Амалдорларга — “Tracker”, газетага — баҳонами?

Яқинда вилоятдан келган бир дўстим куйиниб гапириб қолди: “Биз томонларда аҳвол чатоқ. Газета-журналлар, ҳатто ҳокимлик нашрлари борган сари “камёблашиб” бормоқда. Айниқса, туман газеталарида битта ёки иккита ходим ишлашга мажбур. Шўрлик газета муҳаррирининг ўзи — фотограф, ўзи — мухбир, ўзи — корректор бугун. Обуна мавсумида эса югур-югур ҳам ўзининг гарданида”.

Тан олиб айтиш керак, обуна мавсумида марказий ва айрим вилоят ҳокимликлари нашрлари “амаллаб” “яшаб қолиш”га баъзўр етадиган ададга эга бўлишмоқда. Аммо кўпгина тармоқ ва туман газеталарида аҳвол ачинарлигича қолмоқда. Айрим газеталарнинг обунадан тушган маблағи ярим йиллик харажатларига ҳам етмайди. Айримлариники эса…

Бу чинаккам муаммо бугун. Нетонгки, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг 60 йиллик нашрлари — “Yangi Sirdaryo” ва “Новая Сирдарья” газеталари жамоаси иқтисодий танг­лик сабаб июнь ойида ёппасига “таътил”га чиққан эди. (Ходимлар ҳозирда ишга қайтишган) Мана орадан икки ой ўтса-да, вазият ўзгармабди. Вилоятдаги бирорта масъул бу бўйича амалий кўмакка шошилмабди. Ўйлаб қоласан киши, наҳотки, бутун бошли катта вилоятнинг бош нашри ёпилиб кетиш арафасида турса-ю, бирорта “валломат” чурқ этмаса?

Нашр ёпилган пайтда бош муҳаррир Муҳаммад Исмоил шундай сабабларни келтириб ўтган эди: “Таҳририятимизнинг 12 нафар ходими 2023 йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб меҳнат таътилида. Иқтисодий аҳвол сабаб шу қарорга келдик. Бир ойдан сўнг яна фаолиятимизни давом эттирамиз, деган ниятдамиз. Вилоят ҳокими шу йилнинг февраль ойида ҳам, куни кеча июнь ойининг бошида ҳам таҳририят жамоаси билан кўришиб, қўллаб-қувватлашини билдирган”.

Биз мақолани тайёрлаш жараёнида бош муҳаррир билан телефон орқали суҳбатлашдик. Унинг айтишича, газетанинг таътилга чиқиб кетган ходимлари ҳозирда ишга қайтишган. Жамоа билан биргаликда газетанинг иккита сонини тайёр қилиб қўйишган. Бироқ… адад бор-йўғи 300 та. Ваҳоланки, уни чоп этиш учун “Sharq” нашрёти билан камида 1000 нусха учун келишилган. Нашриёт эса ундан кам нусхада газетани босмайди. Муҳаррир обуна масаласида вилоятдаги ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа бир нечта ташкилотлар, корхоналар билан бот-бот гаплашгани, барчаси ёрдам беришга рози бўлаётгани, бироқ ҳалигача амалий натижа бўлмаётганини афсус билан айтиб ўтади.

Бош муҳаррирнинг қўшимча қилишича, вилоят ҳокими жорий йилда газетани қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят биносини таъмирлаш ҳамда уни моддий-техник жиҳатдан компюьтерлар билан жиҳозлаш учун 200 000 000 сўм маблағни қурилиш фирмасига ўтказиб берган.

Албатта, вилоят ҳокимининг бу ташаббуси яхши. Аммо аҳолиси бир миллионга яқинлашаётган ҳудудда наҳотки газета адади 300 тагина бўлса? Бу ҳам етмаётгандек у чиқмаётган бўлса, таъмирланган бинога на ҳожат?

Азалдан сирдарёликлар ўзининг зукко, илмли ҳамда бирдамлиги билан барчага ўрнак бўлиб келишган-ку! Бу гўшадан Тўра Сулаймон, Ҳалима Ҳудойбердиева каби миллат зиёлилари етишиб чиққан. Бугун эса вилоятнинг зиё тарқатувчи бош нашри ёпилиб кетиши уят эмасми? Илм, маърифат рек­лама қилинмайди. Аммо бугун замон талаби шундай экан, албатта, мутассадилар билан биргаликда вилоятдаги зиёлиларнинг шахсий ташаббуслари муҳим саналади.

Айтганча, кўп бўлмади, яқинда вилоят ҳокими ижтимоий тармоқларда “Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарларига, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та “Tracker” автомобилини харид қилиш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун 4 млрд. сўм ажратиш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамалар порталига қў­йилди”, — деган хабарларга ўзининг қуйидагича муносабатини билдириб ўтган эди: “Мен бунинг таҳлилини қилдирдим. Ҳаммасини текшириб кўрсам, кунда-кунора ҳар бир машина таъмирланиши учун харажат кетяпти. Бари 2016-2017 йиллардаги машиналар. Айрим туманларда эса транспорт муаммоси бўлгани учун кластерларнинг машинасида юришибди. Эртага бу манфаатлар тўқнашувига олиб келмайдими? Бундай бўлмаслигига ким кафолат беради? Мен улардан ишни талаб қилиб олишим учун биринчи ўринда шароитини ҳам қилиб беришим керак”.

Жуда яхши-да! Ходимларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш лозим, албатта. Ишда унумдорлик бўлиши учун бу ҳам керакли ташаббус дейлик. Аммо сиз раҳбарлик қилаётган вилоят бош нашрининг бугунги аҳволига нима деб изоҳ берасиз, жаноб ҳоким?!, дея сўрашга мажбурмиз-да. Ахир, 60 йиллик тарихга эга бу нашрнинг эртанги куни, у ерда йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган инсонларнинг тақдири, газетани севиб мутолаа қиладиган вилоят аҳлининг эҳтиёжи наҳотки, заррача ташвишлантирмаса? Шу ерда туғиладиган “эътирозингиз”га, яъни “газетани севиб мутолаа қиладиган вилоят аҳли шунчалар кўп бўлса, нега унга улар обуна бўлишмаяпти?” дейдиган саволингизга жавобни ҳам билсангиз ажаб эмас. Бугун ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг маърифат зиёси бўлган матбуот нашрларига обуна бўлишига хайрихоҳлик талаб этилади. Ҳозир эса аксинча, “газета-журналларни ўқинг, обуна бўлинг, агар шундай қилсангиз, мана бундай имтиёзлар берилади” дейиш ўрнига, “обуна мажбурий эмас, ким обунага мажбур қилса ўзидан кўрсин, ишдан кетади” деганга ўхшаш таҳдидлар бўлаётгани сирми? Шундай муносабат давом этар экан, ким ҳам обуна бўлишга тараддуд қиларди? Ёки ҳоким   ўринбосарлари, туман, шаҳар ҳокимларига хизмат автомобиллари харид қилиш учун ажратилган 4 миллиард сўмнинг лоақал бир қисмини вилоят ҳокимлиги нашрига берилса, зарар бўлардими? Йилига 700-800 миллион долларлик экспортни амалга ошираётган вилоятга мушкул ишми шу?! Ҳудудда қанчадан-қанча ишлаб чиқариш корхоналари бўлса? Наҳотки, газета ва таҳририят жамоасини қўллаб-қувватлаш учун йилига ҳеч бўлмаса, жами харажатларнинг ярмини қоп­лаш имкони бўлмаса?

Холисона айтганда газета таҳририятининг ижодий даражаси, муштарийларни ўзига жалб қилиш салоҳияти ҳам мақтагулик эмас. 309 тагина обуначиси бор “Yangi Sirdaryo” газетасининг расмий каналини кўздан кечирдик. Жуда суст. Фақат турли-туман кечинмалар ва турли телеграм каналлардан олинган хабарлар айланиб ётибди…

Бу ҳам бор гаплар.

Лекин Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 14-моддасида оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаш муассиснинг мажбурияти сифатида белгилаб қўйилган.

Тўғри, юқорида таъкидланганидек, обуна мажбурий эмас. Дарров оғизга уриладиган “шиор” бўлди бу. Бироқ бугун муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан гапирганда, “мажбурий обуна деб, ихтиёрий обунани ҳам йўқотмадик”ми?!

Ахир инсоф билан айтганда, ҳар бир вилоят, туманда қанча корхона ва ташкилотлар, мактаб ва олий таълим муассасалари, кутубхоналар мавжуд. Уларнинг нечтасига газета боряпти? Нега ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга ақалли битта нашр бормай қўйди? Мумкин эмасми, иложи йўқми шунинг?!

Бор. Бўлганда қандоқ! Фақат озгина эътибор керак, холос!   Бугун айрим раҳбарларимиз бир нарсани тўғри тушуниб, англаб олишса эди. Газета — жамият кўзгуси. Унда эълон қилинаётган мақолалар, хабарлар, бадиий мавзудаги ҳар бир чиқишлар сира бесамар кетмайди. Биринчи навбатда мутолаа кўникмасини шакл­лантиради, саводни оширади. Танқидий чиқишлар эса мутасаддиларга тайёр “йўриқнома” вазифасини ўтайди. Қаерда қандай муаммо бор, унинг ечими нимада? Ҳамиша муҳокама ойнаси бўлиб келган матбуот. Нега ана шундай воситадан тўғри фойдаланишни истамаймиз?

Албатта, айрим нашрлар, хусусан, “Yangi Sirdaryo” ва “Новая Сирдарья” газеталарини ҳам бугунги замон, ўқувчи талабига тўлиқ жавоб берадиган нашрлар деб бўлмас эҳтимол. Шу боис, таҳририят жамоаси ижодий томондан ўзгариши, изланиши давр талаби. Бироқ бу жиҳатлар “газетани ёпиб юборса ҳам бўлаверади” дегани эмас.

Бугун матбуот нашрларига эътибор сустлиги биргина Сирдарёда эмас. Андижон, Қашқадарё, Жиззах сингари вилоятларда ҳам пеш эмас. Бу вилоятларда ҳам ҳокимликлар муассис бўлган нашрларнинг аҳволини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Ададлари жуда кам. Шу боис, уларда ишлаётган журналистлар арзимаган маошларини ҳам вақтида олишолмаётгани ачинарли.

Барибир ҳамма жойда ҳам шахсга, раҳбарга кўп нарса боғлиқ экан-да. Айтайлик, бир неча ойдан буён чоп қилиши тўхтаб ётган Сирдарё вилоят нашрлари олдин вилоятни бошқарган ҳокимлар даврида бундай аҳволда эмас эди.

Демак, баҳонани ҳам, имконни ҳам исталса ҳамиша топса бўлади.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − five =