Менинг президентим — менинг фахрим
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига қилган навбатдаги ташрифидан кейинги ўйлар
Одам боласига ҳамиша нимадир етишмайди, гоҳ у нарса, гоҳ бу нарса. Чунки ҳаёт бор экан, инсон эҳтиёжлари ортиб бораверади, ундаги камчиликлар, етишмовчиликлар эса ҳеч тугамайдигандек туюлаверади. Аммо инсон ҳаётга ибрат кўзи билан, тийран ақл билан қарар экан, сабр ва қаноат унга эш бўлади, эришилган, қўлга киритилган неъматлардан ҳузурланишни, завқ олишни туяди. Аксинча бўлса-чи, ҳамиша ҳаётдан нолиш, кимлардандир норизо бўлиш устун бўлиб, бунда ҳаёт ўз гўзаллигини, файзини қайсидир маънода йўқотиб қўяди. Ва яна шу нарса аниқки, қаноатсизлик ва ношукурчилик ҳеч қачон ҳеч кимнинг турмушини гўзаллаштириб, ривожлантириб юбормаган.
Камина бугун улуғ бир ёшга тўлиб, ҳаётимнинг қарийб 60 йилга яқинини шу эл-юрт учун бахшида этиб, бу йўлда не-не синовларни, машаққатларни чеккан, катта-кичик вазифаларда ишлаб, обрў-эътибор, иззат ва марҳамат кўрган бир инсон сифатида юқоридаги ва қуйидаги ўйларимни ўртоқлашгим келди.
Қолаверса, дилимга чексиз фахр ва ифтихор, улуғ бир муждаларни солган воқеа бу — шу йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхон воҳасига қилган навбатдаги ташрифи сабаб десам хато бўлмас. Бу ташриф чиндан ҳам тарихий ташриф бўлди. Нега дейсизми? Негаки, Сурхон элини жуда узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган ўнлаб муаммолар ана шу ташриф давомида ўз ечимини топадиган бўлди. Бу ёруғ муждаларни эшитган ватандошларимизнинг қувончи, шодлиги нақадар ошганини билсангиз эди! Ҳамма бир-бирини табриклаган, қутлаган, дуога қўл очган…
Маълумки, Сурхон замини улуғ зотлар, авлиёлар яшаб ўтган муқаддас макондир. Шу боисдан Президентимиз ҳамиша бу юртга ташрифини буюк олим Ҳаким ат-Термизий қадамжосини зиёрат қилишдан бошлайди. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Термизий каби боболаримиз илм-маърифатини ёшларга етказиш муҳимлиги таъкидланди. Шу масалалар бўйича вилоят марказида илмий анжуман ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Энг муҳими, Сурхондарёда ҳам сўнгги 6-7 йил ичида шундай йирик корхоналар бунёд этилмоқдаки, бундай мўъжизалар биринчи навбатда Сурхон элини иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Ватанимиз иқтисодиётини янада юксалтиришга, одамлар фаровонлигини оширишга имкон бермоқда.
Аммо ношукурлик бўлмасин-у, узоқ йиллар сурхондарёликлар бир нарсага сира тушунмас эди. Нега мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йирик корхоналар ишга туширилади-ю, Сурхондарёга келганда бундай қадамлар қўйилиши жуда қийин бўлади? Жавоб эса ҳамиша бир хил бўлган: Сурхондарё чегара ҳудудда жойлашган. Вилоят маркази —Термиз Афғонистон билан чегарадош. Афғонистонда эса нотинчлик. Шу боис йирик корхоналар ташкил қилишнинг иложи йўқ. Бундай гап-сўзларни турли катта-кичик йиғинларда юз марталаб эшитган бўлсам керак.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев эса бу иддаоларнинг бари турфа хил “баҳона”лар эканлигини амалда исботлаб берди. Сўнгги йилларда вилоятда ўнлаб йирик корхоналар барпо этилди, бундай хайрли ишлар ҳар йили давом эттирилмоқда.
Хусусан, бу сафарги ташрифи давомида Бойсун туманида бўлиб, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган йирик лойиҳалардан бири — “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди. Айни пайтда унинг қурилишида етти мингдан ортиқ кишилар, махсус техникалар ишламоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи келгуси йил май ойида ишга туширилиши, 2025 йилда эса тўлиқ қувват билан ишга тушиши элдошларимизни нақадар хурсанд қилаётганини айтмасак ҳам маълум. Машҳур хорижий корхона томонидан амалга оширилаётган ушбу қурилишнинг умумий қиймати 2,9 миллиард доллар бўлиб, йилига 5 миллиард куб метр газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга экан. Ҳозиргача эса конни ўзлаштиришга қарийб 1 миллиард 450 миллион долларлик инвестиция киритилиб, анча-мунча ишлар якунланган. Энг муҳими, бу корхонага ўрнатилиши кўзда тутилган энг илғор технологиялар экология талабларига мос бўлиб, улар МДҲ давлатлари ичида биринчи бор ушбу заводга қўйилмоқда экан. Яна бизга маълумки, бу ерда газ кони бир неча ўн йиллар олдин топилган. Бироқ…
Ёки сўнгги йилларда Шеробод туманида қурилиб, ишга туширилган цемент заводини айтиш мумкин. Бугун бу ерда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз аҳолисига, саноатига, балки кўплаб хорижий юртларга экспорт қилинаётганини нега энди айтмаслигимиз керак?!
Президентимизнинг Сариосиё туманидаги Тўполанг гидроэлектр станциясида амалга оширилган модернизация ишларини ҳам кўздан кечиргани ва кейинги йиллардаги қўшимча бунёдкорликлар туфайли ушбу ГЭСнинг умумий қуввати бир неча бараварга оширилиб, мамлакатимиздаги Чорвоқ ГЭСидан кейин иккинчи йирик станцияга айланганини ҳамма ҳам билавермайди. Яна Президентимиз таъкидладики, бу ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микроГЭСлар барпо этиш вазифаси ўртага ташланди. Бу эса воҳани арзон ва сифатли энергия манбалари билан таъминлаш имкониятини беради.
Сурхондарё халқини энг қийнаб келган, ҳеч қачон бу муаммо ҳал бўлмаган масалалардан бири бу — аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжи эди. Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарёга жуда катта сармояни жалб этиб, кейинги 2-3 йил ичида айнан Тўполанг сув омборидан тоза ичимлик сувини бутун вилоят аҳлига етказиб бериш лойиҳаси доирасида шу кунгача 147 километр қувур Сариосиё тоғларидан Термиз шаҳригача тортилгани тарихий ҳаракатлар натижаси эмасми?!
Юртбошимиз ушбу оламшумул лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушгани белгиси сифатида рамзий тугмани босиб, обиҳаёт йўлини очди. Мазкур босқичда сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Қарийб бир миллион аҳоли тоза, мусаффо ва зилол тоғ суви билан таъминланди дегани бу! Ёки охирги икки йил ичида вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ўртача 60 фоиздан 70 фоизга етди.
Ҳайратларга ошно бўлишда давом этажакмиз. Ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилиши, бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 2 миллионга яқин аҳоли баҳраманд бўлади. Ишонасизми, ана шу улкан ёруғлик — обиҳаёт ёруғлиги келгуси йилда ниҳоясига етказилиши мўлжалланган.
Мана, ўзбек шеъриятининг буюк даҳоси Алишер Навоий бобомиз ўз достонларида куйлаган Фарҳоднинг жасорати!
Бир пайтлар Тошкентдан Сариосиё туманига самолёт парвоз қилар эди, десак, айрим ёшлар ишонмас эди. Ҳа, худди шундай. Вилоят маркази Термизга парвоз қилиб, самолётдан тушган Сариосиё, Узун, Денов тумани фуқаролари, меҳмонлар, сайёҳлар яна 150-220 километргача автомашинада юришга мажбур эдилар. Аммо яна Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолияти тикланиши Президентимиз томонидан маълум қилинди. Албатта, бундай янгиликлар вилоятнинг туризм салоҳиятини юксалтиришда ҳам кўмак беради. Йил якунига қадар Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолиятини тиклаш, келгуси йилдан Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, Термиздан Истанбул, Фарғона, Бухоро ва Хоразмга парвозларни кўпайтириш бўйича Юртбошимизнинг топшириқлари Сурхон элига байрамона кайфият улашди. Бундан ташқари, Термиз-Тошкент йўналишида туристик вагон, Сариосиё-Тошкент йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилиши қадим Сурхон туризмини янги босқичга кўтаришига шубҳа йўқ.
Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Ҳудуд изчил ривожланмоқда. Олдинда режалар, имкониятлар ҳам кўп. Хусусан, 3 миллиард 300 миллион долларлик 4 та янги йирик саноат лойиҳаси шакллантирилган. Булар ҳисобига вилоят иқтисодиётига йилига 6,5 триллион сўм, бюджетига 1,6 триллион сўм, экспортига 100 миллион доллар қўшилади, 2 мингта юқори даромадли иш ўринлари очилади. Жумладан, Бойсундаги қарийб 3 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасида йилига 5 миллиард куб метр газ тозаланиб, 6 триллион сўмлик табиий газ ва олтингугурт ишлаб чиқарилади. Вилоятга йилига ўртача 120 миллион долларлик экспорт тушуми қўшилади. Геология қидирув ишлари кенгайтирилиб, яна 100 миллиард куб метр газ захиралари очилади.
Давлатимиз раҳбари Термизда ўтказган йиғилишида айтган қуйидаги сўзлари эса ҳамон қулоқларим остида акс-садо бермоқда:
— Сурхондарёда жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқи бор. Ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти. Шароит яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозим.
Шу боис, келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга етказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартириш имконини беради.
Вилоятга инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришдаги энг катта захира – бу мавжуд конларни ишга солишдир.
Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш, тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш зарур.
Бундан ташқари, вилоятда тадбиркор ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, уларни спортга жалб қилиш бўйича қарор ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, воҳадаги тарихий қадамжоларни музейларги айлантириш, шифобахш масканлар фаолиятини янада жонлантириш, бадиий жамоаларнинг халқаро фестивалларда иштирок этишига кўмаклашиш, халқ мероси, улкан бойлигининг “Олтин фонди”ни яратиш зарурлиги ва бошқа кўпдан-кўп масалалар бўйича керакли чора-тадбирлар белгиланадиган бўлди.
Ана энди айтинг-чи, мамлакат Раҳбарининг 2 кунлик вилоятга ташрифи қанчалар савобли, самарали кечган?
Инсоф билан айтганда, бундай ечимлар 10 йилларда ҳам, 50 йилда ҳам бўлмаган эди-ку!
Хўш, ўз элининг, халқининг ҳаётини янада фаровон этиш учун бундай жонфидо раҳбардан фахрланмай, ғурурланмай бўладими?!
Шу боисдан ҳам менинг президентим — менинг фахрим дейишга ҳақлимиз.
Энди яна бир нарсани айтиш керакки, инсон ҳар нафасда эркинликка, ҳурриятга интилишида юксак маъно, мақсад муштарак. Лекин бу неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермас экан. Биз биламиз – халқимиз жудаям узоқ давом этган мустабидлик замонини бошидан кечирди. Ўта пухталик ва режа билан миллий қадриятлардан жудо қилинаёздик. Шўро салтанати эса имломизни ўзгартирди. Бу – шу даражада катта йўқотиш, талафот эдики, кейинги авлод, натижада ўз ўтмишига лоқайд даражага етди.
Жами бир ярим аср, айниқса, кейинги мустабидлик даврининг жароҳатлари, асоратлари айтган билан адо бўлмайди. Аммо истиқлол чўққиларидан туриб ўша мустабид замонни, унинг жароҳатлари, асоратларини эсламаслик мумкин эмас.
Чунки, ана шундай қилганимизда, яъни кеча билан бугунини таққослаганимизда, мустақиллик неъматларининг қадрига етамиз.
Ўтган 30 йил мобайнида мустақил давлатимиз, миллатимиз жуда қийин ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Айниқса, мустақилликнинг дастлабки йиллари жуда қийин бўлди. Шўро “иттифоқи”нинг ночорликда парчаланиши туфайли, мамлакатимизда атайин марказлаштирилган таъминот тўхтаб қолди.
Биргина мисол: Ўзбекистоннинг тупроғи олтинга тенг бўлгани билан, мамлакатимизда деярли ғалла етиштирилмас, пахтадан мўл ҳосил олиш учун ҳам ёқилғи-мойлаш материаллари марказдан олиниши керак эди. Ана шу марказлашган тизим издан чиққандан сўнг, Ўзбекистонда хўжалик юритиш қандай аҳволга тушиб қолганини кўз олдингизга келтираверинг.
Ана шу оғирликларнинг бари Республикамиз ҳукумати елкасига тушди, десам муболаға қилмаётган бўламан.
Халқимизда бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак, деган мақол бор.
Истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш жуда-жуда қийин масала эди. Ўзингиз биласизки, бундай тақчиллик шароитида жиноий унсурлар фаоллашиб қоладилар…
Яхши эслайман, ўша йиллари ўзларини миллатпарвар деб эълон қилган “демократлар”: “Ўзбекистон халқи ҳаммадан кўп нон истеъмол қилади!” деб дод солган эдилар. Қаранг-а! Ахир нондан ҳам азиз неъмат бўларканми?
Ўша таҳликали замонда ва ундан кейин ҳам мамлакатимиз, халқимиз тинчлиги, хотиржамлиги таъминланди. Ана шу ҳақиқат барча ютуқларимизнинг бош омили, мустаҳкам пойдевори бўлди.
Ҳозир ҳам “ундоғ-бундоғ!” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Баъзан шу сингари “миллатпарвар”ларнинг тилини қарғалар чўқисин, дегим келади. Нега? Маълумингизким, Сурхондарё мамлакатимизнинг энг жанубий, демакки, нисбатан олганда, пойтахтдан узоқ вилоятларидан бири. Аммо бизнинг воҳада ҳам машиналар кўчага сиғмай кетди. Бу иқтисодий-ижтимоий барометрдир! Халқимизнинг иқтисодий аҳволини шундан ҳам билса бўлади.
Тарихий нуқтаи назардан олганда жуда қисқа муддатда мамлакатни, унинг аҳолисини ана шундай фаровонликка эриштирган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев билан фахрланмаслик мумкинми?!
Президентимизнинг чуқур ўйланган, халқ манфаатлари ҳисобга олинган барча амалий, тинимсиз ишлари ҳамда Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари ҳар қанча таҳсинга сазовор.
2020-2023 йиллар Ўзбекистон учун турли воқеаларга бой, барча соҳада жадал ривожланиш даври бўлди. Ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий соҳаларда, халқаро муносабатлардаги улкан ижобий ўзгаришлардан мамлакатимиз халқи сингари хорижликлар ҳам ҳайратга тушмоқда.
Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат шарофати билан янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, миллат қиёфаси салобатлашиб, улуғворлашиб, кўркамлашиб бораётгани, айниқса, диққатга сазовордир.
Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимиз эволюцион ўзгаришлар сари юз бурди. Мамлакатимиздаги янгиланишлар, ҳеч муболағасиз, ҳар биримизни тўлқинлантиради. Бунга сўзимиз аввалида давлатимиз раҳбарининг Сурхон элига яқинда қилган ташрифлари давомидаги ёруғ муждаларни бир мисол, бир ибрат сифатида таъкидламоқчи бўлдик. Зеро, бу улкан мақсадлар, натижалар кўлами Учинчи Уйғонишнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга бўлган амалий ишлардир.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.