Ҳаёт кўндаланг қўяётган саволлар ва унга очиқчасига жавоблар

Инсон бир дақиқа ҳам ўйламасдан туролмаслигини донолар айтиб ўтишган. Шу маънода мен ҳам ҳаётда учраётган турфа ҳолатлар ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр ўз-ўзимга савол бергим келади. Зеро, ҳаётнинг ўзи савол-жавоблардан иборат.

Айтайлик, кейинги пайтларда рост сўз айтишга, очиқликка кенг шароит яратилган бир замонда нега даврий нашрларга қизиқиш пасайиб кетяпти, деган савол кишини ўйга толдиради. Яна қанақа саволлар дейсизми? Келинг, бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган саволларга жавоб излаб кўрайлик.

 

— Инсон табиатан янгиликка ўч бўлади. Одамлар бир-бирлари билан кўришганда ҳол-аҳвол сўрашганда “Оламда нима гаплар?” деб мурожаат қилади. Нега шунда ҳам лоақал қўлига газета тутқазсангиз, кўп ҳолларда “Раҳмат, ўқишга вақтим йўқ” дейди?

— Агар билсангиз, одам боласи табиатан дангаса ҳам бўлади. Баъзилар кўз нурини газета ўқишга сарфлаб ўтиргандан кўра радио орқали берилаётган хабарни тинглашни маъқул кўради. Агар корхона раҳбари ўз ходимларига “Газеталарга обуна бўлинглар” деса, ҳеч ҳам кўнглида ёвуз ният бўлмайди. Одамларимиз ўқисин, маърифатли бўлишсин, шунда ишларимиз ҳам юришиб кетади, деган ўйга бориши мумкин. Айнан шу ҳолни кимдир “Мажбурий обуна” деб аюҳаннос солиши мумкин. Ундайлар мажбурий обунани йўқотаман деб ихтиёрий обунани ҳам йўққа чиқаришди.

— Ўзи газета ўқимайдиган одам қанақа бўлади?

— Бу одам учун дунёнинг у ёғи ҳам, бу ёғи ҳам бир. Ватанни севган одам кундалик матбуот нашрларидан ҳамиша хабардор бўлади.

Лоқайд, беғам одамлар қўлига газета олмайди. Ўйлагани нафсини қондириш. Энг ташвишланарлиси шуки, туппа-тузук, кўринишидан зиёлинамо одамлар “Мен газета ўқимай қўйганман” дейишдан тап тортишмаяп­­ти. Гўё газета ўқимаслик замонавийлик белгисидек. Аслида бу маънавиятсиз ҳаёт кечириш демак.

— Хитойлик машҳур мутафаккир Конфуций инсон туғилиши билан билимли бўлиб қолмайди, қадимги маданиятга бўлган муҳаббати, ўқишга бўлган иштиёқи ва тиришқоқлиги туфайли билимга эришиши мумкин дейди. Бу фикрнинг матбуотга қандай алоқаси бор?

— Бевосита дахлдор. Ахир инсон қадимий маданиятни ўрганиши, дунёни билиши учун тинимсиз ўқиши керак бўлса, матбуотга ҳам ошно бўлиши талаб этилади. Тиришқоқлик ютуқлар омили экан, бунда даврий мат­буотга обуна бўлиш ҳам назарда тутилади. Тиришқоқ дегани ўзини нимагадир фидо қилиш, мажбурлаш дегани эмасми?! Бу сўзнинг тес­кариси – лоқайд, бефарқ маъносини беради. Ҳамма нарсани ўз оқимига ташлаб қўйсак нима бўлади? Ўзибўларчилик, бошбошдоқлик рўй беради. Бунга йўл қў­йишга ҳеч ким тарафдор бўлмаса керак.

— Газеталарга қизиқишнинг пасайиб кетишида журналистларнинг ҳам айби бор, деб ўйлайсизми?

— Аччиқ ҳақиқат шундаки, ўзимиз ҳам айбдормиз. Ҳаётнинг кўрсатишича, янгича яшашга ҳамма ҳамкасбларимиз ҳам тайёр эмас экан. Исталган нашрни қўлга олиб варақлайлик. Саҳифалардаги мақолаларни “Ўқилади” ва “Ўқилмайди” деб белги қўяйлик. Ана шунда ишимиздаги қусурлар кўриниб қолади. Баъзилар танқидий материал кўпайса, кўп муштарий ўқийди, деб ҳисоблашади. Бу фикр­­га қўшилиш қийин. Бундай ўйлаш бир томонлама хулосага келиш. Ахир газетанинг ҳамма саҳифасини танқидга тўлдириб бўлмайди-ку?! Албатта, танқид бериб борадиган газета эътиборни ўзига жалб қилади. Матбуотимиз танқидий-таҳлилий материалларга кенгроқ ўрин бериши керак.

— Баъзи газетхонлар рекламалар берилишидан норози. Бунга нима дейсиз?

— Бозор иқтисодиёти шароитида реклама бўлиши табиий ҳол. Ахир реклама берувчи деган субъектнинг ҳам ўз ҳуқуқлари бор. Таҳририятлар иқтисодий жиҳатдан реклама орқали имкониятларни яхшилайди. Фақат бу борада меъёрни унутмаслик керак. Очиғи, ҳозирги шароитда реклама берувчилар ҳам унча кўп эмас.

— Бугунги кунда одамлар ўртасида муносабатлар ҳам ўзгариб бормоқда. Меҳр-оқибат ҳам илгаридагидек эмас. Тезкор асрда одамларнинг газета ўқишга вақти ҳисобли. Ҳаётимизга интернет кириб келди. Эҳтимол, даврий нашрларнинг ўрни ўзгараётгандир?

— Ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавиятнинг аҳамияти йўқолмайди. Биз дунёдаги ривожланган мамлакатлардан ибрат олишимиз керакми? Мана, Японияни олинг. Электрон ахборот юксак даражада тараққий топган. Лекин газеталар миллионлаб нусхада чиқиб турибди-ку.

Даврий нашрларга нисбатан ҳозирги танглик вақтинча деб ўйлайман. Агар биз келажакни ўйласак, болалар нашрларининг кенг тарқалишига эътибор бериш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳали мактабда ўқиётган бола матбуотга кўникма ҳосил қилса, катта бўлганда ўша қизиқишини давом эттиради. Ва аксинча, газетадан узоқда ўсса, қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

— Халқ хўжалигининг турли соҳаларида ўсишни кузатамиз. Статистик маълумотларга кўра хизмат кўрсатиш даражаси, уй-жой қурилиши, инвестиция киритиш, экспорт салоҳияти ва бошқа кўрсаткичлар бўйича кейинги 5-6 йил ичида бир неча карра ўсишга эришиляпти. Худди шу мезонда обуна масаласида орқага кетяпмиз. Қўлимиздаги маълумотларга кўра, фақат “Ishonch” газетасигина 2022 йилдагига нисбатан ўсишга эришган. Қолган нашрларда орқага кетиш кўзга ташланади. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Илгари обуна бўйича яхши натижаларга эришиш учун курашилса, энди обуна бўлмаган жамоа “намунали” деб баҳоланяпти. Бу жудаям нотўғри. Ахир газеталар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар драйверидан бири-ку?! Баъзилар бу таърифни андак баландпарвоз деб баҳолашар. Лекин биз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг нияти шундай.

“Ishonch” газетасининг обунаси нисбатан яхши бўлгани нафақат таҳририятдаги ибратли ишлар, балки газета муассисининг уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, обунасини ташкил қилиб бераётгани сир эмас. Қани эди бошқа нашрларнинг ҳам эгалари ундан ибрат олишса. Тўғри, ҳамма муассисларда ҳам касаба уюшмалари федерациясидагидек имкониятлар бўлмаслиги мумкин. Аммо бу баҳона бўлолмайди, чунки имконияти жуда баланд бўлган вазирлик ва идораларда ҳам газета дейишса, “аллергия”си қўзғалаётгани қанча?

— Газетхонлар билан яқинроқ бўлиш, демак, обунани яхшилаш учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

— Бизнинг вилоятларда чинакам фидойиларимиз, ҳақиқий ватанпарварларимиз яшашади. Лекин улар таҳририятлар эътиборидан четда. Фарғона вилоятида шундай бир ватанпарвар, жонкуяр инсон бўларди. Ҳозир шу одам борми, йўқми, билмадим. Ана шундай матбуот дўстларини топишимиз, уларга эътибор, рағбат кўрсатишимиз керак. Худди шундай жонкуярлар ҳамма вилоятларда бор, деб ўйлайман.

Бутун умр ҳаётини таълимга бағишлаган меҳнат фахрийсидан сўрадик: Оқсоқол, нега газеталар адади камайиб кетди? Бунга сабаб манови нарса (у киши уяли телефонга ишора қилди). Аксарият одамлар фақат ижтимоий тармоқлар билан чекланиб қолишни маъқул кўришяпти. Лекин ҳаёт фақат электрон хабарлардан иборат эмас. Инсон тафаккури бойиб бориши, маънавий эҳтиёжи қониқиши учун даврий нашрлар – газета ва журналларни ўқиб бориши керак. Юртимиздаги даврий нашрлар турфа соҳага ихтисос­лашган. Уларнинг ўз муштарийлари бўлиши керак.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 4 =