Тизимда “номаълум” хатоликми? Ёхуд тижорат банкларига “озгина” эътироз

Бугунги кунда ахборот технологиялари бўйича эришилаётган ютуқлар, кўплаб имконият ва қулайликларнинг яратилаётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиб, бюрократиянинг олди олинишига хизмат қилаётгани барчамизга аён.   Эътибор қаратадиган бўлсак деярли барча соҳаларнинг тараққий этиши ва самарадорлигининг ошиши ҳам бевосита замонавий ахборот технологияларига боғлиқ бўлиб қолди.

Мактабгача таълим тизимидан тортиб олий ўқув юртларигача деймизми, чекка туманлардаги тадбиркорлик марказларидан тортиб давлат бошқарувига оид йирик ташкилотлар деймизми ҳамма-ҳаммасининг кундалик фаолиятида IT яъни ахборот технологиялари жуда муҳим ўринга эга бўлиб улгурди. Шу сабабли бу соҳага давлат миқёсида эътибор қаратилиб, ёшлар бу борадаги билимларни мукаммал тарзда ўрганишлари, келгусида барча электрон хизматларни миридан-сиригача тушуна оладиган замонавий мутахассисга айланишлари учун ҳам бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва соҳаларда ҳамда ҳудудларда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселекторда ҳам сўнгги уч йилда IT соҳасига қаратилган жиддий эътибор натижасида маълум ўзгаришларга эришилгани таъкидланиб, ёшларни ITга ўқитиш, уларга ишлаши учун шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлиги айтилгани ҳам фикримизнинг яққол исботи десак хато бўлмайди.

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб “Электрон ҳукумат”, “Бизнес учун дастур”, таълим йўналишлари бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган респуб­лика танлови бошланишининг эълон қилингани эса бу борадаги ривожланишнинг янада жадаллашишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Натижада эса ҳар бир соҳа бўйича йўлга қўйилган қатор электрон хизматларнинг сифати янада яхшиланиб, ҳозирда учраб турган айрим муаммолар бартараф этилса ажаб эмас.

Мана биргина банк тизимини олайлик, аввалгидек ортиқча югур-югурлар, қоғозбозликлар бугунги кунда кескин камайди. Бир неча йил олдин йўлга қўйилган банк пластик карточкаларидан фойдаланиш ҳам анча осонлашди. Аввалгидек пластик карточкалардаги маблағни нақдлаштириш борасидаги муаммолар тўлиқ бартараф қилинди.

Эндиликда одамларнинг ўзлари нақд пуллардан фойдаланиш ўрнига пластик карточкалардаги электрон пуллардан фойдаланишни кўпроқ маъқул кўришмоқда.

Пулларингиз пластик карточкада бўлса кўп жой эгалламайди, қаердадир нима учундир тўлов қилаётганингизда ҳам ҳар бир сўмни бирма-бир санаб кўп вақт сарфламайсиз.

Одамлар тиқилинч бўлган жойларда киссангиздан кимдир яширинча пулларингизни олиб қўйишидан ҳам хавфсирамайсиз. Сабаби плас­тик карточкада маблағингиз ишончли ҳимояланган деб пластик карточкаларнинг афзалликлари ҳақида гапира бошлашди. Демак замонавий ахборот технологиялари ўзини оқламоқда.

Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Жорий қилинган ва энди тадбиқ этилаётган бу тизимлар турли хатолик ва муаммолардан етарлича ҳимояланганми?

Сўнгги вақтларда одамларнинг пластик карточкаларидаги маблағларини турли фирибгарлик йўллари орқали ўғирлаш ҳолатлари кўпайгани, турли хилдаги пул ўтказиш иловаларидан   (Click, Payme) фойдаланишда, банкоматлар орқали пластик карточкалардаги пулларни нақдлаштиришда ҳам гоҳ-гоҳида айрим муаммо ва хатоликлар юзага келиб, ноқулайликларга учраш ҳолатлари кузатилаётгани айтилмоқда. Бу эса одамларнинг ҳам вақти ҳам нақди “ўғирланишига” сабаб бўлаётир.

Сўзимни шахсан ўзим гувоҳи бўлган во­қеалар мисолида давом эттирсам.

Кунларнинг бирида пойтахтимиздаги савдо дўконларидан бирига кириб, бир қанча буюмларни олдим ва тўлов қилиш учун кассага борганимда дўкон хизматчиси харидларим учун пластик карточкамдан маълум миқдордаги маблағни терминал орқали ечиб олишга уринди. Лекин тизимдаги номаълум хатолик сабаб ҳаракатни яна бир марта так­рорлади. Шунда ҳам тўловни амалга ошириб бўлмади. Сотувчи картанинг пули тугаган бўлса керак деди. Аммо пластик карточкамда анчагина маблағим борлигига ишончим комил эди. Шундай бўлса ҳам яна бир аниқлаштириш мақсадида яқинроқдаги “Orient Finans bank”ига тегишли банкоматлардан бирида пластик карточкам ҳисобини текширдим. Йўқ, маблағ бор. Майли, қандайдир хатолик бўлса керак деб ўйладим-да, банкомат орқали нақд пул ечиб тўловни амалга оширмоқчи бўлдим. Аммо банкомат пластик картамдаги маблағни ечиб олди-ю нақд пул чиқариб бермади.

Шундан сўнг пластик карточкам тегишли бўлган “O’zsanoatqurilishbank”и билан боғландим. Банк ходимига бўлиб ўтган во­қеани айтиб пластик карточкамнинг ҳаражатлар тарихини текшириб беришларини сўрадим. Улар бирма-бир қаерларда, нима учун тўлов қилганлигимни аниқлаб беришди. Буни қарангки, уларнинг орасида менга “ҳисобингизда маблағ тугаган бўлса керак” дейилган дўконда ҳам пул ечиб олингани кўрсатилганди.

Банк ходими бу ҳолатни тизимдаги хатолик деб сўнгги вақтларда тез-тез шундай бўлаётгани, аризамни олиб қолиши ва пластик карточкамдан ечилган маблағ уч иш кунида ҳисобимга автоматик қайтарилишини айтди. Ҳақиқатан ҳам уч кундан кейин ўша пуллар пластик карточкамда пайдо бўлди.

Яна бир сафар оиламизда кутилмаганда оғир жудолик бўлиб қолганлиги сабабли шошилинч тарзда вилоятга қайтадиган бўлиб қолдим. Аксига олиб нақд пулим қолмаганди. Буни билган дадам эса пластик карточкамга таксига бериш ва йўлда овқатланишим учун етарлича пул ўтказиб қўйганини айтди.

Яқинроқдаги банкоматлардан бирида пулларни нақдлаштириб тезроқ йўлга тушишга шошилардим. Банкоматга пластик картамни солиб, паролни тердим ва нақд пул ечиш тугмасини босдим. Экранда “тизимда номаълум хатолик юз берди” деган ёзув пайдо бўлди. Шундан кейин картамни бошқа банкоматга солиб ҳисобимни текширсам маблағ ечиб олиниб, картамда умуман пул қолмаган. Банкомат эса яна нақд пул чиқаргани йўқ. Ноилож яна банкка қўнғироқ қилдим. Бу сафар муаммо “Asiya alliance bank”га тегишли банкомат орқали юзага келган экан. Бу банк ходимлари ҳам айнан яна ўша жавобни қайтаришди: – “Сўнгги вақтларда нимагадир тизимда шу каби носозликлар бўляпти. Хавотир олманг, пулларингиз уч иш кунида ҳисобингизга қайтарилади”.

Банк ходимига вазиятни тушунтиришга уриниб, вилоятга, жанозага шошиб кетаётган эдим, бундан бошқа маблағим йўқ, бори шу эди, холос. Тезроқ бир йўлини қилишнинг имкони йўқми деб қанча зорланмай бари бефойда бўлди.

Бир томонда яқин инсонимизни йўқотганимиздан қайғуда бўлсам, бир томондан унинг жанозасига бориш учун шошилаётганимда ўз пулимни ишлата олмай муаммога учраганим ғазабимни қўзитарди.

Аввалги сафар муаммога учраганимда тушунгандим. Ҳарқалай вазият бошқача эди унда. Аммо бу гал…

Очиғини айтсам, ижтимоий тармоқларда пластик карталардан фирибгарлик йўли орқали пул ечиб олишаётганидан қўрқиб ойлик-маошим тушиши биланоқ дарров нақдлаштириб олишга уринардим. Энди бўлса юқоридагек муаммолар сабаб банкоматлардан пул ечишга ҳам қўрқадиган бўлиб қолдим.

Мен билан бўлган бу муаммолардан хабар топган бир қанча танишларим улар ҳам шу каби носозликларга учраётгани, ҳатто курсдошим Темурмалик Ҳамидов пластик карточкасини банкоматга солганидан кейин қайтиб чиқмай қолгани, бу ҳам етмаганидек иловалар орқали пул ўтказиб ҳам бўлмай қолганини айтди.

Албатта, тижорат банклари томонидан аҳолига қулайлик бўлсин деб ҳар қадамда банкоматлар ўрнатилаётгани яхши. Бироқ уларнинг кўпинча ишламаслиги, носоз ҳолда бўлиши ҳамда “техник камчилиги” ортиб бораётгани яхши эмас. Бунга Марказий банк мутасаддилари нима дейишар экан?

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =