Жаннатий инсон эди

93 ёшни қаршилаб, қувноқлик билан яшашда давом этаётган нуроний отахон ким эди? “У ёғим оғрийди, бу ёғим безовта қиляпти” демай яшаб келган кекса олим ким эди?   Ётиб эмас, юриб, ухлаб эмас, кўп вақтларини ижод қилиш билан ўтказган, тиниб-тинчимас руҳшунос ким эди? Бундай файзли, саховатли, сўзлари асалдек ширин, бамисоли мусиқа эшитиб, тўймаган одам қиёфасига тушганингни ҳам билмай қоладиган, сизни сеҳрлаб қўядиган устози комил ким эди? Халққа беминнат хизмат қилишни одат тусига киритган, дам олишни ижод қилиш деб ҳисоблайдиган фидойи инсон, серғайрат, ҳали анча бақувват, феъл-атворида салбий ўзгариш йўқ бўлган, ҳаммага доимгидек, илиқлик билан муомала қилишда давом этган, тунларда ҳам шинам дарсхонасида ўтириб, бирон-бир марта бўлсада иш кўп деб нолимаган руҳшунос, ҳаёт алифбоси бўлган луғатшунос, файласуф, музейшунос, дилшунос, одамшунос ким эди? Бу муборак, пок, ҳалол яшаш шиорини тўла-тўкис бажариб келган улуғ инсон, тиббиёт фанлари номзоди, доцент, кўплаб орден ва медаллар соҳиби бўлишга арзийдиган бўлса-да, ҳеч қачон бу ҳақда бирон дақиқа ҳам эсига келмаган   ҳақиқий ижодкор, устоз­лари Ибн Сино ҳазратларини халқимизга астойдил таништиришга эришган зот Абдукарим Ҳайдарович Усмонхўжаев энди орамизда йўқ.

Тасаввуф илмининг тарғиботчиси бўлган бу инсон, Гули, Абдураҳимжон, Абдуқаҳҳорбек ҳамда Гўзалхонларни дунёга келтирган ва тарбиялаб вояга етказиб, бу дунёни тарк этган жаннати келинойимиз Шоҳидахон онамиз ҳам бамисоли тирик, Абдукарим аканинг ёнларида, уларга ижодларига мадад бериб турганларини доим ҳис қилган Абдукарим ота, фарзандларидан хурсанд, тинч-осойишта ҳаётни тугатиб келинойимиз ёнларига кетдилар.

Ҳам ёзувчиликдан чарчамайдиган, журналис­тик фаолиятни ҳам канда қилмай бажарадиган, турли учрашувларга йўқ демай бориб суҳбатлар ўтказишдан завқланадиган, катта юбилейларни бошқаришдан чўчимайдиган, луғатшунос, руҳшуносликдан ташқари, жуда кўп китобларга муҳаррирлик қилган заҳматкаш устоз 93 ёшларини биз дўстлари-биродарлари, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилари билан нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган бир вақтда бу имтиҳон дунёсини тарк этдилар. Бу камтар инсоннинг боқий дунёси ҳам обод бўлсин, илоҳа.

Салкам бир аср яшаган биродаримиз: акамиз, дўстимиз бугун орамизда йўқ, аммо уларнинг қилган ишлари ҳамиша бизга қуёш сингари нур сочиб туради. Бир шамчироқ юз кишининг йўлини ёритади дейдилар. Бир кулгининг бир йиғиси ҳам борлигини унутма, дўстим, деган нақл ёдга тушади. Ўз она юртига хизмат қилишдан чарчамаган буюк инсон, Аллоҳ сўзини айтаркан, ўлимга тик қараб биз — дўстларини ташлаб кетди. Бундан салкам йигирма йил аввал айтилган сўзларни эслай бошладим. Ростдан ҳам дунё­­да шундай одамлар борки, уларнинг умр йўли изсиз ўтмас экан. Ҳаётда бундайлар шамчироқдек барчанинг йўлини   ёритиб, кўплар дардига малҳам бўлар экан. Илм-фан ривожи йўлида астойдил хизмат қилган, залворли меҳнати ила кўпчилик орасида обрў-эътибор қозонган, ўз касбининг фидойиси Абдукарим Усмонхўжаев шундай инсонлар сирасидан эди.

Абдукарим Усмонхўжаев ўзининг салкам етмиш йиллик умрини тиббиёт соҳасига бағиш­лади. 1959 йилда Тошкент давлат тиббиёт инс­титути (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт инс­титути)ни тамомлагандан сўнг Юқори Чирчиқ тумани даволаш-профилактика бирлашмаси бош врачининг даволаш ишлари бўйича муовини ва психотерапевт бўлиб ишлади. Айнан шу ерда тиббиёт соҳасини ҳар тарафлама чуқур ўрганиб, тажриба, билим ва малака орттирди. 1964 йилда номзодлик диссертациясини ёқлагандан сўнг 1986 йилгача Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш инс­титутида ўта хавфли касалликлар лабораториясининг мудири сифатида фаолият юритди. 1986-2000 йиллар давомида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш музейида директор лавозимида серғайратлиги ва ташаббускорлиги билан танилган бу зиёли инсон “Сиҳат-саломатлик” (1989-1991) журналида масъул котиб, “Мозийдан садо” (1998-2000) журналида бош муҳаррир бўлди.

Умри ижодга ҳамиша ошуфта бўлган А.Усмонхўжаев тиббиётнинг илғор вакили сифатида халқимизнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириб, сиҳат-саломатлик маданиятини оширишга, руҳий соғломлантиришга қаратилган қатор рисола ва луғатлар яратди. “Минг дард давоси”, “Юрак малҳамлари”, “Саломатлик навқиронликка йўл”, “Шамоллашнинг беозор даволари”, “Бефарзандлик”, “Руҳиятни соғломлаштириш усуллари”, “Кўнгил ҳаловати”, “Мусиқий муолажа”, “Эзгуликка интилиб”, “Хотиралар”, “Ўз дарахтингизни биласизми?”, “Энг яхши даво”, “Дорисиз қалб давоси” каби асарлар ҳамда луғатшуносликда нашр қилинган “Инглизча-ўзбекча тиббий сўзлашгич”, “Русча-лотинча-ўзбекча тиббий терминлар изоҳли луғати”, “Этимологик луғат”, 2 жилдли “Тиббий терминлар энциклопедик луғати” шулар жумласидандир.

Абдукарим ота Усмонхўжаев   журналист сифатида “Ҳамшира” журналида ижрочи директор лавозимида фаолият юритди. Журналнинг қизиқарли, ўқишли, замон талабига жавоб берадиган даражада, мунтазам нашр этилиб, муштарийлар қўлига етиб боришида жонбозлик кўрсатган эди.

Бундан ташқари Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший қаламига мансуб “Қонуни Боситий” ёки “Қонун алмабсут” номли икки жилдли китобга ҳамда “Фарҳанг ал-мабсут” ёки “Истилоҳот ул-­атиббо фи-интифоот ил- аҳиббо” (“Дўстлар фойдаланиши учун тузилган тиббиёт терминлари луғати”) га масъул муҳаррирлик қилиб, бу хизмати билан табобатимиз тарихи, улкан илмий меросини қайта тадқиқ этиш йўлида ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, 6 та ихтиро ва жами 300 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар муаллифи иккита номзодлик диссертациясига ҳам раҳбарлик қилган эди.

Охиратлари обод бўлсин. Абдукарим ака чиндан ҳам яхши инсон эдилар. Шу боис ўзидан яхши ном, эзгу амаллар қолдирди.

Тўлқин МУҲИДДИН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − ten =