Тўртинчи қаватдан сакраган қадр

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг еттинчи боби 26-моддасида шундай дейилади: “Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”.

Бош Қомусимизнинг 28-моддасида эса “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади”, дейилган.

Бу моддалар қанчалик тўғри, адолатли бўлмасин, ҳаётда баъзан уларга таянилмаётгани афсусланарлидир.

Тўғриси, бугун ижтимоий тармоқларга қараб кўнгил озади. Чунки у ерда турли ёлғон-яшиқ хабарлар, лавҳалар, беҳаё хатти-ҳаракатларни кўриб дилинг оғрийди. Баъзи бир одамларнинг қаҳри қаттиқлашиб бораётганини, зўравонлигини, қўполлигини, уят ва орсизлигини кўриш мумкин тармоқларда. Лекин шу билан биргаликда одамлар ўз дардини, уларга қилинаётган турфа хил ноҳақликларни, адолатсизликларни ҳам баён этишмоқда. Булар ҳам бор гаплар.

Хусусан, ички ишлар ходимлари томонидан йўл қўйилаётган ҳар хил ҳолатлар ҳам, очиқроқ айтганда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш, зўравонлик ишлатиш мисолларини ҳам ижтимоий тармоқларда кун-кунора кўравериб, ҳатто бу “одатий” ҳолга айланиб бораётганидан ташвишланмай илож йўқ.

Нега? Чунки аслида одамларнинг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклашга кўмак берадиган, ёрдам қўлини чўзадиган кишиларку улар.

Аслида Худо кўрсатмасин, кимнингдир бошига бирор кулфат тушадиган бўлса, кимдир бирон-бир зўравонликка, қаттолликка дучор бўладиган бўлса, ана шу ички ишлар ходимлари зудлик билан тегишли чора кўрадиган, холис қонуний иш юритадиган инсонлар бўлиши керак.

Аслида ҳам шундай. Туну-кун қанчадан-қанча маҳаллаларимиз, қишлоқларимиз, шаҳарларимизда эл осойишталиги учун хизмат қилаётган виждонли, ҳалол ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бор эканки, ҳамма эмин-эркин ишлаб, яшаб, ўқиб, ўз юмушлари билан банд бўлиб юрибди.

Аммо назаримизда гуручнинг ичидаги курмаклар сингари, баъзи бир ўз вазифасига нолойиқ, одамлардан ўзини устун қўядиган, қонунларни менсимайдиган форма кийган “орган” ходимлари ҳам йўқ эмасга ўхшайди.

Ушбу мулоҳазаларни бежиз баён этмаяпмиз. Чунки хабарингиз бўлса керак, шу кеча-кундузда интернет тармоқларида айниқса, иккита воқеа атрофидаги баҳс-мунозаралар қизғин давом этяпти. Кўп­лаб юртдошларимизнинг эътирозларига сабаб бўляпти.

Гап шундаки, ИИВ ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг 4 июнь куни ИИВ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга асосан Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида содир этилган қатор ўғирликларда гумонланиб, Юқоричирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.

Гумонланувчи У.С. соат 19:00да Бўка тумани ИИБдаги вақтинча ҳибсхонага жойлаштирилган.

Шу куни соат 23:30ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан ИИВ масъулларининг олиб борган ўрганишларида аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.

Қизиқ, гумонланувчи “ИИБ тергов хонасида видео­ёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган”и баён этилаяптию, негадир кечга бориб унинг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган. Биз шу жойида силлиқдан-силлиқ муносабатлар ёзувчиларга “офарин” айтиб турганимизда кейинги маълумот вазиятни очиқлагандек кўринади: “Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек, нав­батчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”.

Ўз-ўзидан маълумки, видеоёзувлар, адвокатлар билан иш кўриб турган “маданиятли” ходимлар бежиз ишдан бўшатилмаган бўлса керак? Бундан кейинги хабар эса мазкур вазиятни янада ойдинлаштиргандек: “Бош прокуратура хабар беришича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилди”.

Демак, ҳамон бизда собиқ тузумдан қолган зўравонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилиш ҳолатлари учраяпти. Ҳамон тергов хоналарида қўполлик, қийноқ ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар давом этаётгандек эмасми?

Худди шундай бир воқеа ҳақида “KUN.UZ” сайти қуйидагича хабар берган: “Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит шубҳали тарзда вафот этди. Сурхондарёлик Ҳафизуллоҳ Турғунбоев бир неча йилдан бери оиласидан узоқда, Тошкентда яшаб, ишлаётган бўлган. Расмийлар изоҳига кўра, у сўроққа олиб кетилаётган пайтда ҳожатхонага чиқиб келишни сўраган ва қочмоқчи бўлиб, бинонинг 4-қаватидаги ҳожатхона ойнасидан ўзини ташлаган. Натижада оёғи синиб, шифохонада вафот этган. Лекин бу изоҳга йигитнинг отаси ишонмаяпти. Уни ва умуман кўпчиликни шубҳалантираётган айрим сабаблар бор. Турғунбоевнинг отаси суҳбатлашган шифокорлар унинг ўғлида 4-қаватдан йиқилиш аломатлари бўлмагани, йигитнинг ҳеч қаери синмаганини айтган. Доктор ҳам оёқ-қўли синмаган, ҳеч нарса бўлмаган, деди. Шунга шубҳам бор, ўғлим бақувват ва ёш эди, қамоқдан қўрқадиган бола эмасди. Менинг биттагина ўғлимни уриб ўлдиришган деб ўйлайман. ИИБ биноси ойналарида панжаралар бўлади, у сиғмайди-ку. Агар ташлаган бўлса, камералар бўлади ўзини ташлаганини кўрсатишсин ёки бармоқ изларини кўрсатишсин”, – дейди Kun.uz билан суҳбатда йигитнинг отаси Эркин Холбоев. Айни пайт­­да ушбу ҳолат бўйича Чилонзор тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказяпти. Суд-тиббий экспертизаси ҳам тайинланган.

Албатта, жиноятчиликка қарши курашиш ўта муҳим. Аммо ҳар қандай гумонланувчини, у ким бўлишидан, қандай жиноятни содир этишда гумонланаётганидан қатъи назар, тазйиқларга солиш, умуман, қўл кўтариш, қўпол муомалада бўлиш қонунга хилоф-ку!

Минг афсуски, яширишга имкон йўқ. Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тизимларида бу борада ҳамон муаммолар анчагина. Тўғри, юқорида айтганимиздек, тизимларда меҳнат қилаётганлар ичида ўз ишини виж­донан бажарадиган, қонун устуворлиги учун хизмат қиладиган, формасига муносиб инсонлар кам эмас. Лекин улар орасида ўз ишининг маъно-мазмунини ўйлаб ҳам кўрмаган, унга халқ ўз ҳисобидан кийим кийдириб қўйганини эслаб ҳам қўймайдиганлар ҳам учрайди. Шу боисдан ҳали ҳўв бир замонлардагидай формалидан қўрқиш фобияси одамларимиз юрагини тарк этмаган. Аслида бу тизим кучишлатар эмас, ҳимоя тизими бўлиши керак эмасми?! Президентимиз ҳар доим халқни рози қилиш кераклигини таъкидлаётган, давлат халқнинг хизматчиси бўлиши лозимлигини айтаётган бир пайтда давлат органлари тизимидаги айрим ходимларнинг маданият, маънавият, маърифат даражаси етишмастлиги кишини ўйлантиради.

Ҳар бир фуқаро, энг аввало, давлат органлари ходимлари, жумладан, ички ишлар тизимида ишловчилар Бош Қомусимиз ва соҳага оид қонунчиликни янада пухта ўқиб-ўрганишлари, ўз вазифалари баробарида халқ ҳуқуқларини ҳам етарли даражада мукаммал анг­лаб олишлари зиён қилмайди, албатта. Бу борада кадрларни қайта тайёрлаш ёки шунга ўхшаш қайта ўқитиш дас­тури ишлаб чиқилиши давр талаби бўлиб турибди, назаримизда. Жаҳон тажрибасидан тил сертификатини қабул қилганимиздек, маънавият ва маърифат сертификатига ҳам зарурат юқори десак, хато бўлмаса керак.

Зотан, Президентимиз айтганидек, “Такрор ва так­рор айтаман: Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни — билим, таълим ва тарбия бўлади!”. Билимли, тар­бияли, имон-эътиқодли ҳуқуқ-тартибот ходими фуқароларнинг яъни ўз ватандошларининг у ёки бу ҳуқуқларини оёқости қилмайди, аксинча, фақатгина қонун талаб­лари билан ишлайди.

Маълумки, ҳар бир инсонда қадим қадриятларимиз асосида шаклланган тарбия бўлади. Буни диний тарбия деб атаймиз. Айтмоқчи бўлганимиз, Худодан қўрққан одам бировнинг боласига озор бермайди. Шу боис, маърифат, саводхонлик билан бир қаторда тарбия масаласи ҳам ҳар бир инсон учун долзарб аҳамият касб этиши шубҳасиз. Зотан, Ўзбекистон имижини жаҳон майдонида кўрсатиш учун, аввало, давлат органлари ходимлари имижи бенуқсон бўлиши жуда муҳим.

Ички ишлар соҳаси ходимлари, умуман, давлат ташкилотларида ишловчилар уларнинг кийиб турган либосларидан тортиб, олаётган маошларигача шу халқнинг ҳиссаси борлигини ҳамиша қалбан ҳис қилишлари керак. Уларнинг бу юриш-туришлари “осмондан тушиб қолмаган”ини билишлари зарур.

Яъни улар жамиятга зўравонлик эмас, ҳимоячи экани, қонун ҳимояси учун камарбаста бўлишлари лозимлигини, аввало, ўзлари тушуниб етишлари фойдадан ҳоли бўлмайди.

Қолаверса, жаҳон майдонида бўй кўрсатиб келаётган Янги Ўзбекистонга эскича ёндашувлар, хусусан, “ушланганларни қийноққа солиш” амалиётларини тугатиш вақти аллақачон келдики, буни соҳа вакиллари ўз хоҳишлари билан тушунишлари, тушунмаган тақдирларида тушунтирилишлари муҳим. Зотан, Президентимиз халқ учун, халқ розилиги учун тиним билмай одилона хизмат қилишга ундаётган бир пайтда айрим зўравон қонун вакиллари ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб, юртдошларимизга озор бераётгани, отани фарзандидан, фарзандларни отасидан жудо қилаётгани ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Тўғри, биз юқорида “зўравон” деб атаётган ички ишлар соҳаси ходимларининг ҳам айби ҳали тасдиқланмаган, аммо бундай ҳолатлар биринчиси эмас-да. Шу пайтгача қийноққа солиш, уруш, ҳақорат қилиш, пора талаб қилиш, пора олиш каби қатор жиноятларни содир этиб, бугун айби ўз исботини топ­ган, айбига яраша жазо ўтаётган собиқ “орган” вакиллари камми?

Шубҳасизки, жиноятчиликка қарши курашиш, эл осойишталигини таъминлаш, одамлар тинчлигини муҳофаза қилиш осон юмуш эмас. Бунда қаттиққўллик, пиринципиаллик сингари жиҳатлар зарур, албатта. Лекин айтайлик ҳар қандай безорини, ўғрини, ҳатто қотилни ҳам қилмишига яраша жазога тортиш учун уни албатта уриб, майиб қилиш шартми? Энг ёмони, ана шундай усуллар қўлланилар экан, баъзан айбсиз айбдорга, гуноҳсиз гуноҳкорга айланиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Хуллас, қонун устуворлиги таъминланиши учун биринчи навбатда ана шу йўлда хизмат қилаётган “форма кийган” инсонлар фаолиятида жиддий ўзгаришлар ясалиши бугунги давр талаби десак хато бўлмайди. Қолаверса, Президентимиз таъбири билан айт­ганда, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас. Бугун юртдошларимиз тобора ўз ҳақ-ҳуқуқларини анг­лаб, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга муросасиздирлар. Матбуот ва сўз эркинлиги таъминланган юртда эса бундай салбий хатти-ҳаракатлар дарров жамоатчилик эътиборига ташланиши табиий ҳол.

Ситора ТОЖИДДИНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + nine =