Мен кўрган уруш

9 Май — Хотира ва қадрлаш куни

 

Мен одамзод кушандаси бўлган   немис- фашист босқинчиларининг ер   юзидан тамоман супуриб   ташланганига 10 йил   тўлганда дунёга келган эканман.   Эсимни таниганимда эса   инсонларнинг 1418 кунини   таҳликага солган,   ҳар дақиқада   ажал   ўз   қиёфасини   кўрсатиб   турган бу   мудҳиш   тарих биздан бирмунча   йироқлашган , одамлар анча хотиржам тортиб,   қайта тиклаш   ишларига   астойдил киришган   эди.

Бироқ мен бу   урушни   билмайман, деёлмайман.   Мен   уни турли тақдирларда   кўрганман. Унинг   кишилар қалбида   қолдирган оғриқларини   мурғак     кўнглим билан ҳис   қилганман. Чунки   олтмишинчи   йиллар ниҳоясида   ҳали   қишлоғимизда   Иккинчи жаҳон урушида   қатнашган, жанггоҳларда оёғи,     қўли, кўзидан айрилиб бўлса-да қайтиб,   муштипар оналарини қувонтирган,   қалби   кемтик эркаклар,   уруш ҳувиллатиб   қўйган   оилалар   кўп   эди.   Ўнлаб,   юзлаб хонадонларнинг деворларида   кимнингдир отаси,   кимнингдир   ўғли,   кимнингдир   турмуш   ўртоғи, шу   ердан   насибам   узилмасин,   ризқим   чорлаб   турсин,   уйимга   эсон- омон   қайтиб   келай   деган умидда бир тишламгина   узиб еган нонлари     қотиб,   қовжираб   эгаларига   илҳақ   осилиб   турарди.   Хонадон эгалари учун   бу   дийдор илинжи   эди.

Ён   қўшнимиз Туршак   буви (асл исмларини билмасдик.   Қишлоғимиздаги барча   болалар уни шундай   атардик. Унинг ҳовлисида жуда кўп серҳосил ўрик дарахти ўсар эди. Туршак буви   ўрик   меваларини қуритиб, туршак қилиб   қўшниларга тарқатар, дуо қилинглар, савоби болаларимга тегсин, дерди..   Балки шунинг учун ҳам   исмлари шундай   бўлиб   қолгандир)нинг   катта   уйидаги   деворга қоқилган палак устида ана шундай   учта   нон   осиғлиқ турарди. Биз   ўқувчилар тез-тез   бориб унинг   ҳолидан   хабар   олар, рўзғор   ишларига   ёрдамлашардик.   Туршак бувимиз   ёлғиз яшарди-да. Ишларни   тугатгач Туршак буви бизни   ўша катта уйга таклиф   қилардилар. Бирга ўтириб чой ичардик. Кейин бувижонимиздан   девордаги нонлар ҳақида   сўрардик. У киши   ҳеч эринмасдан эҳтимол   ўнинчи марта саволларимизга ҳаяжон билан жавоб берар,     кўзи ҳижрон ёшлари   билан тўларди.

— Мана бу   катта   патир Қодиримники, у жуда   келишган, шеркелбат йигит   эди. Қиш­лоқдаги ҳамманинг   ҳаваси келарди.   Атайлаб   унинг   учун   катта   патир   ёпганман. Анави   кулча   Қосимжонимнинг   насибаси. Эркатойим   жуда шўх бўлгани   учунми ихчамгина эди.   Лекин овози жуда   йўғон, жарангдор   эди. Қўшиқ   айтса етти уй наридаги   қўшнига ҳам эшитиларди.   Отаси   раҳматлик, шу ўғлимни Мулла Тўйчига шогирд қилиб бераман, катта ҳофиз бўлади, дерди.   Ўртадаги лочира патирни   дадасига   тишлатиб олганман.   Раҳматли миришкор   боғбон эди. Аввал   Қодиржонни,   бир йил ўтиб дадасини   урушга   олишди.   Урушнинг   тўртинчи йили   Қосимжонга   ҳам чақирув   қоғози   келди.   Шу куни   тонгда она-бола икковимиз ҳув   ҳовли этагидаги   икки   туп   ўрикни   экканмиз. Жуда оғзига маҳкам эди. Булар ҳали   шундай катта дарахт бўладики, соясига супа   қуриб ўтирасиз деди ишонч   билан. Лекин   жангга   кетиши   ҳақида ҳеч нарса   демади. Кечки овқатга   ул-бул тўғрашга уринганимда ошхона деразасидан мўралаб, онажон, сиз дамингизни олаверинг.   Бугун сизга ўз қўлим билан чойхона палов қилиб бераман. Мен   фронтдан   қайт­гунча мазаси оғзингизда   туради. Акамга мақтаб   юрасиз, деб гап   очди.   Мен нодон,   даданг билан   аканг   ўша фашист ўлгурни   ўзлари енгиб қайтади. Сен   ҳам кетиб   қолсанг   мен қандай яшайман,   шундоғам ҳувиллаб   қолган бағримни   вайрон қилма, демабман. “Ойижон,   ўқишимдаги учта ўртоғим   билан бирга кетяпмиз.   Фашистлар довдираб қолган.   Бориб ўзимиз урушни   тугатамиз.   Йўлда акамни топиб, уйга қайтарвораман,   деса   ишонибман-а, деб кўз ёшларини   кўйлакларининг енги   билан артиб, гўё   ўғлини   кўрмоқчидай девордаги нонга   қарардилар. Шунда Козим   ўрнидан дик этиб турарди-да, тагидаги курсичани устига чиқиб нонларни бирин-кетин Туршак бувига олиб   берарди. Бувимиз уларни   бир-бир кўзларига суртиб,   юмшоқ сочиқ билан   артар,   худди   боласини юзини силагандай нонларни авайлаб   сийпалаб бағрига босарди. Кейин аста ўпгач:

— Ма, болам эҳтиёт   бўлиб жойига илиб қўй, –   деб Козимга қайтариб   берардилар.

— Бирортасидан ҳам қорахат   олмаганман, бедарак кетишган.   Балки пленга тушиб   қолишгандир. Ажабмас, эрта-индин эшигимдан учовлашиб   кириб келишса. Ана   шунда бутун қишлоққа қўй   сўйиб, ош берамиз. Сиз– дастёрларим лаганларни ташишда акаларингизга қарашасизлар. Мазза қилиб ош   еймиз, – дердилар. Шундай   пайтда Туршак бувининг   чеҳралари   ёришиб кетарди. Бу   гапларига биздан кўра   ҳам ўзлари кўпроқ   ишонардилар. Орадан йиллар ўтди. Бизлар улғайдик. Мен   шаҳарга ўқишга кетдим.   Шу ерда ишда қолдим. Бир   куни уйга   борсам, Туршак буви оламдан ўтган   эканлар.

— Дада,   энди девордаги   нонларни   ким артиб   туради? – сўрадим   болаларча   соддалик   билан.

— Бувинг   раҳматли   қизиқ қилди. Тоби   қочиб ётган пайтда   мен билан   укасини   чақирди.

— Фатҳулла, Маҳмуджон. Мени куним битган кўринади.   Эс-ҳушим жойидалигида сизларга   бир ўтинчимни айтиб қолмоқчиман. Болаларимни, дадасини нонларини   халтага солиб   қўйдим.   Биламан, энди улар билан у   дунёда   кўришамиз. Ана   шу   нонларни – шу кунгача менга умид бағишлаган, куч-қувват берган орзу-умидларимни   менга   қўшиб қабрга кўминглар. Токи уруш деган   балони ўзим билан бирга   қаро ерга олиб   кетай. Мендан кейин ҳеч   ким, ҳеч бир онаизор   жудолик, айрилиқ дардини, фарзанд доғини кўрмасин. Уёққа боргач, Яратгандан ҳам   шуни   сўрайман, – дедилар. Биз   у кишининг   васиятларини адо этдик, – дадам бу гапни йиғлаб туриб айтдилар, мен,   онам йиғлаб туриб   эшитдик. Ана   шунда луғат китобида   мунға­йибгина турган “уруш” сўзи   дунёдаги энг   хунук, энг   мудҳиш   сўзлигини   юрак- юракдан ҳис қилдим.

Дунёда ҳеч қачон   уруш бўлмасин, оналар   бўзлаб қолмасин, деб дуо   қилдим.

* * *

Колхозимизда   Машраб бува деган қўшчи   бўларди. У кишининг иккита семиз-семиз   хўкизи бор эди. Ҳар   баҳор ва ҳар   кузда кўпчиликни   Машраб   бувага иши тушарди. У   хўкизларини қўшга қўшиб   одамларнинг томорқаларини (худди трактордек шудгорлаб берарди. Ҳали мини тракторлар кашф қилинмаган эди-да) ҳайдаб, юмшатиб берарди.   Унинг аёли   Ёмби хола ўзидан ўн- ўн беш   ёш кичик эди. Ёмби   хола   оппоқ, чиройли аёл эди. Машраб бува аксинча   юзлари   чўтир, ўнг қўлининг учта бармоғини, ўнг оёғини   тўпиғидан пастини   урушда   осколка юлиб кетган ногирон киши эди.

— Қишлоқдаги энг сара йигитлар қаторида Ёмбихоннинг қайлиғи ҳам урушга кетиб   қайтмаган.   Ёмбихонга ўхшаш   гулдай-   гулдай қизлар урушдан   ярим ёрти бўлсада тирик қайтган   кишиларга   турмушга чиқишга   мажбур бўлган. Начора   ҳаёт бу, — дердилар бувим.

Энг   қизиғи,   Машраб   бува мутлақо хат-саводсиз эди.

— Мени тўғри колхоз   даласидан фронтга олиб кетишган. На ўқишни биламан, на   ёзишни. Азбаройи соддалигимдан, ҳеч бўлмаса ёлғизгина онамга   урушга кетаётганимни айтиб қўяй, демабман. Бизни урушга   яқин бир ўрис   қишлоғига олиб боришди. Шу ерда бир ой   пулемётда,   милтиқда отишни ўргатишди.   Умримда   кетмондан бошқа нарсани   ушламаган бўлсам-да милтиқ   отишни ўргандим. Бироқ ўрисчани гапириш   уёқда турсин тушунмайман   ҳам. Яхшиям   ёнимда бир   қирғиз йигит бор.   У ўрисчани тузуккина биларкан. Ўшани   этагидан   маҳкам тутдим.   Бизни   Украина деган жойга   олиб боришди.   Уч кун ўтиб жуда катта дарё (Қора денгизни назарда тутган   эканлар) бўйида бўлаётган жангга ташлашди. Тавба,   урушда-чи   сув ҳам ёнаркан. Ер ҳам, кўк ҳам, сув ҳам олов ичида.   Ўқлар визиллаб   уёқдан   буёққа учади. Мен   қўрқувдан қалтираб окопда   пулемётимга   суя­ниб турибман.   Бир пайт нимадир   қарсиллаб кетди.   Мен   пулемётдан анча нарига бориб   тушдим. Устимга тупроқ   тўкилди… Кўзимни очсам тепамда   дўхтирлар чап қўлим билагимгача оппоқ дока билан боғлаб ташланган. Оёғим ҳам.   Қулоғим ҳеч   нарсани эшитмайди. У ерни   госпитал дейишаркан.   Қирғиз   дўстим бир марта   кўргани келди. “Қисмимиз   анча   олдинга илгарилаб кетди.   Бошқа кўришолмаймиз, қариндош.   Эсон-омон юртингга етвол”,   деб хайрлашди. Бир   ойлардан сўнг соғ қолган ўнг қўлимга урушга яроқсизлигим ҳақидаги қоғозни тутқазишди.   Кейин уруш бўлаётган   жойлардаги аҳоли, бола-чақалар кетаётган поездга ўтқазиб мени ҳам Ўзбекис­тонга жўнатворишди. Яхшиям қўлимдаги қоғозда   яшайдиган жойим кўрсатилган экан, икки ҳарбий   йигит уйимгача   кузатиб   қўйди. Лекин   қоғозим   улар   қўлида қолиб   кетибди, — деб гапириб берганди қўшчи бобо. Шўрлик жангчининг урушда қатнашганлиги ҳақида ногирон оёқ-қўлидан бошқа   ҳеч қандай гувоҳи, хат ҳужжати йўқ   эди. Шу боис у уруш қатнашчиларига   берилган   ҳеч   қандай имтиёздан фойдалана олмади. Умрининг   охиригача ҳам қўл учида   кун кўриб ўтди.

* * *

Ўртоғим   Кўпайсиннинг   дадаси   Тўқливой   тоғага   Ғалабанинг   20   йиллиги арафасида иккинчи   Жаҳон уруши   қатнашчиси   сифатида   “Запорожец” автомобили берилди.   Тоға   Кўпайсинга   қўшиб   бизни ҳам   машинасида   сайр қилдирди.

— Яхшиям   урушга борган   экансиз,амаки. Мазза қилиб   машина минасиз, -дедим билағонлик  қилиб. “Э маззаси   қурсин, қизим. Уруш   жуда беомон жанг   бўладиган майдон. Жангга   кирарканмиз ундан ким омон   чиқишини ҳеч ким   билмасди. Мени онамни   дуолари омон   сақлаган   бўлса керак. Онамнинг   бир укаси Одер   дарёси қирғоқларида, акаси   Краковда ҳалок бўлган.   Агар мен ҳам   қайт­маганимда   онам   адойи   тамом бўларди. Не-   не азамат ўртоқларим,   қуролдошларим нобуд бўлмади   бу урушда. Урушнинг оти   ўчсин. Уни асло орзу   қилма. Машина минмасанг   ҳам ўз юртингда,   ота-онанг бағрида   хотиржам яшаш   катта   бахт, — деди амаки чуқур   хўрсиниб. Ўзимиз мол   боқадиган адирга етганимизда   — Дада, биз шу   ерда   тушиб қоламиз.   Болалар   билан “уруш-уруш” ўйнаймиз, —   деди Кўпайсин   машина   орқасидаги ёғоч автоматини   оларкан. Ўша пайтда биз   болалар “уруш-уруш”, “немис-немис” ўйинларини   ўйнардик. Дўконлар   ҳам милтиқ, тўппонча, танк каби   ҳарбий ўйинчоқларга тўла бўларди. Бироқ бир куни   Тўқливой тоғамизнинг онаси ҳаммамизни   қўлимиздаги   қуролларимизни тортиб олди. “Сенлар ҳали фариштадай бегуноҳсанлар. Нима ният   қилсанглар шунга етасанлар. Нима   қиласанлар бу отинг ўчгур уруш қуролларини ўйнаб. Урушнинг оти ўчсин, энди   уруш бўлмасин”, — деб   бизни   койиб берганлар. Ўша   куннинг эртасига Кўпайсин   мактабга   йиғлаб келди. Дадасининг   кўзи кўрмай   қолибди.   Маълум бўлишича,   у киши   урушда елкасидан яраланган,   контузия бўлган экан.   Уни дала госпиталда   даволаган врач, ҳозирча   кўзинг   кўра бош­лади, бироқ кейинчалик асорати   бўлиши   мумкин, деган   экан. Қаранг   лаънати   уруш 20 йилдан   кейин ҳам   кучини   кўрсатибди. Дугонамнинг   отаси   умрини охиригача   зулматда   яшади. Қизининг тўйида уни оппоқ   либосда — келинлик қиёфасида   кўролмади.Ўзи эккан ниҳоллар   ҳосилга кириб шиғил   шиғил ҳосил солганда   хушбўй олмани ҳидларкан   ҳиди шундай   ёқимли бўлса ўзи ҳам   роса чиройлидир-а, деб   хўрсинди.   Ич-ичидан соғлиғини   ўғирлаган урушни   қарғади.

* * *

Йиллар   худди қишлоғимиз   бағрини кесиб ўтган   жўшқин   сойдай шошилиб   ўтиб бораверди. Уруш воқеалари ҳам кишилар хотира   ойнасида тобора хиралашди.   Кемтик дилларга   малҳам   инди.   Ачинарлиси, йилларга   қўшилиб иккинчи жаҳон урушида   қатнашган ҳамқишлоқларим ҳам   ўтиб кетишди. Мактабни битириб   шаҳарга ўқишга кирганимда   эса мен бутунлай   бошқа бир   муҳитга тушиб қолдим. Назаримда, бу ерда ҳамма бахтиёр, мен билган уруш кулфатларидан   узоқ эди. Мен ҳам   болалик хотираларимдан анча йироқлашдим. Кечки   бўлимда   ўқиганим боис “Гулхан” журналига ишга   кирдим. Бу пайтда   фашист босқинчилари устидан   ғалаба қозонилганига салкам ўттиз йил   бўлганди. Бироқ мен шаҳарда ҳам   яна “уруш”га   дуч   келдим.

“Ўзбекистон агитатори” журналида Шарофат опа   деган бир   қувноқ   аёл ишларди. Бир куни   у   ҳаяжон билан   хонамизга   кириб келди: — Темурвой, (у киши катта муҳаррир эдилар)   суюнчи беринг, набирали бўлдим. Отини Мирсодиқ   қўйдим. Акангиз   шуни   орзу қилгандилар. Худога шукр,   у кишининг олдида юзим   ёруғ бўлди, яна-чи, набирамиз   айнан додаси   туғилган кунда туғилди, — деди бир нафас тўхтамай. Темур   ака     эндигина босмахонадан     чиққан, биздан   қизғаниб   ўтирган китобларини ичига   беш сўмлик солиб суюнчи, деб   узатдилар.

Аёл   қандай шошилиб   кирган   бўлса   шундай   шошилиб   чиқиб кетди.

— Тавба, Темур   ака,   шу   аёл   сал   ғалатироқми. Худди   ундан бошқа одамда   набира йўқдай намунча   ҳовлиқади,- дедим энсам қотиб.

— Абдулла   Ориповнинг “Аёл” шеърини ўқиганмисиз? — сўрадилар, Темур ака гапимиз   ёқмагани   сезилиб   турган оҳангда.

— Йиғлаб ёдлаганман, — дедим.

— Бу   аёл ўша   шеърнинг   қаҳрамони. Шарофат   опа 19 ёшида   суйгани Миркомил   акага турмушга чиққан.   Тўйининг ўн бешинчи куни уруш бошланган.   Эндигина   ҳарбий хизматдан   қайтган   Миркомил   ака   яна   эгнига   ҳарбий либос   кийди. Келинчакка жангдан албатта соғ-саломат қайтишга,   биргаликда   Мирсодиқ, Мирфозил, Садоқат, Сао­дат   деган фарзандларга ота-она   бўлишга ваъда бериб   хайрлашади.   Янги келин   эрининг бўйнига осилишга,   сизсиз   қандай яшайман, деб кўзёш тўкишга   андиша қилди. “Кутаман”   деёлди   сўзсиз кўзёш   тўкиб. Бироқ уруш-урушлигини қилди. Минг-минг йигитлар қаторида унинг ёрини ҳам   ўз   домига   тортиб   кетди. 15   кунлик бахтини   28 йиллик   ҳижронларга алишмаган   Шарофат опа ҳануз   турмуш   ўртоғини   кутиб   яшаётган   экан. Укасининг   ўғлини   асраб олиб, эрининг   чироғини   ёқиб ўтирган   экан. “Шарофат опага   ҳар қанча ҳурмат кўрсатсак   кам. Чунки у уруш   солган айрилиқнинг қаддини   букиб, уни мағлуб   қилиб яшаяпти”, — деди Темур   ака.

Мен садоқат тимсолига   айланган   бу   аёл   ҳақидаги   нотўғри фикримдан   уялиб   кетдим. Ич-ичимдан   эл тинчини   оила тинчидан   юқори қўя   олган мард, жасур йигит   Миркомилдан   узр   сўрадим.   Ҳали-ҳамон   одамлар   ҳаётини   оғулаётган   урушни лаънатлайман.

* * *

18   ёшида   урушга   кетиб қайтмаган   Ҳабибулло   акаси хотираси   учун   ўғлига   унинг исмини берган, Европанинг ўнлаб   шаҳарларидаги юзлаб қардошлик   қабристонларидан акаси исмини излаб чарчамаган журналимизнинг масъул   котиби Наримон Орифжоновнинг   аламли   хотираларини, “Бир   сиқим   тупроғини   кўзимга суртолмадим-а”, деб дунёдан армон билан ўтаётган онасига Братиславадаги 60000 аскар мангу   қўним топган қабристондан бўёғи хиралашганидан “Шарифжоновми ёки Орифжоновми”лигини аниқлай олмасада шу қабрдан бир   сиқим тупроқ олиб   келиб топширганида фарзанди   йўлига илҳақ онаси худди   Ҳабибуллосини кўргандай   севингани ҳақидаги   хотирасини   кўзда ёш билан   тинглаганимда   мен яна   ўша қаттол урушга   рўпара   бўлдим гўё.   Ва бу инсоният ҳаётидаги   энг   машъум тарих ҳеч қачон унутилмаслиги кераклигини, у   одамларни ҳамиша ҳушёрликка, тинчликни худди азиз неъмат   нон   каби асраб   авайлашга   чорлаб туришини   англадим.

Бугун   орадан салкам саксон йил ўтиб 9 май — Хотира   ва Қадрлаш куни   арафасида тинч, осуда хонадонимда келинлар тузаган тўкин   дастурхон атрофида умр йўлдошим, фарзанд ва набираларим билан шоду хуррамликда, бағри бутунликда нонушта қилар   эканман кўз олдимда шу фаровон, осуда   ҳаёт учун жон   олиб, жон берган қишлоқдошларим сиймоси бир-бир   ўта бошлади. Ажаб улар чеҳрасида аввалги алам, армонни эмас хушнудлик     зоҳир эди.

Эҳтимол улар мустақил Ўзбекистонимиз ўзининг жасур фарзандларини ҳеч қачон унутмаслигини, бу муқаддас, озод заминда   Инсон хотираси   муқаддас,   қадри улуғлигини   сезганидандир. Мен соғинчли хотираларимни тугатдим. Кейин юзлаб   ҳамшаҳарларим сингари Хотира   майдонига   йўл   олдим. У ердаги хотира китобларидан, эҳтимолки   абадиятдан жой   олган юртдош, ҳамқишлоқ ботир боболаримнинг табаррук   исм-шарифларини топиб яна бир карра   ўқигим, улар номларини кўзимга   суртгим келди.

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 2 =