Ҳали ҳам кеч эмас!

Дунё журналистикасининг тамал тоши ҳисобланган газета тушунчасига ортиқча изоҳнинг кераги йўқ. Мен шартли равишда дунё журналистикаси, деб атадим. Аслида, бутун инсоният тафаккурининг намойиши қадим-қадимдан айнан қоғозда акс этган. Кейинчалик ана шу қоғозлар шакл-шамойили такомиллашиб, биз бугунги кунда газета деб атайдиган мўъжизага айлангани ҳам жуда катта сир эмас (китоб ҳам ана шундай мўъжиза, албатта.

Тарихда давлат ва жамият муносабатлари газетанинг ибтидоий ҳолатида “фалон давлатда бу мана бундоқ қоғоз кўринишда баён қилинган, фалон давлатда эса мана бундоқ баён қилинган”, дея кундай равшан ҳақиқатни ёқа йиртиб исботлашга тоқатим йўқ. Аммо газета нима учун бизга кераклиги ҳақидаги ўз мулоҳазаларимни билдирдим.

Яқин тарихнинг ўша маълум ва машҳур даври, яъни “мажбурий обуна”нинг бекор қилиниши кимга тўй, кимга аза бўлди. Сон-саноғи йўқ нашрларга обуна бўлишдан қутулган бюджет ташкилотлари ходимлари учун бу жараённинг бошланиши чинакам байрамга айланган бўлса, газета чиқаришни “бизнес”га айлантириб юборган, мақсад одамларга илм, зиё, маърифат улашиш эмас, фақат тирикчилик бўлган ва “бўйни йўғонлашиб кетган” айрим муассису муҳаррирларимизга кулфатга айланди. Минг афсуслар бўлсинки, умрини журналистикага тиккан фидойи ижод аҳли ва даврий нашрдан ўзига керакли маълумотни ўзига керакли вақтда топишга ўрганган зиёлилар, қў­йингки, оддий халққа эса жабр бўлди.

Қанчалар аччиқ бўлмасин, тўғриси, шундай бўлиши ҳам керак эди. Чунки пичоқ бориб суякка етганди. Ўша пайтлари шапалоқдеккина ойлиги ёки пенсиясининг катта қисмини, яна такрор бўлса ҳам айтаман, сон-саноқсиз ва бўлган-бўлмаган нашрлар обунасига “қурбон қилган” одамлар чиндан ҳам куппа-кундузи амалга ошириладиган бу “талончиликдан” жуда қаттиқ чарчаган эдилар.

Инсонларнинг ҳалол пешона терини таҳририятлар орқали олғирона йиғиб олишга ўрганган нашрларни тарқатувчи ташкилотлар ана шу маблағларни муттасил “туя” қилиб келганликлари оқибатида газеталар узоқ йиллар давомида обуначиларга етиб бормаган. Халқни бундай услубда “шилиш” йўлида етказиб берувчиларга шерик бўлган ўша биз айтган “бўйни йўғон” муассису муҳаррирлар ҳам йўқ эмасди, албатта.

Табиийки, пулини тўлаб, маҳсулот, яъни газета-журнални олмагандан кейин одамларнинг ҳам босма нашрларга бўлган қизиқиши ва ишончи сўниб борди. Ва ниҳоят, ўша кучли “чақнаш” рўй берди. Бу ҳолат эса анъанавий журналистиканинг муҳим минбари бўлган босма нашрларнинг тақдирини деярли ҳал қилувчи “ҳукм”га айланди.

Ҳар йили обунасини ташкиллаштиришда ёрдам беришни сўраб, “узун-калта” бўлиб, эшигини тақиллатиб келишларидан безиллаб қолган маҳаллий ҳокимлик­лар учун эса бу “ислоҳ” жуда ёқиб тушди.

Катта-кичик идораларнинг илтимосларидан ҳам қулоқлар бироз тинчиди. Фуқаролар эса “ажаб бўпти”, — дея ойлик маошлари ва пенсияларини тўлиқ олаётганларидан хурсанд бўла бошлашди. Ҳаммаси яхши, жуда яхши… бироқ… ростдан ҳам шундай бўлдими? Афсус­ки, йўқ!

Биз бир муаммодан шу йўл билан қутуламиз, деб хурсанд бўлдик. Лекин бошқа бир жиддийроқ муаммога юз тутдик. Кекса-ю ёшни кимларнингдир айби билан газета ўқишдан мосуво этиб, уларни ёппасига интернет деб аталмиш тубсизликка ўз қўлларимиз билан итариб юбордик.

Бугун 70-80 ёшли нуроний отахон ва онахонлар ҳам қўлига газета олиб, мушоҳадали бир мақолани ўқимайдилар, балки миш-мишлар гирдобига айланган ижтимоий тармоққа қулоқларигача ботганлар. Ёки қайси телеканалга олсангиз ҳам ўзбек хонадонида абадий тугамайдиган қайнона-келин, эр ва хотин, жиққамушт қудалар-у жигарлар можароси “чайналган” сериаллардан кўз ва миялар бўшамайди. Худдики бу миллатнинг бор ҳаёти мана шу мавзулардан иборатдай.

Эришганимиз шу бўлдики, бугун бобоси-ю бувисининг телефон ва телевизорга мўлтираб ўтиришидан ибрат олаётган фарзандлар-у набиралар ҳам энди ёши катталарнинг “қўлингдаги телефонингни қўй”, деган танбеҳларига қулоқ солмай қўйишди. Бўлмасам-чи! Ўша машҳур мақол ҳали ҳам эскиргани йўқ: “Қуш уясида кўрганини қилади”…

Пайдо бўлган муаммо фақат шундами? Афсуски, яна йўқ!

Ҳозирги кунда ҳам ёш олимлар, тадқиқотчилар, қўйингки, кенг омма вакиллари ўзларига зарур маълумотларни олиш учун ахборот-кутубхона марказларида газеталарнинг ўн йиллик ва ҳатто юз йиллик тахламларини варақламоқдалар. Газеталардан мосуво бўлаётганимизнинг яна бир энг хавфли жиҳати шундаки, 10-20 йилдан кейин келажак авлод бугунги ҳаётимиз, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, жамиятдаги муҳит тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни қаердан олишади? Интернетданми? Сайтларданми?

Ёдимда бор, ўтган йили муҳим бир маълумот зарур бўлиб, қайсидир газетанинг 1990-йиллардаги бир сонини катта-кичик раҳбарлар роса қидиришган эди. Шахсан ўзимга ҳам телефон қўнғироқлари бўлиб, ана шу газетани топишга ёрдам беришимни сўраб мурожаат қилишган.

Шу ўринда инкор этиб бўлмас, қизиқ бир далилни айтаман: телевидение ва радиода эфирга узатилган ҳар қандай материал унинг аҳамиятидан келиб чиқиб, ўша телерадиоканал архивида сақланади. Бу соҳанинг икир-чикирларини яхши билганим учун бир нарсани аниқ айта оламан — ҳар қандай одам ҳам бу масканга кириб, ўзи истаган архив материалини топиши ва ундан фойдаланиши мушкул иш.

Ёки тегишли калит сўзни қўйиб, қидирувга берсак, зарур маълумотни бир зумда топиб берадиган интернетдаги маълумотлар ҳар доим ҳам ишончли эмас. Тўлиқ ҳам бўлмайди. Зеро, бир қидирув натижасида бир неча вариантда сизиб чиқадиган маълумотларнинг қайси бири тўғри эканлигига бош қотиши табиий.

Энди газетанинг ижтимоий аҳамияти қанчалар муҳимлигини яна бир мисолда кўрсатиш мумкин. Ўзбекистоннинг бадиий адабиёт ва журналистика соҳасида танилган манаман деган ижодкорлари ҳам илк ижод намуналарини ўзларининг шаҳар, туман, вилоят ва ниҳоят, республика нашрларида чоп этишмаганми?! Кичиккина хабарчаси, тўрт қатор шеъри биринчи марта газета юзини кўрганда худди дунёни забт этгандай дўпписини осмонга отганлар бугунги дарғалар эмасми?! Илк ижодидан тетапоя қилиб, қаламининг чархланиб бориши, етук ижодкор сифатида шаклланишига беминнат хизмат қилган минбар шу — газета эмасми?!

Бу жараённинг яна бир узвий жиҳати шундаки, мактаб давриданоқ, онгида пайдо бўлган қарашларни, фикрларни эркин ёзма баён этишга, бу билан фақат ижодкор сифатида эмас, балки фаол фуқаро, шу юртга юраги куядиган шахс сифатида камол топишга хизмат қилган майдон ҳам шу — газета эди. Ана шундай зарур минбар, майдон эса бугун йўқолиш арафасида.

Замонамиз ёшлари орасида аввалги даврлардан фарқли равишда шоу-бизнес ёки санъат, маданият вакилларига эмас, балки телерадио бошловчилари ҳамда блогерларга тақлид қилишга интилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилмоқда. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда турли кўринишда намоён бўлиш, фикр билдириш ёки ҳаракатларни амалга ошириш орқали рўй бермоқда. Жараённинг хавфлилик даражаси шундаки, бу тоифадаги ёшлар тез машҳур бўлиш, эътиборга тушиш мақсадида миллий қадриятларимиз ва одоб-ахлоқ меъёрларига зид равишда контент тайёрлайдилар. Бу ҳаракатлар юзасидан билдирилган ҳар қандай фикр уларнинг “ижоди”га тўсқинлик сифатида қабул қилинади.

Ўз ўрнида уларда жамиятдан норозилик кайфияти, негатив позиция шакллана бошлайди. Газета эса аксинча, ёшларда позитив фикрлаш, ҳар бир сўзга масъулият билан ёндашиш мактабини ўтайди.

Гапнинг индаллоси, биз ҳам бир маҳаллар одамни зада қилган олди-қочди хабарлар, ўта сийқа, савиясиз, шоу-бизнес вакиллари ҳаётининг бир бўлагига айланган ёхуд ўта расмий кўринишдаги “газета”лар яна пайдо бўлиши тарафдори эмасмиз.

Орзуимиз — кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар, оддий одамлар минбари ва мушоҳада майдонига айланадиган, жамиятдаги ютуқ ва камчиликларни рўйирост ҳамда холис ёритадиган, таҳлил қиладиган газеталарга янги ҳаёт бағишлаш керак! Ва, албатта, ана шу мақсадларга сидқидилдан хизмат қиладиган фидойи журналистлар, қалам аҳли бирлашадиган таҳририятлар ҳам керак.

Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?, дейсизми? Таклиф шуки, мамлакатимиздаги ўз сўзига, нуфузига эга бўлган, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотларни тийран ёритаётган етакчи ва ўқишли газета-журналларни халққа қайтариш чорасини топмоқ керак. Бунинг учун не даркор?

Очиғи, айнан шу мавзуда кейинги 2-3 йил давомида “Hurriyat”, “Ишонч”, “Маърифат” сингари газеталар саҳифаларида ўта жўяли таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланган мақолалар эълон қилинди. Айтайлик, ҳеч бўлмаса ана шуларга эътибор қаратилса, олам гулистон!

Иброҳимжон ҲАЛИМБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =