Болға ва сандон оралиғи бу авлоднинг тақдирига ёзилганди
…Бундан роппа-роса юз йил муқаддам кўҳна Хоразмнинг Қипчоқ аталмиш чекка қишлоғида бир гўдак дунёга келади.
Давр долғали, давр тушуниксиз – Абулғозий Баҳодурхон ибораси билан айтганда: “юрт бузулғон” кезлар — асрий хонлик ағдарилган, ўрнида жадид зиёлилар барпо этган Хоразм Халқ Республикаси шўролар фитналари асоратида сўнгги кунларини яшаётган, фуқаролар уруши туфайли қора тун у ёқда турсин, куппа кундузлари ҳам эшикларга тамба урилган, юракларни қўрқув забтига олган замонлар эди.
Дунёда юз бераётган мудҳиш воқеалар шу жажжи чақалоққа ҳам дахл қилади – туғиш вақтида онаси вафот этади ва туғма кўзи ожиз аммаси қарамоғида қолади. Эндигина мактабга борган вақтида юртда рўй берган очарчиликда топган бир бурда нонни ёлғиз фарзанди оғзига тутган отаси ҳам бандаликни бажо келтиради – энди унинг пешонасига чин етим тамғаси урилади.
Туркий халқларда “Етим ўз киндигини ўзи кесади” деган отасўз бор.
Отаси иймонли боболари анъанасига кўра Муҳаммад Ёр деб исм қўйган, аммо динсизлар сиёсати ўлароқ бу исм Мадиёр шаклида ҳужжатларига ёзилган бу йигит ўз тақдирини ўзи яратишга аҳд қиларкан, аввало, билим олишга бор кучини сарфлайдики, еттинчи синфда ўқиётган вақтида ўқитувчилар бирор юмуш билан қайгадир кетган вақтларда тенгқурларига сабоқ ҳам беради.
1940 йилда бор-йўғи еттинчи синф маълумотига эга йигитни Шовот туманидаги мактаб-интернатга она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ва бир вақтнинг ўзида мактаб илмий бўлим мудири вазифасига ишга қабул қилишади.
1943 йил баҳорда – 20 яшар йигит урушга отланади. Душанбе шаҳрида зобитлар тайёрлаш курсини битказгач, 1944 йил бошида Украинани озод қилиш учун бошланган жангларда взвод командири ўринбосари сифатида илк бора жангга киради.
1944 йилнинг августида Мадиёр Худойберганов хизмат қилаётган 1-Украина фронти таркибидаги ўқчи дивизия Польша тупроғига қадам қўяди. Шу йилнинг 3 августида Висла дарёсини кечиб ўтиш вақтида оғир яраланиб, беш ой турли госпиталларда даволаниб, 1945 йилнинг январида қишлоғига биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтиб келади ва яна педагоглик фаолиятини бошлайди.
1947 йил… 24 яшар йигит Шовот туман халқ таълими бўлимига мудир этиб тайинланади. Бунгача мактабда илмий бўлим мудири ва директор бўлиб ишлаган, бир вақтнинг ўзида Урганч педагогика институтида сиртдан таҳсил олишга ҳам киришганди.
1949 йилдан бошлаб партия тизимига ишга таклиф қилинади ва Шовот туман партия қўмитаси котиби бўлиб иш бошлайди. 1953-1957 йилларда Москвадаги сиёсий академияда таҳсил олади.
Ўқишни тугатгач, вилоят обкомида бўлим бошлиғи, 1959 йилдан Хонқа, сўнг Хива туманлари раҳбари, 1965 йилдан эса Хоразм вилоят ижроқўми раиси бўлиб ишлайди.
1968 йил январида унинг зиммасига қадим Хоразмга биринчи раҳбар бўлишдек машаққатли вазифа юкланади. Ва бу шарафли вазифада ўн саккиз йил хизмат қилади. Сўнгги тарихда, яъни Хоразм вилоят мақомини олганидан буён бошқа бирор шахс вилоятга Мадиёр акадек шунча кўп муддат раҳбарлик қилган эмас!
…Етим болакайнинг бошига қўнган бу бахтнинг мисли танга мисол икки томони бор эди…
* * *
Энди ўзимдан бир шингил эшитинг: 1985 йил ёзида университетни битказиб, Боғот туман газетасида техник ходим бўлиб иш бошлаганман. Шу йил пахта терими арафасида тумандаги машҳур “Боғот” жамоа хўжалигида вилоят фаоллари йиғилиши ўтказилди ва менга ушбу мажлис ҳақидаги ахборотни ёзиш топширилди. Бирор олти юз чоғлиқ, асосан, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари қатнашган тадбирда умримда илк бора Мадиёр акани кўрганман. Муқаддам газетадаги суратлари ва телевидениедаги лавҳаларини кўргандим холос. Ўшанда, матбуот оламига илк қадам қўйган камина орадан етти йил ўтгач, тириклигидаёқ афсонага айланган шахс билан яқин биродар, ҳамсуҳбат бўламан, у киши ёзган тўртта китоб таҳрири зиммамга тушади, деган ўй тушимгаям кирмаганди…
Мадиёр ака “пахта иши” бўйича Москванинг “Бутирка”, “Матросская тишина”, “Лефортово” каби ҳибсхоналарида уч йилдан ортиқ терговолди босимлари, тазйиқлари остида ҳар куни “кундалик” қоралашга жазм қилган экан. Шу “кундалик”ларида салкам ярим аср ўзи ишонган, виждонан хизмат қилган ва охир оқибатда “халқ душмани”га айлантирган шўро тузуми –унинг ноинсоний сиёсатини таҳлил қилганлар. Оз эмас, 28 та ана шундай “кундалик”лари кичик ўғиллари Ҳамдам аканинг саъй-ҳаракати билан (у кишининг масъул хизмат соҳасида ишлагани шу ўринда иш берганини айтмоқ керак) “минг кўзли” ҳибсхона назоратчилари нигоҳларидан яширинча олиб чиқилади ва кейинчалик Мадиёр ака ёзадиган уч китобдан иборат мемуарларига яхшигина “озуқа” вазифасини бажаради.
Эътибор беринг, Мадиёр ака 1988 йил ҳибсхонада “кундалик”ка шундай сўзларни битган: “Лев Гумилев айтмоқчи, бизнинг узоқ йиллик тарихдаги фожиамиз – ўзгаларнинг сўзларини такрорлаш, унга сиғинишдир. Марксизм-ленинизм ҳам амалда доҳийларни такрорлашга асосланганди. Эндиликда биз “Инжил” ва Аристотель ўрнига “Капитал” ва Ленинни қўйдик. Доҳийлардан бошланган хасталик издошларига ҳам юқди. Етмиш йил давомида биз ана шу касалдан қутила олмадик…”
“Режалар асоссиз ва ҳавойи эди. Нега шундай? Аслида у режа эмас, Москванинг буйруғи эди. Сўзга ўрин йўқ. Бажар! Оқибатда, бели бақувват колхозлар ҳам ночор аҳволга тушиб қолди, ғариб хўжаликлар синди. Пахта етиштириш йил сайин орқага кетди-ю қоғозларда ошириб кўрсатилишга мажбурланилди”.
Бу сўзлар Москванинг қоқ марказида – ҳали шўро давлати отнинг устида вақтида ёзилган.
…Эътироф этиш керак, Мадиёр ака “пахта иши” бўйича қатағонга учраган юртдошларимиз орасида биринчи бўлиб ишонарли китоблар ёзди ва мемуар ёзиш анъанасини бошлаб берди.
Ушбу китобларни тахлашда Мадиёр акага беминнат ёрдамлашганман, “кундалик”ларини ўзбекчага (назоратчилар бошқача фикрга бормасликлари учун аслият рус тилида ёзилган) таржима қилганман.
Уларда муаллиф – кечаги содиқ коммунист шўро тузумининг ичак-чавоғини ағдаради, олти миллион тонналик пахта хирмони яратиш учун Кремль раҳбарларга қандай зуғум ва босиб ўтказгани ва охир оқибат ўз айбини ижрочилар елкасига юклаганини аниқ ҳолат ва рақамларда баён қилган.
* * *
Инкор қилиш қийин бўлган ҳақиқатлар бор: республикамизнинг чекка ҳудуди ҳисобланмиш Хоразм вилояти айнан Мадиёр ака бош бўлган даврларда янгича яшаш измига тушган. Шу даврда вилоятга табиий газ тортилган, электр энергияси олиб келинган. Вилоятда ҳар йили салкам ярим миллион тонна пахта етиштирилган. Озиқ-овқат дастурини таъминлаш учун еттита шоличиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар тузилган. 150 минг гектардан зиёд ерлар ўзлаштирилган. Ўша вақтда вилоят республикада етиштирилган шолининг 40, асалнинг 45 фоизини берган.
Асрий тупроқ йўлларни обод йўлларга айлантириш ҳаракати бошланиб, уч минг километр ички ва шаҳарлараро йўллар асфальт қилинган ва тўрт юздан ортиқ темир-бетон кўприклар қурилган. Бу йўллар ва кўприклар ҳали ҳамон хизмат қилмоқда.
Мадиёр ака иш бошлаган кезларда Урганч шаҳрида еттитагина икки қаватли бино бор эди. Ўн саккиз йил ичида вилоятда янгидан иккита шаҳар барпо бўлади. Шаҳарларда беш ва ҳатто тўққиз қаватли тураржой бинолари қурилади. Шу даврда эски, мослаштирилган мактаб ва боғчалар тамомила тугатилиб, беш юздан ошиқ мактаб ва икки юзга яқин замонавий лойиҳадаги мактаблар қурилади.
Шу йилларда шаҳарлар, туман марказларида ва ҳатто олис қишлоқларда элликдан ортиқ замонавий жиҳозланган шифохона ва поликлиникалар янги биноларда одамларга хизмат кўрсата бошлаган.
Туямўйин сув омбори, Туямўйин ГЭСи, “Дўстлик-Урганч” ичимлик сув қувури, пиллани қайта ишлаш корхонаси, тайёр кийимлар тикиш фабрикаси — булар Хоразм саноатига ҳам илк пойдевор шу даврда қўйилганининг исботи.
Ҳозирда миллионлаб сайёҳлар ташриф буюраётган Хивадаги Ичан қалъа айнан ўша даврда ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига киритилган ва музей шаҳарга айлантирилган.
* * *
Мадиёр ака тенгсиз нотиқ бўлганига кўпчилик гувоҳ. У кишининг нутқлари шунчаки, партия қарорлари ҳақидаги қолипдаги сўзлардан иборат бўлиб қолмас, уларга юрт тарихи, миллий қадриятлар, қадим анъаналар руҳи сингдириб юбориларди. Мадиёр ака, шунингдек, яхши китобхон бўлгани, шахсий кутубхонасида камёб тарихий асарлар борлиги, рус тилини мукаммал билгани ва яна вақт келиб Қуръони Каримни ёд олиб, уламо даражасига етишгани, икки марта муқаддас ҳаж зиёратига боргани, иқтисод фанлари номзоди бўлган инсоннинг кейинчалик ёзган тўртта хотира китобида ўзига хос услуб, бадиийлик “ярқ” этиб кўзга ташланиши…буларнинг бари Аллоҳ берган иқтидордан нишонадир.
Бу инсоннинг раҳбарлик салоҳияти алоҳида мавзу. Ўтган асрнинг 1960 йиллари охиригача воҳада аксар идора-ташкилотларда бошқа миллат вакиллари раҳбарлик қилишган, айниқса, қурилиш, саноат соҳасида муҳандислар — четдан келган кадрлар ишлашган. Миллий кадрларни тайёрлаш жараёни ҳам айни шу даврга тўғри келадики, 1980 йиллар бошига келиб, бу ўз меваларини беради: барча соҳаларда ерлик кадрлар нисбати тўқсон беш фоизга етади.
“Мадиёр аканинг муомала маданияти биз учун ибрат эди, — деб хотирлайди вилоят ва республикамизда таниқли инсонлардан бири Абдулла Искандаров. — Оғзидан ҳеч қачон ёмон сўз чиқмасди, фикрини етказиш ва топшириқни бажартиришда одоб-ахлоқ доирасидан ҳеч қачон чиқмасди. Мадиёр ака билан ишлаган давримда фақат уч марта қизишганлари ва боши қалтираб (бу урушда контузия бўлгани асоратидан) катта айб қилган раҳбарга нисбатан “муттаҳам” сўзини ишлатганига гувоҳман. Бу ўринда Мадиёр ака минг карра ҳақ эдилар. Ҳозирда раҳбарлар оғзидан чиқаётган сўзларни эшитганимда беихтиёр у кишининг бизларни тарбиялаган ҳаёт мактаби, инсонийлик маданияти келади!”
* * *
Мадиёр ака хотираси ўта кучлилиги билан барчани қойил қолдирарди. Вилоятнинг яқин тарихидан бирор нарса ёзиш керак бўлса, албатта у кишини йўқлаб борардик. Мақсадимизни эшитгач, бирор дақиқа сукут сақлаб: “…фалон йили Тошкентда марказқўмнинг йиғилиши бўлди. Асосий маърузада шундай рақамлар келтирилди…” деб ўттиз-қирқ йиллар олдинги бўлиб ўтган йиғилиш “баённомаси”ни ипидан-игнасигача айтиб берарди.
Нуриддин Муҳиддиновнинг “Кремлда ўтган кунларим” номли хотиралари чиққан кезларда айтган гаплари эсимда қолган: “Раҳматли Нуриддин Акрамович хотира китоби ёзаётган вақтларида уйимга келдилар. Айтдиларки, “Олтмишинчи йилларда бўлиб ўтган марказқўм бюроси йиғилишларидан аксарининг “баённомаси”ни архивдан топа олмадим. Мавзу учун зарур факт ва рақамларни излаяпман. Сиздан бошқа хотираси зўр одамни тополмадим, эсланг-чи” дедилар ва уч кун ёнимда қолдилар. У киши сўраган маълумотларни хотирамга таяниб айтиб бердим…”
* * *
Мадиёр ака билан энг сўнгги учрашувимиз 2016 йилнинг 4 май куни бўлди. Уруш иштирокчисини табриклаш учун Урганч шаҳри имом хатиби Ҳасанбой ҳожи билан бориб, ёнларида анча қолиб кетдик. Кўп воқеаларни эслади, Жалолиддин Румийдан ибратли ҳикоятлар айтдилар. Кетар вақтимизда “Ёсин” сурасини маромига етказиб, қироат қилдилар (Охирги дийдоримиз ҳақидаги “Сўнгги могикан” сарлавҳали мақолам республика матбуотида чоп қилиниб, бирмунча шов-шув бўлгани эсимда).
…Ва орадан икки ой ўтиб, 94 ёшида боқий дунёга рихлат қилдилар.
* * *
Мадиёр аканинг умр йўлдоши Ниёзжон момо 96 йил умр кўрди. Салкам етмиш йил бирга яшаган бу икки улуғ инсоннинг ҳаёти охирларидаги камтарона ҳаётига гувоҳман. Мадиёр ака билан қачон кўришсак, тариху дунё сиёсатидаги воқеалардан суҳбатимиз қизиб кетган вақти (бу орада момо пиширган паловни ҳам еб олардик) Ниёзжон момо: “Қўйларингизга қарасангиз бўларди, боядан бери маърашади” деб қоларди. Қачонлардир давлат томонидан берилган катакдеккина ҳовлида Мадиёр ака 10-15 бош қўй, Ниёзжон момо 50-60 товуқ боқишарди.
Бу ёғини сўрасангиз, қирқ йилдан ошиқ масъул вазифаларда, 18 йил бутун бошли вилоятга бош бўлган Мадиёр аканинг ўз шахсий уйлари йўқ эди десам ишонарсиз. Шунинг ўзи… ҳозирги айрим амалдорларга аччиққина сабоқ бўладиган ибрат эмасми?
* * *
“Умрим синовлар майдонидан иборат бўлди. Шўролар тузумининг барча даврлари, талотумлари, адолатсиз сиёсати елкамизга тушди. Ва, алқисса, энди мулоҳаза қилсак, ҳақиқатни тан олсак, тузумга эмас, халққа, эл-юртга қилган хизматларимизгина қолар экан…”
Бу самимий сўзлар Мадиёр Худойбергановнинг сўнгги васияти бўлиб қолди. Тақдирига болға ва сандон оралиғида яшаш ёзилган авлод вакилларига осон тутманг. Келинг азизлар, уларнинг руҳларига дуо қилайлик!
Рўзимбой ҲАСАН