Яхшилик бирла қолса ном

Хотира уйғонса гўзалдир. Ҳар соҳанинг фидойилари бўлгани каби журналистика соҳасининг ҳам фидойилари ҳамиша бўлган. Айнан ўша инсонлар орқали соҳа ривожланган. Шу ўринда Шарап Уснатдинов исми тилга олинса, энг аввало, у кишининг журналистик фаолияти албатта, эътироф этилади. Шарап Уснатдиновнинг ижод ва ҳаёт йўлини отахон газета “Еркин Каракалпакстан” газетаси билан чамбарчас боғлаш мумкин. Умрини мазкур газетани оёққа турғазиш, матбуотга   хизмат қилишга сарфлаган забардаст журналистнинг мақолалари долзарблиги билан газетхонларда қизиқиш уйғотган. Айтайлик, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси саҳифалари “Қаердасиз, қандайсиз, йигитлар?”, “Унут қолган хирургнинг кундалиги”, “Аниқ манзил буюк мақсадлар”, юртимиздаги ўзгаришлар тўғрисида, “Даврон қараган эл”, Устюрт, сода заводи фаолиятига оид ранг-баранг мавзудаги публицистикалари ва бошқа мақолалари айнан Ш.Уснатдинов қаламига мансублиги билан бойиб борди.

Ўртадан келган бўйи, истарали чеҳраси, салобатли кўриниши, у кишининг ўзига хос табиатидан дарак беради. Устоз журналистда узоқни кўра олиш қобилияти кучли бўлган ва истеъдодларни доим қўллаб- қувватлаб келган. У нафақат моҳир журналист, кучли сиёсатчи ҳам эди. Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатидаги фаолиятида ўзининг ораторлик салоҳиятини кўрсата олди.

Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Қай соҳа ва қайси лавозимда ишламасин, самимийлиги, ҳозиржавоблиги, билимдонлиги билан жамият тараққиётига ҳисса қўшиб яшади. Кўринишидан жиддий бўлгани билан қўл остидагиларни доим қўллаб, уларга ғамхўрлик кўрсатиб, инсонийлик фазилати билан дўстлари-ю, шогирдлари қалбидан чуқур жой эгаллаган. Жумладан, шогирди, шоир Ривож Ўтербаев “Ш.Уснатдинов замонавий қорақалпоқ журналистикаси карвонбошиси” мақоласида шундай ёзган: “…Моҳир сўз устаси Ш.Уснатдинов халқ кўнглидан теран жой эгаллаган, қорақалпоқ тилининг ипакдек майин, камалакдек ранг-баранглиги, жилвадорлигини ўз публицистикасига сингдира олган, бетакрор истеъдод эгаси эди. “Азат Бердишев феномени” эссеси, “Замондошлар келбати” адабий портретлар туркуми ўқувчини беихтиёр сеҳрлаб оларди.

Ўзининг 78 йиллик ҳаёти давомида қорақалпоқ журналистикасида ўзига хос йўл солиб, ижоднинг ўжар ва асов, чопқир отини усталик   билан жиловлай олганлиги учун, атоқли журналист, эл суйган ёзувчи, одамлар сўзларини мароқ билан эшитадиган сухандон даражасига етди”.

Марҳум журналист, маҳоратли ёзувчини таниган, ҳамсуҳбат бўлганлар, ундаги нотиқлик санъатига қойил қолишган. Давраларда, катта-катта минбарларда туриб фалсафий фикр­лари ва донишмандлардан иқтибос келтириб гапиришлари, шоиртабиат эмасми, Ўзбекистон Қаҳрамони И.Юсупов шеърларидан мисралар ўқиганида залдагилар ҳайратда қолиш­лари ҳам бор гап эди. Сўзга чечанлиги қонида бўлса керакки, у кишисиз давралар ҳам ғариб эди. Иши билан сўзи бир инсоннинг ўзи ҳам донишона яшади, — дея бемалол айтиш мумкин. Ўткир қалам соҳиби яратган “Кимга кеч, кимга тонг саҳар”, “Кўрганларим, кўнгилдагиларим”, “Сўнгги овчи”, “Каъбам онам”, “Қисмат қўшиғи”, “Биринчи қорақалпоқ балетмейстери”, “Шоирнинг ёшлиги” роман-эссеси, қатор қиссалари, ҳикоялари қорақалпоқ адабиётининг бой мулкига айланган. У яратган асар қаҳрамонлари образида адибнинг гўзал ички оламини кўрасиз, гўё. Ҳақиқий ижодкор икки бора яшайди деганларидек, Шарап Уснатдинов ҳам ўлмас асарлари орқали адабиёт оламида мангу тирик. Зеро, адабиёт бор экан, Шарап Уснатдиновнинг иккинчи ҳаёти давом этаверади.

Фотима АБДУРАИМОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + four =