Газета тарқатишда ҳам “МАҲАЛЛАБАЙ” тизими йўлга қўйилса…

Газета ўқисак…

…Қишлоққа бордим. Ота ҳовлимизнинг кириш дарвозаси эшигида почта қутиси бор. Укам ўшани олиб ташламоқчи бўлиб турган экан. Ҳовлиқиб сўрадим:

— Нима қиляпсан?

— Шуни олиб ташламоқчиман!

— Нега?

— Барибир неча йиллардан бери бу қути бўш турибди-ку. Энди почтачи газета-журналлар олиб келмаса…

— Газета-журналлар келиши учун уларга обуна бўлиш керак. Обуна бўлганмисан?

— Йўқ.

— Обуна бўлмасанг, ким олиб келади?

— Э, обуна бўлсак ҳам почта олиб келмайди…

— Укажон, барибир тегинма. Бу почта қутиси менга болалигимни эслатади…

 

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча соҳалар ривожи учун сервис хизматларини яхшилаш лозимлигини таъкидлаб келмоқда. Сервис хизматлари инсоннинг фақатгина маиший, тиббий, диний эҳтиёжларини қондириш эмас, одамларнинг маънавий савиясини юксалтиришга ёрдам берадиган жараёнларни вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳам демакдир. Бу нарса халқимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш учун хизмат қиладиган вақтли газета-журналлар обунаси ва уларнинг жойларга етиб бориши учун ҳам дахлдордир. Бу эса ижтимоий ҳаётнинг, ижтимоий онгнинг янада ривожига хизмат қилади. Қандай қилиб?

Бугун вақтли нашрларга обуна масаласида кўмак берувчи “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий бўлимлари, “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компа­нияси ва умуман соҳага хизмат қилувчи, кўмаклашувчи ташкилотларнинг бу борада аҳолига хизматларини ижобий дея олмаймиз. Улар фақатгина давлат ташкилотлари ва корхоналарининг вақтли нашрларга обуна бўлишларини ташкил этиш билан чекланмоқда. Чунки уларнинг газета-журналларга обуна бўлишларига маблағ ажратилган. Кўринадики, бирор муассасада ишлайдиган одамларгина вақтли нашрлар ҳақида тушунчага эга. Шунда ҳам фақат иш фаолиятига оид газета-журналлар атиги бир донадан бир неча ўнлаб ёки юзлаб ходимлари бор муассасага келади. Уларни эса барча ходимлар ўқишига кафолат ҳам, имконият ҳам йўқ.

Газета ўқитсак…

Бугун юртимизда “Хонадонбай”, “Маҳаллабай”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ишлаш тизимлари Юртбошимиз томонидан алоҳида назоратга олинганлиги бежиз эмас. Тасаввур қилайлик, чекка туман ва қишлоқларимиз маҳаллаларининг бугунги қиёфаси замонавий шаҳарлар билан таққосланмоқда. Бироқ хонадонлар ва маҳаллаларнинг ободлиги инсон маънавий қиёфасида ҳам акс этса, нур устига нур бўларди.

Фуқаролар билан суҳбат жараёнида шу нарса ойдинлашдики, одамлар мутолаа қилишлари учун газета-журналлар керак. Улар ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликлардан чарчади, кибержиноятларга қарши кураш чораларини топа олмай ҳалак. Халқимиз тўғри, аниқ, ишончли, таҳлилий маълумотларга, ўқиш­ли нашрларга чанқоқ.

“Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, — деди муҳтарам Президентимиз куни кеча бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида. Фақат буни тўғри тушунтириш лозим.

Шундай экан, ҳар бир маҳаллаларимизда вақтли нашрлар савдоси билан шуғулланадиган енгил конструкцияли “Матбуот” дўконларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу дўконларни солиқдан озод этиб, аҳоли ўқиши муҳим бўлган республика ва маҳаллий нашрларни арзон нархларда хонадонбай етказиб бериш шарти билан келишув асосида иш билан таъминлаш мумкин эмасми? Масалан, ҳафтада бир марта чоп этиладиган “Янги Сирдарё” газетасининг 2024 йил учун йиллик обуна баҳоси 603 000 сўмни ташкил этади. Буни 52 ҳафтага бўлсак, 11 596 сўм 15 тийинга тўғри келади. Маҳаллаларда ташкил этиладиган “Матбуот” дўконларида газета фуқароларга эркин нархда, айтайлик, ўртача 5-6 минг сўмдан сотилиши мақсадга мувофиқ бўлур эди. Буни тажриба ўтказиш асносида одамларнинг газеталар учун йиллик обунадан кўра, кундалик арзон нархда сотиб олиши қулай бўлгани учун ҳам шундай йўл тутилса яхши бўларди. Фақат уларга газеталарни ўз вақтида, тизимли равишда етказиб бериш чораларини кўриш керак. Одамлар газеталарни арзон нархда сотиб олиши натижасида уларнинг ададлари сони ортади. Бу эса газеталарнинг таннархи яна тушишига олиб келади. Ўз навбатида бугунги кунда ўзи иқтисодий танг аҳволга келиб қолган таҳририятлар “Қўшимча қиймат солиғи”дан озод қилинса. Бу ҳам газеталарнинг таннархи янада арзонлашувига олиб келади. Бундан ҳам жамият, ҳам давлат манфаат топади.

Газета ўқилса…

Республикамиз миқёсида бугунги кунда муассислари катта имкониятларга эга, яъни пули бор тизимларнинг нашрлари бўлган “Ишонч” 35 мингдан зиёд нусхада, “Постда” — “На пос­­ту” газеталари эса қарийб 50 минг ададда чоп этилмоқда. Бундай газеталар фақатгина соҳа вакиллари учун. Ҳатто ҳукумат газеталарига ҳам бу нусхада обуна ташкил қилинмайди. Тўғри, йилнинг кейинги ойларидан бир кунда 50-60 минг нусха тираж қўшиладиган ҳолатлар ҳам бор. Аммо бу тизимли равишда обуна ишларининг йўлга қўйилганини билдирмайди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ва айрим вилоятлар кесимида газеталарнинг 2024 йил бошида қуйидаги ададларда нашр этилаётганига эътибор қаратайлик:

“Эркин Қорақалпоғистон” газетаси — 899 нусхада ;

“Вести Каракалпакстана” — 216 ;

“Қорақалпоғистон маданияти” — 1300;

“Янги Сирдарё” — 1500;

“Новая Сырдарья” — 500.

“Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталарининг дастлабки нашрларида адади кўрсатилмаганлигига қараганда, кўз-кўз қиладиган даражада эмаслиги аниқ. Биз таҳририят билан боғланмоқчи бўлдик. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Ўйлаб кўрайлик, аслида, 2 миллиондан ортиқ аҳолига эга Қорақалпоғистон Республикаси учун агарда обуна кўрсаткичи ўртача 1 фоизни ташкил этганида ҳам газеталари 20 000 ададда чоп этилиши керак эди. Ёки қарийб бир миллион нафар аҳоли истиқомат қиладиган Сирдарё вилояти халқининг 1 фоизи газеталар билан таъминланганда ҳам юқоридагидек ачинарли рақам акс этмаган бўлур эди. Ёки бугун 4 мингдан сал зиёд нусхада чиқаётган  “Hurriyat” газетасини ҳам  фақатгина ўзини зиёли ҳисобламиш кишилар обуна бўлгани таассуфланарлидир. Наҳотки, мамлакат миқёсида 40-50 минг нафар газета ўқийдиган одам топилмаса?!

Бугун минг афсуслар бўлсинки, миллионлаб хонадонларга газета ва журналлар умуман бормаётганига анча йиллар бўлди. Шу боис “почта қути”лари ҳам осиғлик хонадонлар қолмади ҳисоб.

Нега дейсизми?

Албатта, бугун телефон, интернет бор бўлса, “Газета нега керак?” деган саволлар ўртага ташланганига ажабланмаса ҳам бўлади. Шу ўринда ҳазил бўлса-да, эсга тушиб кетади. Ҳатто  баъзи бир ўзини психолог, руҳшунос, артист деб атагувчилар орасида “Эр нимага керак?” деб турганда, бу гапларга ҳам кулиб қў­йишдан ўзга илож йўқ, шекилли.

Энди сўзимизни жиддий давом эттирадиган бўлсак, 10 мингдан зиёд ўрта мактабларда таълим-тарбия олаётган ўқувчиларнинг то мактабни битириб кетгунларича ақалли бир нусха болалар нашрларини қўлига ушлаб кўрмай, таълим даргоҳини тамомлаб кетаётгани, улар камолга етаётган хонадонларга эса бирорта газета-журналлар бормаётганидан сўнг  “одамлар газета-журнал ўқимайди” деб нега хафа бўламиз?!

Ҳар бир ота-она фарзандларининг ўқишларини назорат қилиб турмаса, самарасиз ўйинга берилиб кетишлари шубҳасиз. Давлат ҳам фуқароларининг маънавий савиясини юксалтириш учун қайсидир маънода уларга шароит яратиб бериши лозим. Жамиятнинг маънавий онги ва давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар шундагина бир-бирига ҳамоҳанг бўлади.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =