Маънавий юксалишнинг янги марраси

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ҳамда натижалар асосида ишлаб чиқилган, яқин етти йилда мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва унда кўзланган мақсадларни амалга ошириш нафақат қонунларимизни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни юксалтириш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, балки маънавият жабҳасида ҳам амалий ишларимизни такомиллаштириб, бугунги кун талабларига мослаштириш, соғлом маънавий руҳият такомилини янги сифат босқичига кўтаришни талаб қилмоқда.

Ўтган йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илгари сурилган илғор фикр ва ҳаётчан ғоялар, мамлакатимиз маънавий ҳаёти учун кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди, айниқса, таълим-тарбия соҳаси вакилларини янада руҳлантирди.

Мазкур тарихий йиғилишда Давлатимиз раҳбари юртимизда маданият, санъат, ижод, маънавият ва маърифат соҳаларидаги барча муҳим масалаларни таҳлил қилиб, конструктив ечим ва таклифларни илгари сурди. Жумладан, Президентимиз башарият маънавий олами мураккаб инқирозларни бошдан кечираётгани, азалий инсоний қадриятлар қайта баҳоланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Жаҳондаги куч ва ақл марказлари туб мақсадларидан оғиб, “юмшоқ куч” воситалари орқали дунёнинг турли нуқталарида қарама-қаршилик ва кескинликларни авж олдирмоқдаки, бу минтақамиз ҳамда мамлакатимизнинг барча фуқароларидан теран фикрлаш ва маънавий ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.

“Инсон қадри учун” ғояси ва “инсон – жамият – давлат” тамойилини ўзида мужассам этган янгиланган Конституциямиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда хизмат қилмоқда. Айниқса, конституцияда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этишда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси жамиятимизнинг етакчи драйверига айланади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромад миқдорини эса ўртача 4 минг долларга етказишни режа қилганмиз”. Стратегиянинг амалий натижалари яқин келажакда халқимиз ҳаётида, турмуши ҳамда дастурхонида ўз аксини топиб, уларнинг ҳаётий мўлжаллари ойдинлашиб, юртга дахлдорлик ҳисси юксалишига хизмат қилади.

Барчамизга маълумки, юртимиз жаҳон тамаддун силсиласида ўз нуфузи ва вазни билан ажралиб туради. Муқаддас заминимизда камол топган илм-фан дарғалари, дину диёнат алломаларининг бой маънавий мероси жамиятимиз равнақининг тагзамини бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун ана ўша силсиланинг бардавомлиги учун замин, ана шундай улуғ зотларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароит яратилмоқда. Айниқса, бугунги ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда ёшларимизда миллий қадриятларимиз ҳамда буюк аждодларимиз, улуғ алломаларимиз, фан, адабиёт ва санъат намояндалари томонидан яратилган хазинадан самарали фойдаланиш, унинг бебаҳолигини англаш ва ҳис қилиш кўникмаларини шакллантириш ва ривож­лантириш ҳар доимгидан долзарблик касб этмоқда. Ваҳоланки, шу орқали озод Ватанимиз эртанги куни ворисларида миллий ғурур, ифтихор туйғуларини ривожлантиришга, уларни маънавий етукликка етаклашга, интилиш ва изланишлар учун қанот бахш этишга эришамиз.

Миллатнинг маънавий қиёфаси, албатта, унинг илмли, салоҳиятли, заковатли халқи, ёшлари билан ўлчанади. Айниқса, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу борада ишларимизни тизимли йўлга қўйишимиз лозим, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга дахлдорлик, юксак фуқаролик позициясини шакллантиришда амалий ишларга киришишни кечиктирмаслик айни ҳақиқат.

Турли ахборот тармоқлари орқали, асосан, четдан, баъзан ҳатто, мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, зўравонликка, миллий ўзлигини, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларини йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда зўравонлик ва турфа радикал қарашларни тарқатиш орқали жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлаётганига Юртбошимиз алоҳида урғу бериб, бундай вазиятда жамиятимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш, конфессиялараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарининг “Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган сўзлари ўзини шу юртнинг фарзанди деб билган ҳар бир зиёлининг шиори, фаолият дас­турига айланиши орқали янада фаол бўлишга, жамиятда бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишда намоён бўлишига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда, бузғунчи мафкураларга қарши иммунитетни шакллантиришда, ҳуқуқий саводхонлик ва ижтимоий жавобгарлик ҳиссини оширишда, тинчлик ва бағрикенг­лик муҳитини мустаҳкамлашда янада фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирди. Зеро, маънавият, миллий анъана ва қадриятларсиз, маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир мамлакат ўзи кўзлаган натижага эриша олмайди.

Тил – миллий қадриятларни бирлаштириб, туташтириб, намоён этиб турувчи энг мустаҳкам занжир, бой ва чексиз маънавий хазина. Миллий тилга эътибор ва эҳтиром миллатсеварлик, ватанпарварлик, олийжанобликнинг ёрқин ифодасидир. Миллий тил – миллий урф-одат, қадриятларни, миллий маънавий мерос-манбаларни билиш, ўзлаштириш, етказиб бериш, тарғиб этишда, ўзликни англаш, англатишда бирламчи восита. Буни чуқур англаган Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки дамларидан миллий ўзбек тилимизнинг юксалишига эътиборни кучайтирди, унинг халқаро нуфузини оширишга доир залворли қадамлар ташланди, унинг мантиқий давоми сифатида мазкур йиғилишда ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга  алоҳида урғу берилди. Қувонарлиси шуки, “ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши каби таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ёшларимизда фахр ва ифтихор туйғусининг янада ривожланишига, ўзбек тилимиз қадр-қимматининг ошишига, жозибадорлигига, унинг жаҳон тиллари ўртасида нуфузи ва обрўси ошишига хизмат қилади.

Башар заковати дурдоналарини ўзида жам этган китоблар инсоннинг баркамол шахс бўлиб шаклланишида беназир манба бўлиб хизмат қилиши ҳаммамизга маълум. Китоблар инсоннинг онгу тафаккурини бойитади, руҳини юксалтиради, ҳаётдан завқ олиб яшашга ўргатади. Адабиётга ва илмга муштоқ инсонлар ножўя ҳаракатлардан тийилади, бунёдкорлик манзиллари томон ҳамиша собит қадам ташлайди. Шу боис юртимизда халқимизнинг мутолаа маданиятини кучайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилди ва кўрил­япти. Йиғилишда айтилганидек, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Яқин келажакда миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кўп минг нусхаларда чоп қилиш ва кутубхоналарга етказиб бериш чоралари кўрилиши, ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилиши, нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга барча солиқ турларидан озод этилиши, таржима санъатини ривожлантириш, меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис қилиниши, бу соҳаларни янги сифат босқичига кўтариб, миллатимиз маънавий юксалиш йўлида янги саҳифа бўлади.

Шубҳасизки, ҳар қайси давр ва маконда маънавий тараққиётсиз эзгулик мақсадига эришиб бўлмайди. Шу мақсад йўлида миллат ойдинлари халқимиз қалбида Ватанга меҳр ва мустаҳкам ишонч, тинч ва фаровон ҳаёт қуришга интилиш, одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, яқинлик, дўсту биродарлик туйғуларини янада ошириши каби мақсадларни шакллантиришда фидокорлик, жонкуярлик намуналарини кўрсатмоғи керак.

Садоқат СИДДИҚОВА,

Бухоро муҳандислик-технология институти ректори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =