Устозлар йўлин тутиб…
Юртимизда қалам тебратаётган истеъдодли ижодкорлар кўп. Улар баҳоли қудрат ижод қилиб келишяпти. Шулар сафида Наманган вилоятининг Чустидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бир қатор ажойиб китоблар муаллифи Юсуф Файзулло ҳам бор. У мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ижодга қизиқди ва қўлига қалам олиб, турли мавзуларда мақолалар ёзиб юрди. Ёзганлари туман, вилоят газеталарида чоп этила бошланди. Бу эса уни янада кўпроқ изланишга ундади. Бундай орзу-ҳавас журналистикага қизиқишига сабаб бўлди ва Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг кечки бўлимига ҳужжатларини топширди, синовлардан ўтиб, талаба бўлди. Ўқиш кечки бўлгани учун қурилиш ташкилотига ишга кирди.
Ўқиб юрган чоғларида малакасини ошириш учун касби бўйича ишлаш керак эди. Ўша даврда газета-журналлар сони ҳозиргига ўхшаб кўп эмасди. Ишга кириш қийин эди. Аммо яхши инсонларнинг кўмаги билан “Шарқ юлдузи” журналига дастлаб мусаҳҳиҳ ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинди. 1990 йили ўқишни муваффақиятли тамомлади ва журналда ўз фаолиятини давом эттириб, техник муҳаррир ва масъул котиб лавозимларида фаолият юритди.
Энг муҳими, Юсуф Файзулло устозлар — Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Тоҳир Малик, Омон Мухтор каби адибларнинг ўгит, йўл-йўриқларини олди. Бу ажойиб инсонлар ёш қаламкаш йигитга йўлчи юлдуз бўлиб, ҳаётда ўз йўлини топишида ёрдам кўрсатишди. Бу эса ўз мевасини берди: Юсуф Файзуллонинг кетма-кет ҳажвия ва ҳикоялари республика газеталари ва журналларида чоп этила бошлади. У 2008 йили “Тонг юлдузи” газетасига ишга ўтди. Газетанинг деярли ҳар бир сонида мактаб ҳаётига боғлиқ ҳикоялари, мақолалари чоп этиларди. Шу тарзда кўзга кўриниб, уни бўлим мудирлигига, кейинроқ эса бош муҳаррир ўринбосари лавозимига тайинлашди. Шу тарзда журналистика чархпалагида тобланиб борди.
Юсуф Файзулло ўз ишига меҳр, садоқат билан хизмат қилди. Буни эса унинг ноёб инсоний фазилатларидан бири дейиш мумкин. Бу ҳам ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Газетада ишлаганида ёшларимизни билимини оширишда, маънавиятини юксалтиришда юзлаб мақолалари ва ҳикоялари чоп этилди. Ижод — тинимсиз меҳнат, изланишни тақозо этади. У тинмай ёзар эди. Бир нечта қиссалар ёзди. Уларни тўплаб, китоб ҳолига келтирди. Китоб қўлёзмасини кўриб чиқиш эса каминага топширилди. Мен уни аввал обдан ўқиб чиқдим, қиссалар 2013 йили “Ўзбекистон” НМИУда “Лафз” номи билан китоб бўлиб чиқди. Айниқса, ёзувчининг қиссаларидан кўнглим тўлган, пишиқ-пухта воқеалар бири-бирига занжирдик боғланган, ортиқча, кераксиз тафсилотлар йўқ эди. Уларда севги-муҳаббат, садоқат, инсонларнинг бир-бирига бўлган лафзида туриши бадиий бўёқларда содда, ўта ҳаётий тасвирланган. Бу ижодкорнинг юқорида эслатилганидек устозлар тарбиясини олганлигидан далолат берарди.
Тақдир тақозоси билан 2016 йилдан бошлаб Юсуф Файзулло “Ўзбекистон” нашриёт матбаа уйида муҳаррир лавозимида ишлай бошлади. Ушбу нуфузли нашриётда иш бошлаш, албатта, тажрибали ижодкор учун кўп ҳам қийинчилик туғдирмади. Чунки нашриётга келадиган қўлёзмалар тематикаси ранг-баранг, уларни чоп этишга яроқлиларини ўз вақтида таҳрир қилиб, босмахонага топшириш ҳам муҳаррирдан маҳорат ва билимни талаб қилиши маълум. Айтиш керакки, Юсуф ношир сифатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. Ёзувчи бу ишлар билангина чекланиб қолмади, баракали ижод қилишда давом этди. 2018 йили унинг “Сўнгги илтижо” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилди. Шунинг ўзи ижодкорнинг яна бир поғона юқорига юксалганидан дарак беради. Ўша йили “Poligraf Niso” нашриётида болаларга бағишланган “Бойвачча болакайнинг саргузаштлари” китоби ҳам чоп қилинди. Китоб болажонлар томонидан яхши кутиб олингани учун иккинчи маротаба яна кўп нусхада босилди.
Иқтидорли адиб яна бир савобли ишга қўл уриб, халқимизнинг машҳур ёзувчилари Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Омон Мухтор, Тоҳир Малик, Нажмиддин Комилов, Алиназар Эгамназаров каби инсонларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақолалар ёзиб газеталарда чоп эттирди. Ўзи бирга ишлаган, яқиндан таниган ижодкорлар ҳақида ҳамма ҳам бундай забардаст мақолаларни ёзавермайди. Ўша устозларга меҳр бўлса, садоқат бўлсагина бундай мақолаларни ёзади. Юсуф Файзуллонинг ана шундай ажойиб фазилатлари бор.
Вақт — югурик дейдилар. Ҳаёт ташвишлари, дунё чархпалаги айланиб кечагина шогирд бўлган инсоннинг ўзи ҳам бугун муборак ёшларга етди. Ижодкор дўстимизга қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин, деймиз. Уч қиз ва бир ўғилнинг ҳамда қатор набираларнинг бобоси Юсуф Файзулло бугунги кунда бир нечта янги китобларини нашрга тайёрламоқда. Фарзандлари ва турмуш ўртоғи олий маълумотли. Икки қизи эса фан доктори даражасини қўлга киритган. Ўғли ҳам моҳир таржимон ва журналист. Ҳавас қилса арзийдиган оила, шундай эмасми?! Шундай улуғ бахт, эзгу саодат ҳар бир инсонга насиб этсин!
Иззат АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси