Меҳрибонлик (Оилавий ҳангомалар)

Яқиндагина қарз-ҳавола қилиб олган янги “Lasetti” машинамдан тушар эканман, хотиним юзидаги табассумни кўриб ҳайрон қолдим. Бу сафарги ишдан келишим уни шунчалар завққа тўлдириши хаёлим кўчасига ҳам кирмаганди.

– Вой, дадаси, орзуингиз ушалди! Суюнчи беринг, – деди у ҳовлиққанча қўлимдаги нарсаларни оларкан. – Қойилман, дадаси, қойилман, ниҳоят ниятингизга етдингиз.

Хотиним иложи бўлса ўйинга тушадиган даражада шод эди.

– Нима гап ўзи? Тинчликми? Нима, шеърларим газетада чиқибдими?

– Э… қаёқдаги гапларни гапирасиз-а? Қўйинг, ўша шеърларингизни. Ундан ҳам аълороқ иш бўлибди, дадаси.

– Нимайкан? Жа, сени шунчалик қувончга тўлдирган? – дедим ҳайронлигим ошиб.

– Ўғлингиз “права” олибди. “Права”… Ана шунга.

– Хўш, нима бўлибди “права” олган бўлса, – дедим бироз энсам қотиб.

– Вой, дадаси суюнсангиз-чи, айтувдингиз-ку, қачон мен доктор айтгандай пиё­­да юриб автобусда кетарканман деб. Мана, ниҳоят ниятингизга етдингиз. Эртадан ўғлингиз машинада, сиз эса пиёда юриб автобусда ишга кетаверасиз…

 

* * *

– Дадаси, – деди хотиним мен берган қўлидаги пулларни санаб, – мукофот пули олганингиз яхши бўлибди. Анчадан бери бунақа пул олмагандингиз. Директорингизга раҳмат. Шунча пул берибди. Энди шунга ўзингизга туфли, шим, кўйлак олсангиз бўларкан. Туфлингиз титилиб, шимингиз сузилиб кетибди, кўйлагингизнинг ёқаси борлиги ҳатто билинмайди.

Хотинимнинг бунчалар мени ўйлаб, самимий гапиришидан кўзим ёшланди. Эртаси куни касб байрамида киярман, деб у айтган нарсаларни бозордан олиб келдим. Кўнглим анча кўтарилди. Янги кийим барибир бошқача-да.

Икки кундан сўнг энди ҳовлига чиқувдим, хотинимнинг дийдиёси қулоғимга чалинди.

– Яхшиям, ўғил туққан эканман. Шуни орқасидан кунда гап эшитаман. Гап эшитавериб, иккала қулоғим тўлди.

– Яна нима бўлди? Сенга ҳали ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ-ку. Намунча эрталабдан ҳиқилламасанг, – дедим асабийлашиб.

– Айтмаган бўлсангиз, энди айтасиз. Нега ўғлинг янги туфлимни кийиб кетди, деб айтасиз…

– Э… шунга шунчами? Бўпти, индамайман. Туфлимни кийса кийгандир. Ота ўғил-да. Ҳар қалай янги кўйлакни ҳам кийиб кетмагандир.

– Ана, айтмадимми, – деди хотиним сўнгги қуроли – йиғисини ишга солиб. – Ҳозир гап эшитишни бошлайман…

 

* * *

– Овқат қалай? Ачимабдими? – деди хотиним ҳузур билан овқат ичаётганимни кўриб.

– Йўқ, яхши. Мошхўрда дарров айнамайди-ку.

– Кўнглингиз-чи, кўнглингиз айнимаяптими? Фақат тўғрисини айтинг.

– Мана, боядан бери сен билан бемалол гаплашиб ўтирибман-ку. Нега бунча ташвишланиб сўраб қолдинг?

– Ундай бўлса, – деди хотиним совиткич эшигини очаркан. – Ўғлингизга ҳам шу овқатдан иситиб берсам бўларкан.

 

* * *

Уйда ишхонадан олиб келган қўлёзмани ўқиб, дам олиб ўтирувдим. Ниманидир қаттиқ гурсиллаган товуши эшитилди. Шу пайт эшик очилиб, хонага ранги қув ўчганча хотиним кирди. У ёқ-бу ёққа аланглади-да, менга қаради. Мени кўрди-ю, юзига бироз қизиллик югурди.

– Нима бўлди? – дедим унинг авзойига қараб.

– Нима бўларди, этакдаги деворнинг ярми ағдарилиб тушди.

– Ҳа, энди отамдан қолган тупроқ девор қулайди-да, – дедим хотинимга тасалли бериб. – Жон омон бўлсин. Етмаганига уч кундан бери ёмғир ёғаяпти, кўряпсан-ку!

– Шу десангиз, дадаси, қолган ярмига тирговуч қўйсангиз яхши бўларди. У ёғи ҳам йиқилиб тушмасин. Хотинимнинг илтижоли юзи раҳмимни келтирди.

– Бўпти, ўғлингга айт. Қарашиб юборсин.

– Вой, нималар деяпсиз, дадаси, ўғлимни девор босиб қолсинми?! Шу ишни ўзингиз қилақолинг…

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 14 =