Умрини адолат безаган олим

Маълумки, халқимиз шу йилнинг 30 апрелда янги таҳрирдаги Конституцияни референдум билан тасдиқлади. Ушбу воқелик Янги Ўзбекистон ҳаётидаги инқилобий ўзгариш бўлди, дейиш мумкин. Чунки, мамлакатимиз фуқаролари орзу қилиб келган адолат, эркинлик, ҳамжиҳатлик, халқпарварлик каби орзу-умидларни ҳаётимизга тадбиқ этилишида асосий ўрин эгаллайдиган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси рўёбга чиқди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, нафақат узоқ ўтмишда, балки яқин ўтмишимизда ҳам нафақат оддий фуқаролар, балки жамият учун хизмати сингган  кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари поймол этилган. Аниқроғи, оғизда адолат, амалда эса унинг тескариси бўлиб келган ҳолатлар кишилaрни қийнаб келган.

Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекис­тон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда кибернетика, информацион ва рақамли технологияларнинг пайдо бўлишига катта ҳисса қўшган олим Қобулов Восил Қобулович эди.

У киши бугун ҳаёт бўлганида 100 ёшдан ошган бўларди.

Восил Қобулов мактабни аъло баҳолар билан тугатгач, Ўрта Осиё давлат университетининг математика факультетига ўқишга кириб, энди талаба бўлган пайтда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фронтга кетди ва  уруш тугагунига қадар жанг қилди.

Бир неча медаллар билан мукофотланган В.Қобулов II жаҳон уруши тугагач, Тошкентдаги темир йўл муҳандислари инс­титутига ўқишга кириб, институтни аъло баҳолар билан тугатди. Илмга чанқоқ бўлган инсон Ўзбекистон Фанлар академиясининг Механика институти аспирантурасига кирди. Дунёвий илмларга чанқоқ бўлган ёш олим республикадаги тажрибали олимлар, академиклар Ҳамид Абдуллаев, Муҳаммаджон Ўразбоевлар кўмагида ҳисоблаш техникаси йўналишида олиб борилаётган замонавий илмларни Ўзбекистонда ривож­лантириш ҳаракатига тушади. У кибернетика, ҳисоблаш техникаси соҳасида олиб борилаётган илмий ишларни ривожлантириш мақсадида назарий ва амалий ишлар билан танишиш учун йирик илм марказлари бўлган Москва, Ленинград, Киев, Минск, Новосибирск каби шаҳарларга бориб, илғор фан ютуқлари билан танишди. 1966 йили Тошкентда Ҳисоблаш марказли кибернетика институти ташкил этилди ва Восил Қобулов унга директор этиб тайинланди. Ўзбекистонда кибернетика, сунъий тафаккур, информацион ва рақамли технологияларни ривожлантириш мақсадида ўнлаб йирик лаборатория ва бўлимлар, илмий даража, унвонлар тақдим этиладиган ихтисослашган илмий кенгашлар, илмий ишлар натижалари чоп этиладиган доимий нашрлар ташкил этди. У раҳбарлик қилган йиллари нуфузли илмий марказлар билан алоқалар ўрнатилиб, Ўзбекистонга замонавий электрон ҳисоблаш машиналари келтирилди. Шу билан бирга Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида кибернетика, ҳисоблаш техникаси, информацион ва рақамли технологияларга ихтисослашган кафедра ва факультетлар ташкил қилинди. Қатор вазирлик ва корхоналарда махсус ҳисоблаш марказлари иш бошлади. 1976 йилда Тошкентда собиқ Иттифоқ республикалари ичида ягона бўлган Кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил бўлди. Унинг таркибида Ҳисоблаш марказли кибернетика институти, бошқарувнинг автоматлаштирилган тизимлари, республика автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ҳамда тажриба экспериментал заводи фаолияти йўлга қўйилди. Ўша даврда ушбу бирлашманинг ташкил этилиши ниҳоятда мураккаб жараён ва Ўзбекистон учун ноёб ҳодисалардан эди. Чунки ҳали бундай марказлар Собиқ Иттифоқ республикаларининг акса­риятида мавжуд эмас эди.

Ҳаётини илмга, халқимиз саводхонлигини оширишга бағишлаган, миллатимиз зиёлиларини дунёнинг энг етакчи олимлари қаторида туришини дилига туккан фидойи инсон фаолият олиб борган пайт­­да Кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида аспирантларнинг сони 400 тадан ошди. Бу ўша давр учун жуда юқори кўрсаткич эди.

Восил Қобулов ташаббуси билан На­воийдаги Мурунтов олтин кони, Тошкент вилоятида жойлашган Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари ишларини яхшилаш бўйича автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Изланувчан ва ташаббускор, ўта зиёли, камтарин инсон бўлиб, умумжамоа манфаатини шахсий манфаатдан юқори тутар эди. Восил Қобуловнинг миллатпарварлик ва миллий ғурурини нотўғри тушунганлар олимнинг олийжаноблик, ватанпарварлик, жонкуярлик хислатларини тескари талқин қилиб, унинг олиб бораётган йўлига тўсқинлик қила бошладилар.

Халқимиз бошига оғир мусибатлар олиб келган  “Ўзбек иши” ва “Пахта иши” деб аталмиш фожиалардан нафақат заҳматкаш, маҳнаткаш пахта етиштирувчи инсонлар, шунингдек, Восил Қобулович  сингари миллатнинг фидойи олимлари ҳам жабр кўришди.

Ўша йиллари В.Қобулов раҳбарлигида олиб борилган маънавий, илмий ва миллатпарварлик ишлар ҳам қаттиқ назорат остига олиниб, Навоий вилояти ва Олмалиқ шаҳридаги саноат мажмуаларида бажарилган илмий ва амалий ишлар ҳеч қандай билим, тасаввурга эга бўлмаган гуруҳлар томонидан текширила бошланади. Саводсиз терговчилар Республикамиз корхоналари, олий ўқув юртларида олиб борилган ғаламисли тафтишларида ҳеч қандай жиноий аломатлар топа олмаганларидан сўнг Россиядан  соҳанинг 20 дан ортиқ академикларини ушбу текширувларга жалб этишади. Бироқ ушбу ғаразли ният ҳам миллатимиз кушандалари кутган натижани бермайди. Малакали мутахассислар В.Қобулов раҳбарлигида олиб борилган ишлар бўйича ҳеч қандай қонун бузилиши ҳолатлари, камчиликлар йўқлигини тасдиқлашади.

Восил Қобулов ҳар қандай оғир ша­роитда ҳам, тазйиқли вазиятларда ҳам  тушкунликка тушмаган ва ўзининг ҳақ эканлигини исботлай олган ватанпарвар инсонлардан эди. Изланувчан олим фақатгина маълум бир йўналишдаги илм­­ни ривожланириш эмас, турли хил фанлар йўналиш­ларида, жумладан: биология, геология, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, космос, тиббиёт, кимё, металлургия, компьютер техникаси каби соҳаларни ҳам дунё миқё­сидаги муваффақиятлар даражасига кўтариш орзусида эди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини зиёли олимлар, ижодкорлар, изланувчилар, иқтидорли инсонлар боғига қиёс қилиш мумкин. Ушбу боғга қадам қўйган ҳар бир ижодкор, олим янги бир йўналишда тафаккур нурларини таратиб, ушбу боғни мамлакатнинг порлоқ келажагига хизмат қилишига бел боғлаган бўлиши керак. Фикримизча улуғ алломаларимиз, таниқли миллатпарвар олимларимиз ўзларининг эришган илмий ва амалий ишлари билан академия боғини чинор дарахтидек узоқ яшашига замин яратишни ўз олдиларига мақсад қилишган.

Заҳматкаш олимнинг ташаббуси билан мамлакатимиздаги қатор саноат корхоналари, металлургия мажмуалари, муҳандислик марказларида рақамли технологияларни қўллаб, ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишга йўналтирилган илмий-амалий янгиликларни жорий этиш режалаштирилган эди. Бироқ ўша даврдаги айрим бюрократик қарашлар эвазига ишлаб чиқилган режалар амалга ошмай қолди. Ана шундай вазиятларда ҳам Восил Қобулов аждодларимиз орзу қилган фаровонликнинг негизи бўлган илм-фанни юқори даражага кўтариш ҳамда ёшлар дунёқарашини ўзгартиришга оид ғоялари, фикр-мулоҳазаларини олға суриб яшади.

Мозийга назар ташлайдиган бўлсак, шу каби адолатсизликни намоён этувчи кўп­лаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, 1970 йилда Тошкентнинг “Кўктерак” даҳасида истиқомат қилиб келган Мирҳаким Мирҳаитовлар оиласини ҳам ана шундай ноҳақликлар четлаб ўтмади. М.Мирҳаитов колхоз томонидан шартнома асосида ажратилган 10 қатор узумзорни парваришлаб, етиштирилган ҳосилнинг маълум қисмини ўзига олиб қолиб, келишилган қисмини эса калхозга топшириши керак бўлган. Аммо “адолатпарвар” орган ходимлари томонидан ана шу жараёнда “ҳосилни ноқонуний тарзда шахсий манфаати учун ўзлаштирилганлиги” рўкач қилиниб, М.Мирҳаитов чайласидан қўлига кишан солган ҳолда қамоқхонага олиб кетилади. Орадан маълум бир вақт ўтиб, у  озод этилган. Бироқ ҳибсда бўлган вақтида қаттиқ тазйиқлар остида калтакланиб, ногирон ҳолга келтирилган, озодликка чиққанидан сўнг кўп ўтмай у оламдан кўз юмган эди.

Мамлакатимиз фуқаролари томонидан яқинда янги таҳрирдаги Конститу­цияни референдум билан тасдиқланиши Янги Ўзбекистон учун, халқимиз учун катта воқеа бўлди. Инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган асосий қомусимиз юқоридагидек адолатсиз ҳолатларнинг яна такрорланишига йўл қўймайди, барҳам беради деган умиддамиз.  Янги Конституциянинг ҳар бир моддаси ҳаётий тажрибаларга асосланган ва ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни ечими сифатида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.

Зеро, куни кеча Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида референдум якунларига бағишланган учрашувда эътироф этганидек, “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган қараш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши керак”.

Н. МЎМИНОВ,

техника фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − six =