Коррупцияга очиқлик орқали чек қўйилади

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилиши керак?

Бу саволга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлари доктори, профессор Фозилжон ОТАХОНОВ жавоб берди.

– Фармонга кўра, ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилиб боради.

Шундай жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб борилади.

Шунингдек, ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилади.

Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди.

Дастур асосида давлат бошқаруви ва давлат хизмати, маъмурий тартиб-таомиллар, давлат харидларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал асослари такомиллаштирилади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур ишлар олиб борилади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик кучайтирилди.

Дастурда шу каби 30 та чора-тадбир белгиланиб, уларни амалга ошириш механизми, ижро муддати, молиялаштириш манбалари ва масъул ижрочилар аниқ кўрсатилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини янада такомиллаштириш мақсадида Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати белгиланди.

Ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисида (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами)га оид маълумотлар очиқ эълон қилинади.

Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисида (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақамига оид) маълумотлар эълон қилиб борилади.

Давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат) ҳамда марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам оммага очиқ эълон қилинади.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар киритилгани ушбу соҳаларда коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, юқоридаги каби муҳим тизимларда очиқлик кенг жорий этилаётгани бу иллатга чек қўйишга хизмат қилади.

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =