Наҳотки, наҳотки, наҳотки…

Ёхуд айрим хусусий телеканаллардаги бачкана лойиҳалардан мақсад нима?

 

Тан олмоқ керак, бугун юртимизда ОАВда, шу жумладан, телевидение соҳасида анча ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Хўш, бу ижобий ўзгаришлар нималардан иборат дейилса, шубҳасизки матбуотимизнинг эркин ва мустақил овозига эгалиги, мавзуларнинг ранг-баранг эканлигини айтишимиз ўринли. Яна айтиш мумкинки, бугун бир пайтлардагидек республикамизда бир-иккита эмас, балки ўнлаб телеканалларнинг фаолият олиб бораётгани халқимизга танлаш яъни ўзига маъқул бўлган эфир намойишларини томоша қилиш имкониятини бермоқда.

Бугун “Milliy”, “Uzreport TV”, “Mening Yurtim”, “Sevimli”, “Renesans TV” сингари телеканаллар рейтинги йилдан-йилга ошиб бораётганини эътироф этиш жоиз, албатта.

Чунки юқоридаги телеканаллар асло давлат телеканалларидан ўз нуфузи, ранг-баранглиги ва тезкорлиги билан орқада эмас.

Аммо шуни айтиш керакки, халқимизга бир қанча маънавий-маърифий, тарихий мавзулардаги теле ло­йиҳалари, ахборот-янгиликлар дастурларини узатиб анча-мунча томошабинлар эътиборини қозонган таҳририятларнинг борган сари юзаки ва бачкана мавзуларга қўл ураётгани таажжублидир. Қуйида холис сўзимиз телеканаллардаги ана шундай саёз ва сийқа “шоу”лар хусусидадир.

“Zo’r TV” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Ёр-ёр” шоуси кўплаб танқидий муҳокамаларга сабаб бўлгани, халқимиз зиёлилари ва кўплаб андишали одамлар томонидан унинг фаолияти қаттиқ қоралангани, ҳамон салбий фикрлар билдирилиб турилиши ҳеч кимга сир эмас.

Айримлар бу кўрсатувни азалий урф-одатларимизга оёқ босиш, уларнинг устидан очиқчасига кулиш, шунинг­дек, ғарб маданиятига монанд, ахлоқсизлик ва одобсизликни замонавийлик дея талқин қилиш ҳамда буни халқимизга кенг ёйиш, дея баҳолагани ҳам бор гап. Кўрсатув жараёнида турли ҳудудлардан келган айрим иштирокчилар томонидан айтилган “ғайриоддий” гап-сўзларнинг қисқа видеолари ижтимоий тармоқлар орқали нафақат бутун юртимизга, балки бошқа давлатларга ҳам тарқалгани, бунинг натижасида эса кўплаб миллат вакиллари ўртасида ҳам калака воситасига айлангани эса ушбу кўрсатувга берилган “баҳо” десак хато бўлмайди. Аммо буни қарангки, қанча гапирилмасин, қанча қораланмасин баъзи тоифадиги кишилар томонидан бу “кўрсатув” – “совчилик”нинг замонавий кўриниши, ўз бахтига эриша олмаган инсонлар учун бахтга эришишнинг бир имконияти деган калтабин важлар билан “Ёр-ёр” ҳеч нарса бўлмагандек, ҳамон ва эсон-омон ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Куйинадиган жиҳати яна шундаки, “Zo’r TV” телеканали орқали эфирга узатилаётган мазкур лойиҳадан андоза олгандек ёки “қовун қовундан ранг олади” деганларидек, “Sevimli” телеканалида ҳам яна худди шунга ўхшаш, фикр-у ёди соғлом бўлган ҳар қандай одамни ранжитувчи, уялтирувчи ҳатто ғазабини қўзғатувчи, яна бир телешоу – “Илк учрашув” номи билан эфирга узатила бошланган!

Қирқ ёшгача бўлган одамларни ўз студиясига чорлаб, гўёки етиша олмаётган бахтига эриштиришга ёрдам берувчи ушбу намойиш айрим жиҳатлари билан “Ёр-ёр” шоусини ҳам ортда қолдирмоқда, десак инонаверинг.

Бир ўйлаб кўринг-а, сизга бегона эмас бўлғуси турмуш ўртоғингизнинг оила аъзолари олдида ёки ўз ота-онангизнинг олдида “илк учрашув”ни ташкиллаб беришса-да, сизларнинг оғзингиздан чиқаётган ҳар бир гап-сўзни киприк қоқмай кузатиб туришса, қандай аҳволга тушасиз? Бу ҳам етмаганидек бўйларингиз бир-бирингизга мос тушиш-тушмаслигини билиш учун оёқ кийимларингизни ечтириб, ёнма-ён ҳолда солиштириб кўришса, оқмисиз-қорамисиз, семизмисиз ёки тирриқ ва ҳатто юзингиздаги ҳар бир дона холингизгача кўпчиликлашиб муҳокама қилишса-да, “сизларнинг кейинги ҳаётингиздаги “романтик” ҳолатларни ўзимизча тасаввур қиляпмиз” деб тушуниш қийин бўлган маънода жилмайиб туришса, айниқса, …ана шунда ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз?!

Ҳар қандай ориятли эркак киши ҳам бундай “шароит”га кўнмай, буни бемаънилик деб билиши табиий хол эмасми? Ахир бизнинг ўзбек эркаклари ўз аҳли-аёлини бошқа эркаклар нигоҳидан сақлашга ўрганган, унинг барча яхши-ёмон жиҳатлари ҳақида кимга бўлса оғиз кўпиртириб гапираверишни ўзларига ор билиб келишган-ку.

Бу ҳам етмаганидек “яна қандайдир гап-сўзингиз бўлса, кўпчиликнинг назаридан уялаётган бўлсангиз, бемалол бизлар тайёрлаб қўйган романтик жойга(?!) ўтиб ишни пухта қилиб(??!) келишиб олсангизлар ҳам бўлади” деб бир бурчакни кўрсатишса, кимнинг нафсонияти буни қабул қилади?

Шошманг, пешонангизнинг томирлари чиқиб, вужудингизни номус ҳисси қийнашини бошлаган бўлса ҳам сўзларимнинг давомини диққат билан кузатинг. Биз буларни ўзимизча тўқиб чиқараётганимиз ёки мавжуд ҳолатни ортиқча кўпиртириш билан сизга етказаётганимиз йўқ.

“Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Илк учрашув” кўрсатувининг деярли ҳар бир сони айнан мана шундай талқинда тасвирга олинади. Халқимизнинг ичидан эса неажабки, ўзини мана шундай шармандаликка лойиқ кўрадиган одамлар етарлича топиляпти. Яъни шу бачкана “кўрсатув”га чиқишга ошиқаётганлар бисёр.

Мен ҳам аввалига бир-икки танишларимдан бу ҳақда эшитиб, очиғи телевидение ходимлари бунчаликка боришмагандир деб кўп ҳам ишонмагандим. Аммо ўз кўзим билан кўргач “лол қолдим” – ишонаверинг.

Кўрсатувда бир бўйдоқ йигит билан, бир қиз миллионлаб одамларнинг олдида танишар, фикр алмашишар экан. Яна улар ота-она ризолиги, рост гапириши, ажойиб овқатлар қилиш-ю, тўйни қандай ўтказиш бўйича ўзларининг “қимматли” фикрларини, ўз қарашларини очиқ-ойдин билдиришаркан.   Куёв бўлмиш ўз навбатида агар қиз унга турмушга чиқишга рози бўлса, ўз шартларини баён қилади. Кўрсатувнинг биринчи сонида иштирок этган куёвликка номзод йигит бошловчиларнинг “сиз шу қизга уйлансангиз унинг ишлашига рухсат берасизми? Ахир бу қизимиз олийгоҳ талабаси эканлар. Олам-­олам орзу-умидлар билан ўқиётган бўлсалар керак” деган саволларига “албатта, агар ишлашни истасалар бунга қаршилигим йўқ”, деб ақлли жавоб қайтаради. Кўрсатув “қаҳрамони”га айланган бўлғуси келин ҳам ўз талабларини билдирар экан, бўлғуси куёвга айтган шартлари ниҳоясида “иложи бўлса, агар сиз билан бирга яшасак мени ишлатмасангиз, уйда ўз хоббиларим билан эркин шуғулланишимга имкон қилиб берсангиз яхши бўлар эди”, деб нозу карашма қилишгада уринади.

Эҳ, нима деб изоҳ беришга ҳам ҳайронсан. Беихтиёр, ўзи бизга нима бўляпти!, деб дод солгинг келади-я!

Аммо начора, ер қаттиқ, осмон йироқ, дермиди. Халқимизга, айниқса, ёшларимизга “керакли” теле-шоуни кузатишда давом этамиз.

Қойил, буни қарангки, икки ёш ўртасига “одоб юзасидан” бир “девор”—парда ҳам ўрнатилар экан. Келинликка номзод бўлган қизнинг гўзаллигини ҳар иккала бошловчи (эркаги ҳам, аёли ҳам) оғзидан бол томиб мақташар экан, эркак бошловчи ўз мақтовини ошириш учун қизга тикилиб “уйлангингиз келиб кетади-я”, деб ёқимсиз иржаяди. Ё алҳазар, қани энди бу бўлғуси “куёвхонтўра”га заррача таъсир қилса, ғурурига тегса дейсиз! Қайтанга у қувонганидан ўзининг мамнун эканлигини бошқаларга ҳам билдириш учун турли ҳаракатлар қилиб қўяди.

У бўлиб, бу бўлиб кўрсатувнинг кульминацион нуқтасида икки иштирокчини ҳам кўрсатув бошловчилари ўртадаги “девор”ни яъни пардани олиб ташлайликми, бир-бирингизни кўришга қизиқяпсизларми, деб қонни қайнатадиган қилиб сўроққа тутишади. Иштирокчилар эса ўз эҳтиросларини сездириб “ҳа”, “ҳа”,— дея баралла жавоб беришади. Ўртадаги девор — парда кўтарилгач эса улар бир-бирига шунақанги тикилишадики, уларни кўриб турган бошқа одам ҳам уятдан қизариб, ўлай дейди. “Офарин!”

Емай едириб, ичмай ичдириб, киймай кийдириб, оқ ювиб, оқ тараб не-не машаққатлар билан вояга етказган ўғил-қизини мана шундай томошаларга юбориб, ўзига жуфт танлашга қўйиб бераётган ота-оналарга “офарин”лар айтмай бўларканми?! Миллион-миллион одамларнинг ичида юзидаги номус пардасини сидириб ташлаб ўзига эр қидираётган қизларга, шу қизга уйлансам бўладими деб йигитлик ғурур ва андишасини ҳам бир четга суриб қўяётган ўғлонларга ҳам “қойил”, албатта!

Авваллари интернет орқали танишган одами билан оила қурибди деган гапни бизнинг миллат қабул қила олмас эди. Вақти келиб фарзандларимга, қизларимга “қандай танишгансизлар” деб савол беришса нима деб жавоб бераман? Уларни нимага даъват қиламан деб ўйлаш, номус қилиш бўларди. Мана энди бўлса бутун бошли мамлакатга буни ошкор қилишга, кўз-кўз қилишдан ҳам номус қилмайдиган даражага етиб келдик! Бунинг учун юқоридагидек “кўрсатув”ларнинг муаллифларига, уларнинг эфир юзини кўришига шароит яратиб, қўллаб-қувватлаётганларга нима десак бўларкин?

Янглишмасам, бу кўрсатувга бошловчилик қилаётган инсонлар аллақачон қирқни уриб қўйган эркак ва аёл бундай ҳаяжонли лаҳзаларни элга намойиш этишаётганларидан масрур, ҳаммани бу ёшларни олқишлашга ундашаётганидан чексиз қувончда. Ўзларича кимларнингдир бахтли бўлишига хизмат қилаётгандек ўзларини яхши инсон деб ҳисоблашаётган бўлишса керак.   Ҳар қалай сабрсизлик билан кўрсатувнинг ҳар бир иштирокчиси бўлган йигит ва қиздан бир-бирларига ёққан-ёқмаганини билишни истаб: “Мана, бир-бирларингизни яқиндан кўрдингиз, юракларингиз “жиз” этдими, йўқми, озгина бўлса ҳам”, дея сўрашларидан шундай хулосага келиш мумкин-да.

Қани энди шу ернинг ўзида дангур-дунгур қилиб тўйни бошлаб юборишнинг имкони бўлса, денг-а!

Шунча беъмани гап-сўзлари, саволлари етмаганидек, бошловчилар келинликка номзодлардан тўйингизда қайси хонандалар хизмат қилишини истайсиз, қандай тўйхоналарда, қандай қамровда ўтказилишини истайсиз, сингари бачканадан-бачкана саволларни беришларига куясизми, йиғлайсизми?

Қанча-қанча тадбирларда, сиёсий йиғилишларда халқимиз ўртасида тўй-ҳашамлардаги ортиқча дабдабавозликларни, исрофгарчиликларни камайтириш, ёшларни фақатгина тўйни қандай ўтказиш ҳақида эмас, кейинги ҳаётини қандай ўтказишлари, бахтли яшаб мустаҳкам оилалардан бирига айланишлари учун чуқурроқ мулоҳаза юритишга даъват қилинаётган бир паллада уларнинг бу каби сўроқ-саволларига қандай баҳо беришга ҳам ўйланиб қоласан киши.

Энг ачинарлиси бунақа, миллатимизга ёт саҳналар намойишида яъни студияда ёшларга ўзларининг ҳам диний, ҳам дунёвий маслаҳатларини берадиган кекса онахон-у, отахонлар ҳам қатнашиши ташкил қилинган. Улар ҳам бундай ўта бачкана кўрсатувларнинг олдини олиш, ёшларни бундай шармандагарчиликлардан қайтариш ўрнига иштирокчиларга “бир келиб қолибсизлар, бахтли бўлинглар” деганга ўхшаш тилаклар билдиришиб, ўзларича “оқ фотиҳа” беришлари наштар каби юракка санчилади.

Очиғи, бунақа қўштирноқ ичидаги “кўрсатув”ларни батамом йўқ қилиш керак!

Бутун халқ эса мана шундай бачканаликнинг куппа-кундузи намойиш этилиши, ўзлигимизнинг бу қадар ерга урилишига ўзимиз томошабинмиз.

Ўйлаб қоласан, ахир… оила, никоҳ, ёшлар масаласида қандай ёнар мавзулар бор. Наҳотки ана шулар ҳақида эфирлар ташкил қилишнинг иложи бўлмаса?!

Бу “кўрсатув”ни бутунлай бошқа мезонга буриб юбориш ҳам мумкин-ку, ахир. Мақсад яхшилик, яхши ният, дейишлари турган гап. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, бугунги ёшларнинг оила, никоҳ, ота-­онага ҳурмат, элу юртга хизмат қилишга оид хаёл­лари, баҳсли ўй-кечинмаларини ҳам олиб чиқиш муаммоми? Шунда бир баркамол, фойдали маънавий-маърифий руҳдаги кўрсатув бўлмасмиди?

Шу каби мулоҳазаларимизни эшитган баъзи бир телеканалларнинг маъмурларидан бири эса: “Одамлар газета ва журнални нега ўқимай қўйди? Чунки одамларга тафаккур қиладиган нарсалар ёқмаяпти. Хусусий каналларда ҳар кунлик таҳлил бор, минг афсуски, бугун фақат енгил-елпи нарсаларни кўришяпти. Шунинг учун биз программамизни (“дас­туримизни” дея олишмайди!) шу таҳлиллар асосида тузишга мажбурмиз”, дея жавоб бериб турса, бизларнинг қайтариқларимиз, куюнчаклик билан айтаётган гапларимиз уларнинг бир тукига ҳам барибир таъсир қилмас экан деган хаёлга боришдан ўзга иложимиз йўқ!

Бундай мавзуларда кимгадир гапиришнинг ўзи инсонга оғир, азоб. Аммо начора, шароит шундай қилишни тақозо қилмоқда. Бу бўйича бир қатор юртдошларимизнинг ижтимоий тармоқларда билдирган фикрлари юқоридаги мулоҳазаларимизни қўллаб-қувватлайди.

Нажмиддин ИКРОМИЙ:

— “Sevimli”дами, бошқадами – мен кўрсатувларнинг бирортасини кўрмайман. Берилаётган кўплаб кўрсатувлар, ҳатто аксарият миллий кинофильмлар ҳам жуда саёз! Тўғриси, ўзидан “журналист” ясаб олган “тик-ток”чи ёшларнинг ёмон туш кўришидек гап…

Мен бу каби кўрсатувларни қўрқмасдан мис­сионерлик ва прозелитизм ҳаракатига дахлдор, дея айта оламан! Зеро, уларга бундан ортиқ “баҳо” бериб бўлмайди. Сабаби уларнинг ҳаммаси бизларнинг шарқона тарбиямизни ағдариб, ўзларининг беодобликларини кенг ёймоққа уринишга ўхшайди.

Ўзбек халқи маънавиятини ўлдиришга хизмат қиларкан, ҳар бир кўрсатув, кинофильм миссионерларнинг кўмочига кул тортади.

Бизда илгари фильмларда ётоқхона кўрсатилмасди… Энди кўрсатишяпти. Фильм қаҳрамонлари ўпишмасди. Буям бўляпти. Эфирга берилаётган кино қаҳрамонларига ўхшамоқ илинжида айримлар – улар кимлигини айтишим ҳам шартмас! (Сабаби ким нима қилаётганини ҳамма кўриб, билиб турибди.) Ҳатто ётоқхонадан кино ё клип олишни бошлашди. Эртага… бундан баттарини кўрсатишса ҳам ажабланмайман…

Тўхтамурод ҲАСАНБОЕВ:

— “Илк учрашув” кўрсатувида йигит ва қиз бир-бирига ёқса, ўртадаги парда олинармиш. Аслида телеканалларнинг кўп кўрсатувларида аллақачон пардалар олиниб бўлган. Кўрсатувларимиз аввалгидек “пардали” бўлиши учун уни тайёрлаётганлар “зардали”, яъни талабчан, савияли, маънавиятли ва ўз ишининг профессионаллари бўлиши зарур. Наҳот телеканалларда яхши-ёмонни фарқлайдиган, узоқни кўра биладиган ҳақиқий мутахассислар қолмаган бўлса…

Дилфуза НАРЗИҚУЛОВА:

— Телевизорда нима кўришни ҳам билмай қолди одам. Бир-биридан савияси паст, журналист-у, бош­ловчилар. Ҳозирда ўзбек адабий тилида умуман гап­лашмай қўйишган. “Девотти”, “қивотти”, “кетвотти”, “анақа”, “манақа”, “ашинақа” сингари “чистый” шевадаги сўзларини эшитиб оғзингиз очилади. Илгари бошловчиларни кўрсак, уларга ҳар томонлама ҳавас қилардик. Овози, кийими, ўзини тутишини фарзандларимизга ибрат қилиб кўрсатар эдик. Ҳозиргилар ўйламай-нетмай, тўхталмасдан бирон нарса десам бўлди-да қабилида иш қиладиган бўлиб қолишган. Бири-бирини сирини очадими-ей, масхара қиладими-ей, кийимини-ю, ботексини кўз-кўз қиладими-ей. Гапирсанг гап кўп-у, фойда барибир – ноль. Ундан кўра кўрмайин ҳам, куймайин ҳам дейдиган бўлиб қолдик.

Ушбу мақолани ёзиш, очиғини айтсам осон бўлмади. Негаки, бундай енгил-елпи “шоулар”ни кўриш, таҳлил қилишнинг ўзи бўлмас экан. Унда нима зарил дейсизми? Энг қийнаётгани миллионлаб ёшларимиз, қизлар, йигитлар каминанинг тенгқурлари. Ҳа улар миллионларни ташкил этади. Қулоқларида қулоқчин, ҳатто овқатланаётганларида ҳам телефонларидан кўз узолмайдиган ёшларнинг эртаси қандай бўлади? Бу “шоу”лар нима беради? Баттарни баттар қилади-ку! Шуни ўйладим, эртанги кунимиз ғами, “оҳ” чекмай илож тополмадим.

Бир кўнглим мана шундай “кўрсатувлар”да танишган йигит-қизлар ростдан ҳам бир-бири билан оила қуриб, бахтли бўлиб кетишармикан деб ўйласа, бир кўнглим улар кўриниши туппа-тузук, ақл-заковати соғлом бўла туриб наҳот ўзига умр йўлдошни бошқалар сингари топишга кўзи етмаса деган хаёлга тортади.

Балки бу тарзда ўзини кўз-кўз қилишнинг бошқа фойдали томони ҳам бордир деб ўйланаман баъзида.

Бу мавзуга қўл уришдан аввал мана шундай кўрсатувларда олдинроқ иштирок этиб, ўзининг ноодатий сўзлари билан кўпчиликни ҳайратда қолдирган ва айнан шу туфайли ижтимоий тармоқлар “юлдузи”га айланган бир неча одамларни кузатдим. Тушуниб етдимки, айрим шахслар бундай кўрсатувларга сира ҳам ўз жуфтини топиш учун эмас, балки йўриғини қилиб қандайдир аҳмоқона қилиқ қилса-ю, бирор сўз айтса-ю, (майли ҳамма устидан кулса ҳам) мана шу қилиғи орқали интернетни “забт этса”. Уёғига кузатувчиларнинг ўзи уларни тармоқлар орқали топиб олишади. Қарабсизки, турли ижтимоий тармоқларда кузатувчилари сони анча юқори бўлган бу шоввозларнинг “кетмони учади”. Сохта обрў, қуруқ пиар учун буларнинг бариси.

Энг қизиғи, шарманда бўлиб танилишдан ор қилмасликнинг ўзи шармандалик эмасми?!

Мана юқоридагидек “бахтга эриштирувчи” кўрсатувлар кўпроқ нимага хизмат қиляпти. Наҳотки ҳеч кимни жамиятнинг қай томон кетаётгани, ёшлар тарбиясининг бузилиб бораётгани, бачканалик авж олаётгани ташвишга солмаса.

Очиғи, “Ойнаи жаҳон” деб аталмиш улуғ минбарда кўрганларимизга ишонгимиз келмаяпти. Шу нарсалар Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ат-Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғ зотларни берган ўзбек халқимизга тегишли телеканалларда берилмоқдами? Ё қайсидир хориж каналларидами?

Ҳа, минг афсуски ўзимизда! Энг ёмони, бу нарсаларни озгина бўлса-да, тартибга, эпақага соладиган манба қолмаётгани ташвишли. Барибир, “Э, нима бу ўзи?”, деб сўраб туриш керак экан-да.   Бугун юртимизда ОАВ эркин. Тўғри, бу каби кўрсатувларни намойиш қилаётган телеканаллар хусусий. Улар бюджетдан молиялаштирилмайди. Аммо турли ташкилотларнинг рекламасидан келадиган маблағ бўладими, ёки фондлар ҳисобидаги маблағларми, ҳомийлик йўллари орқали келадиган пулларми, нима бўлса ҳам халқнинг солиқлари эвазига жамғарилган маблағлар-ку булар. Шундай экан, нима учун халқимизга маънавий озуқа берадиган, эстетик завқ улаша оладиган маълум бир тартиб-қоидалар асосида қурилган кўрсатувларни намойиш этишмайди. Майли, маблағ масаласини ҳам бир четга суриб турайлик, хусусий телеканал дегани савия, маънавият, маданият бегона бўлиши керак, бутун эфирни хоҳлаган нарсаси билан тўлдираверсин, ҳеч ким уларнинг “мушугини пишт” демайди дегани эмас-ку ахир. Наҳотки, улар бундай мезонларни унутган бўлишса? Наҳотки, телевидениедек мўътабар даргоҳни зиё улашувчи эмас, балки фақатгина зерикканда кўнгил ёзиш учун кўриладиган ойна деб ҳисоблайдиган бўлишган? Бундай саволларни давом эттирадиган бўлсак, бир машҳур ёш хонанда ижро этган қўшиғидаги “наҳотки, наҳотки, наҳотки” деган саволли сўзлари сира тугамайди.

Хулосани ва муносабатни эса азиз муштарий, доимгидек ўзингизга қолдирамиз.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 8 =