Тасвирларда ўзлигимиз акс этса…

Халқимизда айтаверсанг бети қотади… деган нақл бор. Шу нақлнинг тўғрилигини бугун ижтимоий муҳитда тобора кенг қулоч ёзиб бораётган қуйидаги ҳодисаларда улардан келиб чиқадиган оқибатни чуқур англамаётганлигимизда кузатишимиз мумкин.

Бугун тил масаласига эътибор, алифбо муаммоси ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ҳаётимизда ўзлари на ўқитувчи на маданият ходими бўлмасада тил ва алифбо масаласида ахлоқийлик ва маънавиятга кўпроқ аҳамият берадиган кишилар бор. Улар йиғилишларда, учрашувларда бу каби муаммолардан сўзлашмаса-да бажараётган ишлари орқали бутун жамиятга сабоқ берадилар. Уларни кўпчилигимиз билмаймиз ҳатто. Хўш улар ким?

Кўчалар, бозорлар, театрлар, таълим муассасалари ва бошқа жамоат ташкилотларида ҳар хил тасвирий тарғибот восита (банер, панно, плакат, билборд, пешлавҳалар, қабариқ ҳажмли ёзув) ларга кўзимиз тушади. Бу тасвирий тарғибот воситалари ўзида муайян бир воқелик, ғоя, қарашларни умуман турли мавзулардаги ижтимоий воқеа ҳодисаларга дахлдор ғояларни акс эттиради. Шу асосда жамият ҳаётига ўзининг бевосита таъсирини кўрсатади.

Бундай тасвирий тарғибот воситалари хусусий тадбиркорлар томонидан ҳам ишлаб чиқарилаётганлиги бор гап. Уларда асосан хусусий тадбиркорларнинг фаолиятига оид реклама ва эълонлар акс этади. Бунда буюртмачи томонидан турли хорижий атамалар ва терминларга эътибор кучли бўлса, хусусий тадбиркорлар томонидан уларга реклама тўғрисидаги қонун, тил ва алифбонинг ёзилиш талаблари ҳақида етарлича тушунчалар берилмаяпти. Мижоз ҳамиша ҳақ тамойили асосида иш кўриляпти. Ёки уларнинг ўзлари ҳам бу тўғрида етарлича тушунчага эга эмас. Шу боисдан улар томонидан тайёрланган кўпгина тасвирий тарғибот воситаларида тил, имло қоидалари ва ёзилиш тартибининг бузилишлари учрайди. Ёки миллий менталитетимизга, қадриятларимизга мос бўлмаган тасвирий тарғиботларнинг ёритилишига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.

Аммо тасвирий тарғиботларнинг қайси тури бўлишидан қатъи назар қонун талабларига ҳамда миллий қадриятларимизга мос келиши, уларда ўзлигимиз акс этиши шарт.

Юртимизда 1997 йилда ташкил этилган “Тас­вирий ойина” ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ходимлари томонидан тайёрланаётган тасвирий тарғибот воситалари тилимизнинг софлиги, алифбомизнинг ёзилиши, рек­лама тўғрисидаги қонун талабларига тўла жавоб беришига жиддий аҳамият берилади. Бугун Сирдарё воҳасида 300 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактаблари, 199 та давлат ва 700 дан ортиқ Мактабгача таълим ташкилотлари, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар мактаб­лари умуман тилимиз ва ёзувимизга эътибор қаратиладиган, жамият ҳаётида ўзининг ўрни ва нуфузига эга бўлган ташкилотлар тасвирий тарғибот воситаларини “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси орқали тайёрлатади.

— Бизнинг асосий мақсадимиз Янги Ўзбекис­тоннинг бугунги ҳаёти ва тарихини, давлат ва жамият олдида турган муҳим мақсад ва вазифаларни ифодаловчи шиорлар матнини тайёрлаш, уларни тўплаш, саралаш, уларнинг ижтимоий муҳитда намойиш қилинишини ташкил этиш, назорат қилиш, шу масалалар бў­йича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Бундан ташқари, амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан қаҳрамонлари ҳаёти акс эттирилган, юртимизда ўтказиладиган халқ сайиллари, байрамлар, тантаналарни, мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотларнинг асл ижодкорларини намойиш этадиган турли пешлавҳалар тайёрлаш. Акс эттириладиган ҳар бир сурат, матн амалдаги қонунларимиз талабларига, тил ва алифбо қоидаларига мос келишига алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки бу тасвирий тарғибот воситаларни барча кузатади, ҳеч қурса бир кўзи тушади. Яъни унинг жамият ҳаётида таъсири сезиларли. Шу сабабдан жамият ҳаё­тида ўзини ҳурмат қилган корхона ва ташкилотлар бундай вазифаларни бизга ишониб топширади. Воҳамизнинг 60 йиллик муборак тўйи арафасида ҳам тасвирий тарғибот ишларини бажариш бизга ишониб топширилганлиги фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашувни талаб этади. Ишимиз орқали халқимизга маънавият, маърифат тарқатамиз, бундан фахрланамиз. Ҳар бир тарғибот воситаларида миллий ўзлгимиз акс этиб турса, дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ходими Ҳусан Атабаев.

Дарҳақиқат, ижтимоий муҳитда одамлар ҳар бир нарсага назар ташлаб ўтади. Айниқса, тас­вирий тарғибот воситаларидаги хатолик ва бузилишлар тил ва алифбо масаласи билан боғлиқ бўлса, шундоқ ҳам муаммо бўлиб турган миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз, тил ва алифбо масаласини ечимига эмас уларни янада чигаллашувига, саводнинг янада саёзлашувига олиб келиши турган гап.

Демак, кўча-кўйлардаги ёзувларга, турли бино ва иншоотлар, ишхоналардаги ҳар қандай ёзувларнинг соф ўзбек тилида тўғри, хатосиз ёзилишига эришиш — энг муҳим масала. Биз эса бу нарсани 30 йилдан буён гапиришдан эринмаймиз. Нега? Чунки бу юртимизда ҳамон оғриқли масала. Аслида, хоҳиш ва жиддий эътибор қаратилса, бир ойда тўғри йўлга қўйса бўладиган иш!

Баҳром БОЙМУРОДОВ

“Янги Сирдарё” газетаси

бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =