Билимлар оламининг ижодкори

Кўпинча бирор мавзу тўғрисида ёзмоқчи бўлсам, нимадан бошласам экан деб ўйланиб қоламан. Бу сафар ҳам инсон қадри ва китоб ҳақида мақола ёзишни хаёлимдан ўтказа туриб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Ўзбекистон фан арбоби” унвонини олган, биология фанлари доктори Ўктам Пратовнинг одамлар ҳаётида камдан-кам учрайдиган бир ибратли воқеани айтиб бергани ёдимга тушди. Илм олишга интилиш, китоб ўқишга бўлган иштиёқ оддий қишлоқ боласининг қадрини юксакликка кўтаргани, дунё биолог олимлари орасида муносиб ўринга эга бўлгани мени ғоят таъсирлантирган эди.

Шу сабабли ҳам мақоламни Ўктам ака айтган ибратли ҳикоядан бош­лашга қарор қилдим.

 

— Ёшлигимдан табиатга, ўсимлик­лар оламини ўрганишга бўлган қизиқиш мени ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг биология факультетига етаклаб келди, – дея ўз ҳикоясини бошлаган эди Ўктам ака. — Кириш имтиҳонларини барча қатори топширдим. Бироқ учинчи ва тўртинчи имтиҳонлар орасида жуда қаттиқ шамоллаб, касал бўлиб қолдим. Натижада ўқишга киришга балим етмади. Уйга қайтиб кетишга ориятим йўл қўймади, ўқишга бўлган қизиқишим эса факультет сари етаклади. Курсдошларим қатори дарсларга қатнайвердим. Фамилиям улар орасида бўлмаса-да, ўқийвердим. Курс раҳбаримиз бир неча марта огоҳлантиришига қарамасдан, ўқишдан қолмасдим.

Бир куни деканимиз Полвон Бобоевич мени ҳузурига чақирди.

— Ўғлим, – деди у босиқлик билан – нега бундай қиляпсиз? Ўқишга шунчалик қизиқасизми?

— Ҳа, – дедим кўзларимда ёш милтиллаб.

— Ўқишга киролмаган экансиз…

— Ўша пайтда қаттиқ касал бўлиб қолгандим. Охирги имтиҳонларга эса зўрға келгандим. Иситмам кучли эди.

— Ҳмм, шундай денг. Ўқишларингиз, давоматингиз, хулқингиз ҳақида суриштирдим. Мақташди. Бироқ. Полвон Бобоевич яна нимадир демоқчи бўлди-ю, индамади. Мен эса унинг нима дейишини билолмай хижолат бўлаётганини сезар ва ўзимни тўхтатолмай йиғлашдан ўзимни зўрға тийиб  хўрсинар эдим.

— Сизни уялтирадиган иш қилмайман. Ўқийман, яхши ўқийман, – дедим зўрға.

Бу гапимдан сўнг Полвон Бобоевич елкамга қўлини қўйди-да: – Майли, ука. Ўқишга шунчалик қизиқар экансиз, ўқийверинг. Ўқиган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Ректоратдагилар билан гаплашиб кўраман. Пахта мавсуми ўтиб олсин, бир гап бўлар.

Пахта теримида ҳам курсдошларимнинг олди сафида бўлдим. Илғор теримчи бўлганим сабабли қўл соати билан тақдирландим. Сессия даври бош­ланди. Имтиҳонларни фақат “беш” баҳога топширдим. Кутубхонадан чиқмасдан тинмай ўқиганим қўл келди. Охирги имтиҳонни Полвон Бобоевичнинг ўзи олди. Саволларга ҳеч иккиланмасдан қатъий жавоб бердим. Домла индамади-да “зачёткам”ни қўлимга тутқазди. Танам титраб кетди. Домламизга баҳо ҳақида гап айтишга тилим келишмасди. “Зачётка”ни очишга юрагим бетламади. Коридорга чиқдим. Чиқдим-у беш-олти қадам юриб, чорасиз аҳволда “зачёткам”ни очдим. Кўзларимга ишонмасдим. Устоз аллақачон “беш” баҳо қўйган экан. Йиғидан ўзимни тутолмай устоз имтиҳон олаётган хонага кирдим. Домлани қучоқлаб, севинчдан йиғлардим…

Полвон Бобоевич Азизов мард, танти, ҳалол, фидойи устоз, меҳрибон инсон эди. У мени ўқишга бўлган интилишимни қўллаб-қувватлади ва мен устоз тавсиясига кўра, биратўла иккинчи курсга ўқишга қабул қилинган эдим. Бу камдан-кам бўладиган ҳодиса эди. Мен устознинг, “Ўқийверинг ўғлим, ўқиган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди”, деган сўзларини бир умрга эсдан чиқармадим. Бу сўзлар қалбим маёғи бўлди. III курсда ўқиб юрган чоғларимдаёқ илк китобим ҳаммуаллифликда нашр этилди.

— Бу ёғига энди асло бўшашманг ўғлим, – деди П. Азизов менга жилмайиб қўйиб. Бундай устоз кам бўлади.

Мен китоб ва уни ўқишга иштиёқ инсон қадрини қанчалик улуғлашини ўшанда яна бир бор ҳис этдим. Кейинчалик жуда кўп илмий анжуманларда иштирок этдим. Хорижий давлатларда ишладим. Ленинградда фан доктори илмий даражасини муваффақиятли ёқладим. Ботаника институтининг директори сифатида кўплаб олимлар етишиб чиқишида қўлимдан келганча уларга ёрдам бердим. Буларнинг барчасига мен устозлар кўмаги, ўқиш ва илмга бўлган иштиёқ туфайли эришдим. Шу сабабли ҳам қайси давлатга борсам китоблар олиб келдим. Ҳозир хонамда мингдан ошиқ китобларим бор…

Мен институтга борганимда Ўктам ака йиғган нодир ўсимликлар гербарийлари коллекциясини ва китобларини кўрганман ва ҳайратланганман.

Китоб – инсон яратган энг бебаҳо неъмат. У инсон қадрини Ўктам ака айтгандек, юксакликка кўтаради. Меҳрибон дўст сифатида уни камолот сари етак­лайди.

Одамзод бу ёруғ дунёда яшар экан, албатта, ўзидан яхши ном, эзгу ишлар қолдиргиси, номи кўп йиллар давомида инсоният қалбида ўчмас аланга сингари қолишини истайди. Буюк алломалар, авлиёлар тарихига назар солсангиз, улар тинимсиз изланишганини, билим олишганини ва кўплаб китоблар ўқибгина, шу даражага етишганини англайсиз.

Алломалардан бири шундай деган экан: “Ўзингдан яхши ном қолдирмоқни истасанг, қобил, мўмин ва мўмина фарзандлар ўстир, улар сени номингни бир неча йилларга олиб ўтади. Инсонларга хизмат қиладиган, уларни эзгу амалларга бошлайдиган, фикрлаш дунёсини кенгайтирадиган, тафаккурини юксалтирадиган китоб ёзсанг, у номингни асрлардан асрларга олиб ўтади”. Бу ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан китобга ва уни ўқишга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Гоҳида ўйланиб қоламан. Телефонга ёпишиб олган ёшларимиз ҳам китоб ўқирмикин? Ўқиса, қандай китоб­ларни ўқиётганикин? Ота-оналар фарзанд тарбиясида китобнинг ўрни нақадар муҳимлигини билган ҳолда уларни ўқишга қизиқтириш мақсадида боласига қайси мавзудаги китобларни тавсия этаётганийкин? Уларнинг талаб ва таклифлари нашриётларда қай даражада амалга ошмоқда?

Ана шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Республикамиздаги энг кекса нашриёт – “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйининг бош муҳаррири Азимбой Бобониёзов билан суҳбатлашдим.

— Фарзандлар тарбиясида китоб­ларнинг аҳамияти ҳақида гап кетганда одам бироз ўйлаб қолади, – деди Азимбой Бобониёзов. – Негаки, бугунги болалар, бундан 15-20 йил олдинги ёшлардан тубдан фарқ қилади. Ҳозир ҳатто боғча ёшидаги боланинг қўлида телефон кўриб қолсак, ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Кимдир болалар техникани билгани яхши деса, кимдир буни зарар дей­ди. Хуллас, ҳар кимдан ҳар хил фикр эшитасиз. Лекин бир нарса аниқки, китоб ўқиш бутунлай бошқа дунё. Чунки китоб энг яқин дўст, тўғри маслаҳатчи, эзгулик сари етакловчи маёқ. Бугунги ёшлар буни ўзича тушунади. Шу ўринда катталар-чи, деган савол туғилиши табиий. Чунки боланинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини катталарнинг ўзи бош­лаши керак. Эсланг, қадимда ҳам, ўзимизнинг яқин ўтмишимизда ҳам китобни аввало катталар ўқиб беришган. Ҳатто китобнинг энг қизиқарли жойига келганда қолганини эртага ўқиймиз, ҳозир эса ухлаймиз, деган гаплар ҳанузгача қулоғимиз остида жаранглаб турибди.

Демак, боланинг китоб ўқишга бўлган қизиқишни ўзимиз бошлашимиз ва ўзимиз бу ишда ўрнак кўрсатишимиз керак. 6-7 ёшли бола дастлаб эртаклар таъсирида улғаяди. 10-15 ёшда эса кўпроқ қаҳрамонлик ва ғайриоддий воқеаларни севиб мутолаа қила бошлайди. Назаримда ўсмир ёшдаги болалар саргузашт ва тарихий мавзудаги адабиётларга кўпроқ қизиқади. Боиси, ўсмирнинг хаёлот олами бу даврда қоришиқ ҳолда бўлади. Шу маънода фарзандларимизни китобга бўлган муҳаббатини жанр билан чегараламасдан, эстетик дидини ўстирувчи китобларни тавсия қилиб боришимиз мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

“O‘zbekiston” нашриётида китобхонлар талаб ва таклифларини ўрганадиган “Маркетинг” бўлими бор. Улар китобхонлардан келаётган хатлар ва таклифлар асосида нашр режасини шакллантиришга ёрдам беради.

Бугун таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишида ҳам чуқур маъно мужассам. Негаки, таълим жамият равнақи, эртанги фаровон ҳаёт тамал тоши ҳисобланади. Шу маънода биз таълим сифатини қанчалик оширсак – жамият фаровонлигини таъминлаган бўламиз. Улуғ жадид боболаримиз бежизга – “Нажот таълимда”, дейишмаган.

Шу маънода “O‘zbekiston” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳам таълим соҳасига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган корхоналардан бири саналади. Нашриётда ҳар йили миллионлаб нусхадаги дарслик ва ўқув қўлланмалар ўз вақтида, сифатли нашр этиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда нашриёт фақат дарсликлар билан чекланиб қолмасдан, ёш авлоднинг онгу шуури ва дунёқарашини ўстиришга ёрдам берадиган ўзбек ва жаҳон болалар адибларининг энг сара китобларини ҳам мунтазам чоп этиб келмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ёш авлод тарбиясида муҳим роль ўйнаши шубҳасиз. Кези келганда яна шуни айтиб ўтиш ўринлики, нашриётда “100” рақами остида энг сара адабиётларни нашр этиш режалаштирилган. Бу эса нашриётимизнинг 100 йиллигига муносиб совға бўлади.

Азимбой Бобониёзов фикрларига қўшилган ҳолда айтишни истардикки, китоб ҳақиқатан ҳам буюк бир неъмат. У одамзоднинг садоқатли ва содиқ дўсти, меҳрибон ва ғамхўр устози. Китоб билимлар оламининг ижодкори.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий илм олиш ҳақида шундай деган эди:

Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани,

Қарилик чоғи сарф қилгин ани.

Дарҳақиқат, бежиз “Ёшликда олинган билим тошга битилган нашқдир”, демаган доно халқимиз. Шу сабабли ҳам ёшларимиз кўпроқ китоб ўқиб, илм дурларини йиғсалар, ўзларига фойда. Зеро, ана шунда улар Ўктам Пратов сингари дунё тан олган олимга айланадилар.

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − four =