Ҳожилар ўз мақомига муносиб бўлсалар…

— Ҳорманг, ҳожи ака.

— Саломат бўлинг.

— Тинчликми?

— Ҳамма уй ичида икки ёшга бахт тилаб, уларнинг порлоқ келажаги учун тилак айтиб, ўйин-кулги қилиб ўтирибди. Сиз бўлсангиз, меҳмонлар билан эмас, уй ташқарисида деразадан ҳожиларни кузатиб турибсиз.

— Биласизми, мен фақат ҳожиларни эмас, ҳамроҳларингиз — ўғлимнинг курсдошларини ҳам кузатмоқдаман. Улар ўтирган хонадаги суҳбатларни ҳам эшитдим. Энди айтинг, мана, сиз ўғлимнинг курсдошисиз. Ўртоғингизнинг шундай бахтли кунида унга эзгу тилак­лар айтиб, дўстларингиз билан унинг яхши хислат ва фазилатларини эслаб, бизнинг хонадонимизда ҳамиша яхши кунлар бўлишини тилаб, хуш кайфиятда ўтирибсизлар. Ўғлимнинг синф­дош дўстлари ўтирган хонада ҳам шу тахлит яхши ниятлар билдирилмоқда. Лекин менинг ҳожи дўстларим ўтирган жойда бундай гапларнинг ўрнига бош­қача ҳангома бўлаяпти. Улар, асосан, кимнинг ўғли олийгоҳга ўқишга кира олмагани, кимнинг оиласи нотинчлиги, кимнингдир иши юришмаётгани, кимдир учинчи бор умра зиёратига бориб келиб, “зиёфат” бермагани каби гап-сўзлар билан машғул. Улар учун эзгу фикрлардан кўра, кимнидир айблаш, кимнидир камситиш шунчалар муҳимми? Уларнинг ўзлари айб-нуқсонлардан холими? Ҳамнафас бўлиб юзма-юз ўтирган ёшлар уларга ҳавас билан қараб, амри маъруф даражасидаги ибратли, сермаъно фикрларни эшитишга орзуманд бўлиб ўтиришади. Лекин…

Гоҳо ўйланиб қоламан. Сўнгги вақтларда умра зиёратига бориб келганларга одамлар ўзларича “ҳожи” мақомини бериб мурожаат қилишлари урфга айланиб қолди. Аслида, умра бу — зиё­рат, суннат амаллардан бири, ҳаж эса ибодатдир.

Юртбошимиз томонидан бугун барча дин вакиллари учун ҳар қачонгидан қулай имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, мусулмонлар йил давомида умра зиёратига бориши, ҳар йили минглаб фуқаролар ҳаж амалларини бажариши ва бошқалар. Буларнинг барига шукур қилиб, умра зиёрати ва ҳажга бориб келган фуқароларимиз маънавият, маърифат ва маданият борасида бошқаларга ўрнак бўлишлари керак.

Яқинда бир вақтда ҳаж ибодатини бажариб келган ҳожи акаларнинг “ҳожи йиғин”ларида иштирок этдим. Ростини айтсам, бу йиғинни “тўқликка шўхлик” деб атаган бўлар эдим.

Айрим ҳожи акалардаги кибру ҳаво, бошқалардан ўзини бир поғона устун қўйиши, аччиқ бўлса-да, бор гап. Улар инсонларни ҳажга, умрага бормагани учун писанд қилмаслиги тўғрими? Табаррук жойларга қадамлари етган миллатдошларимизнинг савияси шунчалик паст даражадами? Ўзларини шундай тутишга уларнинг маънавий ҳақлари борми?

Бу ўринда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси таъсис конференциясида муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг қуйидаги фикрлари диққатга сазовор:

— Бугун умра зиёрати ва ҳажга бориб келиб, ортиқча риёга, дабдабага берилиб кетаётган юртдошларимиз ҳам учрамоқда. Бунинг ўрнига одамларга қўлимиздан келганча яхшилик, эзгулик қилишга интилсак, бор билим ва иқтидоримизни жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга сарфласак, хусусан, ёшлар таълимига сармоя, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак, ёшларимизнинг билиб-билмай нотўғри йўлларга кириб кетишларининг олдини олиш чоралари каби масалаларда маҳалла еттилигига кўмакчи бўлсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Жамият ҳаётида ютуқларимиз бисёр. Бироқ мавжуд ижтимоий-маиший муаммолардан кўз юма олмаймиз. Бу муаммоларни ҳал этишда кўпни кўрган, ҳам диний, ҳам дунёвий илмлардан бохабар бўлган ҳожиларимизнинг кўмаги ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Ушбу фикрлар “шу юрт фарзандиман”, деган ҳар бир кишини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Маҳаллалардаги ҳожилар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси таъсис Конференцияси иштирокчиларининг маҳаллалар фаолларига Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Менинг маҳаллам — менинг истиқболим — менинг тақдирим” тамойилини барча ёшдаги фуқаролар онгига сингдиришда жонбозлик кўрсатсалар, нур устига аъло нур бўлар эди. Бундан динимизнинг ҳам, маънавиятимизнинг ҳам нуфузи янада ортиб, ҳожиларимиз ўз мақомига муносиб бўлар эдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида айтган қуйидаги сўзлар ҳам барча юртдошларимизни, биринчи галда муқаддас зиёратларга бориб келаётган инсонларни огоҳликка, халқона айтганда инсофга чорлаши керак.

“Маълумки, кейинги йилларда ҳаж, умра зиёратларига кенг йўл очиляпти. Минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: ҳаж­га, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган ҳунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар албатта барчамизни ўйлантириши керак.”

Шундай экан, маърифатли халқимиз миллий қадриятларини эъзозлаши, ўзлигини англаши билан бир қаторда, уни ҳаётга татбиқ этиши жуда-жуда керак. Чунки гап билан иш бир бўлмаса, бари бекор.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + nineteen =