ҲАВО – ҲАММАМИЗНИНГ НАСИБАМИЗ

“21 декабрь куни (2023 йил) Тошкент шаҳрида PM2.5 заррачаларининг рухсат этилган чегаравий миқдори 57 баробарга ўсган. Фан PM2.5 саратон ва астмага олиб келишини исботлаган. Ушбу зарраларнинг  энг асосий манбаи транспорт ҳисобланади. Бу зарралар ичида энг хавфлиси айнан PM2.5 митти зарраларидир. Ҳаводаги йирик заррачалар юқори нафас йўлларида фильтрланади, PM2.5 каби кичик заррачалар эса чуқур нафас йўлларига, ҳаттоки қонга ҳам ўтиши мумкин. Улар ўзлари билан инсон организмига зарарли қўшимчалар ва кислоталарни ҳам олиб киради”.

Мавзуга оид маълумот

Бугун ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳақида гап кетар экан, ҳавода РМ2.5 заррачаларининг меъёрдан ортиқлиги таъкидланади. РМ2.5 заррача нима, қандай пайдо бўляпти ва нимага инсон соғлиғи учун бу қадар хавфли?
Ҳавони ифлослантирувчи қаттиқ микрозаррачалар ўлчами 10нм.дан 2.5мкм.гачани ташкил этади. Уларни фан тилида майда дисперс заррачалар ёки ингичка дисперс чанглар деб ҳам аташади.
РМ2.5 заррачаларини 2 турга бўлиш мумкин.
Биринчи таркиб ҳаво таркибида мустақил пайдо бўлганлар. Бу гуруҳга қурум, асфальт ва машина шиналаридан ажралган заррачалар, минерал тузлар (сульфатлар ва нит­ратлар), оғир металл бирлашмалари (оксидлар), биологик чанглар (аллергенлар ва микроорганизмлар) киради.
Бу гуруҳда асосий миқдор қурумга тегишли бўлиб, иссиқлик станцияларида ёқилган кўмирдан ажралган қисмида токсик зарралар билан бо­йиган ҳолда ҳавода пайдо бўлади.
Иккинчи таркибга шаҳар атмосферасида пайдо бўлган азот ва олтингугурт оксидлари сув зарралари билан бирлашиши натижасида пайдо бўладиган кислота ҳамда оғир тузларни киритиш мумкин.
РМ2.5 заррачалари жуда майда бўлганлиги сабабли инсон организмидаги табиий тўсиқлардан, яъни буруннинг шиллиқ пардаси ва юқори нафас йўли ва бронхлардан ўтиб кетади. Нафас олган ҳаво оқими билан ўпка тешикларига етиб боради ва осонгина қон таркибига кириб боради. Натижада нафақат нафас олиш йўллари касалликлари, балки юрак, қон-томир ва бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқаради.

Интернет маълумотларидан.

“6 январь соат 8-00да (2024 йил), Ўзгидрометнинг хабар беришича,  атмосфера ҳавоси мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфераси ҳавосидаги ЗМ10 дисперсли заррачаларининг миқдори 26,5 МКГ/м3ни ташкил этган ва SANeqVAn 0293-1193 (500мкг/м3) бўйича рухсат этилган меъёрдан ошмаган. РМ2,5 mkg/m3ни ташкил этган. Ва СанЕҚваН 0293-11 (500 мкг/м3) бўйича рухсат этилган меъёрдан ошмаган. Майда дисперсли заррачалар миқдори эса 12,4 мкг/v3ни ташкил қилган ва ЖССТ тавсияларидан 2,4 баробар (5мкг/м3) ошган. Углерод оксиди СО(автотранспорт ва саноат корхоналари чиқиндилари) 0,5 мг/м3ни ташкил этиб, … рухсат этилган меъёрдан ошмаган”.

“11 январь куни соат 8:00да (2024 йил) Тошкент ҳавосидаги РМ2,5 дисперсли заррачаларининг миқдори (0,001дан 2,5 микрометргача) 85,5 мкг/м3 ни ташкил этди, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 17 баробар (5 мкг/м3) кўп. Бу ҳақда “Ўзгидромет” автоматик ҳаво мониторинги станциялари маълумотларига таяниб хабар берилмоқда. IQAir веб-сайтида соат 8:20да Ўзбекис­тон пойтахти ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунёда 8-ўринни эгаллади, ҳаво даражаси – “зарарли”.

Юқорида пойтахт Тошкент ҳавосининг йигирма кун ичидаги айрим ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ёритилган маълумотлар келтирилди. Улар орасида 6 январь кунига тааллуқли маълумотлардан мисоллар кўнгилга бироз таскин бергулик.

Чиндан ҳам, янги йилнинг биринчи ҳафтасида эрталаб кўчага чиққан лаҳзалардан ҳавода енгиллик, тозаликни ҳис қилгандик, борлиқ мусаффолашгандек эди. Бунақа пайтда нафас йўлларида касалликлари бўлган  минг-минглаб ҳамшаҳарлардан тортиб саломатлиги, кайфияти об-ҳавога боғланиб қолган минглаб одамларни, тоза ҳаво-ю мунаввар муҳитда жисми, ақли, қобилиятлари яйраб яшнайдиган, доноларнинг чиройли ташбеҳи билан ифодалаганда гулдек болаларни ўйлаб енгил тортасан.

Кейинги ойларда пойтахтимиз кўчаларида эрталаб ва кечки тирбандлик­лар пайтида машиналарнинг у бекатдан бу бекатгача турнақатор тизилиши одатий ҳолга айланиб қолди, сўнгги пайтларда эса куннинг ўрталарида ҳам чорраҳалар, муюлишлардан тирбандликка тушмай ўтган вақтимиз йўқ ҳисоби. “Бошим оғрияпти”, “Кўнглим айнияпти”, “Қон босимим ошяпти”, “Юрагим безовта бўляпти”, “Нафасим қисяпти” деган аҳволу ҳол баёнларини бевосита ҳавонинг ҳарорати, чанг-ғуборлилиги, оғирлиги билан боғлаб гапирадиганлар кундан-кунга кўпайиб боряпти. Айни нафас олаётган ҳавосида зарарли, заҳарли зарралар миқдори меъёрдагидан ортиб кетгани учун йўталаётган, юраги-ю ўпкаси зўриқаётган, қон босими ошаётган, баданига ҳар хил қичималар тошаётганлар ҳаммамизнинг ён-атрофимизда топилади; бадани беҳаловат бўлаётгани сабабини тили чиқмаган гўдаклар, болалар тушунмайдиям, айтиб ҳам беришолмайди, йиғлайди, инжиқлик қилади, тиниқиб ухлолмайди, иштаҳаси бўғилади… Бундай ҳолатнинг ойларга, йилларга чўзилиши оқибатида аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари пасайиб бориши ва бу уларнинг аҳволи, меҳнат ва ижод самарадорлиги, оилада ва жамиятда фаол, интилувчан, ижодкор, ташаббускор, аъло кайфиятли шахс­лар бўлишига салбий таъсир этиши ва охир-оқибат миллатнинг, халқнинг генофондига оғир асоратлар келтиришини бўяб-бежамасдан тан олишимиз керак.

Январнинг биринчи ўн кунлигида Тошкент шаҳри ҳавосининг бир неча кўрсаткичлар бўйича меъёрлашгани сабаби – кўчаларда транспорт қатнови бирмунча камайгани эканини ҳеч ким рад этмаса керак. Бу кунларда пойтахт жамоат транспортлари ҳар доимги жадваллари асосида йўловчиларга хизмат кўрсатди; корхонаю ташкилотлар ҳам аввалгидек ишлаб турди; коммунал хизмат ташкилотлариям фаолиятини давом эттирди… фақат олий ўқув даргоҳларида қишки таътил бўлиб, вилоятлардан келган талабаларнинг деярли ҳаммаси уй-уйларига кетган, тошкентлик талабалар ҳам ўқишга бормадилар. Демак, Тошкент кўчаларининг тирбандлик даражаси 10 баллик кўрсаткичниям “босиб” ўтиб кетишида, об-ҳавосининг ифлосланиши, зарарли-ю заҳарли заррачаларга меъёридан ортиқ тўйинишида институт, университетларга шахсий машинасида бориб келадиган талаба- ёшлар уловининг анча-мунча ҳиссаси бор экан-да!

Ёшларимизга ҳар жиҳатдан ҳавасимиз келади. Беихтиёр ўзимизнинг талабалик йилларимиз, Марғилондан Фарғонага ҳар куни тошбақага ўхшаган автобусларда тиқилишиб, нафасимиз бўғилиб қатнаганларимиз, дарсга кеч қолмаслик учун саҳар мардонлаб уйдан чиқиб йўлларда сарғайишимиз  ёдга тушиб кетди. Ўшанда бирорта талаба ўзининг шахсий енгил машинаси тугул, йил-ўн икки ойда бирор сабаб ёки зарурат туфайли таксида ўқишга бориб келганиниям эслолмайман. Дарвоқе, мавзудан узоқлашмай, бугунга қайтайлик.

Айтиш мумкинки, кейинги бир йил ичида уч миллион аҳолиси бўлган пойтахтимиз аҳолисига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизматлари сифати биз узоқ йиллар орзу қилган-у, аммо тасаввур ҳам этолмаган даражада юксалди. Айни кунларда ўзим хизматга бориб келиш учун электробусларга ўтирарканман, ҳар гал: “Бундан бир йилгина олдин шунча йўловчи кичкинагина яшил автобусчага қандай сиғиб юрган эдик?” деб ҳайрон бўламан. У автобусчаларнинг камида ярим соат оралиқ билан келиши, унга чиқиб олиш машаққатлари, йўл-йўлакай тору танқисликдан кимнинг кўнгли беҳузур бўлган, ким кимдан норози, ким кимдан узр сўраган… ва ҳар куни шу аҳвол бирдек такрорланарди. Ҳозирги янги автобусларнинг йўловчи сиғдириш имконияти у автобусчаларга нисбатан камида икки-уч баробар кўп, қолаверса, ҳар 7-10 дақиқада келиб турибди. Бугунги салобатли, замонавий автобусларда йўловчилар ҳар доим гавжум бўлишини кўриб, “илгари кўпчилик таксида юрганмикин?” деб ўйлайман. Жамоат транспортидан фойдаланадиган кўпчилик йўловчилар дилидаги мана шу миннатдорчиликни мамнуният билан эътироф этиш баробарида, юқорида сўз очилган муаммонинг бир қадар ижобий ечимига ҳам худди шу хайрли ўзгаришлар сабабчи, восита бўлиши мумкинлигини айтмоқчиман. Яъни, дунё­нинг энг катта, энг чиройли, энг замонавий шаҳарлари қаторида бўлган Тошкентнинг бир томонидан иккинчи томонига жамоат транспортида, метрода қисқа фурсатларда етиб олиш қийин бўлмай қолди. Шаҳарнинг ҳамма кўчаларини марказ билан, ўқув даргоҳлари билан бир-бирига изма-из келаётган жамоат транспорт воситалари боғлаб турибди. Шундай экан, айни куч-қувватга тўла бўлган ёшлар – талабалар ҳам шахсий уловларида эмас, жамоат транспортида ўқишга бориб келсалар-чи! Кўнглим сезиб турибди, “Нега айнан биз?..” демоққа шайланган ёшлар оз эмас.

Шу ўринда ҳаёт ҳикматларидан ечим изласак. Ота-боболаримиз кўпчиликнинг, халқнинг тақдирига дохил муаммоларни муҳокама қилиб, уларни ҳал этиш йўлларини излаш учун давра олганларида, муаммонинг қай бир жиҳатларини зиммага оладиган мард, саховатли одамлар албатта топилган. Аммо шундай вазиятлар бўладики, уни айрим одамлар ҳал қилишининг иложи, имкони бўлмайди. Ана шундай пайтларда оқсоқоллар, эл ҳурматидаги одамлар маслаҳат билан муаммони ечиши мумкин бўлган, ўша вазифани бошқаларга нисбатан осонроқ ва кам йўқотишсиз бажариши мумкин бўлган  тоифа ёки одамларга топшириқ қилиб юклаганлар. Мана шу нуқтаи назардан олганда…

Келинг, маълумотларни такрор-такрор ақлимиз, қалбимиз кўзгусидан ўтказайлик: “Тошкентда айрим кунларда PM2.5 митти зарралари миқдори рухсат этилганидан 45-50 баробаргача ошиб кетмоқда. Авто тутунлари, CO2 даражаси меъёрдан 4,4 баробар ошган. “UzHydroMet маълумотларига кўра, 17 декабрь куни Тошкент шаҳрининг ҳавосида кичик дисперсли PM10 заррачаларининг максимал таркиби 241 мкг/м3 ни, PM2.5 митти зарраларининг таркиби эса 211 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсияларидан 43 баробарга кўп дегани. Углерод оксиди (ис гази)нинг максимал таркиби 6,2 мкг/м3 ни ташкил этган ва бу рухсат этилганидан 1,4 баробар кўп…”

Мутахассислар кейинги йилларда аҳоли орасида нафас қисма, саратон, нафас олиш ва қон айланиш тизимининг ишдан чиқиши каби оғир касалликлар кўпайиб, ёшариб бораётгани ва бунинг асосий сабабларидан бири ўпкамиз орқали вужудимизга кираётган ҳаво таркибида зарарли, заҳарли моддалар миқдори ортиб бораётгани экани ҳақида бонг урмоқдалар. Кейинги пайтларда пойтахт осмонида чанг булутлари сузиб юриши ёки муаллақ туриши тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Нафақат Тошкент, балки унинг атрофида яшаётган одамларнинг бирортаси бундай ҳавонинг жисму руҳиятига озми-кўпми хавфидан ҳимояланган эмас. Мавжуд касалликлар кучаяди, хасталикка мойил кишиларда салбий ўзгариш­лар ортади, соғлому бақувват вужудлар ҳам темирдан эмас… Донолар таъкидлайдилар: “Соғлигингни йўқотмасдан олдин соғликнинг қадрига ет!”

Бостириб келаётган хавфнинг олдини олиш учун инсон зоти, аввало, ўз қўлидан келадиган, кучи ва имконияти етадиган ишларни қилиши, тадбирларни қўллаши оддий ҳолат. Дунё ҳаёти билан боғлиқ экологик  муаммоларнинг ечими, фаолияти жамият иқтисодию эҳтиёжини таъминлашга қаратилган  оғир ва енгил саноат корхоналарини қайта қуриш тез ва осон битадиган ишлар эмас. Айни бугундан бошлашимиз мумкин бўлган, катта ўзгаришлар талаб қилмайдиган имкониятимиз бор:  ишлашга, ўқишга куч-қуввати етаётган соғлом одам жамоат транспортида юриши мумкин-ку! Тараққий этган Европа мамлакатларининг марказий ва улкан саноат шаҳарлари ҳавоси билан боғлиқ айни муаммо кўндаланг бўлганда, биринчи навбатда шахсий автомобиллар қатновини камайтириш чорасини қўллаганлар.

Шу ўринда битта мисол. Узоқ бир юртларда эмас, бизга шундай қўшни бўлган айрим мамлакатларда, жумладан, Тожикистонда бу борада қатъий тартиб жорий қилинган экан. Бу ерда олий таълим масканларида ўқиётган талабаларнинг ўқишга шахсий автомашиналарда келишлари бутунлай тақиқланган. Бу тартибга амал қилмайдиганларга эса қатъий чоралар, ҳатто ўқишдан ҳайдашгача бўлган чоралар кўрилади. Ўрта таълим мактабларида эса ўқувчилар қўл телефонларини олиб киришмайди. Мактабга киргунча топшириб, уйга кетаётганларида олиб кетаверишади. Шубҳасиз, эзгу мақсадли бу тартиблар хайрли натижалар беришига асос бор.

АҚШнинг республикамиздаги элчиси интервьюсида айтади: “Мен Тошкентда яшайман, кичик ёшдаги болаларим бор. Шу боис кўпчилик тошкентликлар қатори мен ҳам ҳаво сифати билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораман. Ҳаво тоза бўлиши учун ўзим ҳам, оилам билан ҳам чора кўришга ҳаракат қиламан. Албатта, мен Тошкент ҳавосини тозалашга ёрдам берадиган ҳар қандай чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайман. Мисол учун, бу жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятини ошириш бўйича ҳукумат даражасидаги чоралар бўлиши мумкин. Агар бирор жойга пиёда ёки машинада бориш ўртасида танлов бўлса, мен ва оилам пиёда юришни афзал кўрамиз. Шундай қилиб, биз ҳаво сифатини яхшилашга кичик ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз”.

Ҳозир ёшларни, маҳаллаларни уюштирадиган тадбирлар жуда кўп. Улар орасида самара берадиганлари билан бир қаторда самарасизлари ҳам йўқ эмас. Айтайлик, ёшлар етакчилари ёки ташкилот раҳбарлари “Бир кун (бир ҳафта, ўн кун…) ўқишга ёки ишга жамоат транспортида бориб келамиз!” деган ташаббус  билан чиқиши ва буни амалга ошириш иложсиз тадбир эмас-ку! Тадбир аҳамияти самимият билан, далилларга асосланиб тушунтирилса, уни қўллаб-қувватлайдиганлар топилади. Уларни, ҳеч бўлмаганда, маънавий рағбатлантиришнинг ўзи самарасиз қолмайди. Бу йўналишдаги ишларга, балки, рес­публика миқёсида экологик масалаларга бевосита мас­ъул бўлган идораю ташкилотлар ташаббускор бўлишар! Улар йирик ташкилотлар, ўқув муассасалари раҳбарияти билан ҳамкорликда “Тошкент ҳавоси мусаффолигига ҳисса қўшаман”, “Тоза ҳаво – ота-онам, фарзандларим, ўзимнинг соғлигим гарови” (мисол учун-да) каби шиорлар остида аҳолининг ишга, ўқишга жамоат транспортида бориб келиши акциясини ўтказишлари; ўша кунлари об-ҳавода бўлган ўзгаришларни кенг тарғиб қилишлари, акцияда фаол иштирок этганларни рағбатлантиришлари мумкин. Бу ташаббусни тизимли, қамрови кенгайиб борадиган ҳаракатга айлантириш йўлларини топиш мумкин.

Айни ўринда биз бу тадбирларнинг пойтахт ҳавоси мусаффо бўлишига, ҳамшаҳарларимизнинг жисмоний саломатлигига ижобий таъсири ҳақидагина тўхталяпмиз. Инсоннинг кўпчилик орасида киришувчанлиги, ўзини жамият аъзолари билан бир саф-бир мақомда ҳис этиши, ўзидан катталарга ҳурматда ва ўзидан кичикларга иззатда бўлиши бу – маънавий соғломлик, аксинча эса маънан ноқисликдир. Бошқаларни билмадим, лекин мен ярим асрдан ортиқ одамлар орасида ўқиб, ишлаб, ўрганиб юрган бўлсам, ҳали бирор ўқувчи ёки талабанинг: “Мен фалон устоз (муаллим)нинг ўзини ёқтирмайман-у, фанини яхши кўриб ўқидим, ўзлаштирдим”, деганини кўрмадим, эшитмадим. Мактабда, олий таълим даргоҳида, аввало, устознинг ўзини яхши кўриб қолганмиз, қалбингга нур ва ҳарорат берадиган бу туйғу у азиз инсоннинг фанига қизиқиш, меҳр уйғотган. Шукрлар бўлсинки, кейинги уч-тўрт йилда ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибор, ғамхўрликлари, махсус фармону қарорлар билан мактаб ўқитувчилари, олий таълим муассасалари илмий-педагогик ходимларининг маошлари анча ошди, буни уларнинг ўзлари ҳам миннатдорчилик билан эътироф этмоқдалар. Лекин йиллар давомида нафақат талабалар, балки мактаб ўқувчилари орасида ҳам устозининг кийими, ишга қандай транспорт воситасида қатнаши, уй-жойи қандайлигига қараб лақаб қўйишлар, нописанд муомала-муносабат қилишлар оддий ҳолатга айланди. Ўтган йили олий таълим даргоҳларига кириш учун ҳужжат топширган жами абитуриентларнинг учдан икки қисмининг билими кириш имтиҳонларида талаба бўлиш учун талаб қилинадиган энг паст баллни тўплашга ҳам етмагани… (бу ҳақда ўйлаганда, ҳар сафар кўксимдан бир аччиқ кўзимга тўлади)… Таълим соҳамизнинг бундай ачинарли аҳволга тушишида ота-оналарнинг, катталарнинг ўз дилбандларига нисбатан қайноқ, сахий, аммо сўқир муҳаббатларининг асорати борлиги шубҳасиздир. Чиройли кийинтириб, ўзи емаган неъматларни едириб, чўнтагига телефону пул солиб, машинага миндириб ўқишга кузатаётган аксарият ота-оналарнинг диққати боласининг ташқи қиёфасида, бошқалардан чиройлироқ ва имкониятлироқ бўлиб ажралиб туришини таъминлашда экан, тажрибасиз ёшлардан нима кутиш мумкин?

Техника фанлари доктори Абдурашид Отахонов (Аллоҳ раҳмат қилсин)нинг тўртта ўғлига нисбатан талабчанлиги, уларни доим ўқиш ва меҳнат билан банд қилишда қаттиққўллигини кўрган қўни-қўшнилар, таниш-билишлар отани болаларига нисбатан “золим” деб аташган. У йигитларнинг ҳаммаси икки-уч йўналиш бў­йича етук мутахассис бўлишди, камида уч-тўрттадан хорижий тилларни яхши ўрганишди, ҳозир улар ўз юртимизда ва чет мамлакатларда ўзбек деган номни шарафлаб меҳнат қилмоқдалар.

Мундоқ ўйлаб қараганда, куч-қувватга тўлган йилларида тўрт мучаси соғ инсоннинг қаддини баланд кўтариб, шахдам қадам ташлаб, дунё гўзалликларидан кўзу кўнгли баҳраманд бўлиб ўқиб, ишлаб юриши ғанимат неъмат эмасми?!

Тўғри, саломатлигида, жисмоний ҳолатида муаммолар бўлган, нисбатан узоқ жойдан қатнаб ишлайдиган ёки ўқийдиган, шунингдек, фаолияти кун бўйи бир неча жойларга бориб келиш билан боғлиқ ҳамшаҳарлардан буни талаб қилиш нотўғри. Аммо эрталаб енгил машинасида ишга, ўқишга келиб, кечки пайт уйи­­га қайтгунича битта бинода муқим ўқийдиган, ишлайдиганлар шаҳримизда вақтинчалик  хизмат вазифасида бўлган элчи тили билан айтганда, “пиёда юришни афзал кўриб, ҳаво сифатини яхшилашга кичик бўлса-да, ҳисса қўшишга ҳаракат қилсалар эди”.

Бундан бир неча йил олдин ёзда республикамизда иш соатлари бир соатга олдинга сурилганди. Тонгги соат тўртларданоқ олам ёришиб кетадиган пайтларда ишга, ўқишга бир соат эрта бориб, бир соат эрта қайтиш қандай яхши! Яна бир мулоҳаза: шундай ташкилот, корхоналар борки, улар иш фаолиятини албатта соат 9.00 да эмас, бир ёки ярим соат кечроқ бошласа ҳам бўлаверади. Шуларни таҳлил этиб, сирғалувчи иш тартиблари жорий этилса… Айни масалада “Катта муаммони майда-чуйда ўзгаришлар билан ҳал этиб бўлмайди”, деган шубҳа-иккиланиш билан эмас, нонни қадрлаш унинг ушоғини ҳам исроф қилмасликдан бошлангани каби, “Тошкент ҳавоси тозаланишига бир тола нурдек фойдаси тегадиган имкониятдан ҳам фойдаланамиз”, деган ишонч ва қатъият билан яшашимиз, ҳаракат қилишимиз керак.

Оммавий ахборот васиталарида, айниқса, телевидение орқали фаол турмуш тарзи, пиёда юришнинг афзалликлари ҳақида бир қадам наридаги дўконгаям машинасида бориб келадиганларга ибрат бўладиган дастурлар тайёрлаш керак, назаримда. Бундай дастурлар, агар тўғри тушунсалар, ҳаётини машина кабиналарисиз тасаввур қилолмайдиганларнинг соғлом турмуш тарзига ўтишларига, меъёридан ортиқ семириб, нимжон бўлиб қолмасликларига сабабчи бўлади. Ва яна муҳими, жамият соғлом, бақувватлашиб бориши билан бирга, минглаб пойтахтликларни (улар қаторида ўзимиз, ота-онамиз, фарзандларимиз, ака-укаю опа-сингилларимиз бўлиши мумкин) заҳарлию зарарли ҳаво таъсирида оғир ва бедаво хасталикларга чалинишини камайтиради.

Кейинги ойларда матбуот, радио-телевидение, ижтимоий тармоқларда Тошкент ҳавосининг ифлосланиши бўйича дунёда биринчи, иккинчи… саккизинчи ўринларни эгаллаётгани, ҳавонинг таркибидаги меъёрларга тўғри келмайдиган ўзгаришлар ҳақида деярли ҳар куни ёзиляпти, айтиляпти. Лекин… ҳар бир пойтахтлик — ўзимиз ва яқинларимиз мунтазам равишда мана шу ҳаводан заҳарланаётганини анг­лаб етмасак; аста-секин таъсир этувчи оғу каби бундай ҳавонинг бир қадар тозароқ бўлиши ўзимизга боғлиқлигини тан олмасак; кўчада хоҳлаган жойига ахлат ташлаб кетиш, латта-путтаю хазон ёқиш иллатидан қутулмасак; жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин бўла туриб шахсий машинага “ёпишиб олган” бўлсак ва уни кўпқаватли уйнинг деразалари тагигача ҳайдаб келаверсак… муаммо газак олиб бораверади. Энди Тошкент осмонига умумий гаплар эмас, аниқ саъй-ҳаракатлар ҳаётбахш насимлар олиб киради.

Шу ўринда айтмасак бўлмас: кейинги икки-уч йилда Юртбошимизнинг ташаббус, ғоят ўринли талаблари билан маҳаллалардан тортиб вазирлик, идора, ташкилотларгача дарахт экишга жалб этилди. “Яхшидан боғ қолади” деганларидек, юртимизнинг барча ҳудудларида бу умумхалқ ишининг самарасини кўриб турибмиз: икки-уч йилда ниҳоллар бўй чўзди, тана қўйди. Янги-янги боғлар, сайилгоҳлар пайдо бўлди, йўл ёқаларига экилган ниҳоллар соя-салқин бера бошлади. Аммо… “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг”: умрида бир-иккита ниҳол экиб, дарахтга айлантирганми-йўқми-ю, нафсу чўнтаги ташвишида пойтахтимиздаги улкан дарахт­ларни, гуркираган боғларни кесиб, уларнинг ўрнига пултопар маконлар қурган, қурмоқчи бўлганларга орқаваротдан енгил-елпи чора кўрилишига ёки улар халқнинг, аҳолининг неча ўн йиллик меҳнатини зое этиб, эл нафас олиб турган тоза ҳаво манбаини йўқ қилганлари учун уч-тўрт сўм жарима тўлаб қутулиб кетишларига чек қўйиш керак! Бундай зараркунандаликлар телеэкранлар орқали, матбуот­­да батафсил ёритилсин, кирдикор эгалари жамоатчилик олдида қилмишларига яраша жавоб берсинлар.

Яна бир ҳолат билан боғлиқ мулоҳаза: мутахассисларнинг айтишича, чорраҳаларда, светофор олдида тўхтаб турган машиналар юриб турганларига нисбатан кўпроқ зарарли моддалар чиқараркан. Тиғизлик пайтида бирорта светофорнинг олдидан тўхтамасдан, кутмасдан ўтмайсиз. Баъзан бу тўхташлар ярим соатларгаям чўзилади. Демак, тирбанд турган ўнлаб машиналар (шаҳар бўйича ҳисобласак, минг­ларга айланади) шунча вақт давомида ҳавога зарарли, заҳарли моддалар чиқаради. Ўйлайман-да, светофорлар оралиғидаги масофа маълум, машиналарнинг рухсат этилган тезлиги аниқ, демак, шаҳар светофорлари ўртасидаги йўлни машина қанча муддатда босиб ўтишини ҳисоблаш бугунги ақлли компьютерлар учун пис­та чақишдек гап. Шундай бўлгач, светофорларнинг автоматик бошқарувига машиналар гуруҳи аввалги светофордан бунисига етиб келгунича ўтадиган вақт оралиғида пиёдаларга, машиналар яқинлашганда эса машиналарга яшил чироқ ёнадиган дастур ўрнатиш мумкин эмасми? Ахир кўпгина ривожланган давлатларда шунақа тизим йўлга қўйилган-ку!

…Ибратли ривоятда айтилишича, катта ёнғинни ўчиришга тумшуғида сув ташиб ҳисса қўшмоқчи бўлган қуш унинг ҳаракатларини маънисиз деб кулганларга: “Муҳими, менинг қайси томонда эканимда”, деб жавоб берган экан. Яъни, мураккаб, оғир, чигалли вазиятларда қалбимиз, ниятимиз ва шунга муносиб хатти-ҳаракатларимиз қайси томонда – эзгуликка эшми ёки лоқайдми, умидсиз ожизми, бепарвоми экани бизнинг кимлигимизни кўрсатади.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 5 =