Илм йўли — саодат йўлидир

Глобаллашув бугунги замонавий дунёнинг асл қиёфасини белгилайдиган, сайёрадаги ҳаётнинг деярли барча қирраларига бевосита таъсир кўрсатадиган асосий тамойилларидан бирига айланиб улгурди. У мамлакатлар, ҳудудлар, инсонлар ҳаётини бошқармоқда ва сиёсат, иқтисод, ижтимоий ҳаёт, мафкура, маданият, хавфсизлик, экология, одамларнинг кундалик ҳаёт тарзига таъсир кўрсатмоқда.

Сўнгги даврда ахборот муҳитида глобаллашишнинг биринчи босқичи сифатида масс-медианинг мулкдорлар қўлида тўпланиши ҳокимият, жамият ва журналистика каби ўзаро боғлиқ бўлган учта таркибнинг одатдаги муносабатларига қатор ўзгаришларни киритди. Оммавий ахборот воситаларидаги фикрлар хилма-хиллигининг янада мустаҳкамланиши мамлакатимиз тараққиётининг демократик устувор йўналишларини шакллантираётганига қарамай, ҳали узоқ кутилган фикр эркинлигини таъминлаш йўлида қатор ишлар қилиниши галдаги вазифадир. Ҳозирги кунда мамлакатимиз оммавий медиасида фикрлашнинг қатъий, бир томонлама, истеъмолчиларга ҳолатларни бир ёқлама тушунтириш вазиятлари мавжуд. Шу билан бирга, яна бир муҳим савол биринчи ўринга чиқади: ахборот макони глобаллашаётган, технологик инновациялар таъсирида оммавий ахборот воситаларига турли агентликлар, интернет орқали катта ҳажмдаги маълумотлар кириб келаётган ҳозирги шароитда миллий журналис­тиканинг юзини сақлаб қолиш мумкинми?

Бугунги кунда катта авлод вакиллари бундан 30 йил аввал ҳар бир хонадонга камида беш-олти газета-журнал келгани, фуқаролар мамлакат ижтимоий ҳаётидаги барча ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаганлари, сиёсий онглари юқори бўлгани ҳақида кўп эслашади. Деярли эллик миллионлик ҳудудга ўз кўрсатувлари билан кириб борган ўзбек телевидениеси бугунги кунда техник имкониятлари яхшиланганига қарамай, тобора истеъмолдан чиқиб бораётгани, унинг ўрнини интернет эгаллаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, ҳозирги вақтда ўзбек телемакони фаолияти талабга жавоб бермаётгани, уларда бир томондан, замон шиддатидан йироқ, “эски қолип”даги, зерикарли, урфдан чиқиб бўлган, ҳеч бир мақсадларга хизмат қилмайдиган мавзулар, чекланган қаҳрамонлар, иккинчи томондан, халқимизнинг фикрлаши, урф-одатлари, миллий қадриятларини тамомила рад этадиган қараш ва ғоялар тарғиб қилинаётгани ҳам ҳақли равишда жамоатчиликни ташвишга солаётир.

Юқоридаги муаммолар ўз-ўзидан журналистика илми олдига ҳам қатор муаммоларни ҳал қилиш вазифасини қўяди. Ўзбекистон журналистика ва омма­вий коммуникациялар университетининг кенг қиррали илмий фаолиятида ҳам айни шу масалаларни илмий баҳолаш, муаммоларни таҳлил қилиш ва ечимлар излаш йўлидаги ҳаракатлар кўзга ташланади.

Мен ҳам шу университет докторантурасининг иккинчи босқичида таҳсил оламан. Ҳар гал курсдош­ларим билан учрашганимда, бу теран фикрли, мақсадлари йўлида кеча-ю кундуз ҳаракат қилаётган, кутубхоналар, шахсий ва давлат архивларидан топилган ҳар бир маълумотни синчиклаб ўрганиш орқали тарихга, ҳозирги кунга, медиа соҳасидаги жараёнларга холис баҳо бериш масъулиятини ўз бўйнига олганларига гувоҳ бўламан. “Ўзбекистонда сиёсий партияларни ривожлантиришда матбуотнинг ўрни” (Беҳзод АДИЗОВ), “Миллий телевидение фаолиятининг гендерология кесимида дискурсив таҳлили” (Гулноза КАРИМОВА), “XX аср охирида Ўзбекистон матбуотида демократлашув жараёнларининг акс этиши” (Дилноза УМАРОВА), “Ўзбекис­тонда ҳукумат билан алоқалар институтининг шаклланиши ҳамда бизнес ва ҳукумат алоқаларининг медиа муҳитда ёритилиши масалалари” (Муҳсина Рўзиева), “Информацион теледастурлар имижини шакллантириш” (Маҳфуза Мухторова), “Туризмни ривожлантиришда PR технологияларнинг қўлланилиши: хорижий тажриба ва миллий амалиёт” (Фаёза Аҳмедова), “Спортга ихтисослашган сайтларнинг лисоний хусусиятлари” (Ҳасанжон Олимов), “Ўзбекистонда радиобошловчиликнинг шаклланиши ва маҳорат масалалари” (Навфал Болтаев), “Замонавий медиада иқтисодий мавзуларда контент яратишнинг долзарб масалалари” (Умида Узоқова) сингари мавзулар устида иш олиб бораётган докторант курсдошларим томонидан ёзилаётган тадқиқотлар ҳадемай ўз натижасини беришига шубҳа йўқ.

Бугунги шароитларни кўриб, бундан йигирма йил аввал илмий фаолиятни бошлаган давримни эслайман. Аспирантурага кириш ниҳоятда қийин, у камдан-кам ҳоллардагина бериларди. Таълимнинг кўпгина босқичларида харажатлар мустақил тадқиқотчи томонидан қопланарди. Ҳаттоки оппонентлар илмий ишни ўқиб чиқишлари учун маблағ тадқиқотчи томонидан тўланар эди. Буларнинг баробарида телевидениеда фаолият олиб борарканман, ўз бўйнимга икки карра масъулият, оғирликни олганимни ҳали-ҳамон эслайман. Ҳимоядан кейин илмий фаолият олиб бориш, олий ўқув юртларидан дарс олишнинг ҳам сира иложи бўлмаган. Чунки ўша пайтда журналистикага ихтисослашган иккита олий ўқув юрти бўлиб, бу масканларда профессор-ўқитувчиларнинг сони ҳам етарли, ўзга кадрларга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Умуман олганда, мамлакатда илм аҳлига эътиборнинг ўзи ҳам ҳаминқадар эди. “Фан номзоди” сифатида кўпларнинг кўз ўнгида ўзим “эришган ютуғим” билан илм оламига қизиқиш эмас, ачиниш уйғотганимни ҳам ўкинч билан хотирлайман.

Университетдаги докторантура жараёнида ташкил этилган дарслар давомида таниқли олимлар, устозлар томонидан бугунги журналистика соҳасидаги замонавий тенденциялар, хориж тажрибалари, диссертацияни ёзишда қўлланиладиган услублар ҳақида давра суҳбатлари ташкил қилинаркан, уларнинг ҳар бири ёш тадқиқотчига жуда кўп билим ва кўникма беради. Агар бу мутахассис хорижлик бўлса ва у журналистикага ихтисослашган таълим масканларида фаолият юритса, айниқса, бундай олим билан учрашувнинг ўзига яраша фойдаси бўлакчадир. Асли Канада фуқароси бўлган, Қирғизистоннинг Алатооу университети профессори доктор Ниведита дас Кунди билан учрашувда ҳаммуаллифликда мақола тайёрлаш, халқаро илмий журналларда нашр этиш кўникмаларини олганимиз ёдимда. Филология фанлари доктори, профессор Ф.Мўминов, филология фанлари докторлари И.Исмаилова, Ҳ.Саидов билан ўтказилган давра суҳбатлари ҳам тадқиқотчилар томонидан илиқ қарши олинди.

Агар дастлабки йиллар беш нафардан фалсафа доктори (PhD) тайёрланган бўлса, ўтган йили 15 нафар илм толиби ўзларининг фалсафа доктори (PhD) диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Нозима Муратова ва Фаррух Олимовлар журналистика соҳасида фан доктори илмий унвонига эга бўлдилар. Университет илмий кенгаши ўзига хос нуфузга эга бўлаётганини Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университетида илмий фаолият олиб бораётган тадқиқотчиларнинг ўз тадқиқотларини шу масканда ҳимоя қилаётганларида ҳам кўриш мумкин.

Илмий бўлимда, университетда муҳит шундай яратилганки, кимдир осон бўлмаган жараёнларда бирон муаммога дуч келса, дарров бунга ечим топишга, унга ёрдам беришга, муаммони бартараф қилишга ҳаракатлар қилинади. Булар яқин орада яна ўз натижаларини беришига шубҳа йўқ.

Илмира РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети докторанти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 11 =