Қаҳва совиб қолмасин
Кеча Аҳамаджон ака яна тушимга кирибди. Акани эсламаган, эслаб, хўрсинмаган куним йўқ. Тақдир бизни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАдан сўнг турли томонларга улоқтириб ташлаганига ўн йил бўлди. Иккаламиз ҳам кўчада, ишсиз, сариқ чақасиз, галдираб қолган эдик.
Қаламкашнинг кўрган куни қурсин!
Ўша замонда дафтаримга ғалати сатрларни битган эканман: “Давлат хизматчисининг оқсочдан фарқи кам. Истаган пайтда унга катта кўчани кўрсатиб, кетига тепишлари мумкин”.
Агентликда Аҳмаджон ака билан сал кам ўн йил ёнма-ён, иккаламиз ҳам бош директор ўринбосари сифатида, ишлаш насиб этди. Эрталаб хонамга киришим билан қўлим ички телефонга қараб югурар эди:
— Аҳмаджон ака, мен Сизга нима ёмонлик қилдим?
— Тинчликми?
— Ахир қаҳва совиб қолди!
Бир пасдан кейин гуриллаган овози, гурсиллаган қадам товушлари эшитиларди.
— Нега атроф ёришиб кетди десам, Сиз келаётган экансиз-да, Ака? – дердим яйраганча.
— Ҳа энди, юзимиздан нур ёғилиб келяпмиз-да. Бизни биласиз-ку, доим юзимиздан нур ёғилиб туради.
Аканинг бундай беғубор ҳазилларида асло муболаға йўқ. Юраги тоза, самимий, фариштали, меҳнаткаш одам эди-да, раҳматли. Давраларимизнинг файзи, баракаси, маслаҳатгўйимиз, кўмакдошимиз, дарддошимиз эди.
Баъзан ташвишлардан тўйиб, жонинг халқумингга келганида, дардингни эшитадиган бир тешик қулоққа зор бўласан. Аҳмаджон ака шундай кезларда менга қанча таскин-тасалли, ёрдам берган. Аҳён-аҳёнда мен ҳам у кишини муаммоларидан чалғитишга уринардим. Сабрли, матонатли эди. Асаби қўзиса, ўзининг ёғига ўзи қовриларди, лекин аламини бировдан олмасди…
Қаҳвадан ҳўплай-ҳўплай гурунгни бошлаймиз. Гўё минг йилдан бери бир-бирини кўролмай, гурунгларини соғиниб юрган оға-инилардай. Бу ёғини сўрасангиз, тилимиз осилиб қолгунча ишлаб, тун қиёмдан оққанда уйга кетиб, кун кўринмасидан яна ишхонамизга қайтганмиз. Силламиз қуригандан қуриган. На қоғозга, на компьютернинг “мовий кўзлари”га бурилиб қарагинг келади. Ҳар куни аҳвол шу.
Инграган телефон суҳбатимизнинг белига тепади.
— Мабодо, Аҳмаджон сизнинг олдингизда эмасми? — Бош директорнинг ҳорғин овози эшитилади. — Хонасига телефон қилсам, жавоб бермади.
— Йўғ-а, — дейман. – Лекин боя йўлакда овози эшитилгандай бўлувди.
— Айтинг, лаққиллаб юрмай, ишга қарасин. Соат тўққиздан ошди, ахир! Ҳалигача бир сатр ҳам материал узатилмади…
Танбеҳ иккаламизга ҳам тегишли. Ишга шўнғиймиз.
Менинг маҳмадоналик, жиззакилик, дағаллик қилган пайтларим бўлган. Ичим торроқ, феълим чарсроқ. Айниқса, сўнгги пайтларда. Шу қилиқларимга Акам чидарди. Акам эди-да! Яхши кўришимни биларди. Сезарди. Дувва қизарарди-ю, маъюс жилмайиб қўярди.
Менга биров, яна денг, ёшроқ “бола” шундай жиззакилик қилса, дарров тилимни, қўлимни-ю, оёғимни ишга тушириб юборишдан тоймасдим. Акам — Наманганнинг бағрикенг, вазмин, фозил йигити чидарди!
— Иш учун ҳа деганда асабингизни бузаверманг, тақсир, — дерди Акам. — Бир куни орқангизга шундай тепишадики, кўчада сандирақлаб қоласиз…
Ҳаётда бундай воқеалардан анча-мунча хабардор бўлсам-да, катта идораларда дийдаси қотган Акамнинг гапларига ишонгим келмасди. Наҳотки? Ахир шунча йилдан бери давлат агентлигида меҳр ва садоқат билан ишлаб келаётган одам бўлсак?..
Аввал акамга, кейин менга, ҳе йўқ, бе йўқ, катта кўча кўрсатилди! Сабабини сўрасак, жавоблар дудмал. Ҳамма елка қисади. Аёнки, лавозим ҳеч кимга никоҳлаб берилмайди. Бир кун келган, бир кун кетади. Гапларимдан гина-кудрат ҳам, ношукрлик ҳам изламанг. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадри деган мўътабар тушунча давлат сиёсатининг етакчи тамойилига айланмоқда. Фикримча, энди ҳуқуқлари бисёр яратилган инсоннинг, садоқат билан чекилган ҳалол заҳматнинг жамиятдаги қадри сарбаланд бўлишидан умид бор. Битаётган сатрларимнинг сабабини уйғонган ана шу умиддан изланг. Фақат фуқаролар эмас, давлат ҳам ўз фуқароларига оқибат кўрсатиши даркор. Инсон чодирхаёл персонажи эмас.
Навқиронликда билинмайди. Қўлингдан қора иш — мардикорлик келса, харидор ҳам, бери кел дейдиган ҳам топилади. Эртага яна бирор жойга раҳбар бўлиб қолиши мумкин деб узоғини ўйлайдиганлар чиқади. Бироқ пенсия ёшига етиб-етмай турганингда кўчада қолсанг, юз йил аввал ўтиб кетган момокалонларингни кўрасан! Бу ёқда фарзандларингнинг бўйи етиб қолганини айтиб ўтирмай!
Ўзбекнинг дониш ўғли Эркин Воҳидов айтиб кетган ҳикмат хаёлингдан минг, миллион марта айланаверади: “Мулксиз одам – эрксиз одам”.
Фаранг жаҳонгири Наполеон қавмимиз устидан беҳуда кулиб кетмаган, чамаси: “Журналист — қалами билан кўча супурадиган фаррош”. Фаррошнинг рўзғоридан бирор нарса орттириб, мулкдору сармоядор бўлганини кўрган борми?..
Эркин Аъзам “Тафаккур” журналига чақирмаганида, талоқ қилинган кекса есирга ўхшаб уйимда яна қанча рутубатда ўтирар эдим, билмайман. Агентликка бахшида бўлган умримнинг йигирма икки йили йигирма икки сониядай ўтиб кетган. Тўрт девор орасида икки кун мавҳумот чангалида ўтириш икки асрдан ҳам кўпроқ чўзилган эди десам, ишонинг.
Бордим. “Аризани ёзингу ҳозироқ ишни бошланг”, деди забардаст адиб. Ёздим. Ўқиб, ранги ўзгариб кетди: “Сизга нима бўлган, иним? Ахир ҳусни хатингизнинг чиройига ҳаммамиз ҳавас қилардик!” Қайтадан ёздим. Мухбирликка ишга қабул қилишини сўраб учинчи марта ёзган аризамга Эркин Аъзам бош муҳаррир сифатида базўр имзо чекар экан, бошини надомат билан сарак-сарак қилганлари ҳалигача кўз олдимда…
Қарангки, ҳар ишнинг ўз ҳикмати бўлар экан. Агентликдан ташқарида ҳам гўзал ҳаёт, одамлар, ижодий гурунглар бор экан. Ишга шошилмай келиб, барвақтроқ кетиш мумкин. Фарзандлар, қариндош-уруғ, ёру дўстлар дийдори. Шанба, якшанба, байрам кунлари хотиржам дам олиш, саёҳатларга чиқишни айтмайсизми.
Аҳмаджон аканинг уйда ўтириш муддати кўпроқ — тўрт ойча чўзилди. Изиллаб иш изладик. Гуриллаб ишлаб турган жойидан ноаниқ сабаб ўлароқ бўшатилган собиқ раҳбарга, бунинг устига, қартайиб қолган журналистга, кимнинг кўзи учиб турарди. Афлотун бўлмайдими.
Хайрият, топдик! Худойим Акамга ҳам қарашди. Уйгинасининг ёнгинасидан, созгинасидан, ақча-моянаси мўлгинасидан берди. Илмий тадқиқот институти ноширлик бўлимининг бошлиғи. Ноширликда суяги қотмаганми, ҳаш-паш дегунча бўлимни гуллатиб юборди. Бир мутойибанинг чинлиги тағин тугал аён бўлди: “Бировлар икки ойдаям уддалаб ёзолмайдиган мақолани Аҳмаджон ака пиёладаги чой совугунича қотириб ташлайди!..”
Бир-биримизга суяниб қолган эдик. Қаҳва тўла финжонни қўлимга олсам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ажойиб шоир Аҳмаджон Тошхўжаев — Акам ёдимга тушиб, маъюс тортиб қоламан. Хушбўй ичимлик совиб бораётгандай туюлаверади.
Қулман ОЧИЛ