Онамнинг дуоси мени асрайди

Муаллиф ҳақида:

Асадулла ЖЎРАЕВ — 1970 йил Китоб туманидаги Искана қишлоғида туғилган. 1994 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатган.

Ҳозирда мустақил журналист.

 

ТАЛАБАЛИК ДАФТАРИДАН

Қарғайди бир куни гўзаллар мени,

Қаровсиз муҳаббат учун қарғайди.

Мен пинак бузмайман, ҳадик тортмайман,

Онамнинг дуоси мени асрайди.

 

Қарғайди бир куни дўстларим мени,

Сотилган садоқат учун қарғайди.

Мен пинак бузмайман, ҳадик тортмайман,

Онамнинг дуоси мени асрайди.

 

Қарғайди бир куни шеърларим мени,

Ёлғона шеърларим мени қарғайди.

Барибир қўрқмасдан хўрлайвераман,

Онамнинг дуоси мени асрайди.

 

Етар, ман на Жамшид, на Ҳотамтойман,

На орзуси поймол бўлган тўрғайман.

Софлигу муҳаббат ҳаққи ҳурмати,

Бир куни ўзимни ўзим қарғайман.

 

Дўстсиз, ёрсиз ўтгин, О Асадулла,

Битта шеър куйида рангинг сарғайсин…

Жавоб бера қолгин ўшанда она,

Ўзимдан ўзимни қандай асрайсан?

                                                             1990 й.

 

                    БЎРОН

Ташқарида бўрон ўкирар,

Қор ёприлар ўхтин ва ўхтин.

Аёз менинг жисмимга кирар,

Оёқларим қиламан ўтин.

 

Сандалдаги муздек оғриқдан,

Титраб кетар беруҳ баданим.

Сен қайдасан, нечун йироқда

Кўк ёпинган туркий Ватаним?!!

 

Қоғоз устин тозалаб қордан,

Унга тўкай музлаган сиёҳ.

То қалбларда қўнган ғубордан

Асар қолмай йўқолсин риё.

 

Музладингми қоним ҳам энди,

Томирларим синдими наҳот.

Энди ҳамма нарса ўзгами,

Ўзгамисан, менга эй, ҳаёт?

 

Қобирғалар ёнади заиф,

Суягимда асрлар тутар.

Севдигимдек гўзал ва латиф

Кўз ўнгимдан парилар ўтар…

 

…Ташқарида тўхтайди бўрон

Ё тун қушлар урмаслар чаҳ-чаҳ.

Деразамдан қорли боғ томон,

Ўтиб кетган, у — Гулиқаҳқаҳ.

 

Гулиқаҳқаҳ менга қарама,

Бир жилвангни кўра олсам бас.

Кета оласанми? — дея сўрама,

Кела олмаслигим билсам, бас.

 

Ташлаб кетар ҳамма инжимам,

Бағирдошлар кетар йироқлаб…

Туни бўйи чап кўксимда ман,

Юрагимни ётгум қучоқлаб…

                                             1990 й.

 

         ТИРИКЛИК ФУРСАТИ

Ўзбекчилик эмас — ўзбеклик керак,

Тирикчилик эмас — тириклик керак.

Эркакчилик эмас — эркаклик керак,

Керак бўлса шердек юраклик керак.

 

Миллат иллатини яшириш учун,

Ўйлаб топилганда ҳар хил “…чиликлар” –

Тириклар сиз энди бошқача яшанг,

Бошқача яшолмас фақат ўликлар.

 

Ғойибдан имконни берганда тақдир,

Сарфлаб ётибмиз таппи отишга.

Кимгадир йилларнинг қиймати йўқдир,

Менинг фурсатим йўқ бошқа кутишга….

                                                                2018 й.

 

ДАРХОН БЕКАТИДА КЎРГАНЛАРИМ

Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим,

Метрода, чароғон вагон ичида.

У пари қаршимда ўтирар эди,

Қолдириб телбани армон ичида.

Гўзаллик шунчалар қулф урар эди,

Шунчалар лобарлик, шунчалар малол…

Кокиллар бир майин зулф ўрар эди,

Дудоқлар, лабларда кезарди хаёл.

Кўзлар фазоларга олиб кетарди,

Киприклар чеҳрага соя солгудек.

Бекатлар шовқинсиз бир-бир ўтарди,

Гўёки вақт, ҳаёт тўхтаб қолгандек.

Фақат термулардим, ҳушсиз ва ҳайрон,

Билмасдим, тонгдаги бу тушми, рўё.

Ҳар сафар манзиллар қилинса эълон,

Гўёки чирпирак бўларди дунё.

Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим,

Уни олиб қолди Дархон бекати.

Поезд қўзғолганда ўрнимда турдим,

Фақат шунга етди ожиз журъатим.

Метро елар эди, метро шошарди,

Энди менга йўқдир вақтнинг қизиғи.

Яна бош кўтарди кўмилган дардим,

Армонлар ичида яшаш ёзиғим.

Эсга тушармикан оразинг ёди?

Бу тумонат аро паришон турдим…

Метрода, чароғон вагон ичида.

Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим…

                                                         2011 й.

 

* * *

Ўлгунча қоламан дейишди,

Ўлгунча оламан дейишди.

Дунёда устун йўқ дейишса

Устун ҳам бўламан дейишди.

Олдилар, едилар, тўйдилар,

Очдилар, ёпдилар, қўйдилар.

Ўлимни билмасдан қолишди,

Билмасдан кафанни кийдилар.

Кўрдилар энди ҳеч киши йўқ,

Банданинг банда-ла иши йўқ.

Дўзаху жаннату аросат

Ёзи йўқ, кузи йўқ, қиши йўқ.

Гуноҳлар ботмонлаб ўлчанур,

Савоблар мисқоллаб ечилур.

Ўлгунча қоламан деганлар

Шуурин қоплагач битта нур

Бу фоний дунёни кўрдилар,

Ўрнида бошқалар эрдилар.

Замона ўзгарган бўлса ҳам

Лекин бир иллатда бирдирлар

Ўлгунча қоламан дейишар,

Ўлгунча оламан дейишар.

Дунёда устун йўқ дейишса

Устун ҳам бўламан дейишар.

 

* * *

Ёмғир ёғаяпти Тошкентда,

Ўтаётган кунларни эслаб,

Кетаётган кунларни эслаб,

Соат 3 да тунги Тошкентда,

Net ичида шаҳри бош кентда,

Ёмғир шивирини тингламоқ,

Яшаш қадрин билмоқ англамоқ,

Харобада яшасанг ҳамки,

Нонни ҳалол ошасанг ҳамки,

Дилда кезса гўзал туйғулар,

Қочиб кетса кўздан уйқулар,

“Эй, ҳаёт…” деб қичқирсанг шунда,

Ҳаёт қадрин англасанг тунда,

Ҳаёт ғазал бўлиб кўринса,

Ўлим гўзал бўлиб кўринса,

Сониялар ширин сезилса,

Ҳислар мунчоқ каби тизилса,

Айтинг, бундай бахт қайда бордир,

Демак, Худо бизларга ёрдир.

Август еттисида бош кентда,

Ёмғир ёғаяпти Тошкентда…

 

* * *

Тақдир йўлларимга йўллагани ким,

Яна йўллармикан йўлчи йўлдошни?

Мен сени излайман. У — сенсан, балким

Излайман бир қизни… тунги қуёшни…

Излайман бир қизни … нотаниш қизни

Мендан узоқдаги… билмаган мени…

Шунчаки унутмам мен ўша кўзни,

Ўша нигоҳларни, ўша маънони-

Қайдасан?

Қайдасан?

Қайдасан, қайда?

Зангори экранда ҳар кун оразинг-

Кўраман… “қай томон” деган бир ўйда…

Шимоллик малика… балки, Хоразм

Аммо билармисан буни сен ўзинг?

Бир умр интилган сенга… интилган… —

Бир умр яшаган, топмаган тўзим

Интилган, кўрмаган, асли билмаган —

Бир-бирин билмаган аёл ва эркак,

Умр, кутиш билан ёнаётган умр…

Мени топиш учун сенга туш керак

Менга ўлим керак, кенгроқ бир қабр…

 

     ҚИЗЛАР ЎЗГАРДИЛАР

Лабларда биринчи бўсалар изи.

Қайнона бўлдилар, она бўлдилар.

Аёллик ҳуснидан яшнайди юзи,

Эсларидан чиқди токим тонггача,

Кўчаларни кезиб чиққанларимиз.

Биз билан ҳар қандай хатарга тайёр

Ёшлик дарёсида оққанларимиз…

Қизлар ўзгардилар… Гўзаллашдилар,

Кўшкли саройларда яшарлар омон.

Қизлар ўзгардилар… биз ўзгармадик,

Йигирма яшарли ошиқлар ҳамон…

 

                               * * *

Мен сени севардим, севардим февраль,

Аёзларинг билан, қорларинг билан,

Қуёшли кунларинг севардим февраль,

Севардим, сен мисли ям-яшил гилам—

Кириб келар эдинг рутубат тўлган

Юраклар дарз кетган ижара уйга.

Кириб келар эдинг юракни тилган

Чолғуни жўр қилиб эски бир куйга,

Барибир, сен келар эдинг кирмойи.

Чиройли, қадрдон, қадрдон эдинг.

Менинг севгилимдек содда, чиройли

Нечун, ўша каби ишқингдан тондинг?!

Мен сени севаман барибир февраль,

Менга ўхшагансан, мен ҳам — февралман…

Сендек иситмайман иссиқлик аро,

Сендек совутмайман — музларда борман…

Кириб келажаксан мисли бир туғён

Лабларинг шивирлар — отларингдаман.

Юрак тўлғондингми, яна бир тўлғон,

Ҳамон февралдаман — ёдларингдаман…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =