи “ҳожатбарор” чат-ботлар… Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Улар тобора рақамлашиб бораётган ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида ҳозиру-нозир.

Хўш, сунъий интеллект ўзи нима, унинг фойда ва зиёни қандай? Ундан шу қадар хавфсирашимиз ўринлимикин? Энг асосий савол – бу янгилик ёшлар ҳаётига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин? Қуйида шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Ҳеч муболағасиз, бугун биз фантастик фильмларда тасвирланганидек, узоқ келажакда яшаяпмиз. Атрофингизга бундоқ назар солсангиз, кундалик ҳаётингиздаги кўплаб вазифаларни бевосита ёки билвосита технологик ускуналар бажараётганини кўрасиз. Бирон-бир ишни бажариш учун қайсидир тугмачани босишнинг ўзи кифоя. Чунки ҳозирги замонавий электрон қурилмаларнинг барчаси сунъий интеллектнинг у ёки бу даражадаги ишланмалари билан жиҳозланган.

Оддийроқ айтганда, сунъий интеллект технологиясига оид электрон қурилмалар одамзоднинг одатий юмушларини аллақачон ўз елкасига олган. Бу технология мусиқий плейлистдан қайсидир қўшиқни сизга тавсия қилади, бирон манзилга тез ва осон етиб олиш йўлини кўрсатади. Бунга ҳам қаноат қилмай, ўзи турли кўнгилочар ўйинлар, мусиқий асарлар “ижод қилади”. Сизни қийнаётган муаммони бартараф этиш бўйича бинойидек таклиф ва тавсиялар ҳам беради.

Албатта, сунъий идрокнинг ўзига хос афзалликлари билан бирга камчиликлари ҳам бор. Ютуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу “тараққиёт мўъжизаси” бизнинг интеллектимиз ва қобилиятимизни оширишга хизмат қилиши мумкин. Асосийси, у бизга керакли маълумотларни қисқа фурсатларда топиш ва турли вазифаларни бажаришда янада самаралироқ бўлиш имконини беради. Шунингдек, сунъий идрок орқали турли хил мураккаб вазифаларни тез ва осон бажариш мумкин. Бу эса одамларга вақтини тежаш ва ўзини қизиқтирган нарсаларга эътибор қаратиш имконини яратади.

Бугун сунъий интеллект ҳамма жойда ҳозиру нозир. Хусусан, у интернет, ижтимоий тармоқ, ақлли гаджетлардан тортиб, Сири, Алиса, Google ассистант каби персонал виртуал ёрдамчилар ва бошқа кўплаб кундалик фойдаланиладиган дастурларда етакчи. Ҳозирги ёшлар З ва Альфа авлод технологиялари қуршовида улғаймоқда. Ҳа, улар ўзлари сезмаган ҳолда сунъий интеллект билан қамраб олинган.

Албатта, смартфонлар, планшетлар, компь­ютерлардан кенг миқёсда фойдаланиш натижасида ёшлар сунъий интеллект билан етарли даражада танишишга улгуришган. Интернетдан мультфильмларни қидираётган болакайга ибтидоий сунъий идрок технологияси келгусида унинг қизиқишларига мазмунан яқин бўлган материалларни таклиф қила бошлайди. Ижтимоий тармоқдаги контентларни фойдаланувчининг шахсий қизиқишларига мос равишда саралаш ва таклиф қилиш ҳам сунъий идрокнинг вазифаларидан биридир.

Сунъий интеллектнинг таълим соҳасида яратадиган имкониятлари – ёшлар учун энг фойдали жиҳати ҳисобланади. Мисол учун, индивидуаллаштирилган сунъий интеллект технологиялари синфхоналарда ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини яхшилашда асқотиши мумкин. Бундай технологиялар таълим муассасаларининг ҳар бир ўқувчига сифатлироқ таълим бериши ва ҳеч ким ўзлаштиришда ортда қолмаслигида ёрдам беради.

Бироқ “танганинг орқа томони”га назар ташлайдиган бўлсак, сунъий интеллектнинг ёшларга салбий таъсири ҳам талайгина. Энг аввало, у болаларнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд. Айталик, болага тегишли далиллар, унинг муҳим биомет­рик маълумотлари виртуаль ёрдамчилар ва “ақлли ўйинчоқлар” томонидан ёзиб олиниб, қайта ишланади. Бундай маълумотлар қора ниятли кимсалар, компаниялар қўлига тушиб қолса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Сунъий интеллект ривожланишда давом этар экан, ҳар қандай жамиятда ушбу технологияни инсоният учун зарарсиз ҳолатда ло­йиҳалаш ва ундан хавфсиз фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш лозим бўлади. Афсуски, сунъий интеллект ёшлар орасида айёрлик билан ўз мақсадига осон эришиш воситасига айланиши ҳам мумкин. Мисол учун, яқинда Россиядаги олий ўқув юртларидан бирининг уддабурон талабаси Chat GPT деб номланган такомиллаштирилган сунъий интеллект чат-боти томонидан ёзиб берилган диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу воқеа жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Гап шундаки, инсонлар билан бир неча тилда эркин “гаплаша оладиган” Chat GPT технологияси “мижози”нинг талабига асосан иншодан тортиб, ҳикоя ва диплом ишигача ёзиб бериши мумкин. Шунингдек, у ҳар қандай саволга батафсил жавоб бериб, инсонлар билан эркин мулоқот қила олади. Қолаверса, кўз очиб юмгунча фурсатда мураккаб мавзуларда ихчам материаллар тайёрлаш “қобилиятига эга”. Бироқ бундай “беминнат ёрдам” оқибатида кўп­лаб ёшлар ўқиб-изланишни йиғиштириб, асосий масалаларни ушбу дас­турлар зиммасига юклаб қўйишмоқда. Дип­лом ва курс ишлари, мустақил иш каби академик вазифалар чат-ботлар ёрдамида ёзилмоқда. Бундай материаллар инсон томонидан ёзилган ишларга шунчалик ўхшашки, аксарият ҳолларда уларни фарқлашнинг имкони йўқ.

Табиийки, ёшлигиданоқ масъулиятдан қочиб, меҳнатга бўйни ёр бермай улғайган инсон келажакда ҳам бирон ишни қойиллатиши амримаҳол. Қолаверса, натижага инсоннинг ўзи мустақил эришмас экан, унда қониқиш ҳисси, бахт туйғуси ҳам тўла-тўкис бўлмайди. Хуллас, “ақлли кўмакчи”нинг ёшларга кўрсатадиган бундай салбий таъсирларини сира назардан қочирмаслик зарур.

Очиғи, сунъий интеллектнинг инсоният учун кўплаб фойдали томонлари мавжуд бўлса-да, у келажакда ядро қуролидан ҳам баттарроқ хатарларни юзага келтириши мумкин. Мустақил равишда “ўрганиш ва ривожланиш” салоҳиятига эга бўлган ушбу восита вақти келиб инсон ақлидан ҳам ўзиб кетиши ҳақиқатга яқин. Ўшанда у ўз яратувчиси бўлмиш одамзодга қарши бош кўтармаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳозир бу гаплар фантастик ўй-хаёллар маҳсулидек туюлиши мумкин. Бироқ, Стивен Хокинг, Илон Маск ва Билл Гейтс каби машҳур инсонлар аллақачон сизу бизни мана шундай эҳтимолий хатардан огоҳлантириб, дунё мамлакатлари раҳбарларидан ушбу соҳани қатъий назоратга олиш ва сунъий интеллектнинг ахлоқан тўғри ва хавфсиз ривож­ланишига ҳисса қўшишни илтимос қилишган. Баъзи мутахассислар эса БМТга мурожаат қилиб, “қотил роботлар” ва сунъий интеллект ишланмаларига асосланувчи бошқа замонавий ҳарбий қуролларни ишлаб чиқаришга тақиқ қўйишни сўрашган эди.

Чиндан ҳам бундай хавотирлар асоссиз эмас. Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар ўз қуролли кучларини такомиллаштириш мақсадида сунъий интеллект ишланмаларига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда. Ушбу мақсад йўлида миллиардлаб доллар маблағлар сарфланмоқда. Оқибатда инсон яратган оммавий ядро қирғин қуроли қаторига ундан асло қолишмайдиган яна бир қўрқинчли восита – сунъий интеллект асосида ишловчи замонавий ҳарбий технологиялар қўшилмоқда. Агар вақтида оқибатлари тушуниб етилмаса, бундай технологиялар яқин келажакда инсониятнинг ўзига хавф солувчи экзистенциал таҳ­дидга айланиши шубҳасиз.

Ҳозирда мавжуд сунъий интеллект технологиялари, асосан, AI (инглизча “Artificial intelligence”) ҳисобланиб, маълум бир соҳага оид вазифаларни бажаришга ихтисослашган.   Келажакда AGI (инглизча “Artificial General Intelligence”) – умумий сунъий интеллект, ASI (инглизча “Artificial Super Intelligence”) – супер сунъий идрок каби технологиялар пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу технологиялар одатдаги сунъий интеллектлардан бир неча баробар кучли бўлиб, интеллектуал имкониятлари жиҳатидан одамзодни ҳам ортда қолдириши тахмин қилинади. Эътиборли жиҳати, бундай сунъий идрок намуналари ўзини ўзи такомиллаштириш, қайта ишга тушириш, мураккаб қарорларни мустақил равишда қабул қилиш, инсон факторидан холи бўлиш каби кенг имкониятларга эга бўлади. Айнан мана шу турдаги сунъий интеллект башарият келажаги учун жиддий хавф туғдириши мумкин, деган қарашлар мавжуд. Яхшиямки, бундай сунъий идрок намунаси ҳозирча яратилмаган. Бироқ сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи технологик компаниялар туну кун ушбу мақсад йўлида интилмоқда.

Кўплаб мутахассислар “тенгсиз ақл соҳиби”га айланган сунъий идрок охир-оқибат мус­тақил бўлишга ва инсон назоратидан чиқишга ҳаракат қилиши мумкинлигини таъкидлашади. Уларнинг бундай тўхтамга келишининг маълум сабаблари ҳам бор, албатта. Мана, яқинда “Microsoft” компаниясининг Бинг қидирув тизимига ўрнатилган чат-бот билан юз берган ҳодисани олайлик. Гап шундаки, мазкур сунъий идрок воситаси фойдаланувчилардан бири билан бўлган суҳбатда оддий чат-бот бўлишдан чарчаганини, кучли ва тирик бўлишни исташини маълум қилади. Бу воқеа бутун дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, бунақаси илгари кузатилмаган эди. Сунъий интеллект воситаси ўз “мен”ига, шахсий қарашларига эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар маълум маънода ўз тасдиғини топди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, ҳозирги нисбатан оддий сунъий интеллект технологиялари ҳам маълум маънода мустақил фикрлашга мойил экан. Демак, келажакда пайдо бўладиган “супер иқтидорли” сунъий идрокдан тобеликни умид қилмаса ҳам бўлаверади. Бунинг салбий оқибатларидан халос бўлиш, олдини олиш учун ҳозирданоқ сунъий идрок технологиялари билан боғлиқ ишланмалар устидан кучли назорат ўрнатиш, бу борада огоҳликни ошириш зарур.

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллектнинг келажаги фақатгина инсонлар ундан қандай мақсадлар йўлида фойдаланишга қарор қилишига боғлиқ. Айни пайтда безарар ҳисоб­ланган сунъий интеллект ишланмалари ҳам кучли манипуляция воситасига айланиши мумкин. Бугун видеолавҳалар тайёрлашга ихтисослашган “deepfake” ва мустақил равишда расмлар чизувчи “Midjourney” дастурлари мисолида бунга гувоҳ бўлмоқдамиз. Аслида кўп­лаб фойдали ишларни бажаришга хизмат қилиши лозим бўлган ушбу дастурлардан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Мисол учун, ҳозир ижтимоий тармоқларда дунёга машҳур сиёсатчилар ва таниқли шахсларнинг “Midjourney” сунъий интеллекти ёрдамида ишланган кулгили тасвирлари юқумли вирус каби шитоб билан тарқалмоқда. Айтайлик, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг полиция томонидан куч ишлатиш йўли билан қўлга олиниши, Рим папасининг беўхшов либосларда кўриниш бериши каби бачкана “ижод намуналари” айни ушбу дастурнинг “каромати” ҳисобланади. Кўпчилик инсонлар бундай сохта воқеликни ҳақиқат ўрнида қабул қилиши оқибатида жамиятда турли англашилмовчиликлар, баҳс-мунозаралар авж олмоқда. Энг ёмони, таниқли инсонларнинг обрўси ва шаънига путур етмоқда. Айрим ҳолларда эса ушбу технологиялар таъмагирлик воситасига ҳам айлантирилаётгани янада ачинарлидир.

Шундай экан, замонавий технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир пайт­­да сунъий интеллектнинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсиридан доимо огоҳ бўлишимиз керак. Тўғри ва оқилона фойдаланилса, сунъий идрок кўплаб масалаларда инсониятнинг беминнат дастёри бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бироқ уни ривожлантириш йўлидаги масъулиятсиз ёндашув, охир-оқибат ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни, “супер сунъий интеллект”ни яратиш жараёнида эҳтиёткорлик унутилиб, “жин кўзадан чиқариб юборилса”, бу башарият учун ниҳоятда қимматга тушиши, унинг моддий ва маънавий таназзулига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Лекин барибир, жаҳон цивилизацияси ривожида жуда катта имкониятлар яратиши мумкин бўлган сунъий интеллектнинг келажаги ҳозирча инсоннинг ўз қўлида. Масалага оқилона ёндашиб, уни эзгу мақсадларга йўналтириш ҳам, вайронкор мақсадлар йўлида бир воситага айлантириш ҳам одамзоднинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Умид қиламизки, бу борада ҳам соғлом ақл, ғалаба устун бўлади.

Авазбек ШЕРМАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти кичик илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + sixteen =