Оила мустаҳкамлиги нимага боғлиқ?

Инсоннинг шахс сифатида шаклланишида оиланинг ўрни беқиёс. Чунки илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлар, инсоннинг феъл-атвори биринчи галда оилада шаклланади. Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётида Шахс – Оила – Жамият – Давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис оила доимий равишда давлат муҳофазасида бўлиши асосий қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Бош қомусимизнинг 76-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”, дейилган.

Дарҳақиқат, ҳар бир оила жамиятнинг негизидир, оилалар мустаҳкамлиги эса мустақиллигимизнинг барқарорлигини таъминловчи асослардан бири ҳисобланади.

Шу боис ҳукуматимиз оилаларнинг моддий ва маънавий бутунлигини таъминлашга ҳамда оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда, маълумотларга кўра, 8,3 миллиондан ортиқ оила мавжуд бўлиб, уларнинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалардир. Аслида, ҳар бир оиланинг таркиб топиши янги бир авлоднинг вужудга келиши демакдир. Шундай экан, агар ёш оилаларда келишмовчилик юзага келса, бу ҳолат келгуси авлод ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Демак, ёш оилалар ажрашишларининг олдини олиш, мустаҳкам ва маънан соғлом оилаларни барпо этиш учун балоғат ёшидаги йигит-қизларни турмушга тайёрлаш бугунги кунда ҳар биримизнинг жамият олдидаги муҳим вазифамизга киради. Шу мақсадда республика ҳудудида балоғат ёшидаги қизларни турмушга тайёрлаш, “Баркамол авлод — соғлом жамият негизи” дастурларини ишлаб чиқиш амалиётга татбиқ этилган.

Хўш, оила ажрашишлари нега юз беради? Бунинг сабаблари жуда кўп. Масалан, кейинги йилларда қизларни балоғатга етмасдан узатиш ҳоллари учраяпти. Улар рўзғор тутишни, қайнона-қайнотага хизмат қилиш ва меҳмон кутиш таомилларини, шунингдек, кийиниш ва муомала маданиятини тўла англаб етмаган бўлишади. Шу сингари, ёш куёвлар оилавий бурчларини яхши билишмайди. “Ўқимаган шу дамда, туртинар ҳар қадамда”, деганларидек, келин-куёвларнинг рўзғор борасидаги билимсизлиги бора-бора оилавий муносабатларни издан чиқаради. Шунингдек, турмуш қураётган аксарият ёшларимиз оила юритишда ҳам билимсиздирлар. Оилавий ўзаро муносабатларда эса рўзғорни бутлаш, пулни сарфлаш ва шу сингари моддий масалалар кўндаланг бўлади. Келин-куёвнинг иқтисодий билимдан бехабарлиги рўзғор юритишда янги муаммоларни вужудга келтиради. Натижада уларнинг ношудлиги туфайли янги оила девори тикланмасданоқ нурай бошлайди. Баъзан ёшларнинг сабрсизлиги, қаноатсизлиги оқибатида тинимсиз жанжал келиб чиқаверади. Аксарият ҳолларда бундай жанжаллар оила ажрашиши билан барҳам топади. Аянчлиси шундаки, бундай оилада туғилган гўдаклар ёш ота-она ўртасидаги келишмовчиликларнинг қурбонига айланади.

Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун, аввало, фарзандларимизга мактаб давриданоқ тўғри тарбия бериб боришимиз керак. Ўсмирларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, келажакда соғлом оилани шакллантириш мақсадида битирувчи синфлар, лицей ва касб-ҳунар коллежларида оила психологияси фани самарали ўқитилишини кучайтиришимиз лозим. Айрим ота-оналар ўз орзу-ҳаваслари йўлида фарзандлари тақдирини чуқур ўйламасдан, ёш қизларини турмушга узатиб юборишларига чек қўйилиши зарур.

Бош қомусимизнинг 77-моддасида: “Ота-­оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб ёзиб қўйилган. Тезроқ тўй кўриш орзусидаги баъзи юртдошларимиз ҳам мана шу қоидани ўрганиб, унга амал қилсалар, мамлакатимизда ажрашишлар камайиб, оилалар янада мустаҳкамланиб, келажакда баркамол авлод, комил инсон вояга етишига замин яратилади.

Зулфизар ЮЛЧИЕВА,

Тошкент давлат техника университети

 педагогика ва психология

кафедраси мудири.

Мақсудали РОҲАТАЛИЕВ,

ассистент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − fourteen =