Ҳаёсизлик чоҳи

Одам савдоси билан шуғулланаётганлар, айниқса, хотин-қизларни ножоиз ишлар учун хорижий давлатларга сотиб юбораётганлар ҳақида кўп эшитамиз. Чиндан ҳам, бу муаммо мавжуд. Унга қарши курашишнинг янада самарали йўлларини излаш вазифаси кун тартибида турибди. Яқиндагина Тошкент халқаро аэропортида кузатилган ҳолат фикримиз далилидир.

Воқеа шундай бўлган эди: Туркияга учадиган самолётга   чиқадиган йўловчилар навбатга туриб бирин-кетин ҳужжатларини расмийлаштираётган эди. Навбат ўн саккиз ёшли нозикниҳол қизга келди.

— Сизнинг исмингиз нима? — сўради нав­батчи унинг паспортига назар солар экан.

— Басира.

— Туркияга нима иш   билан кетаяпсиз?

— Ишлагани кетаяпти, ишлагани, — деди   сал нарида турган 35 ёшлардаги аёл.

— Сиз бу қизнинг кими бўласиз?

— Қариндошиман. Уни кузатгани чиққанман.

— Сизни   аэропортда кутиб оладиган одам борми?

Қиз саросимада савол назари билан аёлга қаради.

— Бор. Уни… албатта, кутиб олишади, — деди шошганча аёл.

— Туркияда нима иш қилмоқчисиз? — яна сўради навбатчи.

Қиз жавоб бериш ўрнига яна аёлга қаради.

— Бир касал одамга қарайди. Жавоб қайтарди ўзини “қизнинг қариндошиман” деган аёл.

Навбатчига бу ҳолат шубҳали туюлди, ёнидаги тугмачани босди. Шу пайт ички ишлар ки­йимидаги бир йигит келди. Уни кўриб қизни кузатгани чиққан аёлнинг ранги оқарди ва аста-секин ортига тисарила бошланди…

…Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида ёш қизларни хорижга нопок ишлар билан шуғулланиш учун жўнатадиган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туман судида жиноят иши кўрилиб, ҳукм чиқарилди.

Хўш, аэропортгача бўлган воқеалар занжири қандай бўлган? Бу жиноятнинг содир этилишида қандай омиллар сабаб бўлган?

Жиноят иши ҳужжатларида ёзилишича, 35 ёшлардаги Салима Суҳробова (Исм-шарифлар ўзгартирилди) мунтазам равишда Туркия давлатига хотин-қизларни ножоиз ишлар билан шуғулланиш учун юбориб келган. Бунинг эвазига хориждаги ҳамтовоғидан киши бошига пул олган. Содда тилда, айтганда аёлларни фоҳишаликка сотиб пул ишлаб юрган. Энг қизиғи, Салима бу вазиятни “жабрланувчи”лардан яширмаган. Яъни уларнинг қаерга, қандай мақсадда боришаётганини очиқ-ойдин айтган. Обида унинг эски “маҳсулот”ларидан эди. Уни анча аввал туркиялик Кенан исмли кишига пуллаганди. Аёл ҳам қиладиган ишидан хабардор бўлган. Туркияга боргач, Кенан қўшмачилигида ҳаром пул топа бошлаган. Аммо у ерда топаётган даромадидан қониқмай, интернет орқали Кипрдан “иш” топади. “Иш берувчи” олиб берган электрон билет билан унинг олдига боради. Тунги клубда “раққоса”лик қилиб, мижозларнинг кўнглини хушлаш эвазига унга 3-4 минг доллар тўлана бошланган.

“Анча вақт ишладим. Онамнинг мазаси бўлмай қолганлиги сабабли Тошкентга қайтишга қарор қилдим. Шунда хўжайинимиз Ахмедбей “Бирорта қиз дугонанг бўлса, олиб кел” деб тайинлади, — дея вазиятни баён этган Обида. — Мен таниш­ларим йўқлигини айтиб, Ахмедбейни Салима опа билан таништириб, уларни телефон орқали боғлаб бердим. Шу орада мен интернет сайти орқали Дилдора исмли қиз билан танишиб, уни   Кипрга ишга таклиф қилдим. У аввалига рад этти-ю кейин ўзи қўнғироқ қилиб, иш ҳақида сўради. Унга Кипрдаги   тунги стриптиз клубда рақс тушиб, мижозларга хизмат қилишини айтдим.

Ҳайрон қоларлиси, бу қора йўлдаги аёллар ўз гирдобларини тортаётганларга мақсадларини, “иш”ларини яширишмаган. Ҳаром пулдан, номуссизликдан ҳазар қилмайдиган тўрга тушганлар эса кўра-била туриб, шу йўлга кирмоқчи бўлишган. Жумладан, Дилдора ҳам аввалига рад этган бўлса-да, мўмай пул ваъдасини эшитиб, ўз хоҳиши билан Кипрга бормоқчи бўлган. Боз устига ўзи билан гўзаллик салонида ишлайдиган ўн саккиз ёшли қизни ҳам шу ишга қизиқтирган. Буни қарангки, воситачи Салиманинг икки аёлдан суратларини олиб Аҳмедбейга юборган, аммо Дилдора қолиб, Басира “танлов”дан ўтган. Бунга жиноят иши ҳужжатларида Салима Суҳробова аниқлик киритган: “Дилдорани ёши катта экан деб Ахмедбей рад этди. Басиранинг эса эрталаб соат 09:05.ги самолётда учиши мумкинлигини айтди”.

Эҳ, ҳаёсини пуллаганлар! Ўзларининг нотўғри, ҳаром йўлда эканини англаб-англамай, ҳали бутун ҳаёти олдинда бўлган ёшларни ҳам адаштирувчилар!

Воқеанинг давомини эса биласиз.

Жиноят иши ҳужжатларида 18 ёшли “жабрланувчи” Басиранинг фикрлари орасида қуйидаги гаплар диққатимизни тортди: “Салима опа “Сени юбораётганим учун Туркиядаги Ахмедбей менга пул бериши керак эди, Обида бўлса, пулларни ўзим оламан, деяпти” деб менга ўз дардини айт­­ди. Шундан кейингина   бу икки аёл мени сотиб юборишаётганлигини тушуниб етдим”.

Кечирасизу, вазиятни ўрганган инсон сифатида том маънодаги жабрланувчини кўрмадим. Тўғри, Салима ва Обидани суд Ўзбекистон Рес­публикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Аммо биз Басира дея исмини ўзгартирган қиз эса чин маънодаги онгу шуури басир қизмиди? Унинг ота-онаси, яқинлари йўқ эдими? Ақалли бирор тушунчаси кенг, тарбия­­ли таниши йўқмидики, уни бу йўлдан қайтаришса? Аслида муаммонинг илдизи мана шу ерда. Биз ёшларимизни тўғри тар­биялай олмас эканмиз, ҳалол ва ҳаромни, дину диёнатни ўргатмас эканмиз, ҳали кўплаб Басиралар пайдо бўлаверади. Аэропортдаги навбатчиларнинг эса ҳаммасиям ҳушёр бўлавермайди. Шу боис фарзандлар, айниқса, қиз болалар тарбиясига жиддий ёндашиш, уларга пулга сотилмайдиган, сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар ҳақида тушунча бериш керак. Ахир, дунё майдонида ҳар бир миллат вакили (у тўғри йўлдами, нотўғрими) давлат, миллат тамғаси урилади. Ўзбек, ўзбекистонлик деган ном туради. Шундай экан, ёш авлодни басир эмас, маънавияти бутун инсонлар қилиб тарбиялашимиз биринчи галдаги вазифа. Ўз номусини сотиб кун кечириши учун аёл қандай муҳитда вояга етади, бундай хотин-қизларда ҳаё, ор-номус деган муқаддас туйғуларнинг ўрни бўладими?

Минг афсуски, бу оғриқли саволларга жавоб беришнинг ўзи мушкул.

Аллоҳнинг жазосидан қўрқмаган бандалар —ҳаёсизлик чоҳига қулаган бундай чўриларни дунё бўйлаб юбораётган қабиҳ инсонларга аввало жазо чоралари янада кескин бўлмоғи керак.

Баҳром ТОШПЎЛАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Янги ҳаёт туман суди раиси,

Шоҳрух АКБАРОВ,

               журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =