Бугуннинг китоб(хон)и

“Такрор айтаман, тараққиёт ва юксалишга фақат илм, фақат таълим ва тарбия, фақат китоб орқали эришиш мумкин”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега зиёли қатлам ёшларнинг китоб ўқимаётганидан хавотирланади? Нега азал-азалдан китоб ўқиган, илмли кишилар қадрланган, катта режалар олдидан илм аҳлидан кенгаш сўралиб иш кўрилган? Ҳали китоб босиш кенг тарқалмаган кезларда донишманд, дунё кўрган кишилар шу мақомда бўлганлар.

Подшолару буюк алломалар, давлат арбоблари ҳам болаларини ёшликдан китобга ошно қилишга уринганлар. Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқа боболаримизни буюкликка етиштирган, шубҳасиз, китоб. Демак, китоб мутолааси инсонни бойитади, юксалтиради. Одамнинг улуғворлиги унинг бўйи билан ўлчанмаганидек, халқнинг улуғлиги ҳам унинг сони билан ўлчанмайди, ягона ўлчови — унинг ақлий камолоти ва ахлоқий баркамоллигидир.

Бир савияли китобни ўқиган киши ўзида янги дунёни кашф этади. Китобхон асарлар воситасида турфа одамлар психологияси, характер-хусусиятларини ўрганади. Шу боис ҳам у ҳаётда муҳим (фавқулодда) қарорлар қабул қилишда адашмайди. Англашиладики, зиёли кишилар ёш авлоднинг китоб ўқимаётганидан хавотирланиши замирида уларнинг катта ҳаёт остонасида адашмаслиги, пуч ғояларга учмаслиги, ўз фикри ва дунёқарашига эга бўлиш истаги ётади. Жадид бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, “Фикр агар яхши тарбият топса, ханжар, олмосдай ўткир бўлади”.

2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “Агар ҳозир “Қани, охирги бир ойда қайси театр­­га бордингиз, қандай янги китоб ўқидингиз?” деб сўрасам, ўйлайманки, аксарият раҳбарлар хижолат бўлиб қолиши мумкин.

Ҳолбуки, раҳбар-етакчилар ижтимоий дунё­қараш, маданий савия бўйича бошқаларга ўрнак бўлишлари керак”, деган фикрларни илгари сурган эди.

Дарҳақиқат, китоб ўқиш фақат адабиётшунослару тор доиранинг эмас, бутун миллатнинг, аҳоли барча қатламининг севимли машғулотига айланиши керак. Ҳокимнинг ҳам, вазирнинг ҳам, тадбиркору шифокорнинг ҳам барча ёшу кексанинг бунга маънавий эҳтиёжи бор.

Кўпчилигимиз “Бўш вақтимда китоб ўқийман”, деган кишидан “китобхон ясашга” ўрганиб қолганмиз, аммо китоб бўш вақтда ўқиладиган, зерикканда шуғулланадиган эрмак эмас. Аслида китобга ажратилган алоҳида вақт бўлиши лозим. Шунинг­дек, китобни электрон шаклда ўқиш оммалашган.

Бир қараганда, электрон шаклда мутолаа қилиш анча қулай: исталган китобни топиш ва танлаб ўқиш имкониятининг борлиги, уни кўтариб юришга мажбур бўлмаслик жиҳатдан ишни енгиллаштиради. Бироқ хотирада сақланиши, кўзга зарарли томонлари жиҳатдан барибир қоғоздаги матн завқини бермайди. Қолаверса, китобни варақлаб, унинг ҳидидан баҳра олиб мутолаа қилиш берадиган ҳисни электрон қурилмалар бера олмаслигини ҳақиқий “китобхўр”лар яхши англайди.

Илмий-оммабоп асарлар зарурати

Бадиий, психологик, мотивацион китоблар жадал таржима қилинаётган бир пайтда бизда жаҳон тажрибалари асосидаги чуқур таҳлилий асосга эга илмий-оммабоп асарларга эҳтиёж сезилади. Боиси бундай китоблар тафаккурни кенгайтириш билан бир қаторда илмий хулосалар шаклланиши ва тажриба оширишда муҳим омил бўлади.

2023 йил 28 ноябрь куни ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи жаҳонда машҳур китобларни ўзбек тилига таржима қилиш, шу орқали уларни замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан таништириб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг “Ёшлар учун минг китоб” ло­йиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди.

Қарор билан Ёшлар ишлари агентлиги жаҳонда машҳур 1000 та китобни танлаб олиб, ўзбек тилига таржима қилиш ва мамлакатимизда оммалаштиришга қаратилган “Ёшлар учун минг китоб” ло­йиҳасини амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Жаҳонга машҳур, сара илмий-оммабоп китобларни асар муаллифларидан сотиб олиш, ўзбек тилига таржима қилиш, нашрга тайёрлаш белгилангани бундай китобларга эҳтиёж сезилаётган бугунги давр­­да жуда муҳим.

Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳар йили 150 номдаги янги фундаментал китоблар нашр қилинмоқда. Бу яхши кўрсаткич, албатта. Лекин бор-йўғи 1000 донадан чоп этилаётган китоблар 36 миллион аҳолимизнинг қайси бирига етиб борсин? Китоб чоп этиш учун катта маблағ ва меҳнат талаб этилади. Сўнгги йилларда ижодкорларимизнинг асарлари деярли чоп этилмай қолганди. Катта-катта устоз ижодкорлар ўз асарларини чоп этишга маблағ тополмай, 50-60 дона китоб чиқариб сотиб юрганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шукрки, 1000 дан ортиқ аъзоси бор Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан бу муаммолар бартараф этилди. Уюшма аъзоларининг китоблари навбат билан нашр этилмоқда. Боя ёзганимдек, 1000 дона китоб халқимиз учун жуда кам, албатта. Шунинг учун нашриёт томонидан китобларнинг электрон нусхалари ҳам интернет тармоқлари орқали бепул тарқатилиши йўлга қўйилган. Майли-да, имкон қадар шу орқали ҳам китобхонларга кўп фойдаси тегмоқда.

Ўқувчи китобни қаердан топади

Техника ва технологиялар ривожланган асрда яшаяпмиз. Кўча-кўйда, бекатлару боғларда ҳадеганда китоб ушлаган одамни учратиш қийин. Истаймизми-йўқми, компьютер, телефон ва бошқа гаджетлар маълум даражада китоблар учун ажратадиган вақтимизни тўсиб, чегаралаб қўйди.

Юртимизнинг энг чекка туманларидан қўнғироқ бўлади. “Илтимос, фалон китоб менга жуда зарур, ўқувчиларимга очиқ дарс учун керак, илмий ишим учун зарур, ўзим шу муаллиф мухлисиман…” Тўғриси, бундай сўроқлар биз ноширларни қувонтиради. Биз босаётган китоблар ўқилаётганлиги, меҳнатингиз бесамар кетмаётганлигидан қувонасиз. Хўш, юртимиздаги нашриётлар сўнгги йилларда қарийб икки баробар кўпайди. Бугунги кунда мамлакатимизда 400 дан ортиқ нашриёт фаолият кўрсатаётган бўлса, улар чоп этаётган китобларни ўқувчи қаердан топади? Авваллари “Шарқ зиёкори” дўкони дарров хаёлимизга келарди. Ҳозирда “Шарқ” нашриётининг ҳам тақдири номаълум. Китоб дўконига яқинда кирдим. Аввалги дўкондан асар ҳам қолмаган. Расталарида китоблардан кўра ўқув қуроллари, 20 йил олдин омборда қолиб кетган китоблар сотилмоқда. Республикамиз бўйича китоб тарқатишга масъул бўлган корхоналар эса, мана 10 йилки, ишларида силжиш кўринмаяпти. Борлари ҳам ҳануз тор доирада ишлаб, айрим хусусий нашриётлар томонидан енгил-елпи таржима қилинган китоблар, тест тўпламлари савдосига ўтиб кетишган. Ўзингиз ўйланг, китоблар ўз ўқувчисига етиб бормаса, Президентимиз орзу қилган китобхон миллатни қандай шакллантирамиз? Бу саволларни жиддий ўртага қўйиш пайти аллақачон келган. Яна Прозидентимизнинг ибораси билан айт­ганда, муаммони пастга тушиб, қуйи тизимдан ўрганиш лозим. Китоб нон ва сув каби кундалик эҳтиёжимизга айланиши зарур. Биз ноширлар шаҳримиздаги катта озиқ-овқат дўконларида ҳам зарурий маҳсулотлар қаторида китоб расталари-да бўлишини орзу қиламиз. Фарзандларимизни хурсанд қилиш учун ширинлик харид қилганимизда, қўшиб 1 дона китоб ҳам олиб беришни ўзимизга одат қилишимиз керак. Доим ёдингизда бўлсин, фарзандингизга китоб ўқиб бермасангиз, у ҳеч қачон мус­тақил китоб ўқимайди!

Яна китоб дўконларига назар ташлаймиз. Бир қараганда, ичи тўла китоб, аммо айланиб-айланиб ўзингиз излаган, маънан бойитадиган, бадиий савияси юқори, илмий асосга эга китобларни топишга қийналасиз. Нега? Қизиқ, бугунги китобхон қандай китобларни ўқимоқда?

Сир эмас, бугун нашриёт ҳам ўқувчи билан, аниқроғи, бозор талаби билан ҳисоблашишга мажбур. Шу боис китоб расталарида таржима бестселлер асарлар, мотивацион китоблар кўп. Шу билан бирга, энг кўп сўраладиган, сотиб олинадиган китоб­лар ҳам айнан ўшалар. Хўш, аксарият ўқувчиларнинг бу қадар саёз фикрларга ўчлигига асосий сабаб нима?

Бу саволга куннинг қанча қисмини нимага сарфлашимизни таҳлил қилиш орқали жавоб топишимиз мумкин. Киши фаолият юритаётган соҳаси, атрофидагилар, вақтининг катта қисмини оладиган муҳит таъсиридан чиқиб кетиши қийин. Демак, вақтининг 70-80 фоизини ижтимоий тармоқларга сарфлайдиган ёшларда беихтиёр ўша ахборотларга қарамлик шаклланади.

Ижтимоий тармоқларда ҳам қизиқ бир алгоритм ишлайди: сиз ундан нимани қидирсангиз ва қандай ахборотга кўп вақт сарфласангиз, худди шунга ўхшаш мавзулардаги ахборот оқими тасмангизда пайдо бўлаверади. Ўз-ўзидан маълумки, енгил-елпи “вайн”лар, ўзини шоу-бизнес вакили деб биладиган “талант”лар ижодидан озиқланаётган авлод мулоҳаза қилишга ундайдиган, фикрлашга мажбур қиладиган китоб дунёсига меҳр беролмайди.

Дизайн, муаллиф ёки ном?

Бугун китобхон учун нима муҳим: дизайн, муаллиф, ном ёки ҳажм? Кейинги 10 йилда китоб дизайни борасида кўп ютуқларга эришдик. Халқаро кўргазмаларда қатнашамиз. Юртимизда чоп этилаётган китоблар дизайни МДҲ давлатлари орасида етакчи ўринда деб айта оламиз. Авваллари китоблар дизайни бир-бирини такрорлаган бўлса, ҳозирда ҳар бир китобга алоҳида ёндашиш “тренд”га чиқди. Сир эмас, китоб танлашга ҳамма ҳар хил ёндашади, биров китоб муқоваси, шакли, ҳажми, дизайнига қараб уни харид қилади. Модомики бугун китобга қайтишни истаётган эканмиз, дизайн ҳам муҳим омил саналади. Яхши маънода, ўқувчини моҳиятга олиб бориш учун аввал уни шакл билан маҳлиё қилиш ҳам мумкин.

Шу билан бирга, кимдир муаллиф кимлигига эътибор беради, аввал ҳам ўқиган, кўзига таниш муаллифнинг китобини кўрганда таассуротига таяниб, уни сотиб олиш-олмасликни ҳал қилади. Бу ҳам ёмон танлов эмас. Боиси ҳар бир китобхоннинг севиб ўқийдиган муаллифи бор. Аммо ҳар бир китоб ижод маҳсули ва у одам болаларининг ҳаммаси ҳар хил бўлгани каби, аввалгисига ўхшамаслиги мумкин. Айтайлик, олдинги китоби ёққан ёзувчининг кейинги асари сиз излаган мавзуда бўлмаслиги ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Шундай бўлса ҳам китоб ҳеч қачон ортиқча юк бўлмайди.

Зийрак ўқувчи 5-10 бет ўқиганда китобнинг нима ҳақида экани, муаллифнинг услуби, сўз танлаш маҳорати ва у китобхонга нима бера олиши ҳақида илк тасаввурга эга бўлади. Шунингдек, услубий, имловий хатолардан йироқ китоблар маънан пишиқ бўлишига умид бор.

Замон қанчалик ривожланмасин, фан-техника ютуқлари қай даражада тараққий этмасин, китоб ўқиш ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайди, урфдан қолмайди. Энг ривожланган мамлакатларда ҳам йилига камида 400-500 минглаб янги номдаги китоблар чоп этилади. 2024 йилнинг шу пайтгача бўлган даврида бутун дунё бўйлаб 400 мингга яқин янги номдаги китоблар нашрдан чиққан. Тўғри, бугун бизда китоблар аввалгидай катта ададда босилмаяпти. Баъзида ўртача минг нусхада нашр этилаётган керакли китоблар ҳам расталарда эгасини кутиб, сотилмай қолиб кетади.

Бир кунда чиқадиган китобларни ўқиб чиқишга бир одамнинг умри етмайди. Шу каби сиз ҳам барча китобларни ўқишга мажбур эмассиз. Энг керакли асарларни ўқишда бадиий дид, ўткир зеҳн ва синчилик муҳим. Бу қобилиятлар ҳам бевосита юзлаб китоблар воситасида шаклланади.

Бугунги глобаллашув давридаги зиддиятлар, мафкуравий хуружлар, ғоялар тўқнашуви авж олган паллада мавжуд муаммоларнинг ечими билимга, кенг дунёқарашга, тафаккурга бориб тақалар экан, жамиятда китоб ҳидини билмайдиган авлод шаклланишидан хавотирга тушишимиз керак.

Ривожланмоқчимисиз? Китоб ўқинг! Жамиятда ўз ўрнингизга эга бўлмоқчимисиз? Китоб ўқинг! Халқимизнинг атоқли ёзувчиларидан бўлган Асқад Мухтор таъбири билан айтганда, “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”.

Нодир СУВОНОВ,

“Адабиёт” нашриёти раҳбари,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =