Сибизға мисоли сози бор…

Ўзбекистон халқ шоири, устоз Ойдин Ҳожиева соғинчи

 

Ойдин опам шеър ўқиганларида бошқача бўлиб кетардилар. Майин овозлари яна ҳам майин тортарди. Кўзларидаги нур қуюқлашар, майда-чуйда ташвишлардан баланд­­га кўтарилиб кетардилар:

 

Оғзимдаги новвотим,

Бошимдаги  миннатим.

Бобокалонларимдан

Мерос улуғ давлатим…

…Онамнинг оқ сутисан,

Ўчоғимнинг ўтисан.

…Баҳорда бойчечагим,

Тирамоҳда турнамсан.

…Каштамдаги ипагим,

Ёқамдаги йўрмамсан…

 

“Она тилимга алёр” деб аталган шеърлари бу. Шу қадар равон ёзардилар. “Ойдин опа, сатр­ларингиз юрагингиздан югуриб келаётганга ўхшайди. Агар ёзувни билмаган замонларда дунёга келган бўлсангиз, дўмбира чалиб терма куйлайдиган бахши бўлардингиз”, деб юборардим баъзи шеърларини эшитганимда:

 

Чоҳдан омон чиққан Алпомиш элим,

Оҳдан армон туққан  Кунтуғмиш элим,

Етмиш икки бовли чин кумуш элим,

Бўғзингда булбулинг бўлсин шоиринг…

 

Лекин шоиранинг шундай шеърлари борки, улар  майин овозга сиғмайди:

 

…Ўпкангни совуқ олиб,

Кеч кузаклар сабоҳи

Оғзимга талқон солиб

Юрганим- бор гуноҳим.

 

Айқирган Оролингни

Шўр босгани бир увол.

Нечун мени эртароқ

Уйғотмади бу савол?

 

Тўғрининг ёқасидан

Эгрилик олганида;

Гоҳ ҳақиқат боши ҳам

Эгилиб қолганида;

 

Қандай қилиб менинг оҳ

Еб- ичганим ош бўлди?

Сен ипак бўлдинг, тупроқ,

Менинг бағрим тош бўлди?!

 

Ойдин опам бундай руҳдаги шеърларни ўқиганда  сатрлардаги ҳолат, кайфиятнинг бир қисмига айланиб кетардилар. Аммо опа билан бирга ишлаган ўн саккиз йилнинг ҳаммаси шеърий лаҳзалардан иборат эмасди. Мен “Сао­дат” журналига Ғафур Ғулом номидаги  Адабиёт ва санъат нашриётидан келганман. Илк учрашувимиздаёқ Ойдин опам:

— Сиз нашриётда тайёр шеърларни китоб қилиб одатлангансиз. Журналнинг меҳнати қора меҳнат. Ҳар бир жумла, ҳар бир сўзнинг устида қаттиқ ишлашингиз керак бўлади. Ҳозирдан шу қаттиқ меҳнатга ўзингизни тайёрланг, — дедилар.

— Мен бола ёшимдан меҳнатнинг остига кирганман, меҳнатдан қочмайман, — дедим.

Опа билан аввал бўлимда бирга ишладик. Кейинчалик мен туғуруқ таътилидан қайтганимдан сўнг  улар бош муҳаррир бўлиб келдилар. Мен ходим сифатида раҳбаримиздан жуда кўп нарсани ўргандим. Билимларини ўзгалардан аямасдилар. “Мен материалларга мана шундай ажойиб фикрларимни бериб юборяпман-ку, бу мақоланинг остида бошқа бировнинг имзоси турибди-ку”, демасдилар. Шундай чиройли фикрлар, шундай сўзлар қўшардиларки, жумлалар ярақлаб кетарди. Бундай пайтларда ўзлариям хурсанд бўлиб:

— Зўр бўлиб кетдими, қани энди бунинг қалам ҳақини ким тўлайди? — деб ҳазил қилардилар.

Айниқса, сарлавҳа топишга жуда уста эдилар. Мен сарлавҳа топмагунча мақола ёзишни бошлай олмасдим. Шундай пайтларда олдиларига кириб:

— Ойдин опа, сарлавҳа сандиғингизни очиб юборинг, сарлавҳалар жаранглаб тўкилсин биттаси биз томонга юмалаб тушсин, — дердим. Ҳазил қила-қила топиб берардилар. Мана, бугун журналимиз тахламларини варақлаб ўтириб, Опа топиб берган сарлавҳаларга қараб раҳматли онамнинг “Одам кетаверар экан, изида қўли теккан, кўзининг нури тўкилган нарсалар қолаверар экан”, деган гапларини эсладим. “Саодат”нинг ўн саккиз йиллик тахламларидаги ҳар бир мақолада, ҳатто, остёзувларда ҳам опанинг меҳнатлари изи бор. Улар ўзларининг имзолари билан чоп этиладиган мақола, шеър, ҳикоя тугул, оддий ўқувчига жўнатиладиган хатни ҳам диққат билан ўқиб чиқардилар. Бир-иккита сўзлардаги хатоларни тўғриласалар ҳам хатни бошқатдан чиқарардилар, хатолари қўлда тўғриланган хатни кимгадир жўнатишни ҳурматсизлик, деб билардилар. Таҳрир қилганларида ҳам бировнинг ёзувлари устидан чизиб ташламасдилар, чиройли думалоққа олиб, ҳошиясига белги билан чиқариб сатрлар орасига ўз фикрларини ёзардилар. Мен чизиб юборсам:

— Ундай қилманг, истеъдодлими, истеъдодсизми, ҳар бир сатр эгасининг юрак қони билан ёзилади. Худди юзига чизгандек бўласиз, — деб койирдилар.

Ёши улуғ шоирлар, ёзувчилардан бирор материал илтимос қилмоқчи бўлсак, албатта,  ўзлари қўнғироқ қилардилар. “Инсоннинг ҳурматини жойига қўйиш”, деган масала опа учун ниҳоятда катта аҳамият касб этарди. Хизмат сафарларига жўнаётганимизда:

— “Мен ўз ишимни бажаргани келдим”, деб ўйланг. “Бу одамларни ёзиб, улар учун ишлаяпман”, деган фикрни бошингиздан чиқариб ташланг. Давлатнинг пули билан кетяпсизми, ҳар қанақасига ишни битириб келинг. Иззатталаб бўлманг, баҳона топманг, — дердилар.

Ўзлари ҳам хизмат сафарларига кўп юрардилар. Опага ҳамроҳ бўлиб Ўзбекистоннинг деярли, барча шаҳару қишлоқларини бирга кезиб чиқдим. Раҳбаримиз аслида мени ёзиш учун, борган жойларимиздан журналга материал тайёрлаш учун олиб юрардилар. Лекин мен шу баҳона юрт кезганман, жой таниганман. Ҳозир Ватан харитасида бормаган жойим камлигини кўрганимда Ойдин опадан миннатдор бўламан. Яхшиям, ҳамроҳликка мени танлаганлари, бўлмаса бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди-ку. Бир ҳафта, ўн кунлаб пахта далалари, чўпон яйловларида қолиб кетган пайтларимиз бўлган. Материаллар уюштиришдан ташқари “Саодатхонлик” учрашувлари бўларди. Беш юз кишилик, минг кишилик залларда бир, икки соат давом этадиган шеърхонликлар бўларди. Шоира мухлисларга севимли шеърлар ўқишдан ташқари, ўша залда минбарда гапирган пахтакорми, қаҳрамонми, унга қараб шеър тўқиб юбораверарди. Исми, феъл-атвори, суврати-ю сийрати акс этган шеърларни эшитган мухлисларнинг опага ихлоси янаям ортар, минбардан қўйиб юбормай, такрор-такрор  шеър сўрашарди. “Чинакам халқ шоири-да, бахшиёналар тўлқиндай тошиб келади”, дейишарди. Бир учрашувдан иккинчисига баъзан шошилиб турганимизда  устоз  ўз навбатини менга берар:

— Мана бу қизимнинг шеърларини эшитинг­лар-а, Ватан ҳақида йиғлаб шеър ўқийди, — дея тақдим этардилар. Шу пайтгача озми, кўпми элга танилган бўлсам, аввало Худо, қолаверса, бунда устознинг катта ҳиссалари бор.

Яна  биргаликдаги хизмат сафарларимизда   опадан суҳбатдошимизнинг ботиний оламига киришни ўргандим.

— Ҳеч қачон юборилган маълумотга қараб мақола ёзманг. Ўзаро мулоқотларда суҳбатдошингизни қизиқ-қизиқ  воқеалар фонида кашф этасиз, кутилмаган деталлар қаҳрамонингизнинг фавқулодда бир феъл-атворини очиб юборади. Ҳамиша ёзадиган одамингиз билан ўзингиз суҳбатлашинг, ташқи кўриниши, қиёфасига эътибор беринг. Бир журналист аёл қаҳрамонини “Шаҳло кўзли” деб тасвирлаб ёзибди. Мақола чоп этилгач, қаҳрамони:

— Менинг устимдан кулибди, деб роса аччиғи чиқибди, негаки ўша аёлнинг бир кўзи ғилайроқ экан, деган мисолни кўп келтирар эдилар.

Умуман олганда, хизмат сафарларимиз раҳбаримиз учун “ўйиндан ташқари ҳолат” эмасди. Опа ҳар бир қадамимизни меҳрли нигоҳларида кузатиб турардилар. Бир гал айни қиш чилласида ( ўзиям рўза пайти эди) бир шикоят хатини текшириш учун Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманига жўнадим. Поезд стан­цияга тунда борар экан. Мен бу ҳақда раҳбаримизга шунчаки айтган эдим. Мени  Деҳқон­обод тумани поезд бекатида туман хотин-қизлар қўмитаси ( ўша пайтда шундай аталар эди) раиси эри билан кутиб олди. Машинага ўтираётсак Дилоромхон (адашмасам, исми шундай эди):

— Бош муҳаррирингизга “Кутиб олдик”, деб қўнғироқ қилиб қўяй, “Кечаси совуқда қолиб кетмасин, албатта, кутиб олинглар”, деб  бир неча марта қўнғироқ қилди, — деди. Ўша пайт­лар онамни йўқотганимга кўп бўлмаган,  роса соғиниб юрган эдим, кўнглим юмшаб кўзимга ёш келган.

Фақат сафарларга чиққанимизда эмас, Ойдин опамнинг меҳрини ҳамиша, ҳар дақиқа ҳис қилиб турар эдик. Бир йили турмуш ўртоғим — Миразиз ака оғир операция бўлиб, уч ой шифохонада  бошида ўтириб қарашимга тўғри келган. Таҳририятда ходимлар унча кўп эмасди, ҳар ким ўз зиммасидаги вазифани бажариши шарт эди. Менга:

— Модомики, уч ойлаб бўлмас экансиз, ариза ёза қоласизми? — десалар ҳам бўларди, аммо бундай бўлмади. Таҳририятдаги қизлардан шифохонага материалларни бериб юбориб  турдилар. Материалларни тайёр қилганимдан сўнг қизлар яна келиб, олиб кетишар эди, маошимни ҳам тўла-тўкис юбориб турганлар. Ўзи ишга келганимдаёқ опанинг меҳр имтиёзларидан фойдаланганман, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Опа мени ишга чақирганларида фарзандларим жуда ёш эди.

— Мен ишлай олмасам керак. Орзуни мактабга олиб боришим, олиб келишим керак, —  десам, — Мен Сизга кун бўйи таҳририятда ўтиринг, демайман. Журналнинг ҳар сонига белгиланган материални етказиб берсангиз бўлди, — деганлар. Орзу мактабдан таҳририятга келар, кираверишда қўриқчилар тўсишса:

— Мени Ойдин Ҳожиевадан рухсатномам бор, ойнанггизнинг остига қаранг, — деб ленталарини ҳилпиратиб постдан ўтиб келарди. Баъзан қандайдир муносабат билан мажлисларимиз чўзилса, қабулхонада ўтирган Орзу бетоқатланиб, эшикни очар:

— Бунча кўп мажлис қиласизлар, қачон тугайди? — дер, бош муҳарриримиз “Гулхан”да ишлаб келгани учунми ё ўзлари оилапарвар оилада катта бўлганлигиданми боладай беғубор қалби бор эди.

— “Саодат”нинг бўлажак бош муҳаррири буюряптими, мажлисни тугатиш керак экан-да, — деб ҳазиллашардилар. Опанинг ҳазилига фаришталар “Омин” деган бўлса керакми, Орзу институтни битирганидан буён матбуот соҳасида ишлаяпти.

Шоира ташаббускор, тезкор эдилар. Ўзлари бош муҳаррир бўлган пайтларида журнал қошида “Гулчеҳралар” газетасини ташкил қилдилар.

— Ижодини энди бошлаётган қизлар кўп. Уларнинг ҳаммасини “Саодат”га бериб бўлмайди. Олдин бошқа бир қозонда қайнаб, пишишлари керак. “Гулчеҳралар” ана шундай “қозон” вазифасини бажаради, — деган эдилар  газетанинг илк сонини тайёрлаётганимизда. Ҳақиқатан, шундай бўлди. Газета чоп этилиб турган ўн беш йил давомида  жуда кўплаб ёш ижодкорларнинг илк машқлари чоп этилди, уларнинг қалбида ўз иқтидорларига ишонч уйғонди. Опа  маълум бир муддатга иқтидорли қизлар учун “Саодат “ стипендиясини ҳам ташкил этдилар.

Ойдин Ҳожиева шогирдларига қанча эътиборли бўлсалар, устозларига ундан минг чандон кўпроқ ҳурматда бўлганлар. Зулфияхоним, Саидахоним, Музайяна Алавия, Кибриё Қаҳҳоровалар ҳақида “Тўрт танҳо” номли китоб ёздилар. Турли саналар муносабати билан даврий нашрларимизда улар ҳақида хотиралар чоп эттириб турдилар.

Хотира кунларида бизни Чиғатой қабрис­тонига бошлаб борардилар, Зулфияхоним, Саидахоним қабрларига гуллар қўярдик. Ҳар сафар Мақсуд Шайхзоданинг қабрларига гулдаста қўйишни канда қилмасдилар, “Фарзандлари йўқ… ўксишмасин”, деб шивирлар, Қуръони карим оятларидан ўқирдилар, қироатлари жуда гўзал эди, айниқса, “Ёсин”ни ўқиганларида сел қиларди кишини.

Кўпинча бирга юрганимиз учунми, одамлар кўзида ёнма-ён ўрнашиб қолган бўлсак керак, мени устозга ўхшатишарди. Аслида биз зоҳиран ўхшамасдик. Бир гал Навоий вилоятига сафарга борганимизда кутиб олувчилар ( ғира- шира пайт эди) менга нуқул:

— Ойдин опа, хуш келибсиз, — дея илтифот қилишади, опа юклар билан сал нарида турибдилар,  ўша тарафга имо-ишора қилсам ҳам сезишмайди. Ахири кимнинг кимлиги аён бўлгач, устоз сал аччиқланганнамо:

— Мана, энди вилоятларга Ойдин Ҳожиеваман, деб борсангиз ҳам бўларкан, — деганлар…

Узоқ вақт бирга ишлагач, ишчилик, яхши гаплар билан бирга бундайроқ ҳолатлар ҳам бўлади. Бизда ҳам бўлган. Опа ранжиган пайтлари, иложи борича, ҳузурларига кирмасликка ҳаракат қилардим. У киши бир гап айтса, мен битта нарса, десам ўртадан парда кўтарилади, деб чўчирдим. Кайфияти тарқалиб, ўзларига қайтгач, кирардим, ҳеч нарса бўлмагандек гапиришиб кетардик. Устоз узоқ вақт гина сақлаб юрмасдилар.

Опа фақат яхши шоира, яхши устозгина эмас, яхши аёл ва она эдилар. Қизлари Малоҳат – фан доктори, набираларида ҳам илмга садоқат давом этяпти. Устоз Иброҳим Ғафуров кўтарган баланд адабий хирмонда Ойдин опамнинг катта ҳиссалари борлиги, шубҳасиз. Уйда осуда шароит бўлмаса шундай қийин асарлар унча узоқ бўлмаган муддатларда таржима қилинармиди.? Адабиётшунослик Иброҳим Ғафуров тимсолида қаҳрамонлик даражасига кўтарилармиди?!

…Аллоҳнинг иродаси экан, шундай инсонни чин дунёга кузатдик. Ўрни ҳозирдан билиняпти, олдимизда Ҳалима опам, Ойдин опамлар борлигида биз меҳр ҳимоясида эдик  гўё. Ҳали шогирд, ҳали сингил эдик… Энди атрофимиз ҳувиллаб қолгандек… Биз улар кўтарган юкни кўтара оламизми… Бот- бот шу савол билан ўртанаяпман. Ҳозирги бош муҳарриримиз Мунаввара Усмонова “Саодат”нинг барча яхши анъаналарини асраган ҳолда замон нафасини олиб киргани ҳаракат қиляпти, журналда янгиланишлар кўп, биз ҳам тажрибаларимиз билан қанотидамиз. Устозларни кўп эслаймиз.

Илоҳо, кўрганларимиз, ўрганганларимиз яхшиликка ярасин,  “Саодат”га  хизмати синги барча опаларнинг, хусусан, яқинда чин дунё­­га кетган Ойдин опамларнинг охиратлари обод бўлсин, руҳларини шод қилиб юрадиган издошлар бўлиш насиб этсин бизга.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 19 =