“Биттаси бўлсаям келмади-я” ёки ўзбекистонлик ва америкалик ўн қаҳрамон ўғлон қиссаси

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни

 

 Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ҳамюртларимиз ҳамда хорижий давлатлар жангчилари томонидан намойиш этилган жасорату қаҳрамонликлар, дучор бўлган жудоликлар, келтирилган мислсиз қурбонлар тўғрисида ҳикоялар кўп ёзилган.

Бутун дунё халқларининг 1939 йил 1 сентябридан то 1945 йил 2 сентябрига қадар роппа­-роса 6 йил мобайнида Германия ва Италия фашизми билан Япон милитаризмига қарши олиб борган кураши, уларнинг жасоратларию, йўқотишлари, сабру-қаноати, бардоши Совет Иттифоқи, Европа, Америка, Англия ва бошқа давлатлар жангчиларининг мисли кўрилмаган қаҳрамонликлари, 50 миллион нафар ёшу-қари, навқирон, ўсмирлар қурбонлари ҳисобига Буюк Ғалаба қўлга киритилди, айни бир пайтда уруш сон-минглаб абадий жудолик ва беҳисоб фожиали тақдирларнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Эришилган жаҳоншумул Ғалаба фронт, армия, дивизия, полк, рота, взвод, отрядлардаги қаҳрамонлар ва қаҳрамонликлар, фронт ортидаги саб­ру-қаноат ва жасорат намуналарини намойиш этган оддий оилалар тарихи, тақдири, уларнинг бошидан кечирган фожиали воқеалари ҳақида, шу жумладан, бу гал ўзбекистонлик ва америкалик икки оила тарихи ва тақдирига оид мавзуга тўхталиб ўтмоқчимиз.

Тошкентлик беш ака-ука Зокировлар оиласи ҳақида эшитгансиз. Бу оила аъзоларининг элга,  миллатга, она-Ватанига содиқлиги, мамлакат бошига тушган кулфат-у, фалокатга қарши сўнгги нафасига қадар мардонавор курашидан, улар бошидан кечирган мислсиз азоб-у уқубатлари, намойиш этган  жасоратлари-ю матонатларини ўқиб ларзага келасан киши. Қуйилиб келаётган ҳис-ҳаяжонни тўхтата олмай мунгли, аламли ўйларга толасан. Бир нарса мияни пармалаб тинчлик бермайди. Зокировалардек серфарзанд ўзбек оиласига, меҳрибону-муштипар онасига, мард, сабру-тоқатли падари бузрукворига, авлод-аждодларига меҳрибон, қаҳрамон ва фидокор ўзбек паҳлавонларига ўхшаган дунё­­да яна битта бўлса ҳам оила, ота-она, ака-ука бормикан, дея ўйларга толасан, топа олмайсан ва “бўлмаса ҳам керак?!” деган хулосага келасан.

Бироқ аввал бесамара бўлиб кўринган узоқ изловларимнинг бирида ярқ этиб, ўзбек паҳлавонларига ўхшаш яна бир серфарзанд оила диққатимни ўзига тортди.

Синчиклаб чуқурроқ қидирган эдим, улар Ўзбекистондан узоқ, Ер куррасининг нариги томони океан ортида — Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиладиган Том бобо билан момо Аллета Салливанларнинг оиласи бўлиб чиқди.

Тошкентлик ва бугун ҳаммамиз яхши биладиган: Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон каби беш навқирон ака-ука Зокировлар билан америкалик беш ака-ука тенг­қурларининг қандай ўхшашлик томонлари бору, улар нима каромат кўрсатишган деган хаёл­­га боради киши. Ўзбек оиласи ва фарзанд­лари каби америкалик ўсмирларининг ҳам тақдири, фидокорлиги, чуқур ва аччиқ афсусу надоматлар билан бир қаторда, уларга нисбатан чексиз ҳурмат, ғуруру ифтиҳор ҳислари уйғонади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, тошкентлик Зулфия ая билан Холмат ота Зокировларнинг беш ўғли билан америкалик Том бобо билан момо Аллета Салливанларнинг 23-27 ёшлардаги беш фарзанди ўша машъум Иккинчи жаҳон урушида жон бериб, жон олиб душманга қирон келтирдилар, қанчадан-қанча япон ҳарбий кемаларини тўплар билан отиб, яксон қилиб денгиз қаърига чўктириб юбордилар. Сўнгра … фожиали якун — ўзлари жанг қилаётган кема ҳам душман торпедосига учраб портлаганда беш ака-ука Селливанлар кемадан тариқдай сочилиб, қай бири шу заҳоти жон бериб, қай бири оғир ярадар бўлиб денгиз қаърида йўқ бўлиб кетдилар. Ака-ука Зокировлар каби улар ҳам туғилиб ўсган уй остоналарини қайта босиб ўтмадилар, ота-онасининг бағрига, қариндош-уруғларининг, дўстларининг ҳузурига қайтмадилар.

Унутилмас сана — Ғалабанинг навбатдаги 78 йиллиги куни уларнинг номларини ёдлаш биз учун виждон амри, бурч, қарз ва фарздир. Нафақат биз, барча инсоният учун уларнинг ва бошқа миллион-миллион уруш қурбонларининг номларини ёдлаш азиз ва мўътабар, ғамгин ва муқаддас урф- одат бўлиб қолди.

Беш ака-ука Зокировлар жасорати

(Биринчи мақола)

Ватан тимсолига айланган она

Куни-кечаги ўзбек шўро адабиётидан биз рус мумтоз адабиёти ёзувчиси Максим Горькийнинг “Она” романини ва ундаги Пелагея Ниловна образини билар эдик. Николай Островс­кийнинг “Пўлат қандай тобланди?” повестини ва унинг бош қаҳрамони Павел Корчагинни, “Мосфильм”да тасвирга олинган “Коммунист” бадиий фильмида бош қаҳрамон ролини ижро этган актёр Евгений Урбанский яратган фидойи фирқа аъзоси образини яхши билар эдик, лекин, минг бор афсуски, шундоққина ёнгинамиздаги, Тошкент вилояти Зангиота туманининг Хонобод маҳалласида уруш йиллари яшаган ҳаётдаги реал қаҳрамон тимсоли бўлган Зулфия ая Зокирова ҳаётини, унинг беш ўғил -фарзандининг қаҳрамонликларини яхши билмас эдик, кейинроқ яқиндан танидик.

Тошкентлик Зулфия момо тўғрисида журналист, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг “Беш жангчининг онаси”, физика-математика фанлари доктори Мансурхон Тоировнинг “Ватан тимсолига айланган она” очеркини ўқиб, шўролар даврида ўрта мактаб дарсликларига киритилган буюк рус ёзувчиларининг асарларидан олмаган бой маънавий, руҳий озуқа, эстетик завқ олиб, инсонни ларзага келтирувчи эҳтирос, ғам-аламли ҳаяжонни бошдан кечирдим. Лавҳани ўқир эканман, вужудимни қандайдир майда бир титроқ босиб, ичимдан гўё вулқон бўлиб отилиб чиққан ун, нидо, сас узоқ вақт сўнмай, қайноқ ва мўл алам кўз ёшларига айланди.

Иккинчи жаҳон уруши лавҳаларини ўқир эканман, Зулфия онани ёддан чиқара олмадим, бир нима ёзишга қарор қилдим. Лекин юқорида қайд этилган очеркка қўшимча шарҳдан бошқа бирон-бир сўз қўша олганим йўқ. Балким, бундай қаҳрамонлик эпопеясига ортиқча гап-сўзларнинг кераги ҳам йўқдир.

Авваламбор, иқтибос-муқаддима:

“Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, бот-бот табаррук, мўътабар, муқаддас ўзбек Онаси сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлаверади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши, муқаддас бурч деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот – ана шу занготалик ўзбек аёли — Зулфия онадир…

Ўтган асрнинг 40-60 йилларида Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қиш­лоғида Зулфия ая Зокирова исмли бир мўътабар онахон яшаб ўтди. Бу оиланинг тарихи, тақдири билан танишар экансиз уларнинг жасоратию фидойилигини бутун борлиғича таърифлашга сўз ожизлик қилади. Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказади. Қаранг-ки, Ўзбекистоннинг биргина Зангиота туманидаги Хонобод маҳалласида истиқомат қилувчи битта оиладан, бир ҳовлидан энди яшайман, фарзандлар кўраман, бахтли бўламан деб турган беш нафар норғул йигит фронтга жангга жўнайди. Муштипар Зулфия ая Зокирова Иккинчи Жаҳон урушига бир эмас, бирин-кетин беш азамат жигаргўшаларини жўнатади.

Урушнинг, дунёнинг, тақдирнинг шафқатсизлигини қаранг-ки, уларнинг биронтаси урушдан ота-она, қариндош уруғлари, Ватан бағрига қайтиб келмади. Бошига тушган бу мусибатдан ожиза она дод солди, фарёд қилди, патак бўлиб оқариб кетган сочларини юлиб бошини чангаллади, … ноилож мотам очди, куйди, ёнди – лекин бардош берди. Бошқа нима ҳам қила олар эди. Ёвуз уруш, жангчилар бошига ёғилаётган бомба, ўқ, снаряд, гранаталар ёшу-қарини танламади, ҳеч бир нарса билан ҳисоблашмади, ҳеч кимни аямади ҳам.

Аянинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолди. Бахти қаро она ҳаммасига чидади. Бу фожиаларга чидашга Аллоҳ таолонинг ўзи ёрдам берди. Мана, авлод-аждодига, она ерига, Ватанига бўлган севги, муҳаббат ва садоқат мадҳияси, унинг енгилмас куч-қуд­рати! Ҳаётда таърифлашга тил, сўз ожиз бўлган, қийинчиликларга дуч келса, уларни бардош билан енгиб ўтишда Зулфия ая Зокирова ва унинг оиласи халқимиз,  авлод-аждодларимиз учун чинакам матонат намуналарини кўрсатишда, тақдирга тан беришда, сабр-қаноатда ибрат мактаби бўла олади. Яхшилар ёди унутилмайди… Бу мавзуга биз кейинроқ яна қайтамиз…

Бундан икки йил муқаддам Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида Ўзбекистон пойтахти марказида Зулфия ая ва беш нафар ака-ука Зокировларга бағишлаб боғ яратилди. Ота-она ва навқирон ўзбек қаҳрамон ўғлонларига бағиш­лаб миннатдор ўзбек халқидан хотира мемориал ёдгорлиги ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 9 майдаги Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шундай деган эди:

— “Биз эзгу ният билан барпо этадиган Ғалаба боғи марказига Зулфия Зокирова ва унинг фронт жангу жадалларидан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатсак, унга “Матонат мадҳияси” деб ном берсак, нима дейсизлар?”…

Ўзбекистон пойтахтида пайдо бўлган янги – Ғалаба боғининг марказида беш ўғли урушда мардларча ҳалок бўлган Зулфия ая ва унинг садоқатли келинларининг сиймоси акс эттирилган. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ижодкорлари Зулфия Зокирова ва унинг фарзанд­лари, келинлари тўғрисида бадиий фильм яратди. Зулфия ая оиласи шарафига  қўйилган бу ҳайкал, Иккинчи Жаҳон урушида собиқ иттифоқ фарзандларига меҳр ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатган тошкентлик Шомуҳаммедовлар оиласи каби қалбимизда ҳам, азим Тошкент шаҳри тўрида ҳам абадий ўрин олди.

Зулфия Зокированинг Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли беш ўғли фронтдан қайтмади. Зулфия ая тўрт келини билан қолди.

Зокировлар оиласининг кенжа ўғли Юсуфжон ҳали ёш эди, бўйдоқ йигит кейин уйланаман деб  урушга кетди. Лекин минг афсуслар бўлсинки, тўй либосларини кийиш, куёв бўлиш, оила қуриш насиб этмади унга. Ака-укалар бирин-кетин урушга кета бошладилар. Мамажон 1941 йилнинг июлида, Аҳмаджон ундан бир ой кейин фронтга жўнади. Шафқатсиз уруш эса тўхтамас, катта қурбону талафотлар билан давом этар эди. Кузга бориб Ваҳобжон билан Юсуфжонни ҳам жангга кузатишади. Энг охирида, 1944 йилнинг март ойида мўйлови энди ниш урабошлаган Исоқжон урушга кетди. Бир вақтлар Тошкентнинг Хонобод маҳалласида ота, она, беш ўғлон, тўрт келин ва энди дунёга келаётган фарзандлар уйни тўлдириб жавлон уриб юрган қувноқ, бахт­­ли онларни, энди эса ҳувуллаб қолган, акиллаган кучук овозидан бош­­қа сас чиқмайдиган ҳовлини кўз олдингизга келтиринг… Бу ҳолни кўрган ҳарқандай инсон ақли, қалби, юраги қай аҳволга тушиши, унинг вужудидаги бўшлиқ ҳақида гапирмай қўяқолайлик.

Душман бостириб келар, шафқатсиз уруш катта талафотлар билан давом этар эди. Оиланинг иккинчи фарзанди — Аҳмаджондан атиги битта хат келади. Унда “Мактубни йўлда ёзаяпман, ҳозирча менга хат ёзманглар, биз Сталинград томонга кетаяпмиз. Етиб боргач, аниқ манзил билан хат ёзаман”, деган эди. Шундан кейин ундан дов-дарак бўлмади. Мамажондан ора-сира хат келиб турди. У хатларида “Москвани ҳимоя қилаяпмиз, оташ-оловнинг ичидамиз”, деб ёзганди. 1943 йилнинг охирида учинчи фарзанд — Мамажон уйига ярадор бўлиб қайтиб келди. Шундай бўлса ҳам у ягона эркак бўлиб оилада қолгани йўқ. Соғайгач, колхозда бригада бошлиғи бўлиб ишлади. Сал ўзини яхшироқ сезгач, 1944 йилнинг ёзида яна фронтга жўнади.

Ундан охирги мактуб уруш тугашидан caл аввал келди. “Карнай-сурнайларнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга – муаллиф) кирамиз. Шундан омон чиқсам, дийдор кўришиб қоламиз”, деганди ўша мактубида Мамажон. Кўришиш насиб этмади. Кўп ўтмай Мамажоннинг ҳалок бўлганлиги ҳақида “қора хат” келди.

Фалокат ёлғиз юрмайди деган гап бор. 1943 йилнинг ёз кунларида бешинчи фарзанд Юсуфжонни Ленинград мудофаасидаги шафқатсиз жангда қаттиқ ярадор бўлиб жон бергани ҳақида иккинчи “қора хат” келади. Ҳали уйланмаган, энг севимли кенжа ўғлининг ҳалок бўлганлигини эшитиб, Зулфия опа доду фарёд кўтарди. Кейин бошқа ўғиллари ҳалок бўлганлиги, қирғин-барот жангларда бедарак йўқолганлиги ҳақида кетма-кет хабарлар келабошлади. Сўнгги мудҳиш хабарларни ўзлари қанчалик куйиб-пишишмасин келинлар Зулфия онага билдиришмади. Зулфия ая ҳаммадан ҳам Юсуфжонга кўп куйди. Юсуфжоним чимилдиқ кўрмай кетди, деб йиғлади. Яратганнинг Ўзи бу йўқотишларга бардош бераоладиган куч-қувват, сабр, қаноат берди муштипар онага. Бўлмасам қандай чидай олар эди бунга онаи-зор.

Зулфия бувининг тўрт келини – Лазокат, Ҳамронисо, Ҳидоят, Роҳатой Холматовалар ҳам колхозда меҳнат қилишди.

— Қайнонам кўпинча кечаси билан ухламасди, – дейди Мамажоннинг рафиқаси Ҳидоят Холматова. – Ярим кечаси ҳовлида худди биров эшитиб қоладигандай, паст овоз билан ўғилларининг номларини бирма-бир айтиб, инграб юрганини кўп кўрганман. Баъзида қўни-қўшнилар уйимизга кириб, “Кампир бечорага қийин бўлди-да!” деб бошларини сарак-сарак қилиб чиқиб кетишарди. Қишлоқда ким урушдан қайтса, ойим биринчилардан бўлиб олдига бориб: “Мамажонни кўрмадингми, Юсуфжонни кўрмадингми?” деб саволга тутарди. Ва ниҳоят… урушдан кейин бир кун кампир тўрт келинини ёнига ўтқазди-да:

— Мен барчангдан розиман. Бир қарз гапни ўзимдан соқит қилмоқчиман. Тўртовинг ҳам эрдан ёш қолдиларинг. Энди жойи чиқса, турмуш қилинглар. Мени ўйламанглар, оғирлигимни ер кўтаради, ризқимни Худо беради, – дедилар.

Бу гапдан ҳамма овсинлар ўпкаларини тута олмай, ҳўнграб йиғлаб юбордилар.

– Йўқ, йўқ, ойи, – деди Ҳидоят келин, – биз яна эрга тегиб, болаларимизни бегоналарга муте қилмаймиз. Доим сизнинг паноҳингизда яшаб, уларни ҳам ота, ҳам она бўлиб тар­биялаймиз. Болаларимиз вояга етиб, ўзларидан кўпайса, юрагимиздаги яралар битиб кетар, дейишди:

Энди кўз олдида навқирон фарзандлари гавдаланаётган кампир пешонасига шапиллатиб уриб сўз тополмай уввос солиб йиғлади.

Бироз сукутдан кейин сал тиниб дарвоза томонга хиралашган кўзларини тикди-да:

– Биттаси бўлсаям келмади-я!… – деди. Она кимга гина қилаётганини билиб бўлмас эди. Бу онанинг сўнгги сўзлари эди.

Беш фарзандидан айрилган ўзбек она ҳақидаги лавҳани ўқир эканман, урушнинг энг кўп азобини чеккан беларусь миллатига мансуб машҳур адиба Светлана Алексиевичнинг Иккинчи жаҳон урушига бағишлаб ёзган китобининг дастлабки нашридан олиб ташланиб, ке­йинги нашрида қайта тикланган бир жумласи бот-бот ёдимга келаверди.

Воқеа немислар оккупация қилган ҳудудда полицайлардан писиб, чакалакзорда овоз чиқармай яшириниб ётган бир гуруҳ партизанлар орасида рўй беради. Жумлани ўқир экансиз мурғак “у ҳам урушда қатнашаётган” бегуноҳ чақалоқнинг нобуд бўлиши қалбингизни, бутун жону-жаҳонингизни ларзага солади.

 

“…Сафимизда яқинда партизан отрядида кўзи ёриган радист аёл ҳам бор эди, — деб ёзади Светлана Алексиевич. – Гўдакнинг қорни оч, типирчилаб онанинг қалбига талпинади. Лекин онанинг ҳам қурсоғи бўш, кўкрагида сути йўқ. Барча безовта. Агар чақалоқ йиғисини ёнгинамизда изғиб юрган жазо отрядининг итлари сезиб қолишса борми… унда ўттиз кишининг ҳаммасини муқаррар ажал кутади!.. Бир неча дақиқадан сўнг: “Сизга тушунарлидир, қарор қабул қиламиз…” — дейди командир. Фавқулодда ноиложликдан қабул қилинган командирнинг бу мудҳиш буйруғини онага айтишга ҳеч ким ботина олмайди, лекин она — она-да, ҳаммасини ўзи фаҳмлайди. Бир маҳал у қалтироқ қўллари билан  чақалоқни бағридан узиб олиб тоғорачадаги сувга ботиради… фариштадек бегуноҳ бир тутим гўдак “хилқ-хилқ” этади-ю бошқа ун чиқармай тинчиб қолади… Қилиб қўйган ишимиздан бошимиз ҳам, қалбимизда ғазаб ва алам. На онага ва на бир-биримизга қарай оламиз”.

(Беларусь ёзувчиси С.Алексиевичнинг “У вой­­ны не женское лицо” китобидан).

 

Бу жумлани ўқир экансиз, беихтиёр Аллоҳ йўлида ўз ўғлини қурбонликка олиб кетаётган Иброҳим алайҳиссалом қиссаси ёдингизга келади. Адабиётнинг, сўзнинг, уларга сингдирилган эҳтиросу маъно-мазмуннинг кучи, қудрати шу даражада-ки, кичкинагина жумланинг охирига етар-етмас беларусь партизанлари отрядида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли бу қотилликда чақалоқнинг чорасиз қолган онасига қўшилиб сиз ҳам ўзингизни гуноҳкор, бу ишда сизнинг ҳам айбингиз бор, сизнинг ҳам қўлингиз қон, бир даҳрий айбдордек сезасиз ўзингизни.

Светлана Алексиевичнинг асаридаги чинқириқ тиғига тенг бўлган бундай даҳшатли холат фикримиз-ча, жаҳон нафис адабиёти-ю, драма санъатининг шу кунга қадар бўлган минг-минг йиллик тарихида ҳали яратилмаган. Бундай шафқатсизликка ёш онани нима мажбур қилди, кўкрагида сути йўқ онанинг шу дамда бошидан не ҳаёллар кечди, қандай қилиб у инсон чидаб бўлмайдиган бу мудҳиш қарорга келди экан, бундай қилишга уни нима мажбур этди. Шу пайт эса ун чиқармай, қуролларини қучоқлаб бағрини ерга бериб ётган партизанлар отрядининг ҳар бири онанинг олдида хаё­лан тиз чўкар, дили титраб, вужуди қалтирар эди. Уларни ҳар бирининг кўз олдида очликдан, йиғидан жажжи қовоқлари шишиб кетган мурғаккина фаришта бир жон турар эди. Айни бир пайтда барчанинг ҳаёлида шу дақиқаларда уларнинг жонидан ҳам юқори бўлган ватан, халқ, давлат тақдири, ҳарбий топшириқ чарҳ урар эди. Лекин бу вазиятда онадан бош­­қа ҳеч ким унинг ечимини топа олмади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳар бир беларусь оиласи бир нечтадан қурбон берган ва бу фақат беларусь халқи, миллати бошига тушган тақдир бўлса керак, деган хаёлга борасан киши. Уруш бошланишида ҳам урушнинг тугаши арафасида ҳам немис-фашистлар армияси Наполеоннинг фаранглар армиясига ўхшаб, аввал Ғарбдан Шарққа бостириб борар, сўнгра жон талвасасида Шарқдан Ғарбга қараб қочар экан шу аснода бор тирик молу жонни ўлдириб, йўқ қилиб, даҳшатли бўрон, тўфон сингари шаҳар-қишлоқларни хонавайрон қилиб, ер билан яксон қилиб борар эди.

Светлана Алексиевичнинг бу сўзлари ҳамкасбларимизнинг очеркидаги беш фарзандини урушда йўқотган Зулфия онанинг “Биттаси бўлсаям қайтиб келмади-я!”… деб, – лаб­лари пичирлаб секингина айтган сўзлари бутун вужудингизни титроққа солади, бу сўзлар қулоқларда онаизорнинг қалбидан чиқаётган ҳайқириқ бўлиб акс-садо беради. Зулфия онанинг учинчи ўғли Мамажоннинг сўнгги хатида келтирилган “Карнай-сурнайларнинг товуши келиб турибди, ҳадемай, охирги катта тўйга (жангга) кирамиз” сўзлари эса нақ қиёмат қўнғироқлари бўлиб қулоғингизга чалингандек бўлади.

Бешинчи, сўнгги кенжа ўғли Юсуфжоннинг Ленинградда ҳалок бўлганидан хабар топган Зулфия онанинг фарёди юракларни чил-парчин қилиб, хону монингизни ўртаб, куйдириб юборади. Беларусь ва ўзбек адибларининг бир-бирига ҳамоҳанг бу сўзларидан бутун вужудингиз титраб, ақлу хаёлингиз ларзага келади, ун чиқармай, сиз ҳам қуйилиб келаётган кўз ёшларингизни тўхтата олмай, ичингизда инграйсиз, дод соласиз. Бир ўзбек волидаи муҳтарамасининг бошига тушган беш фарзанд доғи, беш жудоликни қалбингиз, ақлингиз қабул қилмайди. Бундай ахборотни хотирангиз сақлашдан бош тортади. Воқеаларнинг даҳшатлилигидан, “партизанлар ҳаётида содир бўлган”, деб ёзилган бу ҳақиқатга ишонмасликка ҳаракат қиласиз. Ич-ичингизни емирувчи аччиқ фикр-хаёлларга толасиз. Лекин бу воқеалар ҳаётда содир бўлиб ўтган ҳақиқий ҳаёт лавҳаси эди.

Нима, бу — Беларусь ёзувчисининг бадиий мушоҳадаси, хаёлий тўқимаси-ми ёки Иккинчи жаҳон урушида рўйи-рост содир бўлган ҳақиқатми?! Бунга жавоб топиш мушкул. Фик­римизча, у ҳам, бу ҳам, ҳатто биз билган ва билмаган учинчи бир сир, мўъжиза – ёзувчининг катта қалби, Аллоҳ насиб этган ноёб истеъдоди, маҳорати ҳам бор бунда.

ХХI аср беларусь миллати йирик ёзувчисининг бу жумласи, муаллифнинг гапи бўйича, Иккинчи жаҳон урушида бевосита иштирок этган юзлаб, минглаб совет аёллари: ҳамширалар, учувчилар, партизанлар, таржимонлар, шифокорлар, алоқачи-радистлар билан бўлган суҳбатлари пайтида ёзиб олинган ҳаётий эпизод, лавҳа экан.

Энг даҳшатлиси, эндигина кўзини очиб, бу дунё­дан эндигина кўкраги тўлиб нафас олаётган гўдакнинг туғилиб шу заҳотигина қурбон бўлиши бу – Иккинчи жаҳон урушининг Беларусь ўрмонида, партизанлар ҳаётида содир бўлган, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даҳшатли, аянчли, аччиқ ҳақиқатдир! Яна минг хил хаёлларга борасан. Лекин асарлари 35 тилга таржима қилинган, 24 та роман, повесть ва ҳикоялари асосида бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олиниб, икки марта Оскар мукофотига тақдим этилган, жаҳонга машҳур ҳақиқатпарвар беларусь ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич ёлғон ёзмайди, деган хулосага келасан киши. Урушни унинг бутун даҳшатли воқеа­лари, миллион-миллион қурбонлари-ю, буткул фожиаси билан ҳақиқат эканлигини тан оласиз, эътироф этасиз. Лаънатлар ўқийсиз!

(Давоми келгуси сонда).

Ирисмат Абудухолиқов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + three =