Энди қонун ҳимоясидасиз!

Шу йилнинг 27 март куни давлатимиз раҳбари жамиятимизда адолат ва ҳуқуқий устуворликни янада баланд кўтариш, мустаҳкамлаш йўлидаги иккита қонунни имзолади.

Улар — “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Рес­публикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Рес­публикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлардир.

Педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн. сўмгача (100 баравар) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн. сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин. Ўз навбатида Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо чораси кучайтирилди.

Шунингдек, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фао­лиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса—7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга Маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шубҳасизки, ушбу қонунлар жамиятда педагогларнинг, тиббиёт ходимларининг нуфузи ва обрўсини ошириш йўлидаги тарихий қадам бўлди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 3 =