“Биттаси бўлсаям келмади-я” ёки ўзбекистонлик ва америкалик ўн қаҳрамон ўғлон қиссаси (Иккинчи мақола)

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда)

Беш ака-ука Салливанлар жасорати

“Жасорат солномаси” рукни остида бераётган лавҳаларимизнинг ўтган сонида тошкентлик беш ака-ука Зокировлар оиласи аъзолари: Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон Зокировлар ҳақида, уларнинг элга, миллатга, она-Ватанига содиқлиги, давлат, мамлакат, халқ бошига тушган кулфат-у фалокат пайтида унга қарши сўнгги нафасига қадар мардонавор кураши, уларнинг бошидан кечирган мислсиз азоб-у уқубатлари, намойиш этган жасоратлари-ю матонатлари, фожиаси ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Энди тошкентлик беш ака-ука Зокировлар оиласининг тақдири мисоли кўзгудагидек ўз аксини топган, Иккинчи жаҳон урушида немис фашизмининг Шарқдаги бир қисми, кўриниши бўлган япон милитаристларига қарши курашда дунёнинг бош­­қа бир нуқтасида ўз жасоратларини намойиш этган америкалик бешовлон қаҳрамон ўғлон — Салливанлар оиласи ҳақида ҳикоя қиламиз.

Танишинг:

— Джордж Томас Салливан, 27 ёшда, аввал иккинчи тоифали тўпчи старшина эди. 1941 йил май ойида эса учинчи тоифали артиллерия старшинаси бўлди.

— Фрэнсис – “Фрэнк” Генри Салливан, 26 ёшда, ҳарбий денгиз флоти старшинаси. Фрэнк 1941 йил май ойига қадар Америка қуролли кучларининг биринчи тоифадаги матрос эди.

— Джозеф – “Джо” Юджин Салливан, 24 ёшда, иккинчи тоифадаги  матрос.

— Мэдисон – “Мэтт” Абель Салливан, 23 ёшда, иккинчи тоифали  матрос.

— Альберт – “Эл” Лео Салливан, 20 ёшда, иккинчи тоифадаги матрос.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонларимизнинг ҳаёти, уларнинг  бошидан кечирган оғир, мудҳиш воқеалар-у ҳодисаларни ҳаётда қандай содир бўлган бўлса шундайлигича баён этишга қарор қилдик. Ўтмишни ўзгартириб бўлмаганидек, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар баёнини ҳам таҳрир қилиб, уларга сайқал бериб бўлмайди. Иккинчи жаҳон урушининг ёрқин ва фожиали тарихига айланган Салливанлар оиласи тақдири оддий, ҳаққоний, ҳаётий бўлгани ҳолда, аянчли, фожиали, шафқатсиз, айни бир пайтда ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайдиган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мудҳиш воқеалардир.  Иккинчи жаҳон уруши дунёнинг 57 давлатини қамраб олиб, Ер юзининг 1 миллиард 700 миллион аҳолисини ўз домига тортди. Германия, Италия, Япониянинг пухта тайёргарлик кўрган ва тиш-тирноғигача қуролланган қўшинлари сув ости, сув усти ҳарбий кемалари, қирувчи самолётлари, қалин зирҳли танклари Ғарбий ва Шарқий Европа, Ўрта Ер денгизи, Африка қитъаси, Тинч океани ҳудудларидаги шаҳар ва қишлоқларни бомбардимон қилиб босиб олабошлади.

Япониянинг ҳарбий ҳаво флоти ва сув ости ҳарбий кемалари Американинг Гавайя оролларидаги Перл-Харбор денгиз портига кутилмаганда ҳужум қилиб сувда турган кемалар устига бомбалар ёғдира бошлади. Қандайдир ярим соатда “Аризона” линия кемаси осмондан ташланган бомбалардан турган жойида портлайди, “Вест-Виржиния” ҳарбий кемаси чўктирилди, “Оклахома” линкори ағдарилади, “Калифорния” флагмани эса сув остига ғарқ бўлади, ҳарбий денгиз кемалари қаторида “Юта” ўқув кемаси ҳам бир зумда сув остига чўкиб кетади.

1942 йил 3 январь … Тинч океани ҳудудида Америка-япон урушининг энг авжига чиққан палласи…

Америкалик беш ака-ука: Джордж, Фрэнсис, Джозеф, Мэдисон, Альберт Салливанлар биз Перл Харборни яксон қилган япон милитаристларига қарши “бир тану бир жон бўлиб, бирга жанг қиламиз”, деб АҚШнинг Айова штатидаги Уотерлу шаҳридан кўнгиллилар қаторида Америка денгиз флоти жангчилари сафига бориб қўшилади. Бе­зовта бўлаётган ота-оналарига эса “хавотир олманглар биз бир қисмда, бир сафда туриб душманга қақшатгич зарба берамиз, душман ўқидан ҳам бир-биримизга қалқон бўламиз”, деб уларни ишонтирдилар. Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушининг бу таҳликали синов кунларида Америка халқида айни одамийлик — инсонпарварлик, байналмилаллик, ватанпарварлик ҳислари ниҳоятда жўш урган давр бўлди.

Шу пайтда Америка денгиз флоти қўмондонлиги жанг майдонида бирон кор-ҳол юз берса бу воқеа ака-ука, ота-фарзанднинг кўз ўнгида содир  бўлмасин, деб бир оиладан душманга қарши курашга кўнгилли бўлиб келаётган ота-бола, ака-ука, яқин қариндош-уруғларни бир-биридан олис­роқ бўлган ҳарбий қисмларда алоҳида-алоҳида хизмат қилдириш тартибига энди ўтабошлаган эди. Лекин ердан, сувдан, осмондан ёмғир, дўл, тош каби ўқ, снаряд, бомбалар ёғилиб турган, тагинг эса тубсиз денгиз бўлган бу жангларда бир неча соат ёки дақиқадан кейин ким бору, ким йўқлиги номаълум эди. Ва бу қирғин-баротда бош қўмондоннинг инсонпарварлик бу буйруғига қатъий риоя қилиш қийин, кўп ҳолларда уни бажариб бўлмас ҳам эди. Салливанлар оиласига бу буйруқнинг заррача ҳам фойдаси теккани йўқ, аниқроғи, “биз бирга жанг қиламиз” деган беш ака-ука унга бўйсунишмади, ҳукумат ва қўмондонликнинг бу имтиёзли имкониятидан фойдаланишдан воз кечишди. Улар ким қайси фронтда, қандай вазиятда хизмат қилишидан, мавҳумлик, бехабарлик ва айни бир пайтда бир бирининг тақдиридан хавотирда бўлган ака-укалар нима бўлса ҳам бир кемада бирга бўлишни афзал кўрдилар.

Салливанлар оиласидан катта фарзандлари — Жорж билан Фрэнк урушга укаларига қараганда бироз илгарироқ жўнаб кетишди. Бу пайт­­да уларнинг уч укаси: Жозеф, Мэдисон, Альберт чақирув қоғозларини олиб фронтга кетишга энди тайёргарлик кўришаётган эди. Кўп ўтмай улар ҳам акалари Жорж билан Фрэнк хизмат қилаётган “Жуно” крейсери жангчилари сафига, акаларининг ёнига келиб қўшилади. Шундай қилиб беш ака-ука бир ҳарбий денгиз кемасида хизмат қила бошладилар.

АҚШ ҳарбий денгиз флотининг “Жуно” жанговар денгиз кемаси жангчилари 1942 йил августидан буён Гуадалканал номли денгиз ҳавзасида бир неча ойдан буён бораётган шафқатсиз жанг­ларда душман кемаларининг ҳужумларини қайтарар эди. 1942 йил 13 ноябрь куни эрта тонгда Саво ороли ёнида бўлиб ўтган катта жангда ака-укалар жанг қилаётган “Жуно” кемаси Япония ҳарбий кемаси томонидан отилган торпедога рўбарў келади. Даҳшатли портлашдан кеманинг тўп, зенитка, пулемёт-у ҳарбий асбоб-ускуналари чил-парчин бўлиб “Жуно” сафдан чиқади. Соломон оролларини тарк этиб Эспириту-Санто бандаргоҳига қайтаётган пайтида келиб теккан яна бир торпедонинг портлаши натижасида кема қолган пушка ва торпедоларидан ҳам маҳрум бўлади. Шундан сўнг 1-26 рақамли “Жуно”га япон сув ости ҳарбий кемаси ажал ёғдириб ҳужум қилади.

Бутун жону-жаҳонни йўқ қиламан деб келаётган даҳшатли япон ҳарбий кемасидан йўналтирилган торпедо бу гал “Жуно”нинг ўқ-дорилар сақланаётган пастки қисмига келиб тегади.

Сўнгги кучли портлаш натижасида ўзи ҳам шундоқ “чалажон” бўлган “Жуно” кемаси иккига тарс ёрилиб бутун экипажи билан денгиз қаърига чўкиб кўздан ғойиб бўлади.

Душман ҳамласидан чекинаётган Америка армиясининг соғ қолган ягона зобити, “Хелена” крейсерининг капитани Гилберт Гувер кўрфазда содир бўлаётган бу даҳшатли жанг лавҳалари тўғрисидаги ҳисобот-ахборотни марказга жўнатиш учун талафот маълумотларини жамлар экан, бундай қаттиқ портлашлардан беш ака-ука хизмат қилаётган “Жуно” кемасида соғ одам қолмаган бўлса керак, деган фикрга боради. Боз устига у шу атрофда Америка ҳарбий кемаларига зарба бериш мақсадида писиб юрган Япон сув ости кемасидан отилган торпедога учраб ишдан чиққан кемаларнинг ярми соғ, ярми ярадор команда аъзоларининг бундай вазиятда тирик қолганларни қидириш ақл бовар қилмайдиган бесамар ҳаракат, деган хулосага келади. Шу сабабли жангда тирик қолган юқори унвондаги ягона капитан Гилберт Гувер ўзини бошқариб суза оладиган кемаларга Эспириту-Сантога қараб йўл олишга буйруқ беради. Шу пайт “Хелена” кемасининг зобити капитан Гувер жанг майдони узра осмонда учиб ўтаётган патрулдаги бомба ташувчи Американинг В-17 самолётига кемада ва денгизда ярадор ва тирик қолганларни қидириб топиш, уларни қутқариш учун фронт штаби захирасидан бу ерга санитар самолёт ёки кема юборишлари тўғрисида иттифоқчилар штабига сўровнома юборади.

Кейинги маълумотларга кўра, шу пайтда “Жуно” кемаси командасидан юзга яқин жангчи тирик қолган бўлади. В-17 самолёт экипажи эса жанг пайтидаги радио сукути режими талабини бузмаслик учун қидирув гуруҳини бу ерга юбориш тўғрисида марказга хабар бера олмайди.  Жангда тирик қолганлар сони, улар қаерда эканлиги ҳақидаги маълумотни ва уларга ёрдам кўрсатилиши лозимлиги тўғрисидаги қўмонданга юборилган рапорт ўз навбатини кутиб турган бош­­қа янада муҳим ва шошилинч қоғозлар орасида бир неча кун мобайнида штабда қолиб кетади. Бундан бехабар штаб қўмондони “Жуно” жанговар кемасидан дарак йўқлигидан хавотир олиб кеч бўлса ҳам улардан хабар олиш учун ўз ташаббуси билан қидирув самолётини жўнатади. Бу пайтда “Жуна” кемасининг жангдан соғ қолган оғир ярадор жангчилари эса ичимлик сувисиз чанқаб, оч қолиб, денгизда акулалар ҳамласига дучор бўлаётган эди.

PBY Catalina номли назорат қидирув самолёти торпедо келиб урилиб портлаши натижасида кемадан денгизга отилиб кетган ўн нафарга яқин ярадор жангчиларни саккиз кундан кейин қутқариб олиб келади. Қурбон бўлганлар сони, уларнинг исми-шарифи аниқланаётганда маълум бўлишича кема портлаши натижасида бир йўла уч ака-ука: Фрэнк Генри Салливан 26 ёшда, Джо Юджин Салливан 24 ёшда ва 23 ёшли Мэтт Абель Салливанни шафқатсиз ўлим бир зумда елдек келиб селдек олиб кетган бўлади. Шу  тариқа қандайдир бир неча дақиқада Салливанлар оиласининг уч фарзанди бир йўла ҳалок бўлади. Салливанлар оиласининг энг кенжа фарзанди энди 20 ёшга тўлган Эл Альберт Салливан уч акаси ҳалок бўлган куннинг эртаси жанг пайтида ўқ тегиб ярадор бўлади ва беҳол ҳолда денгизга чўкиб кетади. Салливанлар оиласининг тўнғич фарзанди 27 ёшдаги Джордж Томас Салливан яна тўрт-ми беш кунгина тирик бўлади холос.

Ҳарбий хавфсизлик чоралари денгиз жангларида жасорат намуналарини кўрсатаётган Американинг жанговар “Жуно” кемасини ҳалокатга учраганини японлардан яширишни талаб қилар эди. Бу воқеалардан бехабар бўлган, фронтдан фарзандларидан хат келиши эса тўхтаган ака-ука Салливанларнинг отаси билан онаси қаттиқ хавотирга тушабошлайди.

Беш ака-ука Салливанларнинг муштипар онаси Алетта Салливан хоним фарзандларининг тақдирини сўраб АҚШ ҳарбиий денгиз флоти шахсий таркибининг Бош бошқармаси қўмондонлигига сўровнома билан мурожаат қилади. Кўп ўтмай Том ота билан Аллета хоним фарзандларининг қуролдош дўстлари ёки ҳарбий денгиз флоти қўмонидан эмас Америка Қўшма Штатларининг президенти шахсан Франклин Рузвельтнинг улар номига йўллаган жавобни олади.

Жангчи ака-ука Салливанларнинг ота-онаси эса барча беш нафар фарзанди халок бўлган­ликлари тўғрисидаги фожиадан 1943 йилнинг 12 январидагина хабар топишади.

Эрталаб Том ота ишга кетишга тараддуд кўраётган пайтида уйга ҳарбий кийимдаги уч киши кириб келишди. Улар зобит командир-лейтенант, оқ халатдаги шифокор ва ҳарбий кийимдаги бош старшина эди. Бирон-бир хушхабар эшитиш илинжида не-не орзу умидлар билан интиқ бўлиб кутаётган Том ота сўрашга ботина олмай лаблари пирпираб кўзидан ёш тирқираб “тезроқ айтинг, ўғилларим омон-ми?”, дейди. Денгиз зобити ҳам бу дақиқаларга қаттиқ тайёргарлик кўрганлигига қарамай, ўйлаб қўйган барча гапларини мутлақо унутиб, лаблари ва қўллари қалтираб: “Менда фарзандларингиз тўғрисида хабар бор, дея олади” холос. Мудҳиш бир нарса хаёлига келган ота “қайси бири?!” дея сўрай олади ундан. Жавобига эса: “Мен таъзия билдираман” дея олади командир-лейтенант ва денгиз тўфон-бўҳронларию шафқатсиз япон милитаристлари билан бўлган жангларга дов берган жанговар зобитнинг: “Беш фарзандларингизнинг барчаси”, – дея зўрға лаблари пичирлайди.

Шундай қилиб айовалик Салливанлар оиласи, Америка ҳарбий денгиз флоти беш ака-ука Салливанлардан ажралади. Салливанлар оиласида эса уларнинг синглиси, Том билан Аллетанинг олтинчи фарзанди Женевьева қолади холос. Бешинчи фарзанд — Альберт – “Эл” Лео Салливандан эса унинг бева турмуш ўртоғи ва бир ўғли ёдгор бўлиб қолади. Жангчи Салливанлар Америка Қўшма Штатларининг унутилмас миллий қаҳрамонларига айланишади. АҚШ Президенти Франклин Рузвельт Америка ҳукумати ва халқи номидан уларга чуқур таъзия изҳор этади. Рим католик черковининг олий раҳбари Папа Пий XII ҳам қаҳрамонлар падари буз­руквори Том  билан Аллетага хат йўллаб ўзининг чуқур таъзиясини билдиради ва Салливанлар оиласини диндорлар тақдирланадиган махсус кумуш медаль билан мукофотлайди ва тасбеҳ жўнатади. Америка Сенати билан Айова штати вакиллар палатаси ака-ука Салливанлар хотирасини абадийлаштиришга бағишланган махсус қарор қабул қилади.

Америка Қўшма Штатлари Ҳарбий ҳаво денгиз флотининг махсус қабул қилган қарори билан қаҳрамон ака-укалар номи берилган (DD-537) рақамли “Салливанлар” крейсери қурилади. Қаҳрамонлар онаси Аллетта хоним фарзандларининг номи берилган “Салливанлар” эсминцини тантанали суратда сувга тушириш маросимида фахрий меҳмон бўлиб қатнашади.

2018 йили Microsoft корпорацияси билан Америка миллиардери Пол Ален ҳомийлигидаги қидирув-тадқиқот гуруҳи Соломон оролларига яқин жойда денгиз тагида ётган беш ака-ука Салливанлар хизмат қилган “Жуно” крейсери қолдиқларини денгиз тагидан қидириб топишиб, уларни олиб чиқишга муваффақ бўладилар.

Салливанлар ҳалокатидан сўнг АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан Америка Қўшма Штатларининг “Тирик қолган сўнгги жангчи” махсус концеп­цияси қабул қилинади.

USS The Sullivans (DD-537) маркали АҚШ флотининг икки эсминцига ака-ука Салливанларнинг номи берилади. Анъана бўйича одатда бир шахс­нинг номи бериладиган ҳарбий денгиз кемасига жаҳон денгиз флоти, жумладан, Америка ҳарбий денгиз флоти тарихида биринчи бор бир эмас бир йўла беш нафар ака-ука Салливанлар номи берилади. Иккала кемага ака-ука Салливанларнинг ота-онасига ёзган хатидаги “Биз биргамиз” сўзлари шиор қилиб ёзиб қўйилган эди.  Американинг мина ташувчи қудратли эскадра кемасининг номини ўқир экансан бу мудҳиш воқеадан, ҳалокатдан, фо­жиадан хабардор бўлган ҳар бир инсоннинг танаси жунжукиб, қалби титраб, асаблари жунбушга, кўзларига ёш келади. Шундай фарзандларни тар­биялаган Том ота билан Аллета хонимга, қаҳрамон бешовлонга офаринлар айтасан, таъзим қиласан. Ҳақиқатан ҳам улар Иккинчи жаҳон урушида бир ота-онадан, бир оиладан, бир кемада бир бўлиб бирга жанг қилишган эди, улар бир денгизда ва қарийб бир пайтда оламдан ўтишди.

Альберт Салливаннинг ўғли — Джеймснинг бувиси Аллета “Салливанлар” номи берилган биринчи кеманинг денгизга тушириш маросимида: “Лаънатлар бўлсин  шу уруш оловини ёққанларга. Сўнгги кўрган-кечирган азоб-уқубатларимиз шу бўлсин, илоҳо то абад тинчлик бўлсин!” дея дуою фотиҳалар ўқийди. Альберт Салливаннинг ўғли – Джеймс “Салливанлар” номи билан денгизга туширилган кемада ҳарбий хизмат вазифасини ўтайди. “Салливанлар” номи билан денгизга туширилган иккинчи кемага ота Том билан Аллета хонимнинг набираси Эла  — Келли Энн Салливан Лугрен дуо-ю фотиҳа  берди.

Беш ака-уканинг ягона синглиси Женевьева эса АҚШ Ҳарбий денгиз флоти – АҚШ ҲДК WAVESнинг хотин-қизлар ҳарбий қисмида хизмат қилди. У Билл Боллнинг яқин дўсти эди. Маълумки, Женевьева Билл билан урушдан аввал ҳали турмуш қуришмаган лекин бир-бирини жон-дилидан яхши кўришар, севишар эди. Перл-Харбор учун бўлган жангда Билл қаҳрамонлик намуналарини кўрсатади ва шу ерда бўлган жангда у ҳалок бўлади. Бу йўқотиш Салливанлар оиласига қаттиқ таъсир кўрсатади. Шу сабабли беш ака-ука суюкли синглисининг яқин дўсти бўлган Билл Болл учун душмандан қасос олишга қарор қиладилар. Барчаси бир бўлиб урушга кетади. Турмуш қурмоқчи бўлган яқин дўсти – Билл Боллни йўқотгандан кейин беш ака-уканинг синглиси Женевьева ҳам АҚШ Ҳарбий денгиз флотига бориб хизмат қилишга қарор қилади.

Томас билан Алетта Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам фарзандлари жонини берган она-Ватанига сидқидилдан хизмат қиладилар. Улар урушдан кейин анча қашшоқлашиб қолган АҚШ Ҳарбий денгиз флоти чиқарган заём облигацияларини қўллаб-қувватлаш компанияларида фаол иштирок этадилар.

Лекин… шуни қайд этиш лозимки, беш фарзанд доғи уларнинг падари бузруквори қаддини аллақачон букиб бўлган эди. 1965 йили қаҳрамон фарзандларнинг отаси Томас ота Салливан оламдан ўтади.

1944    йили Америкада беш ака-уканинг тақдири ва тарихи акс эттирилган  “Салливанлар” (кейинчалик “Жангчи Салливанлар” номи билан чиққан) бадиий фильм олинади, 1976 йили Авс­тралияда “Салливанлар” телевизион сериали тас­вирга туширилади. 1998 йили кино соҳасидаги энг юқори — Оскар мукофотига тақдим этилган “Оддий жангчи Райанни ҳимоя қилинг” номли кинофильм ва бир қатор телевизион сериаллар яратилади. Беш ака-ука Салливанларнинг ҳаёти ва жасорати америкалик кино ижодкорларини бу мавзуда янгидан-янги асарлар яратишга илҳомлантирган эди.

Ака-ука Салливанларнинг она шаҳри Айова штати Уотерлу шаҳридаги кўчага, шаҳар маданият ва истироҳат боғидаги декоратив композицияга ака-укалар шарафига, улар туғилиб ўсган шаҳардаги “The Five Sullivan Brothers Convention Center” марказига — “Беш ака-ука Салливанлар Конференц-маркази”  — деб ном берилади. Шаҳар марказидаги музей биносининг яна бир улкан янги қаноти қурилиб бу ерда яратилган махсус экспозицияда Иккинчи жаҳон урушида америкалик ака-укаларнинг ҳарбий хизматда кўрсатган қаҳрамонликлари, жасорати-ю фидойиликлари акс эттирилган. Кенг кўламдаги бу  ишлар 2008 йили якунига етади. 2006 йилнинг 15 ноябрида 11,5 миллион доллар сарфланган бу музейнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Музейда шунингдек торпедо тегиб портлаб тарс ёрилиб иккига бўлиниб кетган кема Иккинчи жаҳон урушидан сўнг 75 йилдан кейин денгиз тубидан қидириб топилиб таъмирланди. Ака-ука Салливанлар жанг қилган денгиз крейсери қайта тикланиб намойишга қўйилди.

Айтиш жоиздирки, музейда Салливанлар АҚШ ҳарбий денгиз флотида хизмат қилган, денгиз жанг­ларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган ягона ака-укалар эмас эди. Музей маълумотларига қараганда уларнинг ҳисобида 30 га яқин оиланинг фарзандлари хизмат қилишган, улар орасида жумладан, Коннектикут штатидаги Нью-Хейвенд шаҳридан хизматга  келган тўрт ака-ука Роджерс­лар ҳам бор.

Бугун музейда қарийб ҳар куни беш ака-уканинг магнит тасмасига ёзиб олинган овозлари янграйди.

АҚШ Ҳарбий денгиз флоти қўмондонлиги Коннектикут штатидаги Нью-Хейвенд шаҳридан хизматга  чақирилган тўрт ака-ука Роджерслардан  икки нафарини Саво оролида содир бўлган кема портлаши фожиасидан аввалроқ бошқа қисмга кўчиришга улгурилган эди.

“Жуно” кемасида содир бўлган портлашдан ўлмай тирик қолган жангчиларнинг гапи бўйича ака-ука Салливанлардан ҳам камида икки нафар ака-укани бошқа кемага кўчириш, шу йўл билан уларни сақлаб қолиш режалаштирилаётган экан.

Ва ниҳоят, Америка Caroline’s Spine альтернатив рок-гуруҳининг “Sullivan” қўшиғи ҳам беш ака-ука Салливанлар хотирасига бағишланган бўлиб уларнинг ота-онаси, фарзандлари, ҳур ватани, тинч ҳаёти, порлоқ истиқболи учун жонларини фидо этган беш ака-ука Салливанлар тарихи ва тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Ирисмат Абудухолиқов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 5 =