Чегара билмас хатарларга қалқон

Аслида, маънавият йиллар, асрлар давомида сайқалланиб боради. Маънавиятга қанчалик кучли эътибор қаратилса, шунчалик юксалаверади. У одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида, фикр тарзида, ўй-хаёллари тилида сўзга айланганида намоён бўлади. Ҳа, ҳақиқатан ҳам бугун маънавият масаласи айрим кимсалар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали “Маънавият нимага керак?” деган иддаоли чиқиш­лари билан ўзининг ҳамон долзарблигини кўрсатмоқда. 

Чиндан ҳам дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар, биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган киши адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсониятнинг, тараққиётнинг душманидир.

Президентимиз 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият масаласи ҳақида очиқ ҳақиқатни айтди. Илм, зиёли аҳли олдида турган муҳим вазифаларини белгилаб берди.

“Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?

Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, — деди Давлатимиз раҳбари.

Юртбошимизнинг нутқларини қайта-қайта ўқир эканман, каминанинг ҳам кўнглидан бир қатор ўйлар кечди.

* * *

Одатда, “Маданият” ибораси юксак тараққиёт, одоб-ахлоқнинг юқори даражаси маъноларида ишлатилади. Лекин бу миллийлик асосида ҳар томонлама юксакликни ифода этадиган сўз олдига “оммавий” деган сўз қўшилса, мантиқий узвийлик давомида ахлоқий бузуқлик, қадрият ва анъаналарнинг маънавий негизларига беписанд муносабат, ҳатто асл миллий маданиятнинг емирилишига қаратилган таҳдидни англатувчи маъно келиб чиқади.

Афсуски, бугунги кунга келиб ахборот ҳамда ахборот майдони — дунёни бошқарувчи омиллардан бирига айлангани боис, у “оммавий маданият” тарафдорлари томонидан фаол фойдаланиб келинмоқда. “Оммавий маданият” ёшларни ўзбошимчалик ва ахлоқсизликка чақирса, кейинчалик умумий оммага мослаштириб, шахсни худбинлик ва яшаб турган жамиятда қарор топган қадриятларга беписандлик қилишга олиб келади. Натижада миллий ва диний қадрият, дунёқараш ва бошқа шу каби инсон маънавияти учун ўта муҳим бўлган ҳис-туйғуларга путур етказади. Маънавиятсиз, миллий туйғуси бўлмаган шахс эса ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди.

Сир эмаски, бугун аксар инсонлар ахборотни интернетдан олишади. Ёш авлод тарбиясининг манбаи бугун интернет тармоғи бўлиб хизмат қилмоқда. Нечунким, аксарият ёшлар  китоб ўқишга тоқатсиз бўлиб қолди. Аммо интернет тармоғида куну тун ўтиришга тайёрлар, ҳатто тармоқ узилганда, уларнинг ҳаловати бузилиши кузатилмоқда. Натижада уларда интернетга қарамлик вужудга келиб, жамиятдаги ўз ўрни, масъулиятини ҳам унутиш хавфи пайдо бўлади.

Тўғри, интернет керак. Ундан ҳеч ким воз кечмоқ керак деб айтмаяпти. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам меъёри бор. Интернетдан ҳам, ижтимоий тармоқлардан ҳам ўз ўрнида фойдаланилса, яхшиликка хизмат қилиши мумкин. Бироқ унинг салбий оқибатларини ҳеч ким инкор қила олмайди.

Ўйлаб кўринг, айрим ёшлар ота-оналарининг насиҳатларини қабул қилмайдиган аҳволга келиб, уларга: “Сизлар замондан ортда қолгансиз!” деб айтишса, бунга қандай чидаш мумкин? Кучга тўлиб, ақли расо бўладиган ёшда оммавий маданият тарғиботчиларига эргашиб, оила муқаддаслиги, ота-она эҳтироми каби ахлоқ меъёрларидан узоқлашиш ва фақат ўз кўнгилхушлиги учун яшайдиганлар йўқми? Баъзилар эса ор-номусдан ҳам воз кечиб, ҳатто ота-онасини қариялар уйига топширишдан ҳам ор қилмайди. Ҳамият ва ғурур каби ҳиссиётлардан мосуво бўлишида бу. Хўш, айрим ёшлар нима учун ота-она ва ўқитувчиларига қулоқ солмайди? Сабаби, уларнинг ота-­оналари тарбияда ўз ўрнини бой бериб қўйган ва фарзандларини ташқи таъсирлар гирдобига ташлаб қўйган. Ушбу шароитда таълим-тарбияга алоҳида эътибор кучайтирилиши замон талаби бўлмоқда.

Аксинча, китоб ва илмга ошно бўлган ёшлар ҳеч қандай ташқи таъсирга тушмайдилар, чунки улар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришиш учун бор кучларини бериб изланадилар. Бунинг мисолини Япония тимсолида кўриш мумкин. Таълимга жуда катта эътибор берган бу халқ табиий бойликларсиз ҳам ҳозирда дунёнинг тараққий топган, илғор ва бой давлатларидан биридир.

“Оммавий маданият”нинг зарарларидан ёшларимизни ҳимоя қилиш учун, аввало, ахборотдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришимиз, ҳар бир нарсада меъёрга амал қилишни ўргатишимиз, улуғ аждодларимиз ва миллий қаҳрамонларимизга муҳаббат уйғотиб, уларнинг ортидан эргашишни тарғиб қилишимиз зарур. “Оммавий маданият”нинг хатарларидан яна бири — баъзи ёшлар моддий бойликка эришиш йўлида барча нарсани қурбон қилишга тайёр эканлигида бўлса керак. Маънавий бўшлиқни моддий бойликка ҳирс қўйиш билан тўлдирган кишилар учун ота-она ва ака-укалар ўртасида меҳр-оқибат ришталари узилса ҳам, бойликка эришиш, мерос талашиш одатий нарса. Яна бир хатар эса айрим ёшларнинг яшаш тарзида, кундалик юриш-туришида, гапиришида, ҳатто фикрлаш даражасида ҳам миллий менталитетимизга ёт бўлган унсурларга тақлид қилишларидадир. Ахир, бизнинг шарқона маданиятимиз кўп жиҳатдан ўз афзалликларига эга-ку.

Минг афсуски, кўпгина ёшлар гўёки интернетсиз ҳаёт йўқ деб билишмоқда.

Маълумотларга кўра, Россия Федера­циясининг Екатеринбург шаҳридаги маҳаллий компьютер ўйинлари шохобчаларининг бирида 12 соат компьютер монитори қаршисида ўтирган мактаб ўқувчиси шифохонага ҳушсиз ҳолда келтирилади ва кучли инсульт хуружи боис оламдан ўтади. Шифокорларнинг фик­рича, бу фожиага боланинг виртуал оламдаги “махлуқлар” билан “жанг қилиш”га ҳаддан ортиқ даражада киришиб кетгани сабаб бўлган.

Мана, компьютер ўйинларига муккасидан кетишнинг айрим оқибатлари. Бундан англаш мумкинки, электрон ўйинлар қуршовида қолган бола фикрлаш қобилиятини аста-секин йўқотиб боради.

Таниқли адиб Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романидаги манқурт атамасини яхши биласиз. Бу атама илк бора шу асарда тилга олинган бўлиб, асарда унинг замонавий ва тарихий тимсоллари икки шахс, яъни Собитжон ва Жўломон образлари орқали очиб берилади.

Хўш у нима дегани?

Машҳур адибнинг айтишига кўра, асирга тушган тутқуннинг сочини қиртишлаб олиб ташлаб, унинг бошига ҳозиргина сўйилган туянинг бўйин териси кийдирилган. Шундан сўнг унинг қўл-оёғи боғланиб, бошини ерга теккиза олмаслиги учун бўйнига каттакон тахтакач кийдирилган ва шу аҳволда бир неча кун чўлнинг ўртасига ташлаб қўйилган. Саҳронинг аёвсиз қуёши остида туянинг териси қотиб, тиришиб, бечора тутқуннинг бошини сиқа бошлар, унинг тикандек ўса бошлаган сочлари терисига қадалиб, мисли кўрилмаган оғриқ берар, бунинг устига, ташналик азоби чидаб бўлмас қийноққа солар эди. Маълум вақт ўтгач, тутқун ўлиб кетар ёки хотирасидан буткул маҳрум бўлиб, итоаткор қулга айланиб қолар эди. Иродасиз, хўжайинига итдек итоаткор манқурт қуллар оддий қуллардан бир неча баравар қиммат турар эди.

“Асрга татигулик кун” романида найман уруғидан чиққан Дўнанбойнинг ўғли, мерган йигит Жўломон жуанжуанларнинг қўлига асир тушиб қолиб, манқуртга айлантирилади. Фарзанд доғида куйиб адо бўлган Найман она узоқ қидириб юриб, ахийри жигаргўшасини топади. Бироқ манқурт ўғил уни танимайди. Таниш у ёқда турсин, манқурт ўзининг мерган қўллари билан хўжайинларининг буйруғини адо этиб, камон ўқини ўз онасининг юрагига бехато уради…

Худди шу каби инсоний туйғуларидан ‎мосуво бўлган, ҳатто отасининг майитини қаерга кўмиш кераклигига бефарқ бўлган ‎ҳолда, қабр учун танланган маконга беписандларча қараган онгли Собитжон янги замон ‎манқурти сифатида тасвирланади.

Шундан сўнг бу атама кўчма маънода ўз тарихини, наслини, ўзининг томирларини унутган кишига нисбатан ҳам ишлатиладиган бўлди. Биз бугун ана шундай замонавий манқуртларни ён-атрофимизда, турли хил ижтимоий тармоқлар: “Facebook”, “Telegram”, “TikTok”, “Instagram” каби бир қатор алоқа воситаларида кўргандек бўлаверамиз.

…Тўқсон билан юзлашган бувим бўлар эдилар. Раҳматли жуда дуогўй кампир эди. Кунларнинг бирида катта бобомизнинг қабр­ларини зиёрат қилиш учун қишлоқ мозорига бордик. Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан яқиндагина ободонлаштирилган қабристон шунақа чиройли таъмир қилинган, кираверишдаги йўлакнинг икки томонига райҳон, атиргул, қоқигул каби турли-туман гуллар экиб чиқилган эди. Кичик-кичик устунларга тахтачалар осилиб, уларга ҳаёт, ўлим ҳақида таъсирли ҳикматлар, инсонлар савобли ишларни кўпроқ қилиши кераклиги ҳақида ҳадислар битилган экан.

Манзарадан кўзлари қувнаган бувижоним усталар ва ташкилотчиларнинг ҳақларига дуо қилди. Мозорбошини чақириб миннатдорчилик билдирди. “Раҳмат сенга, Шоқосим, ўтганларнинг руҳи мададкор бўлсин, савобли ишларингнинг ажрини кўргин”, дедилар.

Аммо энди мозордан қайтамиз деб турсак, бир ҳолат бизнинг, айниқса, бувимнинг таъбини анчагина хира қилди. Биздан озгина нарироқда икки ёш қиз ва йигит қайсидир яқинини зиёрат қилиш учун келган экан. Қизнинг бошида на рўмол бор, на кийиб олган кўйлаги талабга жавоб берарди, тиззадан юқорида. Йигитни эса айтмаса ҳам бўлади: тиззалари йиртиқ шим кийган ва қўлларига татуировка тортилган. Одоб юзасидан ёпиқроқ кийим ҳам ташлаб олишмаган. Устига-устак, икки дона гулни ҳали мозорнинг бош тарафига, ҳали оёқ томонига қўйиб, ўзларини видеога олишяпти.

Табиатан ориятли, бундай ҳолатга жим қараб турмайдиган бувим иккисини ҳам олдиларига чақирдилар. Мозордан ташқарига олиб чиқиб, роса гапирдилар. Қиз ўзимизнинг қиш­лоқдан бўлиб, бундан бир неча йиллар олдин шаҳарга ўқишга кириб, ўша ерда қолган, ота-онаси эса четга ишлагани кетиб, беш йилдан буён келмас экан. Йигитнинг кимлиги номаълум. Бўлажак турмуш ўртоғи бўлса керак-да, унга “кимсан, нима қилиб юрибсан?” деб ҳам гапирмадилар. Фақатгина: “Эркак кишида ғурур бўлиши керак, ёки уни ҳам ёшлигингда устага бериб юборганмисан? Эсиз…” дедилар, холос.

— “Шаҳар кўрган эчкидан қўрқ”, деган нақл бор, болам. Туппа-тузук оиланинг фарзанди бўлсанг, ҳа, хўп, бобонгни зиёрат қилиш учун келибсанлар, расмга тушишга, видеога олишга бало борми? Тинчгина тиловатингни қилиб, одоб билан қабр атрофини тозалаб, ўт-ўланлари бўлса, юлиб ташлаб кетаверсанг бўлмайдими? — дея танбеҳ бера бошладилар бувим.

— Ота-онамизга жўнатмоқчи эдик. Шунинг учун видеога олдик. Бунинг нимаси ёмон, тавба? — дея қиз бувимга энсасини қотириб лабини бурди.

— Ундай бўлса, эртага эрга тегаётганингда ҳам никоҳдан ўтиш кунингни шу ерда ўтказиб, ота-онангга жўнатиб юбор, қизим. Эсиз, увол тарбия. Ўтганларнинг хотираси ҳурмати, бу ишларинг яхши эмас. Бу ҳолатга шаҳарда қандай қаралади, билмадим-у, бизнинг қишлоқда бунга йўл қўйилмайди. Шунча йил институтда сенга билим беришибди-ю, тарбия беришмабди-да, — дея ортларига бурилиб уйга жўнадилар бувим.

Шу куни бувим уйдан ташқарига чиқмадилар. Чуқургина хўрсиниб, бир нималар дер, олдиларига кирсак, жим бўлиб қолар эди. Бувим қишлоқнинг кайвони оналаридан бўлиб, деярли ҳар бир оила улар билан бамаслаҳат иш қилар эди. Қишлоқда сўзини икки қилган, гап қайтарган одамни кўрмаганман.

Биз қандай жамиятда яшаяпмизки, Навоийнинг ҳайкалини мазах қилишса,  Бобур ҳайкалининг қўлига пицца тутқазишса, Амир Темур ҳайкали олдида иккита такасалтанг қиз бир-бирининг устига чиқиб селфи қилса-ю, қаттиқроқ жазо қўлланилмаса! Дунёнинг бир неча мамлакатларида Навоий бобомизга ҳайкал ўрнатилиб (Боку, Москва, Шанхай, Токио), буюк шоир ижоди кенг тарғиб қилиниб, ўрганилиб келинаётган бир паллада бу не кўргилик бўлди? Гўёки атрофда ҳамма ақлли, ҳамма ўзидан файласуф ясаб олган-у, уларга барча нарсалар мумкиндек. Ҳаттоки ота-боболар шаъни, қадр-қиммати, пок руҳлари оёқости қилинса-да, биз икки оғиз кечирим билан унутиб юбораверсак!

Айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг тилка-пора бўлади. Ўзинг тенги ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали сохта обрў топаман, лайкларимнинг сонини кўпайтираман, “Tik-Tok”да юлдуз бўламан” дея ҳаттоки онасининг ёки бувисининг юзини торт билан уриб бежаса, қайсидир тарбиясиз “онамни ўлдираман” деб валақлаб чиқса, нега бунга бефарқ, жим ўтирибмиз? Бугун дунёда ёшлар замонавий роботлар, инновацион янгиликлар қилиб, халқаро медаллар олиб, давлат шаънини ҳимоя қилиб юрган пайтда бизда айрим ёшлар минг йиллик қадриятларимизга беписанд қараб, кўнгли тусаган номақбул ишларни қилиб юрса…

Биласиз, оилада қўрғон мустаҳкам бўлмас экан, оила аталмиш қалъадан гулу райҳонлар эмас, бутун борлиқни эгаллаб нафасни сиқадиган зарпечаклар униши ҳеч гап эмас. Шундай экан, турмуш ташвишлари-ю арзимас сабаблар туфайли жамиятдаги қўрғонлар емирилиб кетмаслиги керак. Зеро, бу юраклари Ватан дея уриб турган ҳар бир ватандошимизнинг бурчидир…

Албатта, ҳар томонлама тўкис, билимдон, ҳамма ҳавас қилса арзийдиган маънавиятли, маърифатли ёшлар кўп. Улар илм-фанда ҳам, маданият ва спортда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ўрнак, намуна бўлишмоқда. Ота-­оналарига, маҳалла аҳлига раҳмат олиб келишмоқда. Аммо юқоридаги ўйлар, мушоҳадаларга сабабчи бўлган тенгдошларимиз ҳам кам эмас. Улар жамиятимизнинг дарди, ҳар бир зиёлининг дардига айланиши керак. Зеро, бизнинг миллат улуғ қадриятларга, буюк маънавий илдизларга эга миллатдир. Унга муносиб бўлмоқ ҳам фарз, ҳам қарздир. Ният шуки, элимизнинг орасидан норасолар чиқмасин, фақат яхшилар чиқсин!

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − five =