Бунчалар бефарқлик қаердан?

ёки “Реклама тўғрисида”ги Қонунни ким назорат қилади?

 

Сўнгги йилларда инсон руҳияти, онги, дунё­қараши, маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган рекламалар урчиб кетди. Мисол учун, яқинда ўзини блогерман деб билувчи бир кимсанинг хотин-қизларни масхара қилиб, аёллар салфеткаларини реклама қилган видеоси мутасадди давлат идораси томонидан ноқонуний деб топилиб, ўчиртирилди ва унинг муаллифи огоҳлантирилди. Бир неча ой олдин эса маиший техника сотиб олишга чақирувчи “Иккинчи хотин”га ғамхўрлик қилинг” мазмунидаги реклама ролики ноқонуний деб топилган эди.

Реклама берувчилар, уни яратувчи ва тарқатувчилар эзгуликка асосланган чиройли тасвирлар, образлар, маъноли сўзлар билан эмас, балки яширинча ёки ҳатто очиқчасига жоҳиллик, шавқатсизлик, зўравонликни тарғиб қилувчи, умуминсоний қадриятлар ва маънавиятга, одоб-ахлоққа зид бўлган ғайриоддий, ғайритабиий образ, тасвир ва ибораларни қўллашмоқда. Ўтган йили пойтахтимизнинг гавжум чорраҳаларидан бирида қонга бурканиб, яраланган одамнинг боши ва болта тас­вири туширилган “реклама баннери”ни кўриш мумкин эди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш органига маълум қилингандан сўнггина ушбу “рек­лама” олиб ташланди. Лекин ушбу ахмоқона узрку-я, матнни ким жойлаштиргани ва унга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳақидаги саволга жавоб берилмади.

Биз фарзанди аржумандларимиз билан биргалашиб борадиган дам олиш, ҳордиқ чиқариш ва кўнгилочар масканларни ҳам жангари, фантас­тик фильмлар, мультфильмларнинг махлуқсимон қаҳрамонлари тасвирлари “безаб” турибди.

Бир неча ойдан буён футболчи кийимини кийган машҳур боксчимиз икки ёнида бор важоҳати билан бақираётган махлуқлар билан тасвирланган реклама пойтахтимизнинг марказий кўчалари-ю метро бекатларига “кўрк” бериб турибди. Аммо… ҳамманинг парвойи палак!

Яна метро бекатларида бир неча ой (балки йилдир) давомида сочи тап-тақир олинган, кўз қарашлари-ю ҳаракатларидан сархуш ҳолатдаги йигитча тасвирланган айфон аппарати рекламаси пойтахтимиз аҳолиси, шу жумладан, албатта, ёшларимиз онги ва онгостига таъсир қилиб турди.

Кўзлари кўк рангда пардозланган, лаби чўччайган, бир кўзини қисган аёл юзи тас­вирланган рекламани ҳам кўрганмиз – унда “Гўзаллик саноати кўргазмаси” деб ёзилган эди. Ҳа, рекламачилар назарида кўзи қисиқлик ҳам гўзаллик ифодаси бўлиши мумкин экан-да!

Машҳур савдо брендларидан бирига тааллуқли рекламада ўсмир ёшдаги қиз қўлида болға билан, кўзини қисган, оғиз-бурнини жийирган ҳолда (бу қандай образ бўлди энди?!) қайсарлик, тажовуз билан бизга назар ташлайди.

Дори воситалари ва тиббий хизматлар рек­ламасини-ку, қўяверинг…. Эркаклар жинсий заифлигини даволовчи дори воситаларининг рек­ламачилари уятли сўзлардан ҳам тап тортмаяптилар. Бундай рекламалар ҳатто давлат радиоканалларида (“Маҳалла” ва бошқа) ҳам тез-тез бериляпти. Бунда, албатта, жинсий заифлик муаммоси нисбатан ёш эркакларда ҳам учраши таъкидланиб, ваҳима қилинади…

Шундай рекламаларнинг бирида андижонлик 38 ёшлик эркак ўз жинсий муаммоси тўғрисида мурожаат қилгани ҳақида айтилади. Рек­ламада яна айтилишича, дори таркибида “ўсимлик эркаклари” ҳам бор экан… (бу қандай модда эканлиги хусусида ваколатли орган бўлмиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари мум тишлаб ўтирмай, муносабат билдирса, яхши бўлар эди). Гап “Простата-ультра” деб номланувчи препарат ҳақида боради.

Яна бундай рекламаларда “мутахассис” деб таништирилган шахслар “ўз тажрибасидан келиб чиқиб” муайян дори воситасини мутахассислар назорати остида қабул қилишни тавсия қилишади, ваҳоланки, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасида дори воситаларини реклама қилишда тиббиёт ходимларининг тавсияларидан фойдаланиш тақиқланган. Яъни бунда Қонун талаби очиқчасига бузилмоқда.

Бундан ярим йил олдин эрталаб, айни талаба ёшлар ўқишга шошаётган пайтда уларга метро вагонининг реклама экранида “Кўк чой” гуруҳи клипи намойиш этилар эди. Мет­ро шовқинида қўшиқ эшитилмайди, лекин бу муҳим эмас-да, муҳими – клипнинг асосий мазмуни гуруҳ аъзоларининг юз-кўзини, оғизларини бўяб, буриб, қийшайтириб, тилларини чиқариб ўзларидан махлуқларни ясашдан иборат бўлган.

Бу каби “ажойиб” мисолларни давом эттириш мумкин. Афсус, бундай хунук рекламаларнинг кундан кунга янги-янгилари рекламачилар томонидан “ижод” қилиниб, одамлар онги ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда, жамиятимизда маънавий емирилиш белгиларини кучайтирмоқда. Шу воқеликдан келиб чиқадиган бўлсак, “Реклама тўғрисида”ги Қонунни яқиндагина – 2022 йил сентябрь ойида янгиланганига қарамасдан, соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни давом эттириш ва унинг нормаларига риоя қилинишини назорат қилиш механизмларини кучайтириш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Афсуски, бундан бир неча йил олдин “Hurriyat” газетасида “Шоу-бизнес ва маънавият”, “Реклама ва маънавият”, “Камчилик­ларга муросасиз бўлайлик” сарлавҳали, 2 йил олдин ЎзА сайтида “Реклама сафсатаси ёхуд мукаммал ишланмаган қонун ло­йиҳаси” сарлавҳаси остида эълон қилинган таҳлилий-танқидий мақолаларимизда реклама соҳаси муаммолари кўтарилиб, уларни ечиш бўйича илгари сурилган бир қатор таклифлар жамоатчилигимиз, мутасадди идоралару депутатларимиз эътиборини тортмади. Шу сабаб, таклифларимизнинг айримларини такрорлашга мажбурмиз.

Фикримизча, қонунчилигимизда номақбул – нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланишни тақиқлашга доир нормаларни аниқлаштириш керак. Кенгроқ, батафсилроқ баён этиш, инсонга салбий таъсир кўрсатувчи реклама ахборотига таъриф бериш ва ушбу нормаларга риоя этилиши назоратини кучайтириш, ноқонуний реклама муносабати билан кўриладиган жавобгарлик чораларини қатъийлаштириш лозим.

Айни вақтда реклама амалиётида болалар образларидан фаол ва бетартиб фойдаланил­япти. Ширинликлар, шарбатлар, ҳатто дори воситалари рекламасига кўп ҳолларда вояга етмаган ўғил-қизлар жалб этилмоқда. Фикримизча, болалар образидан фақат ижтимоий рек­ламаларда – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда, билим олиш, китоб ўқишга қизиқтиришда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Рекламаларда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ товар-хизматларнинг кўплиги реклама бозорининг носоғломлигидан далолат беради. Аслида тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳар бир беморга унинг организми ва руҳияти ҳолати махсус билимга эга масъулиятли мутахассис – врач томонидан диққат билан ўрганилгандан кейин тавсия этилиши лозим. Бундан дори ва тиббий хизматлар рекламаси мантиққа зидлиги келиб чиқади. Фикримизча, маърифатли, цивилизациялашган бозор иқтисодиётининг қулай бизнес муҳитида дори ва тиббий хизматлар рекламаси умуман тақиқланиши лозим.

Наҳотки, кўп реклама қилинган “Guangzhou” клиникаси фаолиятидаги фирибгарликлар,   “Док-1Макс” препарати истеъмоли билан боғлиқ фожиалардан тегишли хулоса чиқармасак?! Аллоҳ асрасин, яна қандай бахтсизлик­лар содир бўлиши керакки, биз дори воситалари рекламасини тамоман тақиқлаш зарурлигини тушуниб етайлик?!

Лекин пулини тўласа… менга нима деганларидек, Миллий телерадиокомпаниясининг деярли барча каналларида, хусусий телеканалларда-ку, айтмасак ҳам бўлади, эрталабдан кечгача дори-дармон воситалари зўр бериб рек­лама қилинмоқда.

Қизиқ, қани бу ерда назорат органларининг ўрни, таъсири? Ёки ҳамма ўз билганини қилса бўлаверадиган замон келдими?!

Бундан ташқари, энергетик ичимликлар рек­ламаси тақиқланган товарлар гуруҳига киритилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Юқорида келтирилган ҳаётий мисоллар, одатий ҳолга айланган қонунбузилишлар реклама соҳамизнинг ачинарли аҳволидан далолат бериб турибди. Шундай экан, кенг жамоатчилик, ОАВ вакиллари, илм-фан аҳли вакиллари, ижодкор зиёлиларимиздан бу аҳволни чуқур англаб етишлари, халқни огоҳликка чақиришларини сўрардик. Энг асосийси эса мутасадди ташкилотлар томошабинликдан қачон амалий ишга ўтадилар?!

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 13 =