Навоий асарларида устоз эҳтироми
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф
ўқитмиш ранж ила,
Айламак осон эрмас онинг ҳаққин
юз ганж ила.
Мутафаккир мир Алишер Навоийнинг асрлардан асрларга ўтиб келаётган қалби дарё устозларимизни улуғловчи пурмаъно сатрлари дилларимиздан бежиз жой олмаган. Чунки, сўзи ва амали бир бўлган файласуф бобомиз, устозининг кичик ёшдаги фарзанди билан саломлашмоқ учун ҳам отдан тушган эканлар. Қаранг, устознинг ҳурмати юзасидан, фарзандига иззат кўрсатмоқ, нақадар гўзал ибрат, нақадар гўзал тарбия…
Айнан шу фазилатлари ва бебаҳо маънавий хазина — асарлари боис асрлар оша ардоқлаб келмоқдамиз буюк бобомизни. Айнан, устозларини ардоқлагани, дуоларини олгани учун ҳам Алишердан ҳазрат Навоий мақомига кўтарилиб, нафақат замондошлари, балки замонлар оша буюк ва суюк бўлиб келмоқда сиз-у бизнинг, миллионларнинг севимли бобокалони…
Буюк Навоий бобомизнинг “Маҳбуб-ул-қулуб” асари 18-фаслида ҳам ўқитувчилик меҳнати машаққати хусусида шундай дейилади: “Унинг иши одам тугул, ҳатто девнинг ҳам қўлидан келмайди. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашга ожизлик қилар эди, у эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади. Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳақи кўп, агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам унга (муаллим)қуллуқ қилса арзийди”.
Оилада икки, уч, нари борса тўрт ёки беш нафар фарзандининг таълим, тарбиясига аранг вақт ажратаётган ота-оналар қанча. Тасаввур қилинг, устозингизнинг бир кунлик фаолиятини отангиз ёки онангиз ёки яқинларингиз қай даражада уддаларди…
Ҳатто тасаввур қилишнинг ўзи-да мушкул…
Қадрли ўғил-қизлар, сиз-у бизнинг қалбимизга зиё улашган муҳтарам устозларимизни ардоқлайлик, уларнинг машаққатли меҳнатларини қадрлайлик. Уларнинг ишончини оқлайлик, орзу-умидларини рўёбга чиқариб, она Ватанга муносиб баркамол авлод бўлайлик!
Шунда устоз-мураббийларимизнинг чеккан заҳматлари зое кетмайди. Мозийлардан боқиб, келажак авлодга умид кўзларини тикиб турган мир Алишер Навоий бобомиз руҳларини беҳад шод этгувчи, Ўзбекистонимиз равнақи учун фидокорона хизмат қилгувчи чин инсонлар бўлиб етишамиз.
Муҳаббатой РАҲМОНБЕРДИ қизи