“Сўзана”даги доғлар

ёхуд давлат тилига эътибор қачон амалда бўлади?

 

Эрталаб телефон қаттиқ жиринглади. Қарасам Араббой, мактабда бирга ўқиган синфдош дўстим. У   ўқувчилик пайтларимиздаёқ   юзингда кўзинг борми демай   тилига келган гапни шартта-шартта юзингга   айтаверадиган одати бор эди.

— Мен Тошкентга келдим, ишларим кўп, оқшом кўришамиз, — деди у.

Кечки пайт кўришдик. Лекин унинг қовоғидан   қор ёғаётганидан, нимадандир қаттиқ норози   эканлигини   сезиб сўрадим.

— Нима бўлди, ишинг ҳал бўлмадими?

— Ишим ҳал бўлди.   Тошкент янада кўркамлашибди, уни келинчаклар уйини безайдиган шоҳи сўзанага қиёслаш мумкин. — Араббой чойдан бир хўп­лади-да, сўзида давом этди. — Лекин Ўзбекистоннинг пойтахти бўлмиш Тошкентдай шаҳри азимда қаёққа қарама идора ва ташкилотларнинг номлари фақат ажнабий тилда ёзиб қўйилганлиги менга ёқмади. Тошкент кўчаларида юрсанг баъзи жойларда ўзингни хориж давлатда юргандек ҳис қиладиган бўлиб қолибди. Майли, инглизча ёзадими, немис ва испан тилида ёзадими ёзаверсин, аммо унинг ёнига   ўзбекчасини ҳам ёзиб қўйса асакаси кетадими?

— Мана қара, — у шундай деб телефонини менга узатди, — энсам қотгани учун эшиклар пештоқига ёзиб қўйилган бир-иккита ажнабий   тилдаги лавҳаларнинг расмини тушириб олгандим. Мана кўр?!

Телефонда   бир қанча идора ва ташкилотларнинг номлари фақат ажнабий тилда ёзиб қўйилганини кўриб дўстимнинг бекорга жиғи-бийрони чиқмаганини тушундим.

— Менга қара, — деди у яна жаҳл билан, — Сен билан мен   ҳам, шу билан бирга ўттиз олти миллионлик аҳоли ҳам Ўзбекистонда яшайди, тўғрими? Бозор иқтисодиёти шарофати билан юртимизга   чет эллик тадбиркорлар ҳам келиб   ўз фаолиятларини юритмоқда. Хориждаги катта-катта ташкилотлар Ўзбекистонда ўз вакилликларини, корхоналарини, дўконларини ҳам очмоқдалар. Биз   бундан жуда хурсандмиз. Улар қанча кўп бўлса шунча яхши. Чунки бунинг орқасида иш ўринлари яратилади, юртимиз фаровонлашади, тўкин-сочинлик бўлади. Аммо Тошкентга турли вилоятлардан кимдир бир   юмуш билан келса бирон бир идоранинг олдига келиб, “Бу қанақа жой, у нима билан шуғулланади” деб ўтган-кетгандан сўраб суриштириб юриши керакми? Йўқ, юриши керак эмас. Одамларни қийнамаслик учун ажнабий тилда ёзилган лавҳанинг ёнига ўзбек тилида ёзилгани қўйилса бас, олам гулистон.   Сен журналистсан,  матбуотда   бу ҳақда қатор-қатор мақолалар ёзиб, бу муаммони кўтаришинг керак. Шунда   мутасадди шахслар мақолаларингнинг биронтасини ўқиб, ишхонасининг номини маҳаллий тилда ҳам кўрсатиш лозим эканлигини тушуниб қолармикин деб ўйлайман-да!

Араббойнинг гаплари мени ҳам ўзига торта бош­лади ва шундан кейин қаерга борсам у ёки бу ташкилотнинг номлари ёзилган жойда унинг ўзбекчаси ҳам бормикан, деб қарайдиган бўлдим. Мана қаранг: Миробод туманида Афросиёб ва Шаҳрисабз кўчалари чорраҳасининг шундоққина биқинида кўп қаватли бино бор, унга “Аngels Drive” деб катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бу сўзнинг маъноси нима? Бинодагилар қандай юмуш билан шуғулланишини ҳам аниқлаб бўлмади. Сабаби “Аngels Drive” деб ёзилган жой атрофида унинг ўзбекча номи йўқ эди. Яна шу бинонинг бошқа томонида INTER NATION деган ёзувни кўрдик. Унинг тагидаги ENGLISH SCHOOL ёзувни ўқиганимиздан кейингина бу ер инглиз тилини ўргатадиган жой эканлигини ҳар холда тушуниш мумкин бўлди.

Шу бино ёнидаги кичик   кўча бўйлаб кун ботиш томонга озгина юрсангиз кўп қаватли,   қорамтир кўк рангли, ниҳоятда кўркам бир бино савлат тўкиб турганини кўрасиз. Бинонинг энг тепасига ҳам, бинога кираверишга ҳам “DMAAR PLAZA” деб ёзиб қўйилган. Бу номдан бино меҳмонхонами ёки бошқами билиб бўлмади, қанча қарамайлик бино ўзбекчасига қандай номланишини билиб бўлмади. Айни шу “DMAAR PLAZA”нинг шундоққина қарама-қаршисида ҳам қатор тушган кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватида бир қатор идора ва ташкилотлар фаолият юритади. Уларнинг бирига “WARPOINT” деб катта-катта ҳарфлар билан шу ерда фаолият юритаётган ташкилотнинг номи ёзилган. У қандай ташкилот? Нима билан шуғулланади билишнинг имконияти йўқ эди. Унинг ёнгинасидаги бинода MIMSAN   деган ёзув бор. Бу қандай ташкилот, қанақа ишлар билан шуғулланади билиш муаммо. Номларнинг аксарияти фақат хорижий тилда ёзилган, ўзбекчасини   ёзиш эса бутунлай “унутилган” эди.

Энди Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб юрамиз. Чап қўл томондаги тўққиз қаватли бинонинг биринчи қаватида Rent a Car, унинг ёнгинасида эса JAMS деган номга кўзингиз тушади. Уларнинг биринчиси енгил машиналарни ижарага берадиган   корхона бўлса, иккинчиси атир-упа дўкони экан.

Яна озгина юрсангиз тўрт қаватли бино олдига келасиз. Бу бинонинг биринчи қаватига бош­дан-оёқ дўконлар жойлашган. Уларнинг номлари ҳам фақат ажнабий тилда ёзилган эди. Бир жойда “ВigBоss”, яна бир жойда “WHITE SHARK TRAVEL”, “stоrе.уз”   каби ёзувларга кўзингиз тушади. Уларнинг биронтасида ёзувларнинг ўзбекчаси берилмаган. Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб бир оз юрсангиз бино тамом бўлган жойда ойнаванд ошхона ишлаб турибди. Унинг номи — WILDBERRIES. Бу ёзув қандай маъно англатади билиш қийин.

Афросиёб кўчаси бўйлаб кун чиқиш   томонга юрамиз.   Бир-бирига туташиб кетган ёки бир-бирига яқин қурилган биноларнинг ёнидан ўтишга тўғри келади.Улардан бирининг энг тепасига “МAJOR” деб,   унинг ёнидаги   бинонинг юза қисмига инглиз тилида   тўрт қатор жумла катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган, аммо хорижий тилдан узоқ бўлган одам учун улар қандай маъно беришини англаб олишнинг иложи йўқ эди.

Биз тилга олган бинолардаги номлар фақат ажнабий тилда ёзилганлигининг битта сабаби бор: улар кимнингдир хусусий мулки. Балки шунинг учун ҳам мулк эгаси ўзига ёққан номни, ўзи хоҳлаган тилда ёзган бўлиши мумкин. Ким билади, эҳтимол у шу йўл билан Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эллик меҳмонларнинг эътиборини ўзининг дўконига жалб қилмоқчи бўлгандир? Аслида бунинг ҳеч ёмон жиҳатлари йўқ. Агар дўконнинг инглизча номи ёзилган жойнинг ёнига ўзбекчаси ҳам чиройли қилиб ёзиб қўйилгудай бўлса дўконга қадам ранжида қилган хорижлик қадрли меҳмон изига қайтиб кетмаса керак…

Лекин нима бўлганда ҳам Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти, шундай экан, бинонинг эгаси ким бўлишидан қатъи назар давлат тили ҳисобланган ўзбек тилини бир четга суриб ташлаб, дўкон, идора ва ташкилотларнинг номларини фақат ажнабий тилда ёзишга зўр беришлик, юмшоқ қилиб айтганда, ўз она тилимизга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас! Ахир халқимизда тилга эътибор — элга эътибор деб бежиз айтилмайди. Элга эътибор қилмасликка эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ бўлса керак.

Бу ҳолат Тошкент шаҳар раҳбарларини   жиддий безовта қилиши лозим. Агар биз гўзал Тошкентимизни   дўстим айтганидек, ёш келинчакнинг шоҳи сўзанасига қиёслайдиган бўлсак,   юқорида   биз тилга олган   тил билан боғлиқ нуқсонлар шоҳи сўзанага доғ бўлиб тушмасин деймиз, холос.

Ш. Акбаров

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 14 =