“Атиргул” – журналист аёллар эътирофи
Аёл ва Баҳор деган муқаддас каломлар бежизга ёнма-ён ёзилмайди. Биз баҳорнинг келиши ва унинг беқиёс гўзаллигини мунис аёлларимизнинг гулгун чеҳраларига қараб биламиз.
Уларнинг бетакрор фазилатларини ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак оз. Бежиз алломалардан бири жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлига бўлган муносабати билан белгиланишини таъкидлаб, бизнинг тарихимиз аёлни ардоқлаш бобида ибрат олса арзигулик эканлигини айтиб ўтмаганди.
Давлатимиз раҳбарининг “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир” деган фикри асосида сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни йилдан-йилга фаоллашиб бормоқда.
Жумладан, ОАВда фаолият олиб бораётган журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш, эришган ютуқларини эътироф этиш ва уларни рағбатлантириш борасида ҳам.
…Ёшлар ишлари агентлигининг байрамона безатилган зали. Саҳна экранида кўклам шукуҳи ва аёллар латофатини ифода этувчи суратлар кетма-кетлиги айланмоқда. Ушбу мажмуада журналистика соҳасида қалам тебратаётган опа-сингилларимизнинг бир гуруҳи эътироф этилади. Байрам дастури хонанда Шуҳрат Дарёнинг “Бу аёл…” қўшиғи билан бошланди. Қўшиқ сўзларига ижодкор аёллар, тадбир иштирокчилари жўр бўлишди. Уларнинг юзларида эса баҳорий кайфият ва гўзал табассум.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Атиргул” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ана шундай шукуҳли тарзда бошланди.
Тадбир очилишида сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мазкур танловнинг аҳамиятига тўхталар экан, бугунги кунда журналист аёллар юртимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани, ижтимоий ҳаётда фаоллиги ва ўз касбий фаолиятида фидойилик кўрсатаётганини таъкидлади.
Алоҳида айтилдики, бу йилги “Атиргул-2023” танловига жами 149 нафар ижодкор хотин-қизлардан 800 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган бўлиб, ғолибларни аниқлаш уч босқичда олиб борилди. Унда ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловга юборилган ҳар бир ижодий ишларни синчиклаб ўрганиб чиқишди. Якунда улар хулосасига кўра 10 нафар журналист-аёллар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.
“Инсонга эътибор мавзуси ёритилган энг яхши материал учун”, “Сифатли таълим аҳамиятини очиб берган энг яхши материал учун”, “Маънавий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритгани учун”, “Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материал учун” каби номинациялар шулар жумласидандир.
Илмира Хожамуратова, “Болалар ва ўсмирлар мавзуси ёритилган энг яхши материаллар учун” номинацияси ғолиби, “Жеткиншек” газетаси мухбири:
— Мазкур танловда мен ўзимнинг болалар ва ўсмирлар мавзуси бўйича ёзган бир қатор ижодий ишларим билан қатнашдим. Бола тилидан ёзиш, ўсмир қараши билан янги асар яратиш қийин иш. Унинг учун сиз ҳам бола бўлишингиз керак. Ёзган мақолангиз бўладими, воқеавий ҳикоя бўладими уни мутолаа қилаётган болажонлар кўнглига кириб бориши лозим. Тўғриси, мақолаларим дастлабки саралаш жараёнидан ҳам ўта олмаса керак деб ўйлаган эдим, аммо камтарона меҳнатларим ғолибликка тавсия этилгани нафақат мени, балки мен ишлаётган бутун газетамиз жамоасини ҳам қувонтирди.
Ҳафиза Абдуллаева, “Оила мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” номинацияси ғолиби, Жиззах вилояти телерадиокомпанияси Телевидение гуруҳи муҳаррири:
— Ҳар қандай рағбат ижодкорга илҳом ва ижодий куч бериши табиий. Бизнинг Жиззах вилояти телерадиокомпаниясида ҳам аёл журналистлар кўпчиликни ташкил этади. Бу эса албатта соҳада хотин-қизларга қаратилаётган эътиборнинг намунасидир. Фаолиятим давомида кўпроқ оила, фарзанд тарбияси, унинг жамиятимизда тутган ўрни ва албатта оила муқаддас қадрият сифатида шакллангани борасида туркум лавҳалар, кўрсатувлар тайёрлаб келмоқдамиз. Танловда ҳам айнан оила мавзуси ёритилган ишларим билан қатнашдим. Айём арафасида эътироф этилганим менга чинакам байрамона туҳфа бўлди.
Гулбаҳор Ортиқхўжаева, “Инсонга эътибор мавзуси ёритилган энг яхши материал учун” номинацияси ғолиби, “Инсон ва қонун” газетаси мухбири:
—“Атиргул” танловида бу йил илк марта иштирок этдим. Ҳамкасблар ундови билан ижодий ишларимни топширгандим. Натижа эса қувонарли бўлди. Бизнинг газетада кейинги бир йил ичида танқидий-таҳлилий мавзулар кенг ёритилди. Ижодий жамоамизнинг ҳар бир вакили долзарб мавзуларни ёритишга интилади. Айтиш мумкинки, мазкур ғолиблик мен орқали бутун жамоамизга берилган рағбатдир. Зеро, ислоҳот ҳам, ўзгариш ҳам инсонга эътибордан бошланади.
“Атиргул” танлови ғолибларига махсус диплом, статуэтка ва пул мукофотлари топширилди.
Хонанда Шуҳрат Дарёнинг куй-қўшиқлари эса йиғилганларга ажойиб кайфият улашди.
Ўз мухбиримиз.