Агар халқ бўлай, десак…
Ватанпарварлик, миллатпарварликнинг илдизи – муҳаббат. Агар сен ўз юртинг, ўз миллатингни юрак- юракдан яхши кўрсанг, қадриятларини қадрласанг, унга сочилган чангни киприкларингда артгудай бўласан. Яхшиси қолиб, ёмонидан ҳам фазилат ахтарасан. Шаъни, ору-номуси учун бирор хатар ҳис қилсанг бошингдан оёғинггача юракдаги муҳаббатингни совут қилиб ҳимояга отланасан. Аммо ўша “Халқим” деб юрганларингдан кимдир, кимлардир ихлосингни қайтарса-чи? Барибир тилингга ёмон сўз келмайди. Ёмон қарғиш билан қарғаёлмайсан. Фақат жисму жонингга ўт кетади. “Нега шундай? Нега бошқалар эмас, нега айнан меникилар бундай қилди?” деган алам бўғзингга тиқилади. Кўзингга ёш келади.
Мен (аминманки, фақат мен эмас) кейинги пайтларда бот-бот шундай кайфиятга тушаман. “Булар дарёдан томчи. Дунёда фақат бир- бирларига меҳр–муҳаббат кўрсатиб, бир- бирларига қайишиб, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшайдиган миллат бормикан? Менимча, йўқ. Халқона айтганда барча поданинг тирриқиси бор. Улар учун бутун бошли бир миллатнинг бошидан кул сочиш нотўғри”, дея ўзимга таскин беришга ҳаракат қиламан. Тутун, дуд орасидан ҳам, туман орасидан ҳам нур, шуъла излайман. Аммо ўша дилни хира қилувчи воқеалар такрорланаверади. “Аразлаган рафиқасини олиб кетиш учун қайнота уйига борган куёвни ҳақоратларга кўмиб ташлашди. Бунга чидай олмаган йигит оғзига келганини бўғзидан қайтармай жавраб ётган қайнонасининг бўйнига мушт солди. Иккинчи муштдан сўнг бўйин томирлари узилиб кетган она ўрнида жон берди.” “Чойхонада яримтани майдалаб ўтирган беш-олтита йигитлардан бирининг эсига дўстининг ўсмирликдаги хиёнати тушиб қолди.
— Сен ўшанда қариндошинг Наргизга менинг хатимни олиб бориб бермагансан. Менинг кўнглимнинг борлигини била туриб уни Бердига тўғирлагансан. Соққа берганда сенга, ифлослик қилгансан.
— Ким ифлос, оғзингга қараб гапир!
— Сен ифлос! Ифлосни ифлос, демай ким дейдилар?
“Сану ман” дан бошланган айтишув жанжалга, жанжал эса муштлашувга айланади. Боши қизиб, идрокини йўқотган йигитлар икки тараф бўлиб муштлашувга аралашиб кетишади. Биқини, қорнига аёвсиз тепкилар еган жанжалкашлардан бири талоғи, жигари ёрилиб, шифохонада жон беради, миясидан шикаст еб, тузалиш-тузалмаслиги гумон бўлган иккинчисининг ҳам аҳволи оғир”.
Таниш хабарлар-а, таниш изтироблар, таниш оғриқлар… Сиз истамасангиз ҳам эшик, дарчаларингиздан бу оғриқлар кириб келаверади.
“Аввалдан кузатиб юрган хонадонига ўғирликка кирди. Воқеага гувоҳ бўлиб қолган икки ўсмир болаларни бўғиб …”, “Ўзи гапиришиб юрган талаба қизнинг ҳомиладорлигини билиб қолгач, бу сир оиласига ошкор бўлишдан қўрқиб, тўртинчи қават деразасидан пастга итариб юборди. Талаба тил тортмай …”
Одамнинг, бир парча этдан улғайтирилган, қанча меҳнату маблағ билан бандалар қаторига қўшилган одам боласининг жони шунча арзонми? Унга ҳаёт ато этган Аллоҳ вақти-соати етганида ўзи омонатини олади-ку. Қатлу қотиллик Яратганга хиёнат эмасми? Қолаверса, бу мудҳиш хатони қилган кимса ўз жонига ҳам жабр қиляпти-ку. Фақат ўз жонига эмас, яқинларининг бошига ҳам қора кунлар соляпти. Гарчи гуноҳкор бўлса-да ўғли (акаси, отаси, оғаси, борингки, қай бир жигари) ни панжара ортида кўрганлар қанча изтироб чекади… Эл- кун олдида боши эгилгани бир тараф, энди озодлик ҳуқуқларидан маҳрум бўлган яқинининг пушаймон тўла кўзларини кўриш яна бир азоб… Наҳот, шунча изтироблар кимдандир қасд олган пайтидаги оний лаззатга арзиса? Наҳот, Аллоҳ берган ақл, одамни ҳайвондан айро тутиб турган ақл ичдан тошиб келаётган жаҳлни жиловлай олмаса? Яна бир жиҳатни эсдан чиқармаслик керакки, тириклик, ҳаёт – бу инсонга бир марта бериладиган бебаҳо неъмат. Агар уни шартли равишда бир китоб деб олсак, саҳифаларида ўша бебаҳо неъмат учун қанчалар курашлар бор, нечоғлик фидойиликлар бор. Мустабидлар далаларимиздаги олтиндай буғдойларни таг-туги билан йиғиштириб, олиб кетган пайтларида ҳам фуқароларимиз боласи бағридан юлиб олинган онадай ҳувиллаган ерлардан бошоқлар териб, тириклик учун, болалари, оиласининг жонини асраб қолиш учун ҳаракат қилганлар. Раҳматли онам эслардилар:
— Саҳар ғира-ширада биз — ўсмир-ўғил-қизлар бўйнимизга тўрва осиб, бошоқ тергани чиқардик. Бригадир келиб қолса, ўша бир сиқим буғдойни ҳам тортиб олади, деган қўрқувда қўлларимиз апил-тапил ер пайпасларди. Баъзан бригадир от ўйнатиб келиб қоларди, елкаларимиз, бошларимизга тарс-тарс қамчи соларди. Отнинг олдида тўрвани бағримизга босганимизча четга қараб югурардик…
“Семириб кетаман”, деб нонлардан ўз ихтиёримиз билан воз кечаётган бугунги даврда ўша пишқириб келаётган от олдида уриниб-суриниб югуриб бораётган ўсмир болаларнинг хотира ҳуқуқи йўқми? Наҳот, уруш йилларида жанггоҳлардан — бомбалару гранаталар алангасидан олиб келинган сағир болаларга ўзининг сўнгги тишлам нонини тутаётган ҳимматли оналар, бобо, бувилар ҳақида ўйламаймизми кимнидир тирикликдан мосуво қилаётган чоғимизда? Бу ҳаёт шунчалар ширин бўлмаганида, бунчалар керакли бўлмаганида одамлар унинг ҳар бир дақиқасини асраб қолиш учун курашишармиди? Ҳамширалар қўлида жон бераётган аскарлар “Мен ўлишни истамайман, яшагим келади, илтимос, асраб қолинглар”, деб ялинармиди? Наҳот, бир лаҳзалик жаҳлга енгилиб, ана шундай тириклик фидойиларининг юзига оёқ босамиз? Ўз ўзимизга аталган ҳаёт чаманларини ўзимиз топтаймиз, гулларини юламиз?
Ахир, бу қатлу қотилликларсиз ҳам бошимиздан озмунча қирғинларни ўтказдикми? Узоқ ўтмишни қўя турайлик, яқин ўтмишдагиларини эслайлик. Қўқон мухторияти фаоллари, унга хайрихоҳ инсонларни дашноқлар қонга ботирди, фарзандларимиз қалбини илму маърифат билан ёриштириб, шу зиё орқали халқимизни ҳурриятнинг ойдин йўлларига олиб чиқмоқчи бўлган жадидларни “халқ душмани” дея отдилар, сургун қилдилар, ертўлаларда чиритдилар. Миллий озодлик курашчилари “босмачилар” тамғаси остида қизиллар тарафидан қирилди, Иккинчи жаҳон урушида навқирон йигитларимизни фашистлар тутдай тўкди… Афғон уруши, ўзбеклар иши… Пандемия… Ахир, жаҳлимизни жиловлай олмай бир-бировимизнинг жонимизга қасд қилмасак ҳам халқимиз кўп бор тақдирнинг қасдига дуч келган-ку. Наҳот, энди бир миллат бўлиб бирлашишга имконлар яралганда, юксалиш замони келганида, жаҳон бизни қизиқиб кузатаётган пайтида, ўзимизнинг гўзал тарафларимизни намоён қилиш пайти келганида “Аттанг, афсус” дейдиган ҳолатларни содир этсак?
Албатта, кимдир:
— Бизнинг бугунги эришаётган ютуқларимиз олдида, уларнинг ёрқинлиги олдида содир этилаётган қотилликлар хира, кўзга илинмайдиган нарса, буни бўрттириш шарт эмас, — дея эътироз қилар.
Йўқ, ўша хираси ҳам бўлмасин! Мен ўзим тарихи билан фахрланадиган, бугунги имкониятларида буюк келажакни ҳис қилаётганим миллатимда битта бўлса-да, доғ кўришни истамайман! Истамайдиганлар оз эмас.
“Ҳайдовчи йўловчининг ёнида катта пул борлигини билиб, нияти бузилди. Рулни пайт пойлаб хилват жойга қараб бурди ва йўловчининг етти жойидан пичоқ уриб, жамғармасини олиб, мурдани сувга ташлаб юборди”. “Уйига ўт қўйиб, номуси топталган синглисининг қасдини олди. Ёнғинда уч фуқаро, шу жумладан олти ёшли қизалоқ ҳам нобуд бўлди.”
Бас, бас дейлик, лекин қулоқларимиз, айниқса, кўзларимизни бекитмайлик. Ахир, бу жиноятни содир этаётганлар ўзга сайёрадан келган эмас! Улар қай биримизнинг қўшнимиз, қай биримизнинг қариндошимиз, улфатимиз, қадрдонимиз. Уларнинг қўли бирданига мушт бўлиб тугилмайди, бирданига пичоққа чўзилмайди, тасодифан бировнинг эшиги қулфини бузиб ёки деворидан ошиб кирмайди. Ёмон бўлиш йиллар давомида шаклланадиган ҳолат. Фақат биз ўз оиламиз, ўз фарзандимизга бўлган эътиборни бошқалардан дариғ тутамиз. Бошқалар учун ҳамиша ҳам жонимиз куявермайди. Кўпинча “Менга нима, ўз бошига келган қорни ўзи курасин”, деган нигоҳ билан қараймиз. Агар бизда миллатлик туйғуси кучли бўлса, бир ноўрин иш қилаётган қавмимизга меҳр билан, ҳа меҳр билан, қаҳрланмасдан хатосини айтишни ўргансак, жаҳлдан алангаланиб келаётган оташига меҳр сувини пуркасак, ана унда шаънимизга доғ бўлиб тушадиган нохушликлар, шу жумладан, қотиллик ҳам оёқларини йиғади. Бағрикенг халқмиз, деймиз. Кечиримли, андишали, ҳимматли, ҳамиятли… Ахир, бу фазилатларимизнинг ҳар бирини яхшилик йўлидаги кучли лашкарга айлантиришимиз мумкин эмасми? Миллат бўлиб, халқ бўлиб бирлашиш йўлидаги хизматга ярамаса, нима қиламиз бу фазилатлар билан мақтаниб? Негадир юрагимизда бирлашиш олдида ҳадик бор. Бу тасодиф эмас, мустабидлар бир ғоя атрофида бирлашганларда доим катта хатар кўрган. Уларни тарқатиб, тўзғитишга уринган, лекин бугунги ҳақиқатлар шундан сўзлайдики, бир бўлмаган, бир-бирини ёмонликдан, жумладан, қатлу қаттолликдан қайтармаган, ҳар бир содир этилган фожиани ўзиникидай қабул қилмаган халқ кўнгилсизликлар билан ёнма-ён яшайди.
Яқинда Хоразмдаги воқеа-чи? Элнинг хизматини қиласан деб катта мансаб, мартаба бериб қўйилган касларнинг қилган қилмишларини эшитиб юраклар тамом бўлди. Ахир, бу нокасларни ким бундай лавозимларга қўймоқда? Етим қизларни зўрлаган нокасларга жазо муқаррардир. Аммо бундай жирканч шахсларга ҳомий бўлган, орқа бўлганлар-чи, улар орқада қолиб кетаверадими?!
Айниқса, ўлим жиноятини содир этаётганлар орасида дунёга инсонга ҳаёт бериш учун келадиган аёлларнинг борлиги, куйган жонингни баттар куйдиради.
Қайнонасини пичоқлаган келин, келинини болталаган қайнона… Ўз фарзандларини сувга ташлаган она, уч нафар болаларини 9-қаватдан улоқтирган аёл… Албатта, суриштирилса, ҳаммасининг сабаби бор, айбдор ҳам, гуноҳкор ҳам топилади. Аммо шуни унутмайликки, асосий айбдор – биз, жамоатчилик. Унга ҳаёт қадрини тушунтира олмаган, ҳаётни севдира олмаган, унинг мураккабликлари қаршисида кучли бўлиб яшаш кераклигини англата олмаган— биз айбдормиз. Мактабда яхши ўқитмаган, дилига гўзал орзулар сола билмаган, касб–корга рағбат уйғотмаган бизмиз. Ўзимизни олиб қочмайлик. Модомики, биз қонимиздаги буюк халқлик ҳиссини тирилтирмоқчи эканмиз, фақат ўзимиз, фарзандларимиз эмас, барча қоракўзларнинг қалбида шу истак ёниши учун жавобгармиз. Гуноҳни фош этиш билан, айбдорнинг бошидан мағзава ағдариш билан, борингки унга жазо бериш билан ҳам кўкайимизни куйдираётган бу куюк битмайди.
Қани эди, илдизи юрагимга туташган бу ҳайқириғимдан сўнг бир силкиниб олсак! Дил-дилимизнинг туб-тубидан “Мен сен учун, у учун жавобгарман”, деган кучли бир нидо келса, ҳеч бўлмаса, халқ тақдирига бевосита дахлдор барча, ҳа, барча замондошларда шу масъулият уйғонса… Кошки…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА