51 мингта дарахтни кесамизми?
Бугун Тошкент улкан қурилиш, бунёдкорлик масканига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли учун қулай, шинам турар-жой мажмуалари, турли иншоотларни қуриш ишлари анча илгарилаб кетди. Нафақат пойтахтда, балки вилоят марказлари, олис шаҳару туманларда ҳам бир-биридан кўркам бинолар қад ростлаяпти. Таъбир жоиз бўлса, биз учун катта янгилик бўлган “city”лар ҳудудларимизга узукка кўз қўйгандек ярашмоқда. Яшаш ва меҳнат қилиш учун зарур барча қулайликлар, энг сўнгги инновацион ечимларни тақдим этувчи бундай муаззам биноларда яшашни, офис очишни ким истамайди, дейсиз?
Бироқ ана шу қурилишлар сабаб нафақат пойтахтда, балки узоқ вилоятларда ҳам дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ муаммолар тез-тез ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланмоқда. Жамоатчиликнинг ўринли норозиликларига сабаб бўлмоқда. Мана, яқинда ижтимоий тармоқларда Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудида қурилиши режалаштирилган халқаро автомобиль йўли лойиҳаси учун 70 мингга яқин дарахт кесилиши тўғрисидаги хабар каттагина резонанс берди. Унга кенг жамоатчилик томонидан кескин эътирозлар билдирилди.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти ҳудудида 21,8 мингта, Бухорода 28,9 мингта, яъни қарийб 51 мингдан кўп дарахтнинг кесилиши режалаштирилган экан. ОАВ вакиллари мазкур муаммо ва унинг келгусидаги оқибати ҳақидаги қайта-қайта чиқишлар қилишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ҳолат юзасидан қуйидагича фикр билдирди:
“Айни кунларда ҳукм сураётган аномал иссиқ анча-мунча одамнинг тинкасини қуритаётганини биласиз. Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли туфайли эса 51 минг туп (дастлабки муҳокамаларда 70 минг туп дейилган) дарахт ва бута кесилиши мумкинлиги айтилди. Бу шунчаки даҳшат! Айни кундаги аномал иссиқда 70 мингга яқин дарахт кесилиши, гўёки қулоғимга “70 минг одам бедарак йўқолди” деб эшитилди. Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт кесилиши кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳар қандай йўл қурилиши табиатга зиён етказиш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Бу масалага Парламент томошабин бўлиб турмайди, албатта. Муҳокама қиламиз ва депутатлик сўрови юборамиз”.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, олим ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё ва Бухорога боришган. Манзилга етиб борган Ишчи гуруҳ жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган ушбу лойиҳани соҳа мутахассислари иштирокида ўзгартириш ва дарахтларга зарар етказмаслик бўйича мутасаддиларга таклиф беришган. Умид қиламизки, улар томонидан киритилган таклиф ижобий инобатга олинади. Албатта, ҳар қандай қурилиш дарахтларнинг кесилиши эвазига бўлмаслиги лозим!
Яна бир масала, Тошкентдаги чиройли биноларимизни қуриш жараёнлари туфайли шаҳримизда чанглар нисбатан кўпроқ тўпланмоқда. Шамол эсганда улар юқорига кўтарилади, уларни ушлаб турувчи баланд-баланд дарахтларимиз камайиб кетди. Ҳозир улар ўрнига кичик манзарали дарахтлар экиляпти. Натижада Тошкент ҳавоси таркибидаги чанг миқдори сезиларли даражада ошмоқда. Масалан, 2020 йил май ойида шаҳар атмосферасида чанг миқдори ошиб кетиши 13 кунни ташкил қилган бўлса, 2021 йил эса бу муддат 20 кунни ташкил қилган.
Швейцариянинг IQAir компанияси ҳаво тозалиги бўйича дунёнинг энг яхши ва энг ёмон давлатлари рўйхатини тақдим этди. Унинг маълумотларига кўра, дунё шаҳарларининг атиги 3 фоизи Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келадиган ҳаво сифатига эга. Бу нуқтаи назардан ҳавоси энг ифлос шаҳар Ню-Деҳлидир. Ўзбекистон ҳаво сифати энг ёмон давлатлар рўйхатида жаҳонда “фахрли” 12-ўринни эгаллади.
Таассуф, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 6 ойида дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган. Бош прокуратура маълумотларига қараганда, бундай ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 3,6 миллиард сўмлик зарар етказилган. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 7 та жиноят иши ва 2 мингдан ортиқ маъмурий ишлар қўзғатилиб, 1,7 миллиард сўмлик зарар ундирилган.
Бир неча ҳафта олдин Хоразмда ўзини тадбиркор деб таништирган шахслар истироҳат боғидаги дарахтларни кесиб ташлаган. Бухорода 22 туп қарағай ноқонуний кесилиб, табиатга 144,3 миллион сўмлик зиён етказилган. Фарғонадаги чегара пости яқинида 12 туп манзарали дарахт қўпориб ташлангани, Ватанимиз пойтахти Тошкентда…
Экофаол Наргис Қосимова бу борада қуйидаги фикрларни билдирди: “Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, инсон эркин нафас олиши, кайфияти яхши бўлиши, умуман олганда, нормал ҳаёт кечириши учун 60 кв.м. яшиллик керак. Бу фақатгина дарахтлар эмас, балки буталар, майсазор бўлиши ҳам мумкин. Нима учун буталар? Чунки катта йўлнинг четига экилган буталар автомобиллар шовқинини камайтиради, автомобилдан чиқадиган ис гази ва бошқа зарарли моддаларни ўзида ушлаб қолади. Ҳозирги кунда арча (можжевельник) кўп экиляпти. Аммо иссиқ иқлимли мамлакат бўлганимиз сабаб сатҳи кенг баргли дарахтлар кўпроқ бўлиши керак. Бундай дарахтлар соя беради, чангни, заҳарли моддаларни ўзида ушлаб қолади”.
Ривож топган ва маданият олдинги ўринга чиққан давлатларда дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти мавжуд. Яқин атрофда яшовчилар муайян дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Бунда қулаб тушиб, одамларга, техникага, уйларга зарар етказиши мумкин бўлганлари кесилади, холос. Бу эълон кесилиши режалаштирилган дарахт олдига ўрнатилади. Унда дарахтнинг ўзи ҳақида маълумот берилади, унинг кесилиш сабаблари ва жамоатчилик муҳокамаси ўтказиладиган вақт ва манзил кўрсатилади.
Дарахтлар инсоният тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эгалиги сир эмас, албатта. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг фақатгина 7,5 фоизи табиий ўрмонлар билан қопланган. Дунё мамлакатларида эса бу кўрсаткич ўртача олганда 30 фоизни ташкил этаркан.
Хўш, аҳволимиз чатоқ экан, нега яшил олам кушандаларига кескинроқ жазо йўқ. Нега у амалиётда ўзининг кучини кўрсатмаяпти? Нега кундан кун дарахтларнинг кесилиши ортса ортяптию ҳеч камаймаяпти.
Минг афсуски, бугун ҳамма ўз билганича иш тутадиган бўлиб қолди. Исташса, пойтахтнинг қоқ марказида — Алишер Навоий театри ёнидаги 100 йиллик дарахтни кесиб кетадилар. Айрим куюнчак юртдошларимиз уч-тўрт кун “оҳ-воҳ” қилишади. Лекин на шаҳар ҳокими, на прокуратура ва бошқа ҳуқуқ идоралари, на табиатни асраш гарданига юкланган ташкилотлару ҳатто Олий Мажлис ва Сенат ҳам кескин муносабат билдирмайди. Бонг уришмайди. Гўёки ҳаммаси жойида, ҳеч нарса бўлмагандек. Лекин қачондир ўқиган эдим: дунёнинг қайсидир мамлакатида одамлар ҳатто ўз ҳовлисидаги битта дарахтни кесиш учун мамлакат Президентидан рухсат олишлари шарт экан. Қайси давлат эди-я, бу юрт?
Шу аниқки, бу — Ўзбекистон эмас!
Ислом АСИЛБЕКОВ