Шуҳрат Деҳқон ёди

Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети ўзига хос ижодий ўқув маскани. Бу ердан неча авлод истеъдодли журналистлар, шоир ва ёзувчилар, олимлар, маънавият дарғалари, ҳатто бугун фавқулодда ва мухтор элчи вазифасидаги дипломатлар битириб чиқишган. Биз тенгилар — яъни аллақачон 50 ёшни қоралаганлар ўша пайтдаги алғовли–далғовли, Истиқлол остонасидаги ва Мустақиллик  қўлга киритилган дастлабки йилларда таҳсил олишган. Яқиндагина орамиздан кетган самимий инсон, ажойиб қаламкаш Шуҳрат Деҳқонов биздан бир курс аввал, 1993 йилда факультетни битирганди. Уларнинг курсида таҳсил олган қаламкашлар бугун журналистикамизнинг навқирон авлод вакиллари бўлиб етишишди. Умуман, бизда курс ажратиш, маҳаллийчилик деган куйдирги қусурлар бўлмаган. Бу улуғ даргоҳнинг собиқ талабалари бир нонни бўлиб еганмиз, бир ётоқхонада аҳил-иноқ яшаганмиз.

Кейин таҳсилдан кейинги ҳаёт бошланди, биров газетачи, биров телерадио ходими, яна биров хорижда, биров вилоят ва туман матбуотининг заҳматини чекиб “ижод”га шўнғиб кетди, ширин оилавий ташвишлар бошланди. Шуҳрат ака ҳам ўзи туғилиб ўсган Наманган  вилоятидаги телерадио тизимида оддий муҳаррирликдан иш бошлаб, бир ўн беш йиллар маҳаллий телерадионинг ривожланишига, вилоят матбуотининг такомилига ҳисса қўшди, Наманган вилоят телерадиокомпанияси раисининг ўринбосарлиги лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Олий Мажлис депутатлигига сайланиб, бир муддат Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаоллик кўрсатди. Кейин нуфузли бошқа идораларда, Рес­публика фахрийларининг “Нуроний” газетасига бош муҳаррирлик қилди. Шафқатсиз ўлим уни 54  ёшида орамиздан олиб кетди. Фарзандлари, турмуш ўртоғи, уни билган барча биродарлар “оҳ” чекиб қолаверди. Бугун эса хотира ёзиб эслашу, ҳаққига дуо қилишдан ўзга чора йўқ.

Ижодкорларнинг талабалик даври ҳам қизиқ бўлади. Журналистика факультетининг талабаси бўлгач, асарлари билан танилган, мақолалари чиққан  бироз машҳур ижодкорлар бизга сирли кўринарди. Масалан, Ҳалим Саидовнинг фотосуратлари бизларга “Ёш куч” журнали,  Исажон Султон ва Луқмон Бўрихоннинг ҳикоялари “Шарқ юлдузи”орқали бизга таниш эди. Шуҳрат Деҳқон билан факультетда танишиб қолдик. “Мен сизнинг публицистик мақолангизни “Ёшлик” журналида ўқиганман” дедим, ҳовлиқиб, сарлавҳаси “Сен бахтли бўласан, Лобар!”, деган, жуда ажойиб ёзилган, давом этдим билағонлик қилиб. “Раҳмат ўқиган экансиз, у пайтлар мен ўқувчи эдим” деди кулиб. Биринчи курс охирида менинг “Туркистон” газетасида чоп этилган “Аҳволинг қандай сирдарёлик талаба?” номли фельетоннамо, анча ғурбатларга сабаб бўлган мақоламни Шуҳрат ака ўқиб: “Дадил бўлинг, қўрқманг, биз сизга ишонамиз!”, — дея табриклаб қўйди. Кейинги тўрт йилда  биз дўстлашиб кетдик. Бугун булар Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон айтган “олис” ва “кетиб қолган” хотиралар. Шуҳрат ака тарбияли ва самимий инсон эди. У юртимиз матбуоти ривожига катта ҳисса қўшди. Муҳриддин Холиқовдай хушовоз хонанданинг танилишига, оёққа туриб олишига маънавий сабаб­­чи бўлди. Шуҳрат Деҳқоновнинг жуда кўп­лаб шеърларини  Муҳридин Холиқов айтиб элга танилди, бугун улар халқимизга руҳий қувват берадиган маънавий хазинага айланди ва ҳозир ҳам уларни эшитган ҳар бир инсон,  ўша қўшиқ бўлган шеърлар муаллифига, Муҳриддин Холиқов ҳаққига дуо қиладилар. Ёки Сирдарёда оқиб кетган дўсти хотирасига бағиш­ланган “Сирдарёю, Сирдарё топиб бергин акамни”, дея фиғонли сатрларини тинглаб кўринг-а. Уни севимли хонанда Жалолиддин Усмонов ижро этиб, элдан олқиш олганди. Фарзанд доғида куйган онанинг дилига бироз бўлсада тасалли берди. Бугун ана шундай гўзал сатрлар муаллифи ҳақида хотира ёзиш янада азоб… Начора, ўлим эса ҳақ. Яна бир нарсани тилга олишни истардик. Биз ўқиган давр­ларда журналис­тика факультетининг аниқ ўқитиш дас­тури чала эди. Шўримиз қуриб “Сиёсий иқтисод” дейсизми, “Марксизм-ленинизм”дейсизми, барисини ўқиганмиз. Аслида устозларимиз берган самимият ва тарбия, қалам сеҳрини ҳис қилиш бизни улғайтирди, қаламкаш бўлишга ундади. Шуҳрат Деҳқонов ана шу тарбияни оқлади, устозлар сабоғи, Ватанни ва халқни севиш, қалам сеҳрига  содиқ яшаб ўтди. Бугун унинг ҳаққига дуо қилиб, охирати обод, руҳи поклари шод бўлишини тилаб қоламиз.

Ўлжабой ҚАРШИБОЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =