Сўзнинг нуқси иймонга урғай…

ёхуд холис танқид учун журналистни ҳақорат қилган мудир ва бошқалар хусусида

Тушлик пайти эди. Бир танишим қўлидаги телефонни олдимга қўйиб: “Дўстингизнинг аҳволини қаранг”, деб қолди. Бир бетайин элимизнинг ардоқли ижодкорини “қатламага ўраб олдига ташласангиз ит қарамайдиган” ҳақоратлар билан “сийлабди”.

— Мана сизга сўз эркинлиги, мана сизга демократия, мана сизга глобаллашув, — деди ҳалиги танишим телефонини ўчираркан.

Ҳамкасбим Усмонали Норматов бирдан тутақиб кетди: “Иштаҳани ҳам бўғдингиз, қўйинг бунақанги ипирисқиларнинг жирканч гапларини! Сўз эркинлигига ҳам, глобаллашувга ҳам, демократияга ҳам буларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ!” деди. Шу билан мавзу ёпилди. Кечгача ўзимга келолмадим. Ноилож, ҳовуримдан тушиш, кўнглимни бўшатиш учун ижтимоий тармоқдаги саҳифамга “Эл бўлайлик!” деган пост жойлаштирдим. Унга юзга яқин ижодкорлар ижобий фикр билдиришди.

Шу воқеадан сўнг  икки кун ўтиб, телеграмимга  кимдир видеолавҳа ташлабди. Қарасам, катта бир ҳудуднинг ҳокими қўл остидаги раҳбар ходимларни шунақанги ҳақорат қилганки, асло куракда турмайди. Раҳбарки, бир неча юз минг аҳолига раҳнамо ҳисобланувчи, Президентимиз томонидан “Элга юракдан хизмат қил, одамларнинг дардини эшит, кўмак бер”, дея қўйилган одам шундай қилиб турганда, авомдан нима умид?

Палак – палакдан ранг олади, дейдилар. Янги йилдан олдин шундоқ интернетга кирсам, Музработ туман Мактабгача ва мактаб таълими мудири, халқ тилида ҳамон “районо мудири” деб аталмиш ташкилотга раҳбар ҳисобланган Салоҳиддин Ҳамроев (бу “топилмайдиган ва бебаҳо” мудир кейинги икки-уч йил орасида бир неча бор лавозимидан олиниб, яна қайта тиклангани, ҳатто Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарув органлари бошқарув ходимларининг билим ва кўникмаларини баҳолаш тизимидан етарли балл тўплолмагани учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши маълум қилингани, туман ҳокими томонидан бу “валломат”нинг вазифасига нолойиқлиги тўғрисида соҳадаги мутасаддиларга тақдимнома юборилганлиги ҳам кор қилмади! С.О.) унинг нопок ишларини газетага олиб чиққан журналистни, у ҳақда фикр билдирган ўқитувчиларнинг ота-онасини ҳақорат қилиб, бошидан тирноғигача балчиққа белаган эди. 2023 йил 20 декабрь куни ана шу сўкағон ва қопағон “мудир”ни суд қилишибди. Суд ҳукмига кўра ишлайверинг, деб (илгари ҳам бир неча бор судланганига қарамай. С.О.) айбдор мудирга атиги тўққиз миллион тўққиз юз минг сўм жарима белгилаб, одатдагидек, қарор охирида: “Ҳукмдан норози бўлсангиз, тегишли тартибда юқори турувчи органга  мурожаат қилишингиз мумкин”, деган маънода  жўмардлик ҳам қилишган. Бу шунчаки расмиятчилик, ҳатто жаримани тўламасангиз ҳам бўлади, деганими?

Ўзингиз фикр қилинг, Сурхондарё вилояти ёшларга таълим-тарбия бериш борасида ўқувчиларнинг рейтинг кўрсаткичи бўйича мамлакатимизда энг охирги ўринларни банд қилиб турган бўлса-да, Музработ тумани кўрсаткичи вилоятда янада “илғор” бўлиб, тумандаги таълим кўрсаткичлари билан асло мақтана оладиган аҳволда эмас бўлса-ю, не ажабки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вилоят мутасаддилари халқнинг эртасини, келажагини хал қиладиган туман бўлимига муносиб раҳбар топиш ўрнига, нега энди бундай чалажонликка, муросасозликка йўл қўйиб келишмоқда? Бу ерда биз билмайдиган қандай сир бор экан?

Жамиятда юз бераётган бунақанги мисоллардан юзлаб келтириш мумкин. Хуллас, ижтимоий тармоқ деганлари баъзида молдан фарқи бўлмаган, саводсиз, тубан ва пасткаш, ғаразгўй одамларнинг ҳузурланадиган “полигони”га айланиб қолди. Мен бунга ачинмайман, молнинг жойи – молхона, лекин истаймизми-йўқми, норасида авлод, нуридийдаларимиз — болаларимиз, набираларимиз келажаги учун бу “қутурган маданият”, одоб, чегара билмайдиган “сўз эркинлиги”, “ёввойи демократия” ўлим вирусидан ҳам даҳшатлироқ, хавфлироқ таъсирга эга эканлигидан чўчийман, холос.

Биласизми, Алишер Навоий бобомизнинг авлиё шоир эканлигига имон келтирмасдан илож йўқ. “Ёмон сўзки келиб жонға урғай, Жондин ҳам ўтиб иймонға урғай” дейди мутафаккир шоир.

Дарҳақиқат, маънавиятдан йироқ, оғзи шалоқ, тарбиясига инсон чидай олмайдиган, нопок ишлардан қайтмайдиган, халқнинг ризқига чанг соладиган  касларнинг касри не-не имонли одамларга, айниқса, ёшларга салбий таъсир ўтказаётгани сир эмас-ку.

Шубҳасиз, дунё миқёсида глобаллашув жараёнининг кундан кунга ривожланиши барча соҳаларда тараққиётнинг тезлашувига олиб келиши яхши нарса. Лекин ҳар яхшининг бир ёмон томони бор, деган аксиомани унутмаслигимиз керак. Тўғрисини айтадиган бўлсак, глобаллашувнинг миллий ўзликни англаш, қадриятлар, урф-одатлар, маънавиятлар, маданиятлар, мафкураларнинг миллий, минтақавий манфаатлар кесишувидаги (тўқнашувидаги) номутаносибликларининг фарқига бормаслик, охир-оқибат у ёки бу томоннинг таназзулига олиб келади.

Чунки шиддат билан кечаётган глобаллашув даврида асрий миллий қадриятларни келгуси авлодларга бус-бутун етказиб беришда ўзлигини англаб етган ва ўз СЎЗига эга бўлган миллатнинг энг зўр вакилларигина бардош бера олади. Тўғри, бугун ҳар бир фуқаро ахборот олиш, уни тарқатиш, сўз эркинлиги ҳуқуқига эга. Бу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Дарҳақиқат, сўз — улуғ неъмат. Лекин ана шу муқаддас неъматнинг қадрига етмасдан, сўзни поймол, оёқ ости қилаётганларни ҳар қадамда учратганда ачиниб кетасан, киши. Айрим телеканалларимизда ва ижтимоий тармоқларда сўз эркинлиги берилган экан — ҳамма нарса мумкин дея иш тутиш оқибатида бачканалик, бемаънилик, жоҳиллик, авомлик ва ниҳоят разиллик уруғи кўкара бошлаётганини наҳотки сезмаётган бўлсангиз?!

Тўғри, бугун ОАВда цензурага йўл қўйилмайди. Лекин ҳар бир инсонда ички маънавий сезгирлик ва маданий “цензура” бўлиши шарт ва лозим эмасми? Ахир сўз эркинлиги — биров ёки бирор воқеа-ҳодиса ҳақида билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, англаб-англамай, оғизга келганини, кўнгилдан кечганини айтиш дегани эмас! Айни жараёнда сўзлашув, муомала, нотиқлик, босма ва қўлёзма маданияти ноқислик­лари ҳақида ҳазрат Навоий кўриб-билиб тургандек бонг урадилар: “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин, Билки гуҳари шарифроқ йўқ ондин”. Мана шу биргина байтда инсониятнинг сўзга бўлган муносабати, тафаккур қобилияти ва ички маданияти ҳақида мукаммал таъриф берилган. У оддий ишчи бўлсин, олим ёки раҳбар бўлсин, улуғ неъмат аталмиш Сўзга, ўз она тилига, маданиятга, маърифатга, тафаккурга бўлган нописандлик, эътиборсизлик — ўзлигини англамаслик оқибатида келиб чиқаяпти, десак, нотўғри бўлмаса керак.

Биз матбуот вакиллари хизмат тақозоси билан жойларда бўламиз, йиғилишларда қатнашишга тўғри келади. Айрим раҳбарларнинг минбардан туриб айтаётган пойинтар-сойинтар, қўпол ва жаргон сўзларини эшитиб, ҳайрон қолади киши. Наҳотки шундай катта лавозимга, минг узрлар бўлсин, чўчқабоқардан фарқи бўлмаган, оғзидан чиқаётганини қулоғи эшитмаётган кимсани тайинлашган бўлса?! Ахир мажлис аҳлининг ҳаммаси зиёлилар, бунинг устига, кўпчилиги хотин-қизлар, оддийгина айтганда, шу юрт, шу эл, шу миллат вакиллари, вакилалари-ку! Наҳот улуғ халқимиз, қудратли давлатимиз берган имкониятга, ваколатга, яратилган шароитга, неъматларга шук­роналик шу зайлда бўлса?! Навоий бобомиз бундай ҳолатларни бежиз куюниб таърифламаганлар: “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз!”

Демак, ҳар бир айтаётган гапимизни, ҳар бир сўзимизни ўйлаб, мушоҳада қилиб, сўнг тилга кўчиришимиз лозим экан. Айниқса, хусусий телеканалларда салкам ўттиз етти миллионлик Ўзбекистон аҳли маънавий дастурхонига ҳар куни тортиқ қилинаётган ўта савиясиз, тутуруқсиз, саёз шоулар, беҳаё клиплар, ёшларимиз онгини заҳарлаб улгурган, катта авлоднинг меъдасига тегиб кетган анонс ва рекламалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ахир ўз номи билан телеканалларми улар ё маҳалла чойхонасими?! Бу саволларга ким жавоб беради?! Айниқса, юқорида айтганимиздек, ижтимоий тармоқларга қарасангиз, кўнглингиз беҳузур бўлади. Кимларнингдир шаънига айтилаётган, ёзилаётган ўта қўпол ҳақоратли сўзларни эшитиб, беҳаё қилиқларни кўриб, ҳайҳот, шундай одамлар ҳам орамизда яшаяптими, деб тош қотасан. Шу аҳволнинг ўзи бугунги ёш авлод улуғ ва донишманд боболаримизнинг сўз энг қудратли восита эканлиги ҳақидаги оламшумул кўрсатмалари, тавсиялари, ўгитларидан нақадар йироқ эканлигини кўрсатиб турибди. Охир-оқибатда тилга эътиборсизлик маънавиятимизга, жамиятимизга, энг ёмони, ёшларимизга, келажагимиз эгаларига ёмон таъсир қилмайди, деб ким кафолат бера олади?!

Яна ҳазрат Навоий “Оғзига келганни демак нодоннинг иши, Олдига қўйганни емак ҳайвоннинг иши”, дея бонг урарканлар, гўё олти аср наридан туриб жамиятимиздаги бугунги муаммолар ва ҳолатни айнан билиб, кўриб айтган экан-да, деган ўйлар кечади.

Айни замонда миллий маънавиятимизда юзага келаётган йўқотишларнинг, қусурларнинг асл илдизлари қўштирноқ ичидаги сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, оммавий маданият, оммавий демократия каби ниқоблар остида инсонийликдан ташқаридаги ҳолатларни ҳимоя қилаётган, бир қарашда жуда беозордек кўринаётган ва четдан бошқарилаётган иллатларнинг меваси эмас, деб ҳам ҳеч  ким айта олмайди!

Бизнинг миллий маънавиятимиз, маданиятимиз, маърифатимиз, мафкурамиздаги йўқотишлар, у ёки бу жабҳада кўриниб қолаётган камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида фикр юритадиган бўлсак, шу соҳага масъул бўлган кишиларнинг ҳам ўзига яраша айби бор. Хўш, оммавий маданият ниқоби остида ғарбданми, шарқданми, қаердан бўлмасин, тиқиштиришаяпти, дейлик. Лекин жабҳага масъуллар нега сукут сақлаб ўтиришибди? Биз-чи, ўзимиз нима қилаяпмиз? Бу нарсани жиддий ўйлаб кўриш, кескин чора-тадбирлар белгилаш вақти аллақачон етиб келмадими?!

Ўйлаб кўринг, Орол денгизи бир кунда, бир йилда ёки ўн йилда қуримади, асрлар давомидаги масъулиятсизлик, эътиборсизлик, рақам ва режанинг орқасидан қувиш оқибатида мана шундай катта уммон таназзулга юз тутди. Миллий тил, маънавият, маърифат, қадрият деганлари ҳам минг-минг йиллик илдизга эга катта уммондир. Биз эътиборсизлик қилаверсак, охир-оқибат ўзлигимиз, миллий қадриятларимиз, маънавий дунёмизга ўнглаб бўлмас зиён-заҳмат етиши мумкин.

Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан миллий матбуотимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз, маънавиятимизнинг барча жабҳалари ҳақида керакли қонун ва қарорлар қабул қилинган. Ана шу қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш, унга тўлиқ амал қилиш, келгуси авлод олдидаги масъулиятни чуқурроқ ҳис этиш бир йиллик, ўн йиллик иш эмас. Токи миллат, миллий тил, маънавият, давлат бор экан, бу кураш бир кун, бир лаҳза ҳам тўхтамаслиги керак.

Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган нутқида биринчи навбатда юртимиз зиёлиларига мурожаат қилиб, миллий ўзлигимизни авайлаб-ас­раш, қадриятларимизни эъзозлаш, юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек асраш учун ҳам турли ёт ғояларга муносиб жавоб қайтариш кераклигини айтиб, бу йўлда  фаол бўлишга бежиз ундамаган эди.

Демак, лоқайдлик, эътиборсизлик ва маънавият йўлида ҳиссиз яшашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Сафар ОМОН.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =