Конституция ва халқ

Бу сарлавҳа – бир қарашда, баландпарвоз туюлиши, қолаверса, жуда катта масалани ёритиш даъвосини ифодалаши ҳам мумкин. Аммо биз масалага бевосита дахлдор кичик бир мисолга тўхталамиз, холос.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақидаги лойиҳа  бир йил мобайнида  умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди. Кўп фуқароларимиз бунда фаол иштирок этди. Билдирилган ўринли фикрлар инобатга олинди, албатта. Айрим хато позициялардан воз кечилди ҳам. Омма англадики, Конституция халқнинг розилигисиз қабул қилинмас, унга жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш халқнинг иштироки билан амалга ошар экан.  Шу тариқа Конституция ҳозирги мукаммал бир ҳолатга келди. 30 апрелда ўтказилган референдум натижалари асосида 1 майдан мамлакатимизда янгиланган Конституцияга амал қилишга киришилди.

Каминанинг ўзи ҳам “Hurriyat” газетаcида фикр-мулоҳаза билан қатнашди (Қаранг: Таҳририй таклифларимиз. // Hurriyat, 2022-yil, 27-iyul).

Жумладан, икки муҳим таклифимиз қатъий инобатга олинибди.

Биринчи таклифимиз мана бундай ифодаланган эди: “Асосий қонунимиз “Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси”  деб тилга олинган. Бу, бир қарашда, хато эмасдек. Бироқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти”, “Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари” деганда “-нинг” қўшимчасини ишлатмаймиз-ку. Чунки мазкур қўшимча уни ишлатмаган ҳолда ҳам анг­лашилиб турибди-да. Тилимизнинг табиати шундайки, бу бошқа давлатнинг эмас, айнан Ўзбекистон Рес­публикасининг Конституцияси эканини таъкидлаш керак бўлгандагина “-нинг”  қўлланади. Шундай экан, Лойиҳага Асосий қонунимизни “Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси” тарзида номлаш таклифи ҳам киритилиши ва Лойиҳанинг ҳамма ерида у шу шаклда тилга олиниши – зарур”.

Янгиланган Конституциямиз “Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси” деб аталган.

Иккинчи таклифимиз қуйидагича эди: “Ўзбек тилида ҳеч ҳам “ўзгартиш” деб бўлмайди. Сабаби – тилимизнинг  бир “темир” қоидаси шундан иборатки, “-ш” ёки “-иш”  қўшимчаси сўзнинг ўзагига қўшилиб, ҳаракат номи ясайди. Ўзак эса биринчи шахсдаги буйруқ майлида бўлиши – шарт. Бизда эса ҳеч ким “ўзгарт” демайди ва у ҳеч қанақасига “ўзгартир” маъносини бермайди. Шундай экан, фақат ва фақат “ўзгартириш” деб қўллашимиз – зарур. “Ўзгартиш” шаклини эса бундан буён бош­­қа қонунларимиз матнида ҳам асло қўлламаслигимиз лозим”.

Янгиланган Конституциянинг бирор ерида “ўзгартиш” сўзи қўлланмаган, билъакс, “ўзгартириш” калимаси 14 марта ишлатилган.

Матбуот ҳар қандай макон ва замонда ҳам давлат ва халқ ҳаёти учун ўта муҳим бўлган масалалар бўйича умумхалқ муҳокамалари ўтказишнинг энг қулай қуроли бўлиб қолаверади.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − thirteen =