Боғ завол кўрмагай ҳақсўз туфайли…

Фидойи ижодкор, ҳақпарвар ва жонкуяр инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ортиқали Номозов бугун ҳаёт бўлганида 74 ёшлик умр довонидан ошган бўларди.

Ҳаётини юрт тараққиёти, халқимиз бахту саодати, ҳақиқат ва адолат учун курашга бағишлаган журналист ярим асрдан ортиқ вақт давомида матбуот соҳасида самарали меҳнат қилди. Туман газетасидан тортиб мамлакатимизнинг марказий нашрларида фаолият кўрсатди.

Ортиқали Номозов миллий журналистикамизда, адабиётимизда ўз имзоси, овозига эга эди. У ёзган публицистик мақолалар, очерклар, фельетонлар, дилбар ва мўъжаз ҳикоялар, биог­рафик қиссалар нафақат услуби, айни чоғда ширали тили, чўнг самимияти, юксак бадиий савияси, инсоний нозик туйғуларни, ҳаётнинг пасту баландликларини ёрқин бўёқларда акс эттиргани билан ҳам алоҳида ажралиб турарди.

Ижодкорнинг “Сени кутаман”, “Тонгда йўлга чиқамиз”, “Саид Аҳмаднинг чорбоғи”, “Мардонбекнинг сўнгги кунлари” каби ўнга яқин китоблари ўқувчилар меҳрини қозонган.

Ортиқалини ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан билардим. Шу давр оралиғида у билан бирга ишладик, ҳамфикр, яхши-ёмон кунларда ҳамдам бўлдик.

Ортиқали Номозов 1999-2007 йиллар камина раҳбарлик қилган “Қишлоқ ҳаёти” газетасида Наманган вилояти бўйича мухбир бўлиб ишлади. Бу даврда уни яна бир бор ўз касбининг етук мутахассиси, жонсарак, фидойи бир инсон сифатида қайта кашф этдим. У ҳудуддаги янгиликларни марказий нашрга узатиб турувчи шунчаки бир мухбир эмас, балки ҳаёт-мамотини шу ишга тиккан, ўз касбини тақдири, деб билган инсон ўлароқ намоён бўлди. Ортиқали вилоят ҳаётига чунонам сингиб кетгандики, ҳар бир туман, олис қишлоқ-маҳаллагача яхши билар, ўзи қаламга олаётган масала моҳияти билан чуқур танишиш мақсадида ҳатто оилалар, хонадонларгача кириб борарди.

Сирасини айтганда, қишлоқ одамлари қандай яшаяпти, уларни қандай муаммолар қийнаяпти — барчасини билиб-ўрганиб, аниқ факт ва далиллар асосида мақолалар ёзар, бу битикларда ҳаққонийлик, шаффофлик, адолат ва холислик асосий тамойилга айлангани учун улар жуда ўқиш­ли, ҳаётий, қалбга яқин, таъсирчан ва ўта са­вияли чиқарди. Мақолалари тезда газетхонларнинг, раҳбар-мутасаддиларнинг назарига тушиб, эътибор ва эътирофларига сазовор бўларди.

Масалан, Ортиқали Номозов Норин туманида ер ости сувлари сатҳи кўтарилиб кетгани, бу ҳол аҳоли турмуш тарзи ва қишлоқ хўжалигига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида матбуотда биринчилардан бўлиб бонг урди. Бу масала республика миқёсида муҳокама қилиниб, ҳудудда муаммони бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ортиқалининг касбига меҳри, садоқати туфайли, шу билан бирга, зиёли инсон сифатида мутолаага, газетхонликка муносабати бўлакча эди. Китоб ва газета ўқишни маънавиятнинг узвий қисми, ҳар инсон шахсига баҳо беришда асосий омиллардан бири деб биларди.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир гал таҳририят топшириғи билан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни ўрганиш мақсадида Фарғонанинг Бешариқ (Бу вилоятга мухбир танлаб улгурмаганимиз боис мазкур ҳудуд ҳаётини ёритиш ҳам Наманган вилояти мухбири зиммасида эди) туманига боради. Одатдагидек туман ҳокимиятига кириб, туман раҳбарига рўпара бўлади.

Бу ерда бўлиб ўтган воқеани Ортиқали шундай ҳикоя қилиб берганди:

— Касбимиз иқтисодчи-да, — деб гап бошлади ҳоким қисқа танишувимиздан кейин. — Тежамкорликни ҳар доим биринчи ўринга қўямиз. Шу… Мана, сиз “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишларкансиз. Мен бир нарсага ҳеч тушунмайман. Республикада “Қиш­лоқ ҳақиқати” газетаси-ку, бор. Шундай бўлгач, “Қишлоқ ҳаёти” зачем?

Унинг бу сўзларидан журналист ҳангу манг бўлиб қолади. Ҳамсуҳбати ҳазиллашяптими, деса, қиё­фаси жиддий. Ахир, ўша “Қишлоқ ҳақиқати” роппа-роса ўн йилдан бери “Қишлоқ ҳаёти” номи билан чоп этилаётганини катта бир туман раҳбари билмаса, унга қандай жавоб қайтариш керак?!

— Сукут сақлашни афзал билдим, — деганди Ортиқали таъсирланиб.

Ходимимиз шу куни жойлардаги аҳволни ўз кўзи билан кўриш мақсадида хўжаликларни айланади. Кузатувлари иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга жорий этишда анча-мунча камчилик-нуқсонлар борлигини кўрсатади. Шу орада Фарғонада Халқ депутатлари вилоят кенгашининг ташкилий сессияси бўлиб, мазкур ҳудуддаги мавжуд камчиликлар ҳам кескин танқид қилинади.

Ортиқали Фарғонада йўл қўйилган камчиликларнинг илдизи баъзи бир раҳбарларнинг маънавиятсизлиги, газета ўқимаслиги, матбуотдан йироқлиги билан ҳам боғлиқ эканини чуқур англади. Бешариқда бўлган воқеани сессияга боғлаб, қоғозга туширди…

Газетанинг навбатдаги сонида биринчи саҳифадан бошланиб, давоми иккинчи бетга ўтган мақола “Фарғона сабоқлари” деб номланди ва… анча-мунча шов-шувга сабаб бўлди. Туман ҳокими эгаллаб турган лавозимидан олиб ташланди…

Моҳир журналистнинг бошидан кечирган яна бир воқеани унинг жонкуярлиги, ҳозиржавоблиги ифодаси сифатида эслайман. Авжи кўклам кунларининг бирида у Қувасойга йўл олади. Почта-алоқа бўлимига кириб, бир эмас, саккизта мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган хўжалиги бор бу шаҳарда атиги икки нусхагина газета олишларини билиб олади. Тўғри, шаҳар ҳокимининг қабулхонасига бориб, раҳбарга учрашади. Тўрдаги қирмизи стол ортида қўр тўкиб ўтирган қовоқлари солиқ, басавлат кишига ўзини таништиради.

— “Қишлоқ ҳаёти”дан экансиз-да? — дейди ҳоким мухбирни назар-писанд этмай. — Бу газет Фарғонадан чиқадими ёки Қувадан?

— “Эски Жўва”дан! — дейди мухбир ғаши келиб.

— Чо то Эски Жўвадан шундай газета чиқишини билмас эканман, — дея елкасини учиради ҳоким…

Тез орада газетада эълон қилинган мақола худди шу савол-жавобдан бошланганди. Ҳудуддаги хўжаликларнинг аксариятида ишлар ўлда-жўлда, пала-партиш экани, боғларнинг қаровсиз қолгани, эгасизлик, хўжасизлик, баландпарвозлик ҳукм суриши, энг ёмони оддий одамлар турмуши, тирикчилиги ҳаминқадарлиги ҳақидаги таҳлилий мақола роса овоза бўлди. Оқибат — Қувасойда ҳам ҳоким ўзгарганди…

Ортиқали Номозов ярим асрлик иш фаолияти давомида жуда кўп таҳририятларда ишлаган. Аммо “Қишлоқ ҳаёти”да фаолият юритган йилларини доим ажиб бир энтикиш ва соғинч билан эсларди.

Унинг ўша даврда ёзган “Ер кимларга берил­япти?”, “Данғиллама ҳовли кимники?”, “Шафтолиқоқига тобингиз қалай?”, “Ҳоким етовидаги касабақўм” сарлавҳали муаммоли мақолалари, “Саид Аҳмаднинг чорбоғи”, “Макайлик дўст”, “Ҳасан самовар” каби эссе ва очерклари газетхонларга манзур бўлганидан ҳатто бугун ҳам эсланади.

Камина 2007 йилда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида иш бошлаганимдан сўнг ҳам Ортиқали билан ижодий ҳамкорлигимиз узилиб қолмади. Аксинча, янги руҳ, янги шакл ва мазмун билан янада бойиди. 2010 — 2013 йилларда “Халқ сўзи” газетаси мухбири, кейинчалик ҳам ижодий ҳамкор сифатида ёзган бир-биридан долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалари бутун юртимизда катта акс садо берди.

Ортиқали умрининг сўнгги кунларида газетамизда эълон қилган “Давай поженимся ёки ўзбекча “Ёр-ёр” ҳақида”, “Ярашмаган “ялла” каби мақолаларида маънавиятимизга доғ тушираётган ҳолатлар теран таҳлил этилиб, муҳокамага тортилганди. Шу маънода, у охирги нафасигача биз билан ҳамдам бўлди, жонкуярлик, фидойилик намунасини кўрсатди, десак, хато бўлмас.

Муаллиф ҳаёти давомида ўз чиқишларида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини очиш билан бирга, жойлардаги муаммоларни, турли соҳаларда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқ факт, теран таҳлил, қиёс ва мисолларда кўрсатиб берардики, бу билан гоҳида айрим мансабдорларнинг жиғига теккани, уларни жиғибийрон қилгани ҳам бор гап.

Фаолияти давомида холислиги, тўғрисўзлиги, ҳақиқатпарварлиги, адолатсизлигу камчилик­ларга муросасиз экани сабаб журналистнинг бошига не-не савдолар тушгани ҳеч кимга сир эмас. Юрагида ардоқлаган тўғри сўзга хиёнат қилмагани туфайли у жиноий жавобгарликка ҳам тортилди. Туҳмат сабаб озодликдан маҳрум этилиб, емаган сомсасига пул тўлади…

Ана шундай қийин дамларда таҳририят унга руҳан мададкор, ҳамроз бўлди. Журналистнинг айбсиз эканини исботлаш учун барча ёрдамни берди. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Ҳеч қачон чўкмасликка, чекинмасликка, фақат олға юришга, яшашга ундади…

Турли таъна-дашномлардан, аламзада, қаҳридан қор ёғадиган раҳбарлар назаридан узоқроқ тутиш, аниқроғи, ижодкорнинг ҳаётини, соғлиғини асраш мақсадида уни пойтахтимизга таклиф қилиб, вақтинчалик уй-жой билан таъминлашга кўмаклашдик.

Аммо халқимизнинг “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади”, деган нақли бежизга айтилмаган экан-да. Ортиқали не-не шўришларни бошдан кечириб, энди тинч-осуда ҳаёт кечираман, эмин-эркин ижод қиламан, деб юрган кунларнинг бирида Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги боғида яшаётган коттежини ўғри урди, бор бисотидан айрилди. Йўқолган нарсаларни тегишли орган вакиллари топишолмади. Бу ишда ёрдам бермоқчи бўлган “каттакон”ларнинг ҳам ваъдаси ваъдалигича қолди.

Ортиқали бошига тушган бу кўргиликлардан ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Ижоддан тўхтамади. Тақдир синовлари унинг руҳини синдиролмади, ўз танлаган йўлидан қайтаролмади. У асло виждонини сотмади, пок эътиқодидан воз кечмади.

Фидойи ижодкор яқинларидан ёрдамини, оиласидан меҳр-эътиборини ҳеч қачон аямасди. Уни яқиндан биладиганлар ишончли дўст, бағрикенг ва маслаҳатгўй устоз, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида ёдга олиши шубҳасиз.

Ортиқали Номозовнинг қайноқ ижод завқига тўла ҳаёти, бир умр бутунлигини сақлаб қолган шахси, иродаси, матонати барча учун ўрнак олишга арзигуликдир.

Ижодкорнинг меҳнатлари эътирофларга ҳам сазовор бўлди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб кўрилди. “Мустақилликнинг 10 йиллиги” нишони билан тақдирланди.

Инсондан бу дунёда нима қолади? Яхши ном, эзгу амаллар, китоблар! Ва, албатта, ўчмас хотира. Ортиқалини эсларканман, қилган хайрли ишлари, ёзган асарлари, публицистик мақолалари унинг иккинчи умрини яшашига яна бир бор амин бўламан.

 

Ҳавода муаллақ учган ул япроқ,

Сориғ либос кийган куздан даракми?

Киприкларда жилва қилган ул титроқ,

Дилдан тошиб чиққан сўздан даракми?

 

Безовта дил абад қийнаса майли,

Ҳақсўз жаранг сочсин мудом ҳар ёнда.

Боғ завол кўрмагай ҳақсўз туфайли,

Мана мен деб турар, ҳатто туманда.

 

Дилда дардинг бўлса, куяди бағир,

Қаламингдан нурли калом таралгай.

Ҳалқ дея яшаган одамда ахир,

Юрак фидойилик учун яралгай!

 

Ҳа, албатта, асло шубҳа йўқки, ҳақ сўзга муҳаббатли, ўз касбига садоқатли, куюнчак ва халқпарвар инсоннинг порлоқ хотираси уни билган китобхонлари, шогирдлари, дўстлари қалбида абадий яшайди.

Ўткир РАҲМАТ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 5 =