Ўн сўм ҳам пулми?

Тўғри-да, ўн сўм ҳам пулми? Ўн сўм-а?! Нима, ўша ўн сўмга икки кило гўшт берармиди-а? Йўқ! Ҳозир ўша ўн сўмга битта игна ҳам бермайди. Чунки, ўша ўн сўмлигингизнинг ўзи йўқ. Умуман йўқ. Йўқолиб кетган. Менимча уч-тўрт йил бўлдиёв. Ундан кейин эллик сўмлик, унинг кетидан юз сўмлик билан   икки юз сўмлик… Хуллас, тўртовгинаси ҳам арши алога… ҳа, учди кетди.

Аммо юз сўмлик, икки юз сўмлигу беш юз сўмлик қоғоз пуллар ўрнига танга чиққани яхши бўлди. Офтобга товласанг, ялт-юлт қилади. Албатта, янгиси-да. Аслида, рангини сариқ қилса бўларкан. Тилло тангам бор деб мақтанардикда, оғайни. Ҳа, майли, шунисига ҳам шукр. Лекин, энг муҳими қулай. Бир ҳовуч бўлсаям сув остидаги тошдек чўнтакнинг бир бурчида тураверади. Бунинг учун чўнтак қалин матоли ва яхши тикилган бўлиши керак. Юпқа бўлса бўлмайди. Матоси юпқа бўлган чўнтак яхши тикилган бўлса ҳам, барибир тешилади. Тешилдими, тамом, тангадан айрилдим дея­веринг. Айниқса, йўловчи тирбанд бўлган автобус ёки метро поездида кетаётганингизда шу ҳол рўй берса борми, тангаларингизнинг биттаси ҳам қолмайди. Бош-кўзимдан садақа деб кетаверасиз. Менга қаранг, шу гаплар нимага керак ўзи? Келинг, отам замонидаги гапларни қўйинг. Яхшиси пластик карточка ҳақида гаплашайлик. Мен сизга айтсам, пластик карточка жорий этилганлиги заб иш бўлди-да. Қулайлигини айтмайсизми, қулайлигини. Харидор учун ҳам, имон-эътиқодли сотувчи учун ҳам яхши бўлди. Энди хаёлимиз киссамизни дўппайтириб турган пулда бўлиб, юрагимизни ҳовучлаб юрмаймиз. Ёнимизда қанча пул борлигини фақат ўзимиз биламиз. Ҳаммагинаси кичкинагина пластик карточканинг ичида. Кўринмайди ҳам, сезилмайли ҳам. Сотувчи бир пайт­лардагидек, даста-даста пул санаб, қийналиб ўтирмайди. Янглишмайди ҳам. Қайтим қидириб, боши ҳам қотмайди. Терминални тўғри ишлатса бас.

Кўриб турибсизки, оддий дўконда ҳам, минимаркету, супермаркетда ҳам тарозидан урса урадики, аммо, ҳисоб-китобдан уролмайди. Чунки, 11990 сўмлик харидингиз учун сотувчи карточкангиздан 12000 минг сўм ечиб ололмайди. Аммо нақд пул билан тўлайдиган бўлсангиз, 10 сўм ютқазишингиз аниқ. Чунки, сотувчида қайтим учун 10 сўмлик қийматга эга бўлган танга ҳам, қоғоз пул ҳам йўқ. Қарабсизки, дўкон даромадига йўқ жойдан ўн сўм қўшилиб турибди. Бунақа ўн сўмдан бир кунда қанча тушишини биласизми?   Мисол учун юзта десак, бу минг сўм бўлади. Агар мингта бўлса, ўн минг сўм. Ёмонми? Ёдингизда бўлса, яқин-яқинларгача сотувчи эллик-юз сўм қайтимга истар-истамас бир дона конфет берса берарди, бўлмаса йўқ. Кейинги пайтда шу ҳам йўқолди. Қайтим қайтармаслик эса йўқолмади. Авжига чиқди. Худди шундай бўлиши керакдек. Сиз айтган замонда сотувчи харидорнинг бир тийинига хиёнат қилмасди. Ўшанда бир тийинлик ҳам, икки тийинлик ҳам, уч тийинлик ҳам, беш тийинлигу ўн тийинлик ҳам бор эди. Агар, сотувчи беш-ўн тийинингизга хиё­нат қилса борми, тамом, тегиш­ли ташкилот додини берарди. Ўзимиз кўрганмиз шуни. О-о-о, чатоқ эди у пайтлар, жудаям чатоқ. Халқ назорати   қаттиқ бўлгани учунми, савдода ҳалоллик бор эди. Аммо сотувчининг ҳам, харидорнинг ҳам кўзи тўқ эди. Ҳозиргиларга ўхшаган ўндан тўққизни урадиган эмасди.

Тўхтанг-тўхтанг, сизнинг ўн сўм учун куйиб-пишаётганингизнинг сабабини энди билдим.Тўғри, супермаркетда бир кило олманинг баҳоси 10190 сўм бўлса, бир кило нокнинг баҳоси 9990 сўм, бир кило помидор 10890 сўм бўлса, бир кило бод­ринг 5790 сўм. Буни қарангки, нимаики бўлса, ҳаммасига 90 сўм қўшиб ёзилган. Ҳаттоки, бир дона игна ҳам 100 сўм эмас, 190 сўм. Нима учун шундай қилинган? Куппа-кундуз куни кўзингизга қараб туриб, ўн сўм уриб қолиш учун. Тамом-вассалом. Агар, нақд пулга бир кило олма олсангиз, 10200 сўм тўлайсиз-у, 10 сўм қайтимини садақа қилиб кетаверасиз. Худди шундай бўлиши керакдек, сотувчи ҳам лом-мим демайди. Сиз ҳам талаб қилмайсиз ўша ўн сўмни. Ғурурингиз қўймайди. Шу пасткашга тенг бўлиб ўтирмай деган ўй билан индамай кетаверасиз. Супермаркет кассири эса ўн сўм қайтими йўқлигини айтиб, ҳатто узр ҳам сўрамайди. Виждони йўл бермайди. Қизиқсиз-а, ҳар юз кишидан минг сўм тушиб тургандан кейин… Ўша ўн сўмни мингта виждонга ҳам алишмайди-да! Ўша минг кишининг ўн сўмдан берган садақаси бир ойда 300 минг сўм бўлар экан. Бир йилда уч миллион олти юз минг сўм. Йўғ-е! Ҳисоблаб кўринг! Демак, уч юздан бўлса, ўн ойда уч миллион. Икки ойда олти юз минг. Бунинг учун мен уч ой тер тўкишим керак. Бу ҳазилакам пул эмас. Мана энди, инсоф билан айтганда буни кўзга кўринмас юлғичлик дейиш мумкинми?! Бу ошкора юлғичлик супермаркет деганнинг барчасида бир маромда ишлаб турибди.   Биз ҳисоблаб чиққан уч миллион олти юз минг ўнта супермаркетда ўттиз олти миллион сўм бўлар экан. Бу пулми? Пул! Машо­йиҳларнинг тома-тома кўл бўлур деганлари шу бўлса керак. Қаранг-а, биз менсимаган ўн сўм йиғилса милён-милён бўлиши мумкин экан. Айниқса, бозор иқтисоди деган ҳозирги замонда бундай имкониятни бой бериш… ўзимизга зарар. Йўқ, супермаркетнинг бундай юлғичлигига бефарқ қараб бўлмайди! Бу жиноятга кенг қучоқ очиш билан баробар. Супермаркетчилар учун эса бу бир кашфиёт. Ҳалиги, нанотехнология дейдими? Ҳа, ўшанга қориштирса бориб турган битта диссертация бўлади. Ёмонми? Баҳонада яна битта олим кўпаяди. Қойил-е, харидорни шилишнинг бундай демократик усулини ўйлаб топган кашфиётчиларга тасанно-е, тасанно! Дарвоқе, уларни элга танитиш ва албатта, тақдирлаш керак! Менимча, улар суднинг бориб турган мукофотига муносиб. Чунки, бу кашфиёт ўз-ўзидан бўлмаган. Анча-мунча одам бош қотирган. Тунларни бедор ўтказиб, қоғоз қоралаган. Қанчадан-қанча вақт сарфлаган. Синовдан ўтказган… Хуллас, одамларни “рози” қилиш учун астойдил меҳнат қилган. Меҳнат қилгандан кейин унинг роҳатини ҳам кўриши керак-да, ахир! Тўғрими?!

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 9 =