Шерали бобо суҳбати

Муаллиф ҳақида:

Шодмонқул Салом — 1980 йили Қумқўрғон туманида туғилган.

2003 йил Термиз давлат университетининг кимё факультетини, 2005 йил Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Дўстлик” ордени соҳиби.

“Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар”, “Шеър сайёраси”, “Тонг­нинг иқболини тилармен” номли шеърий, “Кўнгил обидасига йўл” насрий асарлари чоп этилган.

“Маънавий ҳаёт” журналида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

            Шерали бобо суҳбати

(Манзума)

 

Бисмиллоҳи Раҳмони Раҳийм!

Раҳмонлигинг билан сийлагил, Азийм!

 

Раҳим номинг ҳаққи назар қил, Карийм!

Ўзимни изларман, топиб бер, Ҳакийм!

 

Тиловим ёлғондир, билиб борурман,

Чинимни ўзингдан сўраб борурман,

 

Тушим яхшилиққа жўраб борурман,

Суямасанг, бўлмас – нураб борурман!

 

Раббим-ов! Шаҳиднинг ҳаётин шаън қил,

Мустафо йўлини умматга фан қил!

 

Меърожга етгандай ёришсин йўли,

Терисига сиғмай қувонсин қули.

 

Тутсин тўрт ёнидан азим Чориёр,

Аларнинг меҳрисиз ғарибинг кўп хор.

 

Сиддиқ, Умар, Усмон, зулфиқор Али,

Ёдин ёдлаб бўзлар беҳисоб вали.

 

Раббим! Ҳабибингга саломим еткар,

Маҳшарда тўрт устун ғуборин кеткар!

 

Суҳбатим муроди – Шерали ўғлон,

Ўн уч ёшда жони бўлмиш хуросон!

 

Шерали бобога назар қил, Раҳмон!

Бир йиллик гуноҳин авф эт, Художон!

 

Шерали чорвадор бир бойнинг ули,

Яратганга тақво қилғувчи қули.

 

Ўқиб юрар эди муллодин сабоқ,

Пешиндан сўнг эса қўлида таёқ!

 

Кўнгли оқ ёмғирда ювилган ўғлон,

Чўлбойир тоғ каби умиди шоён!

 

Отасин бойбобо атар эди эл,

Қўйқирқимда келиб ётар эди эл.

 

Шерали ўқирди “Қоидаи Бағдод”

Сабоққа кетарди ўқигач бомдод!

 

Қўйқатиққа тўйган бу ажиб ўғил,

Ширбоз гўштини ҳам қилмиш тановвул.

 

Мақтаб қўяр эди мулло устоди,

Юлдуздек порлатмоқ эди муроди.

 

Раббим! Раҳм айла, мен – ожиз, банди,

Шерали барибир юлдуздек ёнди.

 

Шерали отасин икки чўпони,

Шум ният ўтида ўртанган жони.

 

Бир қўй ўғирламоқ қилди муддао,

Унутмиш – барисин кўргайдир Оллоҳ!

 

Бир тусоқни қисир гумон қилдилар,

Сурувни ҳуркитиб ёмон қилдилар.

 

Тусоқ қўйни тутди, семирган эди,

Унинг эти чўпон имонин еди.

 

Қўйни бир жилғада бўғизладилар,

Мисоли жондордек оғизладилар.

 

Пешинга қиёлаб сузарди қуёш,

Шералини сезмай қолдилар овбош.

 

Бола келар эди ўз хаёлида,

“Фотиҳа” сураси бордир тилида.

 

Чўпонлар, чўпонмас ношуд ўғрилар,

Қўй бағрини ёриб гўштин бўлурлар.

 

Раббоно! Ул қўйнинг вужуди аро,

Эгиз қўзичоқнинг ҳаёти барпо.

 

Ҳомила улғайиб шунгача етди,

Иккита қўзичоқ беажал кетди.

 

Чўпонлар пишнашиб, терларин суртиб,

Қонли пичоғини тўнига артиб.

 

Этни икки хуржун бўлиб олганда,

Терию чавоғин чоҳга солганда,

 

Офтоб ҳасрат билан тикилган они,

Чўпон гуноҳ сари йиқилган они,

 

Сурувни соз уйқу элитган дамда,

Бир қора кўринди ошувда – камда.

 

Қўлида таёғи, белида нони,

Нонининг ёнида пора Қуръони.

 

Шерали чўпонлар ишини кўрди,

Ирғай таёқ каби селкиллаб борди.

 

У гумон қилмади чўпонларидан,

Ғаразга юз бурган гўппонларидан.

 

Чўпонлар қошига етди Шерали,

Бир қўйга ҳаёти алишган вали.

 

Ўғрилар болани алдамоқ бўлди,

Отангга айтма, деб аврамоқ бўлди.

 

Улар ваъда қилди тангаю тилло,

Болакайнинг эса дилида – Оллоҳ!

 

Шерали кўнмади, “Айтурман” деди,

Шу одил сўз унинг бошини еди.

 

Кўксига тиғ урди бемурод чўпон,

Ўзинг ҳисобини қилғил, Художон!

 

Ўн уч ёшда жони хуросон бўлди,

Кейинги савдолар ноаён бўлди.

 

Қиблагоҳи не деб бўзлади экан,

Ўғриларни қайдин излади экан.

 

Ўн уч ёшда гули хазон бўлганим,

Шералидир умри арзон бўлганим.

 

Ўғлон жанозасин ўқиди мулло,

Унга сабоқ бериб юргувчи тилло.

 

Жанозага келди дашт тўрғайлари,

Эшитган кимсаки тешилди бағри.

 

Сўнг ота сурувни ўзи боққувчи,

Саҳар шамолида кўксин ёққувчи.

 

Ўзи чўпон бўлди вайрон, бағриқон,

Сурувни оралаб изиллаган жон.

 

Авф этгил озиққан чўпонларингни,

Яхшига етказма ёмонларингни.

 

Шерали жавонмард руҳини шод қил,

Битувчи дарвешнинг сўнгин обод қил.

 

Алқисса, Шерали учди самога,

Руҳи шамоллардек етди Мавлога.

 

Отаси қоп-қора саҳарни оқлаб,

Қўйин қўзғар эди, туслаб, саноқлаб.

 

Адирлар тўшига етганда отар,

Отанинг кўзига ўғлин кўрсатар.

 

Сурувни “ҳайт-ҳайт”лаб борар Шерали,

Шар қўйларни йўлга соларди – балли!

 

Отажони эса ҳасрати чўғдай,

Гўё бу оламда айрилиқ йўқдай.

 

“Болам, қайтариб кел қўйларни” дейди,

Англагач ҳижроннинг нонини ейди.

 

Ҳар саҳар такрордир бу ғаройиб ҳол,

Отани юпатар эди Зулжалол!

 

Тонг тўшига қизил тўн илган сайин,

Шерали юлдуздай бўларди ғойиб.

 

Қўй ҳайдаб, қувониб, йўли ёришиб,

Ота қайтар юзи нур-ла қоришиб.

 

Уйда ўлтирарди муштипар, лазиз,

Ўғлонидан жудо онайи азиз.

 

Ота бир кун уни овутмоқ бўлди,

Ёниб ётган ўтни совутмоқ бўлди.

 

Дедики, Ўғлимни кўрадирман мен,

У билан қўй боқиб юрадирман мен.

 

Сўзимга сўз билан қилмайди жавоб,

Вале айтганимни бажарур шу тоб.

 

Онажон “воҳ” деди, нигори тўлди,

Ярадор булбули бўғзига келди.

 

Сани ҳам еткаринг ул адирларга,

Ўғлим изи қолган жим сағирларга.

 

Етайин, жамолин кўрайин бир бор,

Сўнг таслим бўлурман, ўзингга Жаббор!

 

Ота деди: бир шарт – овоз бермассан,

Дод, десанг, ўғлингни қайтиб кўрмассан!

 

Она рози бўлди – бажаргум, деди,

Кун ботди, ҳилолни қаро шом еди.

 

Саҳарлаб кетдилар отаю она,

Олдида суруви, кўзи гирёна.

 

Бир маҳал адирлар тўшига етди,

Шерали жон берган қўшига етди.

 

Ўғлони кўринди оқ кўйлакли, боқ,

Мисоли жангларни тўхтатган байроқ.

 

Она оналигин қилгайдир ҳар дам,

“Воҳ, болам!” деганча чопди муҳтарам.

 

Ота тутолмади унинг илкидин,

Айрилиб борарди бори мулкидин.

 

Боласин олдирган зўр она шердек,

Югурди баайни Биби Ҳожардек.

 

Она сийнасида аламнинг ўти,

Жилғалардан тошди ҳижроннинг сути,

 

Ота тутолмади унинг илкидин,

Айрилиб борарди борлиқ мулкидин.

 

Бир қайрилиб боқди Шерали илкис,

Чўчиб уйғонгандай юзида зўр ҳис.

 

Кейин ғойиб бўлди туннинг қаърига,

Қайтиб кўринмади мажнунларига.

 

Шу зайл ўтдилар отаю она,

Қозонин тўлдирди аччиқ паймона.

 

Раббим! Раҳмат айла азиз онани,

Қўзисин йўқотган бағри ёнани.

 

Раббим! Мағфират қил оталарин ҳам,

Маҳшарда сувингдан ичолсин у ҳам.

 

Тангрим! Яратганинг – охир бандадир,

Шоир-о! Кибр этма, ҳисоб – Ундадир!

 

Шундан буёғига мулло Шерали,

Қўнғирот, Ўр қавмин фарзанди вали.

 

Шерали бобо, деб зиёрат бўлган,

Гўдак кетганларни бағрига олган.

 

Бу жой катта йўлнинг остида муқим,

Оққапчиғай сувин устидан боқиб.

 

Туради – ялови байроқ мисоли,

Ёд этган кишини йўқлар шамоли.

 

Адирлар кўксида яшнаган гулзор,

Бунда гўдакларнинг мунис қабри бор.

 

Руҳингиз шод бўлсин, мулло Шерали,

Гуноҳим суялдай тўкилсин, толе.

 

Раббим ул дунёнгиз зиёда этсин,

Ҳурлар суҳбатига мушарраф этсин!

 

Эй, сиз ёлғончида чин сўйлаганим,

Ўспирин ёшида дард бўйлаганим.

 

Эй, сиз мурғакларнинг зўр оғажони,

Онамиз – Ўрлардан, эй тоғажоним.

 

Тангрим! Битувчининг қўлин толирма,

Кўнгли рўзадордир – сувсиз қолдирма!

 

Тангрим! Муродиға еткаргил ани,

Галдираб, адашиб юрган бандани.

 

Шерали сурувин жуни сонича,

Раҳматингдан ёғдир то қонгунича.

 

Ажр қил фонийлик хатоларини,

Онасин ранжитган гуно(ҳ)ларини.

 

Раббим! Отасининг соғ бўлсин жони,

Ёмонлик кўрмасин куйган чўпони.

 

Оғаю эгачи қувнаб юрсинлар,

Ўстирган боғидан мева терсинлар.

 

Омон фарзанд – қўзичоғлари,

Аёли – ҳамдами соғ бўлсин бари.

 

Тангрим! Битувчинга ўзинг осон қил,

Кетар чоғларини беза – посон қил.

 

Ўзинга топширдим қолганин, Азийм!

Сўзим – Бисмиллоҳир Раҳмони Раҳийм!

Сўзим – Бисмиллоҳир Раҳмони Раҳийм!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 2 =